Қайднома

Қидирув

Яна ёшлар футболи муаммолари ҳақида гаплашамиз...

Яна ёшлар футболи муаммолари ҳақида гаплашамиз...

  12.10.2018 05:27
  0
  603
Яна ёшлар футболи муаммолари ҳақида гаплашамиз...

Газетамизнинг аввалги сешанба кунги сонида берилган «МТЖда кутилган ЖЧ иштирокчилари» мақоласида ёшлар ўртасидаги мундиалларда қатнашган футболчиларимизнинг миллий чемпионатимиз юқори лигасидаги умумий статистикасини баҳоли қудрат таҳлил қилгандик. Сир эмас, мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар спортига эътибор катта. Бу масала ҳукумат даражасида доимий равишда назорат қилиб борилади. Охирги йиллар давомида айнан шу йўналишни ривожлантириш бўйича давлат раҳбари томонидан қатор қарорлар имзолангани бу фикрга яққол далилдир...

Талабга мувофиқ шароит ва имкониятлар яратиб берилгани самараси ўлароқ, Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари Осиё ва жаҳон чемпионатларида бир неча марта муваффақиятли иштирок этди. Оддий айтганда, Ўзбекистон футболи ёшлар миқёсида халқаро майдонда ўз ўрни ва нуфузи борлигини исботлаб бўлди. Бироқ афсуски, сўнгги йилларда бу борадаги ишлар бироз ортга кетгандек. Зеро, 2017 йили ҳар икки ёш тоифаси (U-16 ва U-19)даги жамоамиз Осиё чемпионати саралаш босқичида омадсизликка юз тутди. Эсласангиз, вакилларимиз бундан бир йил олдин қитъа биринчилигида мақсадга эришолмагандилар. Яъни ЖЧ йўлланмаларидан қуруқ қолишганди. Бу гал эса жамоаларимиз ҳаттоки, қитъа даражасидаги турнирга ҳам чиқолмади. Кўриниб турибдики, натижа бобида сезиларли пасайиш кузатилмоқда. Табиийки, орқага кетишнинг ўзига хос сабаблари бор. Хуллас, бугунги таҳлилда ўсмирлар ва ёшлар футболига дахлдор муаммолар хусусида чиқарилган хулосаларни баён этмоқчимиз.

Сўнгги йилларда мамлакат терма жамоаларига футболчиларни саралаб олиш масаласида селекция ишлари керак бўлмай қолгандек. Негаки, терма жамоалар асосини пойтахт клублари вакиллари ташкил этишади. Тўғри, Александр Мочинов бошқарувида Осиё чемпионати саралашида иштирок этган ёшлар термаси таркибидан «Насаф» ва «Цементчи» футболчилари ҳам  жой олишганди. Аммо селекция ишлари тўлиқ якунига етказилмаган, барибир. Ҳар ҳолда, бу ёш тоифасидаги терма жамоага тўғри келувчи Остон Ўрунов («Нав-баҳор»), Авазбек Ўлмасалиев («Нефт-чи») каби футболчилар саралаш раундида шунчаки, сайёҳ вазифасини ўтаб қайтган Нодир Куйбаков, Афзал Холмуҳаммедов, Асадбек Собиржонов, Ҳасан Йўлдошев, Шоҳруҳбек Абдураҳмоновдан фойдалироқ эдилар. Тўғри, ўйинлар ортда қолди, энди кимнидир айблаш билан вазиятни яхши томонга ўзгартиришнинг имкони йўқ. Шундай бўлсада, навбатдаги қитъа мусобақаларида бу каби хатолар такрорланмаслиги учун ҳозирдан селекция ишларига, номзод футболчиларга эътиборни кучайтириш шарт.

Яқинда ЎФА қошидаги сунъий қопламали майдонда ташкил этилган турнир орқали янги тузиладиган ёшлар терма жамоасига футболчилар саралаб олиш бошлангани қувонарли, албатта. Бу каби турнирлар мунтазам ўтказиб турилса, энг муносиб ва иқтидорли футболчиларни танлаш анча осонлашади. Ам-мо футболчи савиясини ошириш учун бу каби турнирлар камлик қилади, албатта. Ҳар ҳолда, ёшларнинг майдонда фақат ўз тенгдошлари билан тўқнашишлари уларнинг умумий савиясини кескин кўтариб юбормайди. Тарихга назар ташласак, мамлакат терма жамоаларида мунтазам ўйнаган ва маълум бир натижаларга эришган аксарият футболчилар ўсмирлик чоғиёқ олий лига клублари сафида (ҳам асосий, ҳам ўринбосарлар таркибида) етарли амалиётга эга бўлишган. Мисол тариқасида шу йил футболчилик фаолиятига нуқта қўйган Темур Кападзе Ўзбекистон терма жамоасида 100тадан кўп ўйин ўтказган, олий лигада эса энг кўп чемпионликка эришган. У катта футболга илк қадамини 16 ёши (!)да «Нефтчи» ўринбосарлар жамоасида ташлаганди. Диққат қилинг, Темур клуби билан кетма-кет 5 марта ўринбосарлар мусобақасида ғолиб чиққан. 19 ёшида эса Фарғона клубининг асосий таркибидан жой ола бошлаган. Ҳозирда Суперлигада юқори савияда фаолият олиб бораётган Марат Бикмаев, Садриддин Абдуллаев, Ислом Тўхтахўжаев, Шерзод Каримов, Санжар Шоаҳмедов, Жалолиддин Машарипов, Отабек Шукуров ва яна неча-неча футболчилар ўсмирлик чоғиёқ мураббийлар эътиборига тушишган. Статистикага эътибор қаратсак, 2002 йилги мавсумда олий лига ўйинларида 20 ёш ёки ундан кичик 107 нафар футболчи майдонга тушган бўлса, 2017 йили бу кўрсаткич атиги 45 нафарни ташкил этди. Умуман, Ўзбекистон чемпионатининг сўнгги 16 мавсуми статистикаси шуни кўрсатмоқдаки, ПФЛ томонидан 2011 йили ўринбосарлар турнири ўрнига ташкил этилган Ёшлар лигаси 20 ёшгача бўлган футболчилар сафи кескин торайишига бош сабабдек кўринмоқда.

2011 йилгача амалда бўлган мусобақа регламентига кўра, ўринбосарлар биринчилигида ҳар бир клуб таркибида 19 ёш ёки ундан кичик 3 нафар футболчи майдонга тушиши шарт эди. Қолаверса, ўйин давомидаги алмаштиришлар чоғи бу меъёр сақлаб қолинарди. Эътибор беринг, олий лигада 16та жамоа иштирок этган бўлса, демак, ўринбосарлар турнирининг ҳар бир турида 48 нафар (16х3) ёш футболчи майдонга тушарди. Оддий ифода этсак, ёшлар тизимидаги терма жамоаларга номзод шунча ўйинчи амалиётга эга бўларди. Агар мураббийлар ёшларни асосан ўз тенгдошлари билан алмаштиришганини инобатга олсак, умумий кўрсаткич 96 нафарга етарди. Бу минимал кўрсаткич, яъни регламент талаби бўйича. 2004-2007 йиллар «Пахтакор»да ишлаганман, 2008 йилдан АГМК|«Олмалиқ»да фаолият юритяпман. Ўз тажрибамдан биламан, ҳар икки жамоа мураббийлари меъёрга қараб туришмасди, яъни 3 нафар ёш футболчини майдонга тушириш билан сира чекланишмасди. Улар ўйин давомида потенциали юқори ёш-ларга етарлича имконият беришарди. Ўша вақт ўринбосарлар жамоаларида тобланган 90 фоиз футболчи ҳозирда Суперлигада тўп сурмоқда.

2011 йили регламентга ўзгартириш киритилди: Ёшлар лигаси жамоаси таркибида 21 ёшгача бўлган 8 нафар футболчининг майдонга тушиши шарт қилиб қўйилди. Иқтисодий томондан асосий жамоага эътибор ошиши оқибатида аксарият клубларда Ёшлар лигаси учун номига таркиб тузилди. Боз устига, натижа ортидан қувадиган мураббийлар 16-19 ёшли футболчиларни камдан-кам таркибга қўша бошладилар. Қисқаси, мураббийлар мажбурий меъёрдан келиб чиқиб, асосан 20-21 ёшли футболчиларни майдонга туширишга одатланишди. Оқибатда ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари учун селекция жараёни кескин пасайди. Мисол учун, 2003 йили олий лигада майдонга тушган 19 ёшгача футболчилар сони 40 нафарни ташкил этган бўлса, мавсум-2017да бу кўрсаткич нақ 5 баравар камайди - атиги 8 нафар.

Хулоса шуки, 2011 йили таҳлил ва аниқ хулосаларсиз, кўр-кўрона йўлга қўйилган Ёшлар лигаси қисқа вақт ичида салбий кўрсаткичларни тақдим этди. 21 ёшга бўлган футболчи олдида биргина мусобақа - Олимпиада йўлланмаси учун курашувчи U-23 терма жамоасидан жой олиш имконияти мавжуд. Аммо қайси мураббий ўз терма жамоасига клубларнинг асосий таркибида ўйнаб турган футболчи четда қолиб, Ёшлар лигасидан ўйин-чи жалб қилади? Кўриб турганингиздек, битта ноўрин ўзгариш бирданига 3та ёш тоифасидаги терма жамоа фаолиятига таъсир кўрсатган.

Ушбу хулосаларга илова шаклида берилган футболчилар ёши бўйича 17 йиллик статистика ва махсус диаграммага қараб, барчаси юзасидан ўзингиз ҳам хулоса чиқаришингиз мумкин...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz