Қайднома

Қидирув

«Бунёдкор» ҳам чемпионликга даъвогар, барибир…

«Бунёдкор» ҳам чемпионликга даъвогар, барибир…

  08.10.2018 21:01
  0
  578
 «Бунёдкор» ҳам чемпионликга даъвогар, барибир…

Ўтган ҳафтанинг сешанба-чоршанба кунлари ўтказилган ўйинлар натижаси Суперлиганинг юқори олтилиги турнир жадвалига айтарли таъсир ўтказгани йўқ. Битта асосий жиҳат шуки, «Бунёдкор» ўз майдонида «Навбаҳор»дан 3 очко тортиб олди ва совринли ўринларга чиндан ҳам, даъвогар эканлигини исботлади. Айни пайт «қалдирғочлар» 3-поғонадаги «лочинлар»дан атиги 1 очко ортда қолишмоқда. Қуйи олтиликка келсак, АГМК ва «Насаф» пешқадам - «Қизилқум»га анча яқинлашди, «Сўғдиёна» эса турнир жадвалида «Нефтчи» билан яна жой алмашди.

1-КУН: «НАСАФ» ҒАЛАБА ҚОЗОНИШНИ УНУТМАГАН

Сешанба куни бўлиб ўтган ўйинлар тафсилоти газетамизнинг пайшанба сонида берилганди. Шу боис, фақат айрим фактларга тўхталамиз. «Насаф» - «Қизил-қум» баҳси (4:2)да мезбонлар 4та ўйинга чўзилган ғалабасиз серияга чек қўйишди. Умуман, Рўзиқул Бердиев жамоаси жорий чемпионатда илк марта 1та ўйинда 4та гол урди. «Локомотив» эса «Бухоро» майдонида 3:1 ҳисобида устун келиб, ғалабали одимини 4та ўйинга етказди. «Темирйўлчилар» нақ 12та турдан буён мағлубият нималигини билишмаяпти. «Нефтчи» дарвозасига жавобсиз 3та гол урган «Сўғдиёна»га келсак, бу Жиззах клуби учун охирги 11та тур бадалига қўлга киритилган илк ғалаба бўлди. Яъни Сергей Лушан шогирдлари бунгача сўнгги 10та ўйинда атиги 3 очко олишганди.

 

2-КУН: «БУНЁДКОР»НИ ҲИСОБДАН ЧИҚАРМАНГ

Ўзбекистон кубоги финал ўйини чиптасига эга чиққан АГМКда кўтаринки кайфият ҳукмрон. Олмалиқликлар бу сафар водийда «Қўқон-1912»ни 2:1 ҳисобида енгишди. Аслида биринчи бўлимда мезбонлар нисбатан фаол кўринишди, аммо айрим вазиятларда уларга аниқлик етишмаган бўлса, баъзиларида АГМК кипери Роман Абдулов ўзини кўрсатди. Ҳисоб 41-дақиқада меҳмонлар вакили Музаффар Музаффаров томонидан очилди: у узоқ масофадан ўта кучли ва аниқ зарба йўллади. Орадан кўп ўтмай, Бахтиёр Ашурматов жамоаси иккинчи голни ҳам нишонлаши мумкин эди. Чунончи, Зафар Полвонов чалқанча усулда ўта хавфли зарба берди, фақат Ўткир Юсупов «суперсейв» кўрсатиб, чиройли гол юзага келишига йўл қўймади. Қўқонликлар танаффусдан кейин ҳужум шиддатини оширишди, аммо уларга яна ўша аниқлик ва омад етишмади. Мисол учун, 59-дақиқада Суҳроб Бердиев зарбасидан сўнг тўп дарвоза устунига тегди. Бу орада олмалиқликлар иккинчи голни ҳам уришди, фақат қоида бузилган ҳолатда. Бўлим ўрталарида Суҳроб Бердиев ниятига эришди, барибир. Тиниб-тинчимас футболчининг навбатдаги кучли зарбаси олдида дарвозабон Роман Абдулов ҳам ожиз қолди - 1:1. Ўйин шу ҳисобда тугайдигандек туюлган бир вазиятда, яъни 87-дақиқада захирадан майдонга тушган Азамат Исроилов ғалабани АГМК томон оғдирди. Бу Олмалиқ жамоасининг Суперлига доирасидаги қаторасига 2-ғалабаси ва «Қўқон-1912»нинг серияли 2-мағлубиятидир. Яна бир факт - шу билан қўқонликларнинг ғалабасиз одимлари 5та ўйинга етди.

«Металлург» - «Пахтакор» учрашуви кўпчилик кутган натижани тақдим этди - 0:3. Бир қарашда, бекободликлар бу галги тўқнашувда анчагача тартибли ҳимояланишди. Бироқ танаффусга чиқиш арафасида жамоанинг тажрибали футболчилари хатога йўл қўйишди ва аввалги 2та ўйинда ҳам ўз номига гол ёзиб қўйган Фаррух Сайфиев ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда эса, Игорь Сергеев катта саҳнага кўтарилди. У охирги 20-21 дақиқа оралиғида «дубл»ни расмийлаштириб, «Металлург»га қарши кечган 3-ўзаро учрашув ҳам йирик ҳисобда тугашини таъминлади. Эслатма, бекободликлар биринчи босқич доирасидаги ўйинларда «шерлар»га 0:5 ва 0:3 ҳисобида ютқазишганди. Инсоф юзасидан айтиш керак, шу куни Андрей Шипилов сариқ карточкалар лимити туфайли икки етакчи - Зоҳид Абдуллаев ва Зафар Тўраев хизматидан фойдаланолмади. Сериялар хусусида: «Пахтакор»нинг ғолибона юриши 6та ўйинга етди, «Металлург» 3та турдан буён ғалаба нималигини билмаяпти.

«Бунёдкор» ва «Навбаҳор» ўртасидаги тўқнашувга 25-турнинг марказий ўйини сифатида қаралганди. Чунончи, мезбонлар ғалаба қозонишса, совринли ўринлар учун курашдаги имкониятларини яхшилаб олишарди, 3 очко меҳмонларга насиб этганида эса, уларда чемпион бўлиш иштиёқи кучаярди. Шунга яраша, майдонда кескин кураш кечди. Олдинга ўтиб айтиш керак, шу куни «Навбаҳор»га яна вазиятлардан самара чиқаролмаслик панд берди. Миржалол Қосимов шогирдлари эса икки ҳужумни гол билан безаб, муҳим 3 очкони қўлга киритишди. Биринчисида «қалдирғочлар» стандарт вазиятдан фойдаланишди: бурчак зарбасидан сўнг тажрибали Азиз Ҳайдаров тўпни Ботирали Эргашев дарвозасига йўллашда қийналмади. Иккинчисида эса, захирадан майдонга тушган ярим ҳимоячи Абдулла Абдуллаев ўзини кўрсатди - 2:0. Бу гол 60-дақиқага тўғри келди. «Лочинлар» шундан кейин ҳам вазиятлар яратишга уринишди. Жумладан, Азиз Турғунбоев ва Шерзод Каримовда яхши имкониятлар юзага келди. Бироқ уларга энг сўнгги паллада совуққонлик етишмади, қолаверса, «Бунёдкор» ҳимоячилари тартибли ҳаракатланишди, шунингдек, дарвозабон Мурод Зуҳуров ҳам ишончли ўйнади. Хуллас, «қалдирғочлар» ғалаба эвазига ўз очколари сонини 20тага етказиб, айнан «Навбаҳор»га жуда яқинлашиб олишди. Ўйин охирида наманганлик мухлислар жамоа бош мураббийи (энди собиқ) Илҳом Мўминжоновни роса «тузлашгани»ни ҳам айтиш жоиз. Зеро, наманганликлар 4та ўйинки, ғалаба қозонолмаяптилар.

 

ТУР ҚАҲРАМОНИ - «БУНЁДКОР»

Миржалол Қосимов жамоасида қандай муаммолар борлиги барчага маълум. Шунга қарамай, футболчилар майдонда бор маҳоратларини ишга солишмоқда, ҳамон ҳаттоки, чемпионликдан ҳам умид узишмаяпти. Бундай ёндашув таҳсинга лойиқ, албатта. Ахир молиявий муаммолар туппа-тузук ўйнаб турган «Бухоро»ни қандай аҳволга солганини кўриб турибмиз-ку. Шуларни ҳисобга олиб, қийинчиликка қарамай, ирода кўрсатиб келаётган «Бунёдкор»ни эътироф этишни ўринли билдик. «Қалдирғочлар» чемпионлик учун курашаётган жамоадан 3 очко тортиб олиш ҳисобига кучли учликка яқинлашганини ҳам унутмаслик лозим.

 

ТУР СТАТИСТИКАСИ

Ўйин: 6

Гол: 21 (ўртача: 3,5...)

Томошабин: 32986 (ўртача: 5497...)

Мезбонлар ғалабаси: 3

Меҳмонлар ғалабаси: 3

Дуранг: -

Йирик ҳисобли ғалаба: 2 («Сўғдиёна» - 3:0, «Пахтакор» - 3:0)  

Энг сермаҳсул ўйин: «Насаф» - «Қизилқум» (6та гол)

Огоҳлантириш: 17 (ўртача: 2,83...)

Четлатиш: 1 (ўртача: 0,16...)

Энг «қўпол» ўйинлар: «Насаф» - «Қизилқум» (1та «қизил» } 1та «сариқ»), «Сўғдиёна» - «Нефтчи» (5та «сариқ»)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Бухоро» - «Локомотив» (8521)

Пенальти: -

«Дубль»: 3 (Т.Абдухолиқов, «Локомотив»; Б.Абдухолиқов, «Насаф»; И.Сергеев, «Пахтакор») 

«Хет-трик»: - 

Автогол: -

 

Исмоил Гонсалвеш («Пахтакор») - 14та (9та - пен.)

Жавлон Иброҳимов («Бунёдкор») - 11та (2та - пен.)

Тиаго Безерра («Пахтакор») - 10та

Марат Бикмаев («Локомотив») - 9та (3та - пен.)

Йован Жокич (АГМК) - 9та (7та - пен.)...

Бобур Абдухолиқов («Насаф») - 8та

Мурод Холмуҳаммедов («Қўқон-1912») - 8та (8та - пен.)...

 

1   ЛОКОМОТИВ                13                   8                     3                     2                     20-12             27                  

2   ПАХТАКОР                   13                   7                     3                     3                     21-8               24                  

3   НАВБАҲОР                   13                   6                     3                     4                     16-12             21                  

4   БУНЁДКОР                   13                   6                     2                     5                     21-16             20                  

5   МЕТАЛЛУРГ                 13                   2                     4                     7                     8-23               10                  

6   БУХОРО                       13                   2                     1                     10                   10-25             7

 

1    ҚИЗИЛҚУМ                    13                   7                     2                     4                     17-14             23                  

2    АГМК                              13                   6                     4                     3                     17-12             22                  

3    НАСАФ                           13                   5                     5                     3                     13-11             20                  

4    ҚЎҚОН-1912                 13                   3                     5                     5                     11-10             14                  

5    СЎҒДИЁНА                     13                   3                     4                     6                     13-17             13                  

6    НЕФТЧИ                         13                   3                     4                     6                     9-16               13


19 октябрь (жума)

АГМК - «Насаф»

«Нефтчи» - «ҚизилҚум»

«СўҒдиёна» - «ҚўҚон-1912»

20 октябрь (шанба)

«Навбаҳор» - «Бухоро»


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz