Қайднома

Қидирув

Ҳаммаси учун раҳмат!

Ҳаммаси учун раҳмат!

  19.10.2018 00:28
  0
  582
Ҳаммаси учун раҳмат!

Ўша машъум авиаҳалокатдан сўнг «Пахтакор»нинг қайта шаклланиши ҳақидаги ҳикояларимизнинг сўнгги бўлимида Ўзбекистон жамоасини қийин вазиятларда қўллаб-қувватлаган собиқ иттифоқ мамлакатлари футболчилари рўйхатини келтириб ўтамиз.

РОССИЯ

Россия Федерациясидан 13 футболчи келган - ҳимоячи Михаил Бондарев («Пахтакор» сафида 13та ўйин ўтказиб, 1та гол урган), ярим ҳимоячилар Владимир Кухлевский (54та ўйин) ва Валерий Глушаков (16та ўйин, 1та гол). Барчаси ЦСКА Москвадан. 70-80-йилларнинг энг яхши форвардларидан бири бўлган Андрей Якубик ҳақида аввал ёзгандик. Якубик билан биргаликда Москва «Динамо»сидан маҳоратли хавбек Алексей Петрушин («Пахтакор» либосида 78та ўйин, 2та гол) ҳам келган. Ярим ҳимоячи Анатолий Со-ловьев (37та ўйин, 1та гол) ҳамда Сергей Никифоренко (24та ўйин, 1та гол) Москванинг «Локомотив» жамоасидан ташриф буюришганди. Ҳимоячи Сергей Башкиров (5та ўйин) эса Москванинг «Спартак»идан эди. Кейинчалик у Днепропетровскнинг «Днепр» клубида етакчилардан бирига айланиб, собиқ иттифоқ чемпиони ва мамлакат кубоги соҳиби бўлган. Еврокубокларда барқарор ўйин кўрсатган.

Тожик футболи тарбияланувчиси, Константин Бесков бошчилигидаги «Спартак»нинг етакчиларидан бири ҳисобланган Эдгар Гесс 1984 йили «Пахтакор» сафига қўшилиб, Ўзбекистондаги фаолияти давомида бор истеъдодини намойиш этиш орқали майдон марказининг боғловчи футболчисига айланган. Унинг узоқ масофалардан йўллаган кучли зарбалари эса тошкентлик мухлислар хотирасида ҳозиргача сақланиб қолган. 1979 йили «қизил-оқлар» таркибида собиқ иттифоқ чемпионлигини нишонлаган тажрибали футболчи уч мавсум давомида (1984-1986) «Пахтакор» либосида 93та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 15 марта ишғол қилган.

Яна икки футболчини Санкт-Петербургнинг «Зенит» клуби жўнатган - ҳимоячи Bалерий Якимцов (58та ўйин, 2та гол), унинг амплуадоши Сергей Бондаренко эса 1982-1991 йиллар мобайнида Тошкент жамоасида 328та ўйинда битта гол муаллифи бўлиб, «Пахтакор» гвардиячиларидан бирига айланган. Бондаренко узоқ йиллик фаолияти давомида «пахтакорчилар» мудофааси мустаҳкамлигини таъминлаб, ўз номини клуб тарихига ёзиб қўйган. Дарвоқе, Москва «Динамо»сидан шунингдек ярим ҳимоячи Геннадий Антонов (9та ўйин, 1та гол) ҳам келганди.

Россиядан ташриф буюрган яна бир ҳимоячи Александр Журавлёв «Пахтакор»гача Уралнинг «Уралмаш» жамоасида ўйнаганди. Ушбу футболчи ишончли ўйини ва ажойиб тарзда ҳужумга қўшилиши билан ажралиб турган. Икки мавсум давомида мамлакат чемпионатида 77та ўйинда майдонга тушиб, 7та тўп киритган.

 

ҚОЗОҒИСТОН

Бу мамлакат пойтахтидан, Қозоғистоннинг етакчи жамоаси ҳисобланган «Қайрат»дан ярим ҳимоячи Дмитрий Огай келган. Техникаси юқори бўлган футболчи «Пахтакор» таркибида 1981-1983 йиллар мобайнида собиқ иттифоқ чемпионатининг 32та учрашувида тўп сурган.

 

ТОЖИКИСТОН

Ўзбекистон жамоасига ёрдам бериш мақсадида Тожикистон тўрт нафар футболчи жўнатган: ҳимоячи Мустафо Билолов (у ҳақда «ИнтерФут-бол»нинг аввалги сонларида мақола чоп этилганди), ҳужумчи Нуритдин Амриев (136та ўйин, 15та гол), ярим ҳимоячи Олег Пак (40та ўйин, 1та гол) - учаласи ҳам «Помир» (Душанбе)дан. Тожик футболининг яна бир тарбияланувчиси Геннадий Ичевский Тошкентга келгунига қадар собиқ иттифоқ иккинчи лигасида қатнашган Ўзбекистоннинг бошқа бир жамоаси - «Хива»да тўп сурган. Ичевский «пахтакорчилар» сафида 2та ўйинда майдонга тушган.

УКРАИНА

Бу юрт футболи «Пахтакор»нинг қийин дамларида уч футболчисини жўнатиш орқали кўмак қўлини чўзган.

Ҳимоячи Валерий Нечаев («Черноморец», Одесса) 1979 йили ҳалокатга учраган жамоа сафига қўшиладиганлар рўйхатига киритилиб, 1979-1980 йиллар мобайнида «Пахтакор» либосида 28та ўйин ўтказиб, 3та гол урган.

Дарвозабон Сергей Страшненко («Карпати», Львов) ҳам фожиадан сўнг Тошкентга келиб, икки мавсум (1979-1980)да 13та учрашувда майдонга тушган.

Бир мавсум ичида энг кўп тўп киритиш (42та гол) бўйича собиқ иттифоқ биринчи лигаси рекордчисига айланган ҳужумчи Степан Юрчишин Львовнинг СКА «Карпати» жамоасидан келганди. У «Пахтакор» таркибида ўтказган ягона мавсумида (1984) 27та ўйин ўтказиб, 2та гол урган.

Ўша мураккаб вазиятда ва кейинчалик «Пахтакор»га ёрдам бериш мақсадида Тошкентга ташриф буюрган футболчилар ҳақида сўз юритарканмиз, уларнинг ҳар бири клубнинг қайта шаклланишиги ўзига яраша улуш қўшганига шубҳа йўқ. Энг асосийси - ўз ўйини ва жамоага муносабати билан маҳаллий ишқибозлар ҳурматига сазовор бўлишган. Бунинг учун уларга ташаккур айтиш керак.

Ҳаммаси учун раҳмат!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz