Қайднома

Қидирув

ФИФА назоратни оширади

ФИФА назоратни оширади

  09.10.2018 09:21
  0
  154
ФИФА назоратни оширади

ФИФА футболнинг иқтисодий аҳамиятга эга томонларини ўзгартиришни режалаштирмоқда. Яқин келажакда бу янгиликлар барчага сезилади. Чунки улар жуда кўп.

НИМА БЎЛДИ?

Ўтган душанба куни Лондонда ФИФА йиғилиши ўтказилиб, унда турли ассоциациялар вакиллари - конфедерация ва лигалардан тортиб, клублар ҳамда футболчиларгача қатнашишди. Ташкилот президенти Жанни Инфантинонинг сўзларига ишонадиган бўлсак, ФИФА жаҳон футболининг иқтисодий моделини ўзгартиришни режалаштирмоқда. Янгича ёндашув эвазига ФИФА ўйинчилар сотуви, хариди, ижараси, мазкур келишувлар жараёнига агентлар ва клублар таъсири бўйича мавжуд муаммоларни бартараф этишни кўзламоқда.

Асосий мақсад - трансфер бозорини назорат қилиш. Сўнгги йилларда бу бозор топ-клублар таъсирида анча мураккаблашган. Неймарнинг «Барселона»дан «ПСЖ»га ўтиши (222 миллион евро) ёки Килиан Мбаппенинг «Монако»дан Парижга кўчиши (180 миллион евро) каби нореал трансферлар туфайли бозор сунъий инфляция қуршовида қолган. Нархлар сезиларли кўтарилган, ўртамиёнадан юқорироқ саналадиган футболчиларга катта сумма таклиф қилинмоқда.

- Сўнгги йилда клублар трансферлар учун 6,4 миллиард долларга яқин пул сарфлашган, бунақаси аввал кузатилмаганди. Бу беш йил аввалги кўрсаткичдан икки марта кўп дегани. Кейинги йили нархлар янада ошади ва бу бизни хавотирга солмоқда, - дейди Инфантино. - Биринчи навбатда, энг йирик маош миқдорини кўрсатиб, трансферларни қонунан чеклаш лозим. Футболдаги инфляция - яхши эмас. Ушбу муаммога қарши курашамиз.

ФИФА клублар, агентлар ва футболчилардаги очкўзликни турли чоралар билан енгмоқчи. Ҳозирча айнан қандай йўл тутилиши номаълум. Фақатгина ФИФАнинг ички ҳисоботида аномал нархларга қарши курашиш услублари қайд этилган. Мазкур ҳисобот асосида лойиҳа тузилган бўлиб, у катта эҳтимол билан октябрь ойи охирларида тасдиқланади.

АГЕНТЛАР ВА ФУТБОЛЧИЛАР НАРХИ НАЗОРАТИ

ФИФА астойдил тараддуд кўрмоқда. Ташкилот CIES (Швейцария спорт тадқиқотлари маркази)дан футболчиларнинг тахминий нархини аниқлаш бўйича кўмак сўради. Буюртма бўйича олимлар трансферлар суммасини ойдинлаштирадиган алгоритм ишлаб чиқишди. Олинган натижаларни ФИФА реал рақамлар билан солиштиради ва фарқ катта бўлган тақдирда, тегишли жарималар қўлланади.

Футболчи умумий маошининг 5 фоизидан айрилиши мумкин, клубдан эса трансфер учун тўлов талаб қилинади. Агентларнинг ҳолати эса анча қийинлашади: ФИФА уларга мижоз (футболчи) ҳамда унинг иш берувчиси (клуб)дан пул олишни тақиқлайди. Айниқса, бу «агентлар лигаси»га қаттиқ зарба беради.

Оддийроқ айтганда, ФИФА кўпроқ маблағ хоҳламоқда. 2017 йили агентлар клублардан ярим миллиард долларга яқин пул олишган, буларнинг бари Инфантино ва унинг ҳамкасбларининг назаридан четда қолган. Клубларнинг йирик харажатлардан, футболчи ҳамда агентларнинг эса йирик маошлар эвазига ортиқча тўловлардан воз кечишларига ишониш қийин. Шунчаки, ФИФА ҳар бир топ-шартномадан улуш олмоқчи, холос.

ФУТБОЛЧИНИ ТАРБИЯЛАГАН КЛУБ ВА АКАДЕМИЯЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

Мабодо ФИФА шубҳали трансферни аниқласа, уни қўшимча солиқ билан «сийлайди». Аммо йирик келишув туфайли келадиган сумма жаҳон юлдузини тарбиялаган клуб ёки академия ҳисобига йўналтирилади. Ҳар бир навқирон футболчини кузатиш у 12 ёшга тўлганидан бошланади, ФИФА ҳар бир ўсмир ўйинчининг электрон паспортини тайёрлайди. Тизим ҳозирданоқ турли саволлар туғилишига сабаб бўлмоқда. ФИФА технологик ривожланиш ва ҳужжатлар бўйича ҳамон муаммолар кузатилаётган Африка ҳамда Осиёдан чиққан ёш футболчиларни қандай назорат қилади?

Ижараларга Қўлланадиган лимит

Клубларнинг кўплаб ёш футболчилар (уларнинг сони баъзан 30-50 нафарга етмоқда) билан шартнома имзолаб, кейинчалик ижарага бериши ёки сотиб юбориши ФИФАга ёқмаяпти. Замонавий футболда ижара сўзи моҳиятини йўқотгандек. Эндиликда аксарият ҳолларда футболчилар ўйин амалиётини ошириш учун эмас, балки келгусидаги савдо мақсадида ижарага берилмоқда. Европада бунга ихтисослашган кўплаб клубларни мисол келтириш мумкин. Жумладан, «Ювентус», «Челси», «Аталанта», «Монако», «Женоа» ва бошқа кўплаб жамоаларда бир вақтнинг ўзида 40-50 нафар футболчи рўйхатга олинган.

ВВСнинг тахмин қилишича, ФИФА бир трансфер ойнаси пайти кўпи билан олти футболчини ижарага бериш, тўрт нафарга яқин ўйинчини бир клубга жўнатишга рухсат беради. Аммо бу қоида 21 ёшгача бўлган футболчиларга тааллуқли эмас. Демак, янги тартиб юқорида номи келтирилган клубларга таъсир ўтказмайди, зеро ижарага берилганларнинг катта қисми ёшлардан иборат. Боз устига, транзит ўтишлар, яъни футболчининг бир трансфер ойнаси пайти икки марта клуб алмаштиришига чек қўяди. Айни пайт бу муаммога қарши Европанинг барча йирик лигалари курашишмоқда, энди даражаси пастроқ чемпионатлардан ҳам фаол бўлиш талаб этилади.

ЭНГ КАТТА МАОШ

ФИФА бадавлат клублардан пул ундиролмайди. Ташкилот шунчаки, яхши яшаб, футболчиларига йирик маош тўлайдиганларнинг ҳаёт тарзини қийинчлаштириши мумкин, холос. Ғоя шундай: клубларнинг маошларга ажратадиган суммаси миқдорини чеклаш. Мазкур ҳолатда клубнинг мавсум якунлари бўйича кўрадиган даромади инобатга олинади ёки ўйинчилар маоши бюджетнинг муайян фоизидан ошмаслиги белгиланади. Шунингдек, ҳар бир футболчининг шартномасига мажбурий товон пулини киритиш каби муҳим жиҳат ҳам бор. Аммо буни инқилобий ўзгариш деб бўлмайди, аксарият лигаларда бу анчадан буён қўлланмоқда.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz