Қайднома

Қидирув

Кевин де БРЮЙНЕ: «Бернарду - Пепнинг ёқимтойи»

Кевин де БРЮЙНЕ: «Бернарду - Пепнинг ёқимтойи»

  20.10.2018 01:49
  0
  593
Кевин де БРЮЙНЕ: «Бернарду - Пепнинг ёқимтойи»

«Манчестер Сити» футболчилари ҳақида билмоқчи бўлсангиз, буни албатта, жамоа аъзосидан сўрашга тўғри келади. Хорижлик ҳамкасбларимиз айни масала юзасидан мавсум бошида олган жароҳатини даволаб, майдонга қайтишга ҳозирланаётган Кевин де Брюйнега мурожаат этишди.

ЕТАКЧИ

- Бу ролга Давид Сильва тўлиқ мос тушади. У 13-14 йилдан буён мунтазам юқори даражада ўйнамоқда, буни уддалаш эса қийин. Ўтган йили фарзанди билан рўй берган воқеани ҳам инобатга олсак, ўзини йўқотиб қўймагани кишини ҳайратга солади. У жуда яхши инсон, ғаройиб футболчи.

ҲАЗИЛКАШ

- Бенжамин Менди бу борада етакчи, қолаверса, ижтимоий тармоқларда жуда фаол. Ҳаётда у оғир-вазмин, аммо Интернетда қилаётган ишларини тушунтириш мушкул. Менди кўп вақтини ижтимоий тармоқда ўтказади, бунинг учун унга соврин беришса бўлаверади.

«ТАФГАЙ»

- Муштлашиш бўйича Венсан Компани ёки Фабиан Дельфни кўрсатишим мумкин. Винни ҳақиқий арслон, Делфи эса бокс билан шуғулланади. Улар яккакурашда қатнашишса, ютуқларни қўлга киритишлари мумкин бўларди.

- Иккови уришса, қайси бири ютади?

- Винни бўлса керак. У боши билан исталган рақибига кучли зарба бериши мумкин, аммо бундай қилишига йўл қўйишмаслиги аниқ.

ТЕЗКОР

- Гап 30 метрдан узоқ масофа ҳақида борганда, Раҳим Стерлингни танлайман, чунки унинг тезлашиши ҳақиқатан ҳавас қиларли даражада. 60 метр узоқликда Кайл Уокер кучлироқ. Мабодо масофа 100 метрдан ошса, унда Лерой Санени ажратиб кўрсатиш мумкин. Кайл жисмонан етук, Лерой эса антилопа сингари учқур.

РАҚС ҚИРОЛИ

- Бу борада ҳам Раҳим барчадан илғор. Шунингдек, Жон Стоунз ҳам рақсни қойиллатади.

- Ўзингиз ҳам рақсга тушасизми?

- Бу борада мақтана олмайман, қандайдир ҳаракатларни амалга ошираман, деёлмайман. Шунчаки, орқа планда дам оламан.

ХУШОВОЗ

- Энг овози нохуш футболчини айтишим мумкин - Зинченко. У ҳар доим куйлайди, ваҳоланки, бу борада мақташга арзигулик эмас. Унинг қўшиқларини тинглагингиз келмайди.

- Айтишларича, у сизнинг «укангиз» экан, шундайми?

- Ҳа, Саша укам бўлишни хоҳлаганди, аммо бунинг иложи йўқ-да. Боз устига, у билан ташқи кўринишимиз ўхшаш.

БЎЛАЖАК МУРАББИЙ

- Биринчи навбатда, Виннини кўрсатаман, у шунингдек, бизнесмен ёки президент бўлиши ҳам мумкин. Компани бир вақтнинг ўзида турли машғулотларни бажаришга қодир. Ҳамиша ўз бизнеси билан банд. Қолаверса, Фернандиньо бор. У анча ақлли, майдонда барчасини юқори даражада бажариш сирларини билади. Айнан шу икки жамоадошимни бўлажак мураббийлар сафига киритаман.

МУРАББИЙ ЁҚИМТОЙИ

- Кўпинча мени Пепнинг ёқимтойлари қаторида қайд этишади. Ўйлашимча, айни пайт бу ролга Бернарду кўпроқ мос тушади. Аслида, муайян футболчини бош мураббийга жуда яқин деёлмайман. Гвардиола бирор шогирди ҳақида яхши гапларни гапиради, баъзан эса бунинг акси бўлади.

КИЙИМ ТАНЛАШ МАҲОРАТИ

- Бу борада Бернардунинг дидига қойил қолмайман. У 40 ёшлилардек кийинади, ваҳоланки, эндигина 24 ёшни қаршилаган. Ҳамиша чанг босган оқ ботинка кийиб юради. Бундай пайтда унга «Янгисини сотиб ол, ахир пулинг етарли-ку», дегингиз келади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz