Қайднома

Қидирув

Гари НЕВИЛЛ: «МОУРИНЬО МУРАККАБ ВАЗИЯТДА, ЛЕКИН...»

Гари НЕВИЛЛ: «МОУРИНЬО МУРАККАБ ВАЗИЯТДА, ЛЕКИН...»

  11.10.2018 21:37
  0
  478
Гари НЕВИЛЛ: «МОУРИНЬО МУРАККАБ ВАЗИЯТДА, ЛЕКИН...»

«МЮ»нинг яқин ўтмишдаги юлдузи Гари Невилл жонажон жамоасига ҳамон катта меҳр билан қарайди. Лекин унинг кучли садоқати эксперт сифатида холис фикр билдиришига таъсир этмайди. Ҳар ҳолда, Невиллнинг ўзи The Times нашрига берган интервьюсида буни алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, «Ливерпуль» якунда «Манчестер Сити»дан чемпионлик унвонини тортиб олиши мумкин, аммо бунинг учун Юрген Клопп ихтиёридаги ҳужумкор трио жароҳатга йўлиқмаслиги керак.

Умумий тушунчага кўра, қайсидир клубнинг ашаддий мухлиси саналган киши холис эксперт бўлолмайди. Чунки у бошқа жамоалар хусусида одилона фикр билдиролмайди. Табиийки, Гари Невилл бу нуқтаи-назарга асло қўшилмайди: «Агар «Ливерпуль» АПЛда ғолиб чиқса, шу заҳоти Sky Sports билан хайрлашаман». Билмадик, балки бу ҳазилдир, балки... Умуман, кўплаб экспертлар қайсидир жамоага алоҳида меҳр билан қарашади. Фақат Алан Хансен бундан мустасно - у шунинг учун афсонага айланган. Бу борада Жейми Каррагер ва Гари Невилл ўртасидаги «шимол-ғарб мини-дербиси» мухлислар ўртасида машҳур. Келишувга биноан, «даҳанаки» баҳсда енгилган эксперт ашаддий рақибининг севимли жамоаси либосини кийишга мажбур. Муҳими, ўша футболка кейинчалик аукционда сотилади ва тушган пул хайрия жамғармасига ўтказилади. «Ливерпуль» ЧЛнинг 2017|2018 йиллар мавсуми финалида имкониятни бой бергач, Невилл шундай баёнот берганди: «26 май доимо қалбимизда, «МЮ» «требл»га эришди, «қизиллар» эса ҳеч нарсасиз қолдилар». Бу сатрлар шеърий мукофотга даъво қилмас, аммо рақибни «чақиб олгани» аниқ.

Тортишувлар қанчалик узоқ давом этади? Гари қалбидаги собиқ ўйинчи ва азалий мухлис ҳамияти адолатли эксперт шаъни билан қачонгача муроса қилади? «Эксперт сифатида айтган фикрларимни изоҳлашим қийин эмас. Дейлик, «Ливерпуль» яхши ўйнаса, ҳеч қачон аксини гапирмайман», - дейди Невилл. «МЮ»га ён босиши хусусидаги айбловларни эса, у қатъий оҳангда инкор этади: «Ижтимоий тармоқларда «Юнайтед» ҳақида бундай демасдинг сира» қабилида ёзиладиган даъволарни тушуниш мумкин. Чунки ҳамма янада кескинроқ танқид янграшини истайди. Шахсан мен мухлис сифатида «МЮ»нинг охирги 6 йиллик иштирокига мутлақо қониқарсиз баҳо бераман. Бироз шафқатсиз эканлигимни ҳам биламан. Чунки жамоага кучли меҳрим туфайли шундай салбий фикр билдираман...».

Невилл жорий мавсум ҳақида қандай фикрда? «Ортда қолган ўйинлар натижаларидан келиб чиқсак, «Сити»га фақат «Ливерпуль» муносиб қаршилик кўрсатиши мумкин. Агар Клопп ўрнида бўлганимда, ЧЛни иккинчи даражага суриб қўярдим. Тўғри, бу фикрга қўшилиш қийин, бироқ жамоа февраль, март ва апрель ойларида ҳордиққа эҳтиёж сезади, барибир. Чунончи, «Ливерпуль» услуби клубнинг ҳужумкор учлигини чарчатиб қўймоқда. Бордию, Салоҳ, Мане ва Фирминодан бири жароҳатланса, ўйин сифатига путур етади. Очиғи, «МЮ» мухлиси сифатида хавотирдаман. «Ливерпуль» ҳужумига гап йўқ, марказий зона ҳам рисоладагидек. Қисқаси, Клопп жамоаси ажойиб ўйнамоқда».

Хўш, «МЮ»чи, «МЮ»? Ахир Невилл бу жамоа билан 8 марта шоҳсупага кўтарилган, 2 марта ЧЛда ғолиб чиққан, яна бошқа совринларга эришган. «Умидворманки, жамоа ҳимоявий услубга таяниб бўлсада, даъвогарлар сафига қайтади. Агар январгача янада пастга шўнғимаса ва 1-2 нафар ҳимоячи харид қилса, имконият туғилиши мумкин. Ўйлашимча, «МЮ» 3 ёки 4-ўриндан жой олади. Ишонасизми, «Олд Траффорд»да «Тоттенхэм»га бой берилган ўйин (0:3) шахсан менга ёқди, Бернлидаги ғалаба (2:0) ҳам...». Мабодо «МЮ»нинг ишлари яна ортга кетса ҳам, Невилл бош мураббий Жозе Моуриньони қўллаб-қувватлайверади: «Ўйлашимча, Жозе - малакали мутахассис. У мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Лекин иқтидор захирасини ҳали тўлиқ ишлатган эмас. Жозе қаддини ростлаб олишига асло шубҳаланмайман». Моунинг ўзи заҳарханда киноялари билан вазиятни янада таранглаштирмаяптими? Гари бу хусусда лўнда гапирди: «Яқинда Брайан Клаффнинг «Ноттингем Форест»даги иши даврида Жон Матсонга берган интервьюсини кўрдим. Бу мен учун ТВдаги энг мароқли 10 дақиқалик томоша бўлди. Клафф ўз сўзида Мотсонни калтафаҳмга чиқарган. Ундаги такаббурлик ва тажовузкорлик ҳеч кимда йўқ. Шундай бўлсада, бу мураббийни даҳо сифатида кўкка кўтараверамиз, барибир...».

Лўнда муносабат

«МЮ»нинг собиқ ҳимоячиси Жозе Моуриньо истеъфога чиқарилиши тўғрисидаги хабарларга ҳам кескин муносабат билдирди: «Роса жаҳлим чиқяпти. Мойес ва ван Гални ҳам худди шу тарзда ҳайдашгани эсимда. Агар Моу «Олд Траффорд»ни шу ҳафта тарк этса, фанатлар раҳбариятга қарши чиқишади, албатта. Айни пайт Жозе ҳаёти давомидаги энг кучли қўллаб-қувватланишга гувоҳ бўляпти. У жаҳоннинг энг яхши мураббийларидан бири. Ҳар қандай мутахассис «МЮ»да қийналади. Бу жамоани ўзгарувчан киши бошқариши керак». Sky Sports эксперти шунингдек, Алексис Санчесга ҳам тўхталди: «Мендан «МЮ»нинг кўплаб футболчилари ҳақида сўрашади. Уларга турлича таъриф бераман. Мартиаль, Погба, Санчес... Бу йигитларга нима бўлганини билмайман. «Юнайтед» Санчеснинг «Арсенал»даги сояси билан шартнома тузгандек. Ҳа, у орада чиндан ҳам, яхши ўйнади. Аммо бундай футболчи бир кунда ношудга айланиб қолиши мумкин эмас. Ҳозир Алексиснинг аҳволига ачинишим мумкин, холос. У жангчи, ҳимояда ҳам ўйнайди, тезкор ва тўпни ўзида кўп ушлаб туради. Қисқаси, Алексиснинг жорий мавсум чинакамига порлашини кутгандим. Бироқ...».

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: manutd.one


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz