Қайднома

Қидирув

Отабек Шукуров: «Осиё кубоги кўп саволларимизга жавоб беради»

Отабек Шукуров: «Осиё кубоги кўп саволларимизга жавоб беради»

  07.10.2018 06:41
  0
  793
Отабек Шукуров: «Осиё кубоги кўп саволларимизга жавоб беради»

БАА Про-лигаси баҳслари турдан-турга қизиб, шиддатли ўйинлар сони ортиб бормоқда. Турнир жадвалида амалдаги мамлакат чемпиони «Ал-Айн», шунингдек, «Ал-Ваҳда», «Ал-Жазира» каби жамоалар пешқадамлар сафида боряпти. Бу етакчилар орасида «Шаржа» ҳам бор.

Ушбу клуб шарафини миллий термамиз таянч ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров ҳимоя қилиб келмоқда. Ҳамюртимиз ўтган йили шаржаликлар сафига бориб қўшилганди. Қисқа фурсат ичида у ўз клубининг етакчи футболчисига айланиб улгурди. БААда Азиз Ҳайдаровга муносиб ворис юзага келди, дейиш мумкин.

Ҳайдаров етти йил давомида БАА чемпионатида тўп сурганди. «Шаржа» кетма-кет учта учрашувда ғалаба қозониб, кўпчиликнинг эътиборини тортди. Албатта, жамоанинг бу муваффақиятли стартида Отабекнинг ҳам катта ҳиссаси бор. У барча ўйинларда тўлиқ майдонда ҳаракат қиляпти.

Ўтган мавсум «Шаржа» 12та клуб иштирок этган БАА чемпионатини 6-ўринда якунлаганди. «Шаржа» 22 учрашувда 8 ғалаба, 5 дуранг ҳамда 9та мағлубият қайд этганди. Бу йил эса БАА Про-лигасида 14та клуб қатнашяпти, яъни жамоалар сони 2тага оширилди.

Ўтган мавсум якунлари бўйича ҳеч қайси клуб тушиб кетгани йўқ, аксинча, иккита жамоа кучлилар сафини тўлдирди. Биз 4-тур олдидан Отабек Шукуров билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Отабек, мавсум жамоангиз учун жуда ҳам омадли бошланди ва давом этяпти. Бу мавсумолди тайёргарликнинг яхши бўлганиданми?

- Мавсумни кўтаринки кайфиятда бошладик ва бундан жуда хурсандмиз. Дарҳақиқат, тайёргарлик аъло даражада бўлди. Европада йиғин ўтказдик. Ўқув-машғулот жараёнининг катта қисми айнан хорижда ўтди. Кучли жамоаларга қарши назорат учрашувлари ташкил этилди. Лекин бу муваффақиятлардан ҳаволаниб кетмаслик керак.

Чунки ҳали асосий ўйинлар олдинда. Эндигина учта тур ортда қолди. Мавсум узоқ давом этади. Шунга қарамай, чемпионатни кетма-кет ғалабалар билан бошлаганимиз барибир яхши бўлди. Бу кейинги баҳсларда бизга руҳий устунлик беради. Қолган учрашувларга янада кучлироқ тайёргарлик кўрамиз.

- Ўтган йил билан таққослаганда, таркибда ўзгаришлар бўлдими? Бош мураббий ўзгармадими?

- Йўқ, ўзгармади. Ўтган йили ишлаган мутахассис бу йил ҳам жамоамиз билан бирга. Лекин клуб раҳбарлари таркибда сезиларли ўзгаришларни амалга оширишди. Жумладан, аксарият легионерларга жавоб бериб юборилди. Хорижлик икки футболчи билан шартнома имзоланди. Айтиш мумкинки, бу ўйинчилар жамоамиз ўйинини сезиларли даражада кучайтира олишди.

Сир эмас, араб чемпионатларида клублар асосий эътиборни кучли легионерларга қаратишади. Майдонда катта ҳажмдаги ишни айнан хорижлик футболчилар бажаришади. «Шаржа» таркибига ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида қўшилгандим. Озми-кўпми жамоа ўйинининг кучайишига ҳисса қўшдим.

Насиб қилса, бу мавсум чемпионлик учун курашамиз. Клуб олдига камида ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилган. Ўйлайманки, бу мақсадга эришамиз.

- Сизни иккинчи Азиз Ҳайдаров сифатида кўришдан умидвормиз. БАА бўладими ёки бошқа хориж клубими, барқарор ва узоқ йил тўп суришингизни истаймиз. Шу маънода БАА чемпионатига мослашиб кетдингизми?

- Ҳа, кўпчилик Азиз Ҳайдаровга ўхшатяпти. Ўзим ҳам бу футболчини жуда ҳурмат қиламан. БАА чемпионатига ўтишим ва ўз ўрнимни топишимда у кишининг ҳиссалари катта. Ҳали ўрганадиган жиҳатларим кўп. Шукрки, БАА чемпионатига тезда мослашдим. Ўзимни худди бир неча йилдан бери шу биринчиликда ўйнаётгандек ҳис қиляпман.

Яқин келажакда Европа клубларида ўйнаш истагим бор. Азиз Ҳайдаров, Одил Аҳмедов сингари кучли футболчи бўлиш учун астойдил интиламан. Ўйлайманки, бу орзу-истакларим амалга ошади.

- Кучли ҳисобланган «Ал-Наср» дарвозасига 6та тўп киритдинглар. Бундан ташқари, меҳмонда «Ал-Аҳли» мағлуб этилди. Ушбу муваффақиятлар замирида руҳий устунлик ҳам борми?

- Албатта. Ғалабалар машаққатли меҳнат маҳсулидир. Ҳеч бир очко ўз-ўзидан осонликча қўлга киритилмайди. Сиз номларини тилга олган клублар барча даврларда ўз олдига фақат юксак вазифаларни қўйиб келган. Бу жамоаларни мағлуб этган эканмиз, демак айни пайт улардан кучлироқмиз.

Ушбу муваффақиятларда мураббийларнинг ҳам ҳиссаси катта. Ҳар бир учрашувга алоҳида тайёргарлик билан тушяпмиз. Мавсум стартидаги ғалабалар тасодифий эмаслигини исботлашга ҳаракат қиламиз.

- Шахсий фикрингизни билмоқчи эдим. Сўнгги пайтларда БАА клублари ОЧЛда ўзларини кўрсата олишмаяпти. Умуман, Ғарб минтақаси жамоалари етакчиликни Шарқий Осиё клубларига бериб қўйишди. Сизнингча, бунга қандай омиллар сабаб бўлиши мумкин?

- Юқорида айтганимдек, БАА чемпионатидаги клублар легионерларга суяниб қолган. Хорижлик футболчиларнинг ўйини ўхшаб қолса, натижа ҳам шунга яраша бўлади. Қолаверса, бу ерга келиб яна бир нарсага амин бўлдимки, БААнинг ОЧЛда иштирок этаётган клублари асосий эътиборни ички чемпионат ва кубок баҳсларига қаратади.

ОЧЛ араб клублари учун биринчи ўринда туради, дея олмайман. Бу нафақат БАА клублари, балки ОЧЛда қатнашаётган бош-қа араб жамоаларига ҳам тегишли. Чемпионат ва кубок баҳсларидаги мукофот пуллари ОЧЛдан анча кўп. Менимча, сўнгги пайтларда араб жамоаларининг ОЧЛдаги муваффақиятсиз иштирокига шу омил сабаб бўлса керак.

- Бу йил БААда чемпионлик йўлида қайси жамоаларнинг имкониятлари юқорироқ баҳоланмоқда?

- Амалдаги чемпион «Ал-Айн»ни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Бу клуб ҳамиша ўз олдига юксак мақсадларни қўйиб келган. Вице-чемпион «Ал-Ваҳда»нинг ҳам имкониятлари яхши. Қолаверса, «Ал-Наср», «Ал-Жазира», «Ал-Васл» жамоалари ҳам бемалол чемпионлик учун кураша олади.

Табиийки, мазкур курашда «Шаржа» ҳам бўлади. Бу йилдан БАА чемпионатида легионерлар учун 4+1 лимити жорий қилинган. Жамоалар ўз сафларига ўтган йилгига қараганда бир нафар кўпроқ легионерни қўшиб олиш ҳуқуқига эга бўлдилар.

Юқорида айтганимдек, араб футболида кўп ишни легионерлар бажаришади. Агар уларнинг ўйини қовушиб турса, жамоанинг ишлари ҳам «беш» бўлади.

- Умар Абдулраҳмоннинг «Ал-Айн»ни тарк этиб, «Ал-Ҳилол»га кўчиб ўтгани жамоанинг кучсизланишига сабаб бўладими?

- Менимча, таъсир ўтказади. Чунки Умар жамоанинг юраги эди. Барча ҳужумлар у орқали амалга ошириларди.

- БАА чемпионатида ўринбосарлар, яъни ёшлар лигаси борми? Агар бўлса, «Шаржа» клубининг захираси сифатида қараладиган жамоа таркибида истеъдодли ёшлар етарлими?

- Ҳа, БААда худди бизда бўлгани каби ёшлар лигаси фаолият юритади. Бундан ташқари, БААда ҳар бир клуб ўзининг ўсмирлар жамоасига ҳам эга. Болалар футболига катта эътибор қаратилади. Бунинг учун катта маблағ сарфланади. Жамоалар ўз академиялари тарбияланувчиларига таянишади.

Қувонарлиси, ўтган мавсум ёшлар лигасида «Шаржа» чемпионликни қўлга киритганди. Ўша таркибдан 2-3 нафар футболчи жорий мавсум асосий жамоа сафига ўтказилган.

- Болалар футболи, хусусан, ёшлар лигаси жамоаларида ҳам хорижлик мутахассислар ишлаш-яптими?

- Албатта. Ўзим уларнинг аксариятини иш жараёнида кўрдим. Шунингдек, маҳаллий мутахассислар ҳам етарли. Академиялар фаолияти яхши йўлга қўйилган.

- Январь ойида БААда ўтказиладиган Осиё кубогига тайёргарлик жараёни қизғин кечяптими? Кўчаларда мусобақа билан боғлиқ баннерлар осилганми?

- Бизнинг стадион ҳам Осиё кубоги ўйинларига мезбонлик қилади. Мазкур аренада катта ҳажмдаги таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Бундан олдинги турда «Ал-Аҳли» клуби меҳмони бўлдик. Бу жамоанинг уй стадионида ҳам қурилиш ишлари кетаётган экан. Шу боис ҳам ўйин жамоанинг иккинчи стадионида ўтказилди.

Бутун мамлакат бўйлаб нуфузли мусобақани юқори савияда ўтказиш учун тайёргарлик кўриляпти. Ҳатто клуб ишчилари ҳам Осиё чемпионатига бефарқ эмаслар. Мендан «Ўзбекистон қайси гуруҳда қатнашади? Терма жамоангиз қандай тайёргарлик кўряпти?», деб сўрашади.

- Клубингизда БАА миллий жамоасига номзод футболчилар бўлиши керак. Улар термамизнинг тайёргарлиги, Эктор Купер ҳақида сўрашяптими?

- Шубҳасиз. Нафақат футболчилар, балки мураббийлар, менежерлар ва клуб ишчилари ҳам қизиқиб сўрашади. Айниқса, жамоамизга янги тайинланган бош мураббий Эктор Купер билан қизиқишяпти. Қандай мутахассис экан, деб гап олишга ошиқишади. Албатта, бундай қизиқишларига Купернинг бир пайтлари БААда ишлагани ҳам сабаб бўлса керак.

- Купер қўл остида машғулот ўтказдингиз, ўртоқлик учрашувида майдонга тушдингиз. Дастлабки таассуротлар қандай?

- Жуда ҳам кучли мутахассис. Бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, Купер бу ерга келгунигача қадар ўзбек футболи ҳақида умуман тасаввурга эга бўлмаган. Ўзбекистон футболини энди ўрганяпти. Одамлар бу нарсани тушунишларини истайман. Битта жамоанинг шаклланиши учун лозим бўлса йиллар керак.

Ҳозир таш-қи ёки ички томондан бўладиган ҳар қандай босим мураббийга салбий таъсир қилади ва унинг ишини оғирлаштиради. Шу сабабли ҳам Эктор Куперни қўллаб-қувватлашимиз лозим. Осиё кубогида кўп саволларга жавоб оламиз. Асосий эътибор эса, барибир, ЖЧ-2022га қаратилади. Чунки Осиё кубоги стартигача кўп вақт қолгани йўқ.

Мураббий Сурия ва Эронга қарши кечган ўртоқлик ўйинларида терма жамоа футболчиларининг бугунги ҳолати билан яқиндан танишиб чиқди. Олдинда октябрь ойида Тошкентда ўтказиладиган яна иккита ўйин бор. Қолаверса, ноябрда Австралияга сафар уюштирилади. Бу баҳсларда жамоавий ўйин шакллантириб борилади.

- Кўпчилик Куперни ҳимоявий тактика қўллаётганликда айблаяпти. Бизнинг футболчилар шу кунгача ҳар қандай мураббий қўл остида ҳужумкор футбол кўрсатишган, дейишяпти. Сиз бу фикрга қандай қарайсиз?

- Бир нарса дейиш қийин. Тўғри, Купер аввал ишлаган жамоаларида кўпроқ ҳимояга эътибор қаратган. Бизда ҳам ишни мудофаадан бошлади. Менимча, бошланишига бу тўғри қарор. Чунки ўзбекистонлик ҳеч бир футболчини танимайди, қандай салоҳиятга эга эканлигини билмайди.

Бундай ҳолатда ҳимояга асосланган футбол намойиш этган ҳам маъқул. Кейинги ўйинларда футболчиларнинг маҳоратидан келиб чиқиб ҳужумга ҳам эътибор қаратармиз. Юқорида айтганимдек, бу мавзуда хулоса чиқаришга шошилмаслик керак.

- Эктор қаттиққўл мураббийми?

- Жуда ҳам. Биринчи йиғинда ҳеч кимга оиласи билан учрашишга, бирор зарур иши чиқиб қолганларга рухсат бермади. Тўғри қилди ҳам. «Терма жамоа йиғинидан бошқа қандай муҳим нарса бўлиши мумкин?» деди. Ҳамма йиғиннинг биринчи кунидан то охиригача меҳмонхонада яшади.

- Осиё кубогидаги рақибларимиз ҳақида нима дея оласиз?

- Табиийки, гуруҳ ғолиблиги учун курашдаги асосий рақибимиз Япония бўлади. Лекин Осиё чемпионатининг финал босқичига етиб келган барча жамоалар кучли. Рақибга паст назар билан қарамаслик керак. Осиёда футбол анча илгарилаб кетди.

- Ўзбекистон Суперлигасини кузатиб боряпсизми? Айниқса, собиқ клубингиз «Бунёдкор» ўйинларини?

- Имкони борича тур учрашувларини кўришга ҳаракат қиляпман. «Бунёдкор»нинг ҳар бири ўйинини томоша қиляпман. Жамоанинг ҳали чемпионлик учун имконияти бор. Клубда аҳвол оғир бўлсада, Миржалол Қосимов жамоани ғалабалар сари етаклай оляпти. Фурсатдан фойдаланиб, «Бунёдкор»га иккинчи босқичнинг қолган ўйинларида омад тилайман.

- Миржалол Қосимов олимпия жамоасига бош мураббий этиб та-йинланди. Бу термамиз ниҳоят, Токио-2020га бора олармикан?

- Мазкур тайинловдан кўпчилик қатори мен ҳам хурсанд бўлдим. Бу энг тўғри танлов бўлди. Лекин ушбу мураббийни эртароқ шу вазифага тайинлаш керак эди. Ўзбекистонда Миржалол Қўшоқовичдан бошқа мутахассис бу вазифани уддалай олмаса керак.

- Терма жамоамизнинг октябрь ойидаги йиғинига таклиф олдингизми?

- Ҳа, олдим. 5 октябрь куни БААда тур ўйинлари бўлади. Шундан кейин 6 ёки 7 октябрь куни терма жамоа ихтиёрига етиб бораман.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz