Қайднома

Қидирув

Патрик Кутроне: «Игуаиндан ўрганяпман»

Патрик Кутроне: «Игуаиндан ўрганяпман»

  08.10.2018 06:15
  0
  218
Патрик Кутроне: «Игуаиндан ўрганяпман»

«Милан» клуби тарбияланувчиси, истеъдодли марказий ҳужумчи Патрик Кутроне Radio 105 каналига тўғридан-тўғри эфирда интервью бериб, турли мавзудаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Бугунги жисмоний ҳолатингиздан қониқяпсизми?

- Ҳаммаси яхши, тўлиқ тикланиш арафасидаман. Ўйин амалиётисиз қолиб кетяпман, дейиш фикридан йироқман. Аммо менга тўп етишмаётгани аниқ.

- Ҳозиргача қайд этган кўрсаткичларингизни ютуқ деб биласизми?

- Бунақасини орзу қилгандим. Ҳали ҳеч нарсага етишганим йўқ. Энг асосийси, «Милан»да тўп суряпман. Буни эса болалигимдан хоҳлаганман.

- Фаолиятингизда туб бурилиш ясаган воқеа ёдингиздами?

- Саккиз ёшимдан буён «Милан»даман ва қачонлардир қадрдон клубимнинг асосий жамоасида ўйнашимга ишонардим. Хитой бўйлаб ўтказилган ёзги турне пайтида Монтелла менга имконият тақдим этиб, майдонга туширди. Ўшанда «Бавария» дарвозасини ишғол қилдим ва «Милан» сафида ўйнашим мумкинлигини тушуниб етдим.

- Ҳужумчи гол уриши учун биринчи навбатда нима қилиши лозим?

- Рақиб дарвозаси олдида оч қолган арслондек бўлиш, шунга яраша тайёргарлик кўриш керак. Ҳар учрашувдан бир кун олдин уйқуга кетишдан аввал ҳал қилувчи зарбани йўллаётганим ва тўпнинг тўрдан ўрин эгаллашини тасаввур қиламан. Кундалик ҳаётда жуда оғир-босиқман, яшил майдонда эса ҳолатим кескин ўзгаради.

- Гонсало Игуаиннинг «Милан»­га ўтиши ниманидир ўзгартирдими?

- Албатта. У билан машғулот ўтказаётганимдан бахтиёрман. Гонсало ноёб футболчи, ҳақиқий феномен. Игуаин иккимизнинг муносабатларимиз аъло даражада, ундан ҳар доим ниманидир ўрганяпман.

Бир-биримизга қарши ўйнаганимизда, бу ҳужумчига қаршилик кўрсатиш ғоят мушкул, аммо Гонсало кабилар тетиклик билан бирга соғлом рақобат руҳини тақдим этишади.

- Бугунги кунда «Милан»ни бошқараётган Женнаро Гаттузо ҳамда клуб тизимида ишлаётган Паоло Мальдини ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ажойиб мутахассис қўл остида шуғулланаётганим билан фахрлансам арзийди, Женнарони ҳар куни «Милан»да кўриш қувонарли. Мальдини ҳақида гапирадиган бўлсам, у билан илк бор кўришганимда, ҳаяжонланганимдан икки оғиз гапни эплаб гапиролмаганман. Аммо ҳозир тез-тез суҳбатлашамиз, Паоло маслаҳатларини ҳеч қачон аямайди.

- Мусиқага иштиёқманд эканлигингиз ҳақида кўп эшитганмиз...

- Дарҳақиқат, рэп, хаус жанрлари жуда ёқади. Италиялик кўплаб хонандалар, жумладан, The Giornalisti кабилар мухлисиман. Айни кунда Imagine Dragons гуруҳи куйлаган «Beleive» қўшиғини мириқиб тинглаяпман. Мусиқа асабларни тинчлантириш ёки диққатни жамлашда жуда асқотади. Кийиниш хонасида, одатда, Ҳоқон Чалханоглу диджей вазифасини бажаради.

- Форвардлар орасида кумирларингиз борми?

- Албатта, бор. Филиппо Инзагининг «Милан»даги ўйинларидан завқ олганман, у жуда кўплаб голлар муаллифига айланган. Шунингдек, энг яхши ҳужумчилар қаторида Альваро Мората, Робин ван Перси, Дидье Дрогба сингари маҳорат эгаларини алоҳида ажратиб кўрсатишим мумкин.

- Фаолиятингиз давомида қайси ҳимоячига қарши тўп суриш сизга кўпроқ мураккаблик туғдирган?

- Бу борада ўзимизнинг мудофаа чизиғимизни эътироф этаман. Жамоамиз машғулотлари пайти иккига бўлиниб ўйнаганда, ҳимоячиларимиздан ўтишда қийналаман.

- Майдон ташқарисида ҳам орзуларингиз борми?

- Айни пайт бор эътиборим футболга қаратилган. Келажак ҳақида ўйлайман, имкон қадар кўпроқ машғулот ўтказиб, ўйинларда майдонга тушишга интиламан. Бир мавсумда жамоам учун ўнтадан ортиқ гол уришни хоҳлайман.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz