Қайднома

Қидирув

Зоҳир Пиримов: «Финалга ташқи омиллар таъсир ўтказмайди»

Зоҳир Пиримов: «Финалга ташқи омиллар таъсир ўтказмайди»

  11.10.2018 09:14
  0
  673
Зоҳир Пиримов: «Финалга ташқи омиллар таъсир ўтказмайди»

АГМК ўз тарихида илк бор Ўзбекистон кубоги финалида майдонга тушади. Бахтиёр Ашурматов шогирдлари ягона ўйиндан иборат ярим финал баҳсида «Бунёдкор» меҳмони бўлиб, тарихий ғалабага эришдилар. Энди олмалиқлик футболчилар бош соврин учун кечадиган баҳсда ушбу кубокни энг кўп қўлга киритган клуб - «Пахтакор»га қарши майдонда саф тортишади. Учрашувга бўлган қизиқиш жуда ҳам юқори. Ғолиб жамоа Ўзбекистон кубогини қўлга киритиш баробарида ОЧЛ-2019 чиптасига ҳам эга чиқади. Биз АГМК жамоасининг тажрибали ва шу билан бирга садоқатли футболчиларидан бири Зоҳир Пиримовни суҳбатга тортдик.

- Зоҳир, Ўзбекистон кубоги ярим финалидаги ғалабага қандай таъриф берган бўлардингиз?

- Ушбу ўйиннинг аҳамияти биз учун жуда юқори эди. Биринчидан, финалга бир қадам қолганди. Иккинчидан, кубокни қўлга киритиш орқали ОЧЛ йўлланмасига эга чиқишни мақсад қилгандик. Бунинг учун эса «Бунёдкор» тўсиғидан ўтишимиз шарт эди. Шуларни инобатга олган ҳолда, майдонда боримизни бериб ўйнадик ва гувоҳи бўлганингиздек, мақсадимизга эришдик.

- Ғалабанинг асосий омили нимада акс этди?

- Учрашувга жиддий ёндашув, тартибли ўйин, мураббий кўрсатмасини тўғри ва тўлиқ бажариш ҳамда кучли иштиёқ, деб ўйлайман.

- Жамоа ўз тарихида илк маротаба финалда уйнайди. Шунинг ўзи катта ютуқми ёки АГМК финалга етиб келгани тасодиф эмаслигини исботлашга ҳаракат қиладими?

- Тўғри, АГМК илк бор финалда ўйнайди ва бу жуда яхши натижа. Лекин ҳаммаси майдонда ҳал бўлади. Финал битта ўйиндан иборат бўлгани учун унда ҳар қандай натижа қайд этилиши мумкин. Мана, «Бунёдкор»дан ўтишимизни кўпчилик кутмаганди-ку! Боз устига, кучли рақиб майдонида финал чиптасини қўлга киритдик. Шундай экан, финал ўз номига муносиб бўлишига ишонаман. Қолаверса, ҳар доим ҳам бундай имконият туғилавермайди. Демак, ундан максимал даражада фойдаланиб қолиш керак.

- Бахтиёр Ашурматов жамоа ўйинига қанчалик таъсир ўтказа олди?

- У жамоага келганидан кейин катта ўзгаришларни амалга оширди, деб ўйлайман. Жамоадошларим ҳам худди шу фикрдалар. Анча тартибли ўйин намойиш эта бошладик. Ҳужумкорлик сезиларли даражада ошди. Энг муҳими, мураббий футболчилардаги ўзига бўлган ишончни қайтарди. Буни жамоамизнинг кейинги натижалари ҳам кўрсатиб турибди.

- Финалдаги рақиб анча жиддий. Майдонга тушмай туриб мағлубиятни тан олиш яхши эмас, албатта. Ана шу ҳолатнинг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш керак, деб ўйлайсиз?

- Ҳақиқатан ҳам, финалдаги рақибимиз жуда кучли ва яхши шаклланган жамоа. Ортиқча таъриф бериш шарт бўлмаса керак. Албатта, ҳар бир футболчимиз майдонга ўз кучига ишониб чиқиши лозим. Бизда ҳам малакали ўйинчилар етарли. Уларнинг бой тажрибаси мана шундай ўйинларда бизга асқотади, деб ўйлайман. Ҳеч иккиланишсиз айтишим мумкинки, ҳар бир футболчимиз финал куни ютқазиш ниятида эмас.

- Бу ўйин натижасига ташқи омиллар таъсир ўтказиши мумкинми? Масалан, майдон, ҳакамлар...

- Менимча, йўқ! Чунки АГМК ҳам, «Пахтакор» ҳам битта майдонда, бир хил шароитда ўйнайди. Ташқи омиллар ўйинга таъсир ўтказмайди, деган умиддаман.

- Шахсан ўзингиз учун бу фаолиятингиздаги нечанчи финал бўлади?

- Ўсмир ва ёшлар терма жамоаларида ўйнаган кезларим финал учрашувларида майдонга тушганман. Клуб миқёсида эса бу менинг илк финалим бўлади.

- Маошлар вақтида бериляптими? АГМКнинг қарздорлиги йўқми?

- Молиявий томондан ҳеч қандай муаммо йўқ. Бу масалада ҳаммаси жойида.

- Футболчи ўз ўйинига баҳо бера олмайди. Шундай бўлсада, ўз ҳаракатларингиз ва жамоадаги ҳолатингиздан кўнглингиз тўляптими?

- Тўғри, ўз ўйинимга баҳо беролмайман. Бу ишни мураббийлар ва мухлислар ихтиёрига топшираман. Очиғини айтсам, бир ярим йиллик танаффусдан сўнг Олмалиққа қайтдим ва шундан сўнг ўзимни анча эркин ҳис қила бошладим. Чунки фаолиятимнинг асосий қисмини айнан шу клубда ўтказдим. Вақти келиб фаолиятимни АГМКда якунласам ҳам бундан ажабланмайман.

- Ўшанда Олмалиқни тарк этишингизга нима ёки ким сабаб бўлган эди?

- Биринчи галда жамоадаги ўзгаришлар таъсир кўрсатганди. Клубда бош мураббий алмашганидан кейин табиийки, таркибда ҳам ўзгаришларни амалга оширади. Бу ҳолатда мен ўзимни бошқа жамоада синаб кўришга қарор қилдим.

- Ҳозир ҳаммаси жойидами?

- Ҳа, нолимайман. Мен ўз уйимдаман.

- Суперлиганинг янгича форматда ўтаётгани сизга маъқул келяптими ёки аввалгиси яхшироқмиди?

- Ҳар кимнинг бу борада ўз қараши бор. Шахсан менга янги форматдаги чемпионат маъқул келяпти. Агар таққослайдиган бўлсак, ўйинлар анча қизиқарли ва шиддатли ўтмоқда. Чемпионат якунига яқинлашгани сари бу шиддат янада кескин тус олади. Чемпионлик ва совринли ўринлар учун кураш қизғин кечади. Ўз ўрнида, қуйи олтиликда ҳам Суперлигада «жон» сақлаб қолиш учун «жанг» бўлади. Шу жиҳатлари билан янгича кўринишдаги чемпионатимиз менга ёқяпти.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz