Қайднома

Қидирув

«Ювентус» осмонига сиғмаётган юлдуз Пауло Дибаланинг "ўрни" ҳақида...

«Ювентус» осмонига сиғмаётган юлдуз Пауло Дибаланинг "ўрни" ҳақида...

  10.10.2018 05:50
  0
  371
«Ювентус» осмонига сиғмаётган юлдуз Пауло Дибаланинг

Турин суперклубининг аргентиналик юлдузи муаммолар гирдобида. У жорий мавсум атиги 3та учрашувда бошланғич таркиб билан майдонга тушди, 280 дақиқа ичида бирорта гол уролмади. Ваҳоланки, ўтган мавсумнинг 5та баҳсида 8 марта ўз номини таблога ёздириб қўйганди. Хўш, пасайишнинг асосий сабаби нимада?

Кўпчилик жамоа янги мавсумда 4-3-3 схемасида ўйнаётгани ҳужумчига мос тушмаганини тахмин қилмоқда. Бироқ Массимилиано Аллегри ўтган ҳафта услубни ўзгартириб, 2 кун 4-2-3-1 модули асосида машғулот ўтказди. Сўнгги паллада эса уни 4-3-1-2 кўринишига ўзгартирди. Уч йил аввал унут бўлган бу схемада Паулога ягона треквартист роли топширилди. Яъни, мураббий унга Платини, Баджо, Зидан ва Дель Пьеролар позициясини ажратганди.

Қисқаси, Паулитодан голлар ва самарали узатмаларни кутишганди - ўтган йили у айнан «Сассуоло»га қарши баҳсда «хет-трик» қайд этганди. Аммо бу сафар ҳужумчи ўша сермаҳсулликни кўрсата олмади. Пьянич йўқлигида у олдинги чизиқда дирижёрлик қилишга уринган бўлсада, ўйини қовушмади.

Боз устига, бу услуб жамоа қанотларини заифлаштириб қўйди. Ягона йўл - 4-2-3-1 схемасига қайтиш. Аммо бу чора Дибаланинг юксалишига кафолат бермайди. Қолаверса, Аллегри ўз режасидан воз кечмоқчи эмас - ярим ҳимоячилар триоси ёрдамида у Мадридга етиб боришни мўлжалламоқда. «Валенсия»га қарши баҳс арафасида журналистлар ўртасида қизғин тортишув бўлди: Аллегри Дибалани қанотга қайтарадими, йўқми? Чунки энди таркибда Роналду бор, унга тўлиқ эркинлик берилган. Португалиялик юлдуз тез-тез позициясини ўзгартириб, ҳужум чизиғида айланиб юради. Унга яқиндан кўмаклашиш учун эса Манжукич бор. Иккинчи ёрдамчи - Федерико Бернардески. Италия футболининг энг маҳоратли вакили ўтган мавсумни асосан захирада ўтказди. Ёзда уни ҳимоя марказига мослаштиришга уринишди. Бу ғоя ҳозир ҳам мавжуд.

ЕЧЛнинг илк беллашувида Бернардески одатий қанот ҳужумчиси позициясига тушди. Агар Пьянич фантастик ўйин кўрсатмаганида, учрашувнинг энг яхши ўйинчиси унвони италиялик ҳужумчига насиб этарди. Тинимсиз тўп сурган Федерико 5 марта дриблинг намойиш этди, 2та голли вазиятни яратди, Роналду четлатилганидан ке­йин эса ўрта чизиқни мустаҳкамлади. Эртасига уни афсонавий Каузио, Конти, Лентини ва Донадонига қиёслашди.

Лекин бу юксак эътирофлар Бернардески Дибаладан зўрроқ эканини англатмайди. Айримлар ўртасидаги «Пауломи ёки Федерико?» қабилидаги баҳслар беҳуда. Ҳа, бир қарашда улар бир ўрин учун курашаётгандек. Аммо асосий сабабчи - Криштиану Роналду. Унинг Туринга ташрифи Дибалага бўлган эҳтиёжни тамоман сўндирди ва жамоадаги мувозанат барбод бўлди. Афсуски, буни кўпчилик мухлислар тушунмайдилар. Шу боис, «Дибала-Бернардески» мавзуси давом этмоқда.

Айнан шундай муаммога Чезаре Мальдини ЖЧ-98да дуч келганди - Баджо ва Дель Пьеродан қай бирига ишонч билдиришни билолмай хуноби ошганди. Оқибатда ёнма-ён тўп суриш бу икки афсонага насиб этмади. Мураббий ўнг қанотга услуби Бернардескини эслатадиган Чиччо Моррьерони туширганди.

Афтидан, Аллегри схемадан воз кечиш ниятида эмас. Мавсум стартидаги муваффақият эса уни мутасаддилар аралашувидан ҳимоя қилмоқда. Боз устига, мураббийнинг ўзига хос табиатини ҳам эътибордан қочирмаслик керак - 3 йил аввал у Дибалани захирада қолдиргани учун етарлича танқидга учраганини унутмагани аниқ. Тўғри, у даврда вазият ўзгача, «Юве» стартни барбод қилганди. Ҳозир эса мураббийнинг «пичоғи» кесиб турибди, айниқса, «Месталья»даги беллашувдан кейин. Бироқ молиявий жиҳатлар аргентиналик ҳужумчи италиялик касбдошидан устунроқ эканини кўрсатмоқда. 2015 йилда «Юве» Дибала учун «Палермо»га 32 млн. евро ва 8 млн. бонус тўлаганди. Бернардески учун эса 40 млн.дан воз кечди. Уларнинг иккиси ҳам 24 ёшда, гўё ҳар жиҳатдан тенглик бордек. Аммо жамоатчилик ўртасидаги нуфузлари бир хил эмас. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун «Альянц Стэдиум»да ўтирган Дибала либосидаги мухлисларга нигоҳ ташлаш кифоя.

Паулонинг яхши спорт формасида эмаслиги мухлислар меҳрини пасайтира олмади. Очиқ машғулотларда у доимо диққат марказида, дастхат олиш ва биргаликда суратга тушиш орзусида юрганларнинг сон-саноғи йўқ. Футболкалар савдосида ҳам у етакчи. Фақат Роналдудан ке­йинги ўринда. Ана шу машҳурлик туфайли матбуот вакиллари ҳам Дибала томонида, туринлик журналистлар уни танқид қилишни истамайдилар. Вазиятга холис баҳо бериш учун бошқа шаҳар нашрларига мурожаат қилдик. Марҳамат, уларнинг ўтган мавсум Дибалага берган баҳолари билан танишинг: Tuttosport (таҳририяти Туринда) - 6,56; La Gazzetta dello Sport - 6,42; Corriere dello sport - 6,24.

Бундай муносабатнинг сири нимада? Кимлардир «Юве»нинг янги мавқеидан, бутун Европа эътиборида турганидан шод. Бошқалар яқин ўтмишдаги «7-ўрин»лар омадсизлиги кайфиятидан фориғ бўлишга улгуришмаган. Улар юлдуз жамоага эмас, юлдузлар жамоасига мухлислик қилиш ниятидалар. «Олтин тўп»нинг бўлажак соҳиби битта, Италия эса янги Бернардескиларни кашф этаверади!» - Дибаланинг «Юве»да қолиши тарафдорларининг шиорлари шу.

Албатта, ҳужумчи савиясининг пасайиб кетишида футболга алоқадор бўлмаган объектив сабаблар ҳам йўқ эмас. Жумладан, ўтган йилнинг кузида у маъшуқаси Антонелла Кавальери билан алоқани узди, ўтмиш хотираларидан тезроқ халос бўлиш учун Туринда бошқа уйга кўчиб ўтди. Ҳозирда у машҳур теннис юлдузи Габриэла Сабатинининг жияни - Ориана Сабатини билан учрашиб юрибди. 22 ёшли янги келин ўз юртида модель, қўшиқчи ва актриса сифатида шуҳрат қозонган. Сўнгги таътилнинг асосий қисмини жуфтлик Аргентинада ўтказди.

Шунингдек, Пауло ўз агентини ҳам алмаштирди - узоқ йиллар давомида у билан ҳамкорлик қилган Пьерпаоло Триульци ўрнини Паулонинг акаси Мариано эгаллади. Собиқ агент билан орани очиқ қилиш силлиқ кечмади - аввалги ҳафтада Лозанна шаҳрида навбатдаги суд мажлисида футболчи билан агент ўртасидаги келишмовчиликлар кўриб чиқилди. Италия билан Швейцария ўртасида бўзчининг мокисидек тинимсиз ҳаракатланиш, айниқса, мавсум стартида ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.

Агентнинг алмашиши ҳомийнинг ўзгаришига олиб келди. Ўз вақтида Триульци Мальтанинг қандайдир шубҳали компанияси билан ҳамкорлик қилган, унинг кўмагида Nike билан шартнома имзолаганди. Кейинчалик унинг ўрнини Puma эгаллади. Айни пайт Дибала Adidas билан манфаатли келишувга эришганди. Ҳужумчининг адвокати Триульци имзолаган келишув қонунга зид эканлиги, у даврда собиқ агент ўз лавозимидан четлатилганини таъкидламоқда. Хуллас, шу каби можаролар Паулога хотиржам тўп суриш имконини бермаяпти. Бироқ юлдуз мақомидаги футболчи доимо юксак савияда бўлиши шарт. Акс ҳолда, жамоани ўзгартиришига тўғри келади.

Агар «Юве» Дибалани пуллашга қарор қилса, ҳозир айни пайти. Биринчидан, ҳужумчининг баҳоси 100 млн.дан ортиқ.

Иккинчидан, иш ҳақи ведомостида сезиларли тежамкорлик юзага келади - Пауло йилига 7 млн. маош олади.

Учинчидан, жамоа имиджига путур етмайди. Чунки ҳозир «Синьора»да СR7 даври бошланди. Энди у «Реал» ёки «Барса»га элтадиган оралиқ бекат эмас, балки юлдузларни ўзига чорлайдиган нурли чўққи. Бундай мартабага эришиш учун Аньелли билан Маротта 7 йил тер тўкдилар.

Дибалага харидорлар борми? Асосий даъвогар сифатида «Атлетико» тилга олинмоқда. Боиси, ҳужумчи Симеоне билан яхши муносабатда. «МЮ» ҳам Паулога бефарқ эмас. Испан грандлари шунчаки инерция туфайли рўйхатдан жой олишган.

Маурицио Зампарини Дибала Туринни тез орада тарк этишини тахмин қилмоқда: «Ҳар доим уни захирада кўрганимда чидай олмайман. Икки йил аввал Паулога Испанияга кетишни маслаҳат бергандим. Ўша ерда у ҳақиқий футболни намойиш этиши мумкин. «Юве» эса 100-120 млн. пул ишлаш ниятида. Қолаверса, унинг таркибида чемпионлар кўп. Ҳаммага ўйнаш имконини бериш осон эмас. Лекин шундай маҳорат соҳибини майдон четида кўриш барибир ачинарли».

Ички мусобақаларда рақобатдан фориғ бўлган «Юве» эса тактик экспериментларга зўр бермоқда. «Фрозиноне»га қарши баҳсда Аллегри Дибалага имконият берди. Пауло сусткашликка йўл қўймади, лекин ёрқин ўйинни ҳам кўрсатмади. Танаффусдан кейин майдонга тушган Бернардески эса юксак савияни намойиш этди. Хедиранинг жароҳати мураббийни яна икки марказий ярим ҳимоячи услубига қайтариши мумкин. Шунда Роналдуга ҳам, Дибалага ҳам иш топилади. Клуб тарихидан келиб чиқадиган бўлсак, буюк футболчилар доимо 2-ўринда бўлишган. Улар бирин-кетин Туринни тарк этганлар, жамоа эса юксалаверган. Қани кўрайлик-чи, аргентиналик юлдузга Турин осмонидан жой топилармикан ёки чемпион ундан воз кечармикан?

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz