Қайднома

Қидирув

Игорь Акинфеев: «Эски клубдошларимни соғинаман»

Игорь Акинфеев: «Эски клубдошларимни соғинаман»

  11.10.2018 01:30
  0
  625
Игорь Акинфеев: «Эски клубдошларимни соғинаман»

Игорь Акинфеев 1 октябрь куни Россия миллий жамоасидаги фаолиятини якунлаганини маълум қилди. У 1986 йилнинг 8 апрелида Москва вилоятидаги Видное шаҳарчасида туғилган. Россия термасида 2004 йилдан 2018 йилга қадар тўп сурди. Фаолиятини бошлаганидан буён Москванинг ЦСКА клуби шарафини ҳимоя қилди. «Армиячилар» билан олти марта Россия чемпиони бўлди. 6 карра мамлакат кубоги соҳиби, етти марта Россия Суперкубогини қўлга киритган, УЕФА кубогида зафар қучган. Шунингдек, Евро-2008да бронза медалларига эга бўлган. IFFHS талқинига кўра, XXI асрнинг энг яхши дарвозабонлари орасида 15-ўринда туради.

- Ҳар бир тарихнинг боши ва якуни бўлади. Мана, менинг терма жамоа­даги тарихим ҳам ўз ниҳоясига етди, - дейди Акинфеев. - Мен учун миллий жамоамизни Россиядаги жаҳон чемпионатида сардор сифатида майдонга олиб тушиш шараф бўлди. Тўғрисини айтсам, бу ҳақда орзу ҳам қилмагандим. Тўғри, биз мундиалда совринли ўринларни эгаллай олмадик. Лекин йигитлар қўлларидан келганича ҳаракат қилишди. Чорак финалга чиқиш бу жамоа учун муваффақият десак ҳам бўлади. Терма жамоада 15 йил фаолият олиб бориш катта вақт. Йилдан-йилга икки фронтда ўйнаш қийин бўлиб бораверади. Ниҳоят, ўрнимни ёш ҳамкасбларимга бўшатиш вақти етди. Эндиликда бор эътиборимни жонажон клубимга қаратаман. Хотиржам кетяпман. Чунки Россияда келажаги порлоқ йигитлар катта саҳнага чиқишди. Ўтган жаҳон чемпионатида улар ўзларининг етакчилик қобилиятларини ҳам намойиш қилишга улгуришди. Биз ёш футболчиларга ишониш билан бирга, уларга ёрдам беришимиз керак. Бу авлод биздан омадлироқ чиқишини истардим. Биз бундан фақат хурсанд бўламиз. Терма жамоадаги барча мураббийларим, жамоадошларимга ташаккур айтмоқчиман. Улар билан елкама-елка мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилдик. Албатта, кўп миллионлик мухлисларга ҳам раҳмат. Россия, олға!

— Энди клуб ҳақида гаплашсак, Верн­блумнинг кетиши катта йўқотишми?

— Ҳаёт давом этади. Агар ортга назар ташласак, Понтус кеча келгандек туюлади. Аслида эса олти йил ўтиб кетди. Европаликлар Россияда кўп яшаб, ишлашга қийналсалар керак. Зоран Тошич ҳам ЦСКАда олти ярим йил ўйнаганди.

- Уларни соғиняпсизми?

— Эски суратлар, видеоларни кўрсам, баъзида оғир ботади. Жамоанинг аввалги таркиби билан қандай натижаларга эришганимизни эслайман. Тўғри, йиғламайман, лекин уларни соғинаман.

— ЦСКАни футболчилар тарк этишади. Шунга қарамай, жамоа ҳамиша юқори ўринлар учун курашаверади. Буни қандай уддалайсизлар?

— Биринчи навбатда, бу бош мураббийнинг меҳнатлари. Олдинлари Леонид Викторович (Слуцкий) тўғри сўзларни топарди. Энди эса Виктор Михайлович (Гончаренко) худди шундай йўл тутяпти.

— Александр Филимонов 44 ёшигача ўйнади. Шундай ёшда дарвозада турганингизни тасаввур қила оласизми?

— Агар икки марта оғир жароҳат олмаганимда, балким. Йилдан-йилга қийин бўлиб боряпти. Бир марталик ҳордиқ тикланиш учун етарли бўлмаяпти. Бу ёшим ўтаётганидан эмас, балки оёқни асраш заруратидан.

— Футболдан ҳамон роҳатланаяпсизми?

— Менимча, ҳа. Албатта, баъзи пайтларда мағлубиятга учраганингизда ҳаммасидан кечиб юборгингиз келади.

— Машғулотларга эрталабда бориш жонга тегса керак?

— Йўқ. Ҳамиша яхши кайфиятда бораман. Уч соат олдин ўша ерда бўламан ва тренажёр залида тайёргарлик кўраман. Мен учун бу жуда муҳим.

— Демак, эски жароҳатлар ўз сўзини айтаётган экан-да?

— Бу билан ногирон бўлиб қолдим, демоқчи эмасман. Лекин оғир жароҳатлар барибир ўз сўзини айтади. Қаердадир белингиз оғриб қолади. Бир сафар об-ҳаво таъсир қилади. Бу футбол.

— Ўғлингиз ҳам футболчи бўладими?

— У билан тўп ўйнаймиз. Лекин ҳозирданоқ бир нарса деб бўлмайди. Ахир эндигина тўрт ёшга тўлди. Энг муҳими, яхши инсон бўлсин. Қайси касбни танлаши эса ўзига боғлиқ.

— Уни футболда кўришни истармидингиз?

— Олдин «ҳа» ёки «йўқ» деб жавоб берардим. Ҳозир эса нима дейишга ҳам ҳайронман.

— Ўғлингизга сизнинг фаолиятингиз ва тақдирингизни такрорлашни раво кўрармидингиз?

— Унга хотиржам ҳаёт тилайман. Футболчилик жуда қийин касб. Ҳар ким ҳам унинг нонини ейишга қодир эмас.

Ж.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz