Қайднома

Қидирув

ЕВРО-2024: Нега Германига топширилди?

ЕВРО-2024: Нега Германига топширилди?

  09.10.2018 10:04
  0
  234
ЕВРО-2024: Нега Германига топширилди?

Сентябрь ойи охирларида Швейцариянинг Ньон шаҳрида УЕФА ижроқўмининг йиғилиши ўтказилиб, унда 2024 йилги Европа чемпионатини ўтказадиган мамлакат номига ойдинлик киритилди. Сўнгги натижаларга кўра, Туркияни ортда қолдирган Германия қитъанинг нуфузли мусобақаси мезбонлигига эга бўлди. Сўнгги марта Евро 1988 йили ушбу давлатда ташкил этилганди.

Евро-2024 мезбонлиги учун кураш футболда бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлган икки мамлакат ўртасида кечди. Узоқ йиллар мобайнида туркиялик спортчилар нафақат Германия чемпионатида қатнашишмоқда, балки миллионлар ўйинига олмон ўлкасидаги академиялар орқали кириб боришмоқда. Жумладан, Ҳоқон Чалханоглу сингари Туркия миллий жамоаси етакчилари айнан бундесакадемияларда таҳсил олишган. Юнус Малли ҳамда Беркай Озжан каби футболчилар эса ҳамон Бундеслигада тўп суришмоқда.

Ўз навбатида, асли келиб чиқиши туркиялик бўлган аксарият ўйинчилар жаҳоннинг тўрт карра чемпиони ҳисобланган терма таркибида тўп суришни хоҳлашди. Улар орасида «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Илкай Гюндоган, «Ювентус» вакили Эмре Жан, сўнгги пайтларда можароларга ўралашиб қолган машҳур Месут Озил ҳам бор. «Арсенал» аъзоси 2018 йилги мундиал якунланганидан сўнг Германия миллий жамоасидан кетишга қарор қилди. Футболчи бундай қарорга келишига Немис футбол иттифоқи (DFB)нинг ирқчилик муносабати сабаб бўлганини таъкидлади.

Юқорида қайд этилган омиллар сабаб ушбу мамлакатларнинг Евро мезбонлиги курашидаги рақобати янада қизиқарли кечди. Дастлаб бир нечта жиҳатлар бўйича Германия яққол фаворитдек кўринганди. Мазкур давлат нафақат муҳташам стадионларга эга, балки унда йирик мусобақаларни ўтказиш тажрибаси бор. Хусусан, 1974 ва 2006 йилги жаҳон чемпионатлари, Евро-1988 айнан шу мамлакатда ташкил этилган.

Шу боис Туркия варианти танланмаслиги ҳақиқатга яқинроқ эди. Германиядан фарқли равишда, турклар ўлкасида турнирни ўтказишга яроқли атиги еттита стадион борлиги қайд этилганди. Ўз навбатида, Анқара ва Истанбулдаги ареналарни қайтадан қуриш, Анталиядагисини эса реконструкция қилиш талаб этиларди. Бироқ йирик футбол мусобақаларини ўтказадиган мезбонни аниқлашда ушбу мамлакат футболи ва унинг инфратузилмасини ривожлантириш инобатга олиниши ҳолатлари кўп учраган.

Шунга қарамай, бу сафар УЕФА тажриба ва ишончлиликка урғу бериб, Германияни танлади. Буни ташкилот президенти Александр Чефериннинг шахсан ўзи эълон қилди.

- Шуни қувонч билан таъкидлашим мумкинки, бизда иккита кучли «заявка»лар бор эди. 2024 йилги Европа чемпионатини ўтказиш учун қудратли мамлакатлар даъвогарлик қилишди. Афсуски, ғолиб фақат битта бўлади. Қитъа биринчилигини ўтказиш ҳуқуқи Германияга берилди, - деди УЕФА раҳбари.

Шунингдек, мутасадди турнир ташкилотчисини танлаш жараёни шаффофлик асосида ўтганини қўшимча қилди. Зеро, сайловлар ўтишидан бир неча ҳафта аввал ҳар икки мамлакатдан тушган «заявка»лар намойиш этилгач, у билан ҳар бир хоҳловчи танишиб чиқиши мумкин бўлган.

- Демократик қарор - тўғри қарор. Келажакка ажойиб турнир гувоҳига айланиш умидида қараяпман, - деди Чеферин.

Сўнгра сўзга чиққан Немис футбол иттифоқи президенти Райнхард Гриндель дастлаб йиғилганлардан узр сўраб, ҳамюртларига она тилида мурожаат этди.

- Ишончингиз учун катта раҳмат. Бу менга қувонч бағишлайди. Аммо ўз навбатида, улкан масъулиятни ҳам ҳис қиляпман. Биз мазкур турнир УЕФА учун қандай аҳамият касб этишини тушуниб турибмиз ва ишонч оқланиши учун қўлимиздан келган барчасини қиламиз, - деди Гриндель.

Шундан кейин гапириш навбати «Бавария» клубининг собиқ футболчиси Филипп Ламга етди. Аввалдан маълум эдики, 2014 йилги жаҳон чемпиони, мабодо Германия «заявка»си маъқулланса, турнир ташкилий қўмитаси раиси бўларди.

- Ҳашаматли стадионлар, ажойиб мухлисларимиз бор. Масаланинг асл моҳияти мана шунда: биз ҳақиқий байрам уюштирмоқчимиз, фуқароларимиз жуда хушмуомала ва очиқкўнгил. 2024 йили буларнинг барини яна бир бор намойиш этмоқчимиз, - деди Лам.

Шу тариқа, Германия ўз тарихида иккинчи марта футбол бўйича Европа чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди. Олмонлардан ташқари бундай шарафга фақат Италия ва Бельгия сазовор бўлганди. Еврони энг кўп ўтказиш бўйича рекорд Францияга тегишли. «Кўҳна қитъа»нинг энг яхши термалари иштирокидаги илк биринчилик 1960 йили айнан ушбу мамлакат ҳудудида ўтказилган, финалда собиқ Югославияни мағлубиятга учратган собиқ иттифоқ миллий жамоаси ғолибликни қўлга киритганди.

Европа чемпионати ўйинлари Германиянинг ўнта шаҳрида бўлиб ўтади. Жумладан, Штутгарт, Мюнхен, Лейпциг, Гамбург, Гельзенкирхен, Франкфурт, Дюссельдорф, Дортмунд, Кёльн ҳамда Берлиндаги стадионларда учрашувлар ташкил этилади. Эътиборлиси, бу ЖЧ-2006 билан солиштирганда камроқ: ўша мундиал ўйинлари 12та шаҳарда ўтказилганди.

ЕВРО-2024 ЎТАДИГАН ШАҲАР ВА СТАДИОНЛАР

1. Берлин, «Олимпиаштадион» (74 461). ЖЧ-2006 ва ЕЧЛ-2014|2015 финалларига мезбонлик қилган йирик арена.

2. Мюнхен, «Альянц Арена» (70 076). «Бавария»нинг уй стадиони. Бу аренада ЖЧ-2006нинг олтита ўйини, жумладан, битта ярим финал баҳси ўтказилган.

3. Дортмунд, «Сигнал Идуна Парк» (81360). «Боруссия»нинг уй стадиони. ЖЧ-Бу аренада 2006нинг олтита ўйини, жумладан, битта ярим финал баҳси ўтказилган.

4. Гельзенкирхен, «Фельтинс Арена» (54 740). «Шальке» клуби стадиони. Бу аренада ЖЧ-2006нинг бешта ўйини ўтказилган.

5. Штутгарт, «Мерседес-Бенц Арена» (54 697). «Штутгарт»нинг уй стадиони. Бу аренада ЖЧ-2006нинг олтита ўйини, жумладан, учинчи ўрин учун баҳс ўтказилган.

6. Гамбург, «Фолькспаркштадион» (52 245). «Гамбург»нинг уй стадиони. Бу аренада ЖЧ-2006нинг бешта ўйини ҳамда Европа Лигаси-2009|2010 финали ўтказилган.

7. Дюссельдорф, «Эсприт Арена» (51 031). «Фортуна» клуби стадиони. Бу аренада ЖЧ-2006 ўйинлари ўтказилмаган бўлсада, 2011 йилги «Евровидение» кўрик-танловига мезбонлик қилган.

8. Кёльн, «Рейн Энерги Штадион» (49 827). «Кёльн»нинг уй стадиони. Бу аренада ЖЧ-2006нинг бешта учрашуви ўтказилган.

9. Лейпциг, «Ред Булл Арена» (49 539). Собиқ Шарқий Германия ҳудудидаги энг йирик стадион «Лейпциг»га қарашли. Бу аренада ЖЧ-2006нинг бешта учрашуви ўтказилган.

10. Франкфурт, «Коммерцбанк Арена» (48 387). «Айнтрахт»нинг уй стадиони. Конфедерациялар кубоги-2005 финали ҳамда ЖЧ-2006нинг бешта учрашувига мезбонлик қилган.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz