Қайднома

Қидирув

Футболимиз кўчалари ойдинми?

Футболимиз кўчалари ойдинми?

  11.10.2018 00:28
  0
  686
Футболимиз кўчалари ойдинми?

Бундан 5-6 йил муқаддам ёзилган мулоҳазалардан бирини «Майдонда қандай бўлса, мақолада ҳам шундай», деб номлагандик. Миянгизда чарх ураётган фикрлар ҳар доим ҳам қоғозга ўйлаганингиздек тушавермайди. Ана, «Севилья» ва «Атлетико»га қарши кечган учрашувларда роса қийналган «Реал» энди «Алавес»ни аяб ўтирмаслиги тахмин қилинганди. Йўқ, кўпчиликнинг ўйлагани эмас, балки майдоннинг айтгани бўлди ва сўнгги дақиқада омад «Реал»дан юз ўгирди. «Бавария»да ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. Етакчи клубларнинг мағлубияти бизга бўладиган телефон қўнғироқларига ҳам кескин салбий таъсир ўтказди. Сезилдики,  ҳисоблардан асаблар таранг, бошлар гаранг. Тўғри, «МЮ» - «Нюькасл» учрашувидан сўнг «қизил иблислар»нинг садоқатли мухлиси Дониёрбек ҳам қўнғироқ қилди. Лекин жавоб беришни лозим топмадик. Чунки у Жозе Моуриньо масаласида фикримизни сўрарди, албатта,. Очиғи, кескин қарорлари билан ҳурматимизга сазовор «Беназир»ни танқид қилсакда, уни «МЮ»да узоқроқ ишлаши тарафдоримиз. «МЮ» ғалабаларини соғинган Дониёрбек каби қатъиятли мухлиснинг бу мавзуга муносабати бизга номаълум эди. Хуллас, баҳс-мунозара келиб чиқишини олдини олиш мақсадида унинг қўнғироғини жавобсиз қолдирдик. Ишончимиз комилки, Дониёрбек узрхоҳлик маъносида ёзилган бу сатрларни ўқиб, бизни тўғри тушунади. Ахир майдон ва майдон ташқарисидаги зиддиятлар, курашлар ҳамиша бир-бирига уйғун...

Мазкур хулоса ушбу мулоҳазалар қоғозга тушишидан аввал яна бир бора ўз исботини топди. Таҳририят дизайнер оператори вақт тиғизлигини айтиб, ҳар қанча қистамасин, мақолани тугатишга шошилмадик. Шунда беихтиёр улуғ шоиримиз Ғафур Ғу-ломнинг «Шер ғафурона ёзилиши учун кайфиятим зўр бўлиши керак!» деган сўзлари ёдимизга тушди ва телевизор «қулоғи»ни «Зўр ТВ» каналига бурадик. Қойил! «Хушвақт» кўрсатуви берилаётган экан. Дастур меҳмони - ўзбек санъатининг тирик афсонаси Муҳаббат Шамаева! Уммон ортида яшаётган хонанда «Ўзбекистондай юрт бу дунёда йўқ!» дея қайта-қайта таъкидлади. Унинг сўзлари барчани таъсирландирди. Кўрсатув бошловчиси ҳаттоки, йиғлаб юборишдан ўзини аранг тийди. Ҳаммаси самимий ва ажойиб! Кўрсатув якунида атоқли хонанда ўзининг машҳур «Кўчалар» қўшиғини куйлади. Биз эса «Эврика!» дея пичирладик қўлимизда ручка тутганча...

Ҳа, шундай! Қўшиқ таъсирида хаёлан ўзбек футболи кўчаларида кездик. Қўшиқдаги бир мисрани «Раҳмингиз келмасми мухлис ҳолига...», дея ўзимизча ўзгартирдик. Майдонда қандай бўлса, мақолада ҳам шундай. Мулоҳазада ҳам бирдан ҳаммаси ўзгариб кетиши ҳеч гап эмас. Рафаэль Бенитесга 0:2 ҳисобида ютқазаётган Жозе Моуриньо баҳснинг 19-дақиқасида биринчи шоҳ юришини амалга оширди. Яъни Хуан Матани захирадан майдонга туширди. Испан ярим ҳимоячиси ўйинга қўшилгач, орадан 3 дақиқа ўтиб, Маркус Рашфорд энг қулай вазиятни кўкка совурди. «Наверно он не виновать», деди Жозенинг ўша вазиятдаги ҳаракатини изоҳлаган рус ҳамкасбимиз. «Беназир»нинг иккинчи шоҳ юриши - Маруан Феллайни «МЮ» ўйинидаги шиддатни янада кучайтирди. Унинг якуний шоҳ юриши 67-дақиқага тўғри келди ва ғалаба тўпини «Ньюкасл» дарвозасига Алексис Санчес йўллади. Назаримизда, мураббийнинг мардлик ҳақидаги сўзлари бошқа футболчиларга нисбатан «қулоқсиз ва ўзбошимча» Поль Погбани кўпроқ жунбушга келтирган кўринади. Балки шунинг учун иккинчи гол французлар тандеми ҳисобига ёзилди. Қаранг, Жозе ўша-ўша, аммо майдонда ўйин ўзгарди, «МЮ» ўзини, қандай жамоа эканлигини эслади. Ғалабани таъминловчи бундай ўзгариш қандай ёқимли?! Моуриньо, «МЮ» ва клуб мухлислари учун бу ўзгариш жуда зарур эди. «Қизил иблислар»нинг келгуси баҳсларда мухлислар қаршисида юзлари қизармаслиги учун «Беназир» ўзгаришлар оловини ловиллата оладими-йўқ - буни вақт кўрсатади. Ҳар ҳолда, чўрткесар Моунинг ҳам кулдириши, ҳам куйдиришига ҳамма аллақачон ўрганиб қолди.

Жозе Моуриньонинг бахти - евроаренада фаолият юритаётгани. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, натижалардан қатъий назар, уни қадрлашади. Фаолияти давомида португалияликка ўхшашни истаган, унинг каби кескин қарорларни футболимизга татбиқ қилишни кўзлаган Вадим Абрамов эса афсуски, бугун ўз сўзини айтолмаяпти. Ўзгаришларнинг кутилмаган шамоли унинг тақдирини издан чиқариб юборди. Демоқчимизки, майдондаги ўзгаришлар ҳисобларга таъсир кўрсатади, унинг ташқарисидаги қарорлар эса тақдирларга. Ана, майдон четидаги гап-сўзлар сабаб, «Навбаҳор»да бош мураббий ўзгарди. Жамоа-нинг аксарият мухлислари ойдин билган кўча аслида у қадар равшан эмаслиги ўзгаришларда ўз тасдиғини топди. Гарчи кўнгилдагидек натижалар қайд этилаётган бўлсада, «лочинлар»нинг парвози кўзни қувонтирадиган даражада мафтункор эмаслиги, яъни жамоа ўйин савияси бўйича ўртамиёна эканлиги хусусида бир неча бор ёзгандик. Охир-оқибат, зўрма-зўраки ҳаракатларнинг миси чиқди. Илҳом Мўминжоновнинг мураббийлик потенциали «Навбаҳор»ни чемпонлик сари етаклашга етмаслигини ниҳоят, мутасаддилар ҳам тан олишди. Жамоа ўз олдига «Металлург» каби мақсад қўйганида, эҳтимол, мавсум қизиғида бу каби ўзгаришга эҳтиёж сезилмасди. Бироқ «лочинлар» турнир жадвалининг энг юқори қисмига қадар парвоз қилишни режалаштиришган. Ўйин сифати режага мувофиқ келмаса, бундай мақсаддан нима фойда?! Хўш, Андрей Канчель-скис худди Маурицио Сарри «Челси»ни ўзгартиргани каби жиддий юксалишни таъминлашга қодирми?! Бинобарин, Ҳабиб Нурмагомедов мисолида кўрдикки, ҳар қанча адолатли бўлмасин, исталган вазиятдаги ўзгариш яхшиликка олиб келмайди. Ҳар бир ишда ёки ўзгаришда мантиқ ва меъёрни унутмаслик мақсадга мувофиқ. Йўқ, Канчельскиснинг «Навбаҳор»да иш бошлагани узоқ стратегия дебочасига айланишидан умидвормиз. Майли, россиялик мутахассисда калондимоғ Коннорни окпагонга қориштирган Ҳабиб каби қатъият ва ғолибона руҳ уфуриб турсин. Фақат у ҳам муддатидан аввал шарт-номасини бузмаса бўлгани. Биз «Навбаҳор»да шундай ёруғ келажакни истаймиз.

Чемпионат форматини ўзгаришга оид режалар хусусида ҳам шундай мазмунда мулоҳаза билдириш мумкин. Футболимиз муҳити чемпионат форматини ўзгартиришга тайёрми? Умуман олганда, футболимиз кўчалари ойдинми?! Муҳтарам мухлис! Юқоридаги саволларга келгуси мақолаларимизда жавоб излашга ҳаракат қиламиз. Сиздан эса мулоҳазалар кутамиз...

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz