Қайднома

Қидирув

«Навбаҳор»: Ўзгаришларнинг узвий давоми...ва яна Канчельскис ҳақида

«Навбаҳор»: Ўзгаришларнинг узвий давоми...ва яна Канчельскис ҳақида

  10.10.2018 01:46
  0
  726
«Навбаҳор»: Ўзгаришларнинг узвий давоми...ва яна Канчельскис ҳақида

Жорий мавсум бошида Наманганнинг «Навбаҳор» клубида катта ўзгаришлар кузатилган ва унинг олдига юксак мақсадлар қўйилганди. Бунинг самараси ўлароқ, «лочинлар» Pepsi Суперлига-2018нинг дастлабки босқичини юқори ўринларда якунлашди. Бироқ ҳал қилувчи ўйинлардаги қониқарсиз иштирок «Навбаҳор»нинг чемпионлик йўлидаги имкониятини кескин пасайтириб юборди. Ғалаба - жамоаники, омадсизликка эса, бош мураббий жавобгар. Хуллас, сўнгги турларда кузатилган муваффақиятсизликлар таъсирида Илҳом Мўминжонов истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнини ким эгаллаши кўпчиликни қизиқтираётганди. Зеро, бу лавозимга машҳур мураббий тайинланиши ҳақида гап-сўзлар урчиди. Ниҳоят, 7 октябрь куни Намангандаги «Марказий» стадионида ўтказилган маросимда жамоанинг янги устози оммага расман таништирилди.

Таништирув тадбири наманганлик мухлислар учун катта байрамга айланди, десак муболаға бўлмайди. Чунончи, «Навбаҳор» раҳбарияти фидойи мухлисларга ҳақиқий «сюрприз» улашди. Маросим аввалида сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Ҳайитбоевич Бозоров дастлаб Илҳом Мўминжонов ҳақида фикр билдириб, унинг хизматларини алоҳида эътироф этди. Шундан сўнг йиғилганларга «Навбаҳор»нинг янги бош мураббийини таништириб, унга келгуси фаолиятида омад тилади:

- 2016 йил охирида «Навбаҳор» мураккаб аҳволга тушиб қолганида, кўплаб мураббийларга мурожаат билан чиқилган, аммо улар жамоада ишлашни хоҳлашмаганди. Шундай паллада Илҳом Мўминжонов клубни қабул қилиб, уни олий лигада олиб қолди. 2017 йилги мавсумда  эса, «Навбаҳор»ни 5-ўринга олиб чиқди. Юксалиш даври сифатида баҳоланган мавсум-2018 арафасида клуб олдига катта вазифалар қўйилди, шунга яраша зарур шарт-шароитлар яратилди. Аслида жамоа жорий мавсумни ёмон ўтказмаётганди, ҳал қилувчи босқични 1-поғонада бошлади. Аммо охирги 3та ўйинда бирорта ғалаба қайд этилмагач, Мўминжоновни истеъфога чиқаришга мажбур бўлдик. Эндиликда «Навбаҳор»ни дунёнинг машҳур клубларидаги ўйинлари билан довруқ қозонган собиқ футболчи, бугунги кунда мураббийлик соҳасида фаолият юритаётган Андрей Антанасович Канчельскис бошқаради. Умид қиламизки, ушбу мутахассис юксак малакасини ишга солиб, «Навбаҳор»ни катта муваффақиятлар сари етаклайди, Наманганга Англия футболи ҳавосини олиб киради. Бу йўлда Андрей Канчельскисга омад тилаймиз.

Наманган вилояти раҳбари ўзбекона урф-одатларга кўра, «Навбаҳор»нинг янги бош мураббийига зарбоф тўн ва дўппи кийдирди. Шундан сўнг Андрей Канчельскис сўз олиб, жумладан, шундай деди:

- Даставвал, мени ажойиб тарзда кутиб олишгани учун раҳмат айтмоқчиман. Албатта, «Навбаҳор»да иш бошлар эканман, биринчи навбатда, жамоанинг ҳар бир учрашувда фақат ғалабага интилиши учун бор кучимни сафарбар этаман. Наманганлик мухлислар Ўзбекистонда тенгсиз эканликларидан хабардорман. Уларнинг қўллаб-қувватлашлари бизни янги ютуқлар сари илҳомлантиришига ишонаман. Менга билдирилаётган ишонч, зиммамизга юклатилаётган вазифани бажариш учун астойдил ҳаракат қиламан, албатта.

Ўзбек шоу-бизнесининг ёрқин вакилларидан бири, актёр ва телебошловчи Алишер Узоқовнинг «Навбаҳор» клуби пиар-директори сифатида таништирилиши тақдимот маросимининг энг эсда қоларли воқеаларидан бири сифатида ёдда қолди.

- Мен футболга бегона эмасман. Шундай имконият тақдим этилаётган экан, бундан унумли фойдаланишим керак. «Навбаҳор»нинг янада юксалиши учун биргаликда изланамиз. Бу клубнинг аввал эришган ютуқлари кўп нарсадан далолат, муҳими, мухлислари ҳам фидойи. Энди жамоада Андрей Канчельскисдек етук мутахассис ишлайди ва унинг кўп фойда келтиришига ишонаман, - деди Алишер Узоқов.

Шундан сўнг янги бош мураббий йиғилганлар кўз ўнгида, мухлисларнинг олқишлари остида шартномага имзо чекди. Тадбирнинг иккинчи қисмида Андрей Канчельскис ва Наманган вилояти футбол ассоциацияси вице-президенти Шамшод Эргашевич Сариков иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Табиийки, унда ОАВ вакиллари турли мавзудаги саволларига жавоб олишди. Тўғри, футболчилик даври гранд жамоалар таркибида тўп суриб, мухлислар меҳрига сазовор бўлган Андрей Канчельскис мураббийлик соҳасида ҳозирча мақтовга лойиқ натижаларга эришмаган. Аммо Наманган аҳлининг бу мутахассисдан умиди катта. Қолаверса, «Навбаҳор»даги жиддий ўзгаришларни мунтазам кузатиб бораётган Ўзбекистон футболи ихлосмандларини ҳам россиялик мураббийнинг янги жамоада нималарга эришиши қизиқтириши турган гап. Шундай экан, Канчельскиснинг мамлакатимиздаги фаолиятини кузатиш иштиёқи янада ортишига шубҳа йўқ. Хўш, «Навбаҳор»нинг янги бош мураббийи бу борада қандай фикрда?

Андрей Канчельскис («Навбаҳор» бош мураббийи): - Тўғри, жамоа таркиби мен келишимдан аввал йиғилган, шунга қарамай, биргаликда ўйинни шакллантириш, ҳар бир учрашувда фақат ғалабани кўзлашга ҳаракат қиламиз. Асосий муаммолардан бири - «Навбаҳор» асосан ўз майдонида ғалаба қозониб, сафар учрашувларида барқарорликка эришолмагани. Албатта, ушбу масалада ҳам иш олиб бориб, вазиятни ўнглашга интиламиз. Бу ерга келишдан олдин Ўзбекистон Суперлигаси баҳсларини томоша қилдим, «Навбаҳор», «Пахтакор» ҳамда «Локомотив» сингари клублар ўйинларини кузатиб, улар билан озми-кўп танишдим. «Навбаҳор» мураббийлар штабидан аввал мен билан бирга ишлаган айрим мутахассислар жой олишади ва машғулотлар жараёнида яқиндан ёрдамлашишади. Жамоа улкан мақсадлар сари интилмоқда, зиммамизга совринли ўринлар учун курашиш вазифаси юклатилган. Шундай экан, ишончни оқлаш йўлида астойдил меҳнат қиламиз.

Бош мураббий лавозимига номзодлар орасида маҳаллий мутахассислар ҳам бормиди? Алишер Узоқовнинг таклиф этишдан мақсад нима? Матбуот анжумани пайти журналистлар томонидан йўлланган шу каби саволларга ҳам атрофлича жавоб берилди.

Шамшод Сариков (Наманган вилояти футбол ассоциацияси вице-президенти): - Илҳом Мўминжонов истеъфога чиқарилганидан кейин кўплаб маҳаллий мураббийлар билан ҳам музокарага киришдик. Аммо Наманганда фаолият юритиш Андрей Канчельскисга насиб қилган экан, мана, у бугун клуб билан шартнома тузди. Ишончим комилки, бу тўғри танлов ва ушбу мутахассис билан «Навбаҳор» катта ғалабаларга эришади. Алишер Узоқовнинг пиар-директор сифатида тайинланишига келсак, бу йигит футболга асло бефарқ эмас. Алишернинг ўзи ташаббус билан чиққанида, у билан ҳамкорлик қилишга қизиқиб қолдик. Сўнгги пайтларда мухлислар томонидан «Навбаҳор» иштирокидаги ўйинларнинг жонли эфирдаги шарҳи кўнгилдагидек эмаслиги юзасидан кўп эътирозлар янграётганди. Режага кўра, келгусида жамоамизнинг уй учрашувларини айнан Алишер Узоқов шарҳлаши кўзда тутилган.

Мавриди келганда, бугунги кунда «Навбаҳор» билан боғлиқ бўлган долзарб масалалардан бири ҳам тилга олинди, яъни сифатли чим масаласи. Бош мураббий лавозимига хорижлик мутахассис тайинландими, демак футболчилар тўп сурадиган майдон шунга яраша жаҳон андозаларига мос равишда таъмирланиши мақсадга мувофиқ. Наманган вилояти футбол ассоциацияси вице-президенти ушбу мавзу бўйича берилган саволга қуйидагича жавоб қайтарди:

- Тўғри, Намангандаги «Марказий» стадиони чими Суперлига мураббийлари томонидан кўп танқид қилинди. Айниқса, «Пахтакор» устози Шота Арвеладзе қўл остидаги жамоанинг ушбу майдонда ғалаба қозонолмаётганини айнан сифатсиз чим билан боғлади. У бир ярим ой ичида бу гапни икки марта  такрорлади. Ваҳоланки, грузиялик мутахассис футбол кишиси сифатида бундай қисқа муддатда чимни идеал ҳолатга келтириш имконсиз эканлигини тушуниши лозим эди. Ҳозир ушбу масалани ижобий ҳал қилиш учун бир нечта компаниялар билан музокара олиб боряпмиз. Жумладан, тез орада «Насаф» стадионидаги чимни ўрнатган мутахассислар вилоятимизга келиб, вазиятни ўрганишади. Келгуси йилнинг июнь ойигача энг сифатли чим айнан Намангандаги стадионда бўлишига эришмоқчимиз. Яъни Россия-да ўтган жаҳон чемпионатида ишлатилган «гибрид» чим ётқизилади. Шу ўринда қўшимча қилмоқчиманки, вилоят ҳокимининг топшириғи билан Косонсойдаги стадионни ҳам қайта реконструкция қилишни режалаштиряпмиз. Яқин орада бу борада ишлар бошланади.

Андрей Канчельскиснинг «Навбаҳор»да иш бошлаши аввало, маҳаллий мухлислар томонидан илиқ қарши олинди. Юқорида таъкидлаганимиздек, бош мураббийни таништириш маросимида кўплаб ашаддий ишқибозлар қатнашиб, жараённи жонли равишда кузатиб боришди. Уларнинг россиялик мутахассисдан умидлари катта. Буни «Навбаҳор» мухлислари етакчиси ҳам тасдиқлади.

Фарҳод Умаралиев («Нав-баҳор» клубининг мухлислар билан ишлаш бўлими раҳбари): - Албатта, юқори ўринларни эгаллашни мақсад қилган клубда европалик мухлислар ёқимтойига айланган шахс, ўзига яраша обрўга эга мутахассис ишлаши мақсадга мувофиқ эди. Андрей Канчельскиснинг «Навбаҳор»да фао-лият бошлаши жамоамизнинг фидойи мухлислари учун ажойиб янгиликдир. Насиб қилса, футболчиларимиз янги мураббий бошчилигида ғалабаларга эришишади. Биз эса, ҳар доимгидек, уларни муносиб тарзда қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Йил бошида Наманган вилояти ҳокими бошчилигида амалга оширилган ўзгаришлар натижасида «Навбаҳор» клуби сезиларли ўсишга юз тутди. Энди ўша ўзгаришларнинг узвий давоми сифатида қабул қилинган нав-батдаги янгилик жамоани Осиё майдонлари сари етаклашига чин дилдан ишонгимиз келади. Андрей Канчельскис Англия футболи ҳавосидан баҳра олган мутахассис, энди ўз тажрибасини янги шогирдлари билан баҳам кўради. Унинг уринишлари қанчалик самара келтиришини вақт кўрсатади, албатта. Биз эса россиялик мутахассисга бу борада омад тилаб, «Навбаҳор» иштирокидаги ўйинларни кузатишда давом этамиз.

 

МАЪЛУМОТ УЧУН

 

Тўлиқ исм-шарифи: Андрей Антанасович Канчельскис

Туғилган санаси: 1969 йил 23 январь (49 ёш)

Туғилган манзили: Кировоград (Украина)

Бўйи:181 см.

Футболчилик даври ярим ҳимоя чизиғида тўп сурган: «Звезда» (Кирово-град) - 68та ўйин, 5та гол; «Динамо» (Киев) - 22та ўйин, 1та гол; «Шахтёр» (Донецк) - 21та ўйин, 3та гол; «Манчестер Юнайтед» (Манчестер) - 123та ўйин, 47та гол; «Эвертон» (Ливерпуль) - 52та ўйин, 20та гол; «Фиорентина» (Флоренция) - 26та ўйин, 2та гол; «Глазго Рейнжерс» (Глазго) - 76та ўйин, 13та гол; «Манчестер Сити» (Манчестер) - 10та ўйин; «Саутгемптон» (Саутгемптон) - 1та ўйин; «Ал-Ҳилол» (Ар-Риёд) - 3та ўйин; «Сатурн» (Раменское) - 32та ўйин, 3та гол; «Крилья Советов» (Самара) - 22та ўйин, 1та гол

Собиқ иттифоқ термаси либосида 17та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 3 марта ишғол қилган. Россия миллий жамоасидаги статистикаси: 36та ўйин, 4та гол

Канчельскис «Навбаҳор»да иш бошлагунига қадар Россиянинг «Торпедо-ЗИЛ», «Уфа», «Волга» (Нижний Новгород), «Солярис» ва Латвиянинг «Юрмала» клубларида мураббийлик қилган.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz