Қайднома

Қидирув

Мусаев сафга қайтди ёхуд легионерларимиздан дараклар

Мусаев сафга қайтди ёхуд легионерларимиздан дараклар

  08.10.2018 18:38
  0
  504
Мусаев сафга қайтди ёхуд легионерларимиздан дараклар

Мусаев машғулотларга қўшилди. «Жубило Ивата» ярим ҳимоячиси Фозил Мусаев ниҳоят, сафга қайтди. Япония клуби матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳамюртимиз ўтган ҳафта умумий машғулотларга қўшилди. Демак, у яқин орада Япония чемпионати баҳсларида майдонга тушиши мумкин. Эслатма, Фозил 27 март куни Ўзбекистон ва Марокаш терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувида жароҳатланиб, майдонни тарк этганди. Айтиш жоиз, «Жубило» Мусаев йўқлигида роса қийналди. Дейлик, жамоа Япония миллий чемпионати 29-турида «Шимицу» меҳмони бўлиб, 1:5 ҳисобида мағлубиятга учради. 

Ҳамдамов йўқ, холос. Россия Премьер-лигаси 10-турида икки ҳамюртимиз майдонда ўзаро тўқнаш келди. Яъни «Ростов» - «Оренбург» ўйинида меҳмонлар таркибидаги Вадим Афонин доимгидек, тўлиқ вақт давомида фаол ҳаракатланиб, 54-дақиқада сариқ карточка олди. Мезбон жамоа аъзоси Элдор Шомуродов эса, ўйинга 58-дақиқада қўшилди. Натижага келсак, оренбургликлар ягона гол эвазига ғалаба қозониб, тур «сенсация»сини тақдим этишди. «Крилья Советов» - «Динамо» баҳсида ҳам 3 очко тақдирини биргина гол ҳал қилди. Фарқи шундаки, у Виталий Денисовнинг янги клуби - «Крилья» футболчиси томонидан урилди. Ҳамюртимиз эса бу сафар Самара жамоаси бошланғич таркибидан жой олиб, 70-дақиқагача тўп сурди. Хуллас, 10-турда Россиядаги легионерларимиздан биргина «Анжи» шарафини ҳимоя қилаётган Достон Ҳамдамов четда қолди. Унинг клуби сафарда «Ахмат» билан куч синашиб, 0:0 ҳисобини қайд қилди. 

Жепаров бор, Аҳмедов... «Жетису»даги легионеримиз Сервер Жепаров «Шахтёр»га қарши кечган уй баҳсида тўлиқ вақт майдонда ҳаракатланди. Бироқ клубининг рақибдан устун келишига ёрдам беролмади. Аниқроғи, толдиқўрғонликлар аутсайдерлардан бири билан очколарни бўлишиб олишдан ўзга чора тополмадилар - 1:1.

Хитой Суперлигасида қолган ягона футболчимиз Одил Аҳмедов эса «Шанхай СИПГ»нинг охирги ўйинларида негадир кўриниш бермаяпти. Чемпионлик сари дадил одимлаётган шанхайликлар чемпионатнинг 25-турида «Гуижоу «Чжичэн»ни қабул қилиб, муаммосиз ғалаба қозонишди - 5:0. Бироқ аввалги турда бўлгани каби яна ҳамюртимиз иштирокисиз...

Илк йўқотиш. Отабек Шукуровнинг клуби - «Шаржа» БАА Про-лигаси 5-турига келиб, илк очколарни йўқотди. Аввалги 4та ўйинни умумий 15:4 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилган жамоа бу сафар турнир жадвалининг 3-қаторида бораётган «Ал-Жазира» майдонида дуранг билан чекланди. 1:1 ҳисобида тугаган учрашувда Отабек тўлиқ 90 дақиқа ўйнади. Ушбу натижага қарамай, «Шаржа» пешқадамликни сақлаб қолди. Чунончи, илк 4та турда 100 фоизли натижага эришган яна бир иштирокчи - «Ал-Айн» ҳам бу сафар 2 очко йўқотди («Ал-Фужайра» майдонида 2:2 ҳисобига кўнди).


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz