Қайднома

Қидирув

ҲАБИБ - «АНЖИ», МАКГРЕГОР - «МЮ»...

ҲАБИБ - «АНЖИ», МАКГРЕГОР - «МЮ»...

  17.10.2018 05:33
  0
  659
ҲАБИБ - «АНЖИ», МАКГРЕГОР - «МЮ»...

Аралаш яккакураш бўйича тарихдаги асосий жанглардан бири - россиялик Ҳабиб Нурмагомедов ва ирландиялик Конор Макгрегор олишуви кенг доирада катта қизиқиш уйғотди ва бу борадаги баҳс-мунозаралар ҳали ҳам давом этмоқда. «Доғистон вакилининг ғалабаси ва катта можаро билан тугаган жангнинг футболга қандай алоқаси бор?» дейишга шошилманг. Чунончи, Ҳабиб ҳам, Конор ҳам миллионлар ўйинига ошуфта. Қолаверса, ҳар иккиси футбол оламининг энг ёрқин юлдузи - Криштиану Роналду билан дўст... Bombardir.ru сайти ижодкорлари ёрқин жанг таъсирида иккисининг футболга муносабати ҳақида алоҳида ҳикоя қилишди.

Жанжалкаш ва «Анжи» мухлиси

Ҳабиб Нурмагомедовнинг футбол билан алоқаси хусусида узун рўйхат тузиш мумкин.

- Ҳабиб ва португалиялик Криштиану Роналду ўртасида қалин дўстлик ришталари бор.

- Анчадан буён Махачқалъанинг «Анжи» клубига мухлислик қилади.

- Москванинг «Спартак» жамоасига ҳам муносабати ёмон эмас.

- Россия футболи хусусидаги умумий фикрлари салбий.

- Ҳаваскоркор футболчиларни доимо қўллаб-қувватлайди.

- Ҳаттоки, футбол жамоаси сотиб олишга яқин келган.

- «Анжи» футболчилари билан тез-тез учрашади, уларга кўрсатма шаклида топшириқ бериши ҳам мумкин.

Умуман, Нурмагомедов Доғистон клубининг уй учрашувларини ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилади. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда имкон доирасида жамоа имиджини кўтаришга интилади - жарангдор фикрлар қолдиради, суратлар жойлаштиради. Қисқаси, «Анжи» ташвиқоти билан фаол шуғулланади. Криштиану Роналду билан дўст тутингани эса, алоҳида тарих. Ҳабиб португалияликка совға улашганида, футболчи ҳам уни қуруқ қолдирмаган. Дарвоқе, Нурмагомедов яқинда Black Star артистларининг Доғистондаги концертлари юзасидан Тимати билан жанжаллашганида, можаро «Анжи»га ҳам таъсир этганди.

«МЮ»да ўйнаш имконияти...

Конор Макгрегор вақтида «МЮ» томонидан назорат остига олинган Ирландиянинг «Лудерс Селтик» клуби мактабида футбол билан шуғулланган. Ирландиялик кейинчалик яккакураш спорт турини танлади ва дунёдаги энг кучли жангчилардан бирига айланди. Футбол мактабида Конорга таҳсил берган мураббий Дэвид Гленн сўзларига эътибор қаратинг: «У чиндан ҳам, яхши ўйнарди. Агар футбол бобида қобилиятга эга бўлмаганида, мактабимизга олмасдик. «Лудерс»да кучли рақобат борлигига қарамай, Конор синовда ўзини кўрсата олганди. Чемпионат бошланганида эса, дарҳол жамоа етакчилари қаторига қўшилди. Очиғи, ўша пайт ҳеч ким Макгрегор келажакда жаҳон миқёсидаги жангчи бўлишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Чунки унинг истиқболини футбол билан боғлаганмиз. Умуман, Конор «Лудерс»да камтарлиги билан ҳам ажралиб турган. Лекин ўрганишга иштиёқи баланд эди, машғулотларда чин юракдан ишларди. Айниқса, тактика борасида кўп савол берар, машғулотлар жараёнидан сўнг ҳам зарба йўллаш устида алоҳида шуғулланарди. Тўғри, Макгрегор жисмоний қуввати билан алоҳида кўзга ташланмасди, аммо ҳайратланарли техник салоҳиятга эга эди. Яширмайман, Конорни Алекс Фергюсон қўл остидаги «МЮ» учун тайёрлаётгандим, бироқ у ке-йинчалик қафасда муштлашишни танлади...».

Конор гарчи футболдан юз ўгирган бўлсада, ҳалигача ўйнаб туради. Россия президенти Владимир Путин ирландиялик жангчини ЖЧ-2018 финалига таклиф қилган ва у билан бирга суратга тушганди. Айтганча, Конор шу фото туфайли кўп танқидларга учради. Яъни  Ғарбда унинг Россия давлат раҳбари билан яхши муносабат ўрнатганини сира ёқлашмади. Макгрегор шунингдек, Криштиану Роналду билан дўстона алоқаларга эга. Унинг айнан қайси клубга мухлислик қилиши эса мавҳум масала. Ҳа, ўзи кўплаб интервьюларида «МЮ»га бефарқ қарамаслигини тан олган. Liverpool Echo журналисти Оливер Бонд эса, Конор «Ливерпуль» клубига муҳаббат изҳор қилган видеоёзувни ошкор этганди. Маълумки, «МЮ»нинг чин фанати асло бундай йўл тутмайди...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz