Қайднома

Қидирув

Пьерлуижи КОЛЛИНА: «ФИФА VAR ОММАЛАШУВИ ТАРАФДОРИ»

Пьерлуижи КОЛЛИНА: «ФИФА VAR ОММАЛАШУВИ ТАРАФДОРИ»

  09.10.2018 07:54
  0
  449
Пьерлуижи КОЛЛИНА: «ФИФА VAR ОММАЛАШУВИ ТАРАФДОРИ»

ФИФА Ҳакамлар қўмитасини бошқараётган афсонавий рефери Пьерлуижи  Коллина халқаро ташкилот томонидан VAR йўриқчилари учун Мадридда ташкил этилган илк семинарда қатнашиб, футболдаги ушбу янгиликнинг истиқболи ва аҳамияти хусусида атрофлича тўхталди. Хўш, футбол тарихида ёрқин из қолдирган италиялик мутахассис VARнинг келажагига қандай қарамоқда?

- Жаноб Коллина, мазкур анжумандан кўзланган асосий мақсад нима?

- Гап шундаки, Россия мундиалидан кейин ФИФА кўплаб миллий федерациялардан янги технологияни жорий этиш масаласи бўйича мурожаатлар олди. Бу VARнинг синовдан муваффақиятли ўтганини англатади. Акс ҳолда, кўпчиликда янгиликни ички мусобақаларда татбиқ этиш истагини туғилмасди. Бироқ ҳозир барча хоҳловчиларни малакали йўриқчилар билан таъминлашнинг иложи йўқ. Шу боис, мавжуд мутахассисларни семинарга жалб этиш орқали йўриқчилар сафини кенгайтиришга қарор қилдик.

- Мадрид семинари хусусида кенгроқ маълумот берсангиз.

- 40 нафарга яқин номзод махсус дастур асосида таҳсил олишди. Улар назарий машғулотларда қатнашишдан ташқари, VAR тренажёрида ишлашди. Бунинг учун видеозалда ўйинлар лавҳалари намойиш этилди. Кейин футболчилар билан аввалдан режалаштирилган баҳсли вазиятларни юзага келтириб, ҳакам қарорининг тўғри-нотўғри эканлигини аниқлашни бўлажак йўриқчиларга топширдик. Шу тариқа улар VARнинг қай йўсинда ишлаши билан танишишди, бу борада бошқа касбдошларига таҳсил бериш кўникмаларини ҳосил қилишди.

- Бундай семинарлар яна ташкил этиладими?

- Ҳозирги вазиятдан келиб чиқсак, малакали йўриқчилар жуда кам. Демак, улар сафини кенгайтириш зарур. Янги технология оммалашгани сари мутахассисларга талаб ҳам ортади. Эҳтиёжни қондириш учун эса ўқув-курсларини мунтазам ташкиллаш керак. Бир қатор федерациялар, шунингдек, конфедерациялар VARдан фойдаланиш ниятида. Жумладан, ОФК тизимни 2019 йилнинг январига белгиланган Осиё кубогида қўлламоқчи. УЕФА эса ЧЛнинг навбатдаги мавсумида амалга татбиқ этишни режалаштирмоқда. Шундай экан, мутахассисларга эҳтиёж катта. ФИФА бу борада барчага ёрдам қўлини чўзишга тайёр.

- Ҳакамларни ўқитишдан ташқари, яна қандай муаммолар бор?

- VAR тизимини 2та асосий қисмга бўлиш мумкин: мутахассислар ва асбоб-ускуналар. Технология борасида халқаро ташкилотнинг техник инновациялар департаменти тегишли маслаҳатлари билан ёрдам беради. Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, тизимнинг фаолият кўлами турнир мақоми билан боғлиқ. Масалан, ЖЧда VAR тизимига 4 нафар мутахассисни масъул этиб тайинладик. Ички мусобақаларда эса икки мутахассисдан фойдаланиш мумкин. Шунингдек, тизим марказлашган ёки аксинча бўлиши мумкин. Россияда худди Германия ва Испаниядаги каби ягона ҳакам Москвада туриб, барча баҳсли вазиятларга якуний баҳо берди. Италияликлар эса турли шаҳарларда жойлашган йўриқчиларга муайян ўйинларни назорат қилишни топширишган. Бундан ташқари, Россияда 40та телекамерадан фойдаланилди, кўплаб лигаларда эса уларнинг сони 12-13та. Камералар оз бўлса, мутахассисга талаб ҳам камаяди.

- Хулосангиз қандай: VAR чиндан ҳам, ҳакамларга янада самаралироқ ёрдам бериши мумкинми?

- Тизим жорий этилганига кўп бўлгани йўқ. Видеотехнологияни илк бора 2014 йилнинг ноябрида муҳокама қилгандик. Тажрибамиз ортиб боргани сайин керакли тузатиш ва ўзгаришлар киритамиз. Лекин моҳият ўзгармайди, менимча.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz