Қайднома

Қидирув

Сербиялик «тўфон» Александр Митрович ҳақида

Сербиялик «тўфон» Александр Митрович ҳақида

  20.10.2018 04:06
  0
  466
Сербиялик «тўфон» Александр Митрович ҳақида

Уч йиллик танаффусдан сўнг АПЛга қайтган «Фулхэм» жорий мавсум ўз мухлисларини кўп ранжитмоқда. Аммо бу жамоа таркибида сербиялик тўпурар Александар Митрович алоҳида ажралиб турибди. Қуйида эътиборингизга ҳавола этиладиган мақолада ушбу футболчининг Премьер-лига юлдузи бўлгунига қадар босиб ўтган йўли ҳақида сўз боради.

Устоз-шогирд ҳамюртлар

Таран типидаги форварднинг Лондондаги фаолияти бошланганига кўп бўлмади, аммо қисқа вақт ичида маҳаллий мухлис ва мутахассислар эътиборини тортди. «Фулхэм» бош мураббийи Славиша Йоканович ҳамюртида ўз ғояларини рўёбга чиқарувчи воситачини кўра билди. Сербиялик мутахассис 1,5 йил мобайнида ҳужумга кескинлик бағишлайдиган футболчи қидирган, Митрович эса бу пайтда асосий вақтини «Ньюкасл» захира ўриндиғида ўтказаётганди. Бу мураббий ва форвардни кўп нарса ўзаро боғлаб туради - тажрибали мутахассис ҳужумчининг имкониятлардан унумли фойдаланиш хусусиятини ишга солди. Митровичнинг 12та голи «Крэйвен Коттедж» эгаларининг АПЛга қайтишларида муҳим омил бўлди.

«Ўтган йили чемпионатда тўрт ойни ажойиб тарзда ўтказдим ва албатта, буни Премьер-лигада ҳам давом эттирмоқчиман. Биламан, қийин бўлади, аммо мен зарур имконият ва сифатларга эгаман, дунёнинг энг яхши лигасида ўйнай олишимни барчага кўрсатмоқчиман. Яна такрорлайман: голлар уришни, ўйнашни хоҳлайман, аммо энг муҳими - клубим ғалаба қозониб, ижобий натижаларга эришиши. Агар бутун жамоа яхши ўйнаса, голлар ҳам ўз-ўзидан келаверади», - Митрович шундай дея «Фулхэм» мухлисларини ўзига қарата олди.

«Ньюкасл»даги парадокс

Яқинда ҳам сербиялик футболчининг фаолияти салбий кўриниш олганди. Ярим мавсум давомидаги олтита ўйин, Рафа Бенитеснинг ишончидан қолиш - «Сент Жеймс Парк»даги ривожланишдан умид йўқ эди. Ваҳоланки, дастлаб Митровичнинг «Ньюкасл»даги ишлари ёмон кетмаётганди, бироқ уринишлар самара бермай, «зағизғонлар» 2015|2016 йиллар мавсуми якунига кўра, АПЛни тарк этишди. Сербиялик форвард 9та гол урди, улар орасида айниқса, иккитасини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.

2015 йилнинг мартида ўтказилган «Сандерленд»га қарши дербида Александар иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштириб, голни майдонга чиқиб келган мухлис билан нишонлади. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида эса жароҳат олди - мияси чайқалган экан. «Ньюкасл»нинг захира имкониятлари тугагани боис, шифокорларнинг илтимосларига қарамай, Митрович майдонни тарк этишни хоҳламади - фақатгина Бенитеснинг вазиятга аралашувидан сўнг сербиялик жангчи кўнишдан ўзга илож тополмади.

Иккинчи эпизод Митровичнинг юксак дид соҳиби эканлигини яна бир карра исботлади. «Шпорлар»га қарши кечган мавсумнинг охирги учрашувида (5:1) курашга чанқоқ Александар АПЛ рекордлари китобига кирди - самарали узатма берди, ўзи гол урди, сўнгра майдондан четлатилди. Шу тариқа айни кўринишдаги «хет-трик»ка эришган олтинчи футболчи сифатида тарихдан жой олди.

Умумий ҳисобда Митрович «Ньюкасл» либосида тўрт марта қизил карточка олган, бу фактор эса «Фулхэм» ушбу ҳужумчини сотиб олганда, Бенитес заррача афсусланмаслигига асосий сабаблардан бири бўлган. Қисқаси, ҳар икки клуб «плюс» билан чиқди - лондонликлар барқарор тўпурарга эга бўлишди, «зағизғонлар» эса муаммоси кўп ўйинчи эвазига 22 миллион фунт олишди.

«Бургутлар галаси»нинг янги йўлбошчиси

«Крэйвен Коттедж»даги муваффақият билан бир қаторда, Александар Сербиянинг энг яхши форварди мақомини ҳам қайтариб олди. ЖЧ-2018 арафасида ўтказилган Боливия термасига қарши ўртоқлик баҳсида у «хет-трик» қайд этди, мундиалда эса швейцарияликлар билан учрашувда ҳисобни очди. Митрович жорий йил «Оқ бургутлар» либосида жами 8та ўйин ўтказди.

АПЛда обрў орттириш

Митрович эришаётган ютуқлар жамоатчилик эътиборидан четда қолмади. «Ливерпуль» клуби ва Англия термасининг собиқ сардори, ҳозирда телеэксперт сифатида фаолият юритаётган Жейми Рэднапп сербдаги ўсишни қайд этаркан, «Челси» раҳбарларига ушбу форвардни кузатишни тавсия қилди. У барқарорликка эришолмаётган Мората ва Жирунинг ўрнини босиши мумкин. «Митрович «Ньюкасл»да ўйнаётганда, худди юрадиган қизил карточкадек таассурот қолдирарди. У сўнгги уч йилда сезиларли улғайишга эришди. Алекс кучли, ўзидаги агрессияни тўғри ишлатади. Жорий мавсум бешта гол уриб улгурди ва ўйлашимча, у АПЛ топ-клубида ўйнай олади. Бу гапларим «Фулхэм» мухлисларига ёқмаслиги мумкин, аммо Митрович «Челси»га жуда мос тушади. Унинг жисмоний имкониятлари Альваро Моратаникидан юқори, тезлик борасида эса Оливье Жируни ортда қолдиради», - деди Рэднапп.

Буёғига нима бўлади?

Мавсумдаги ажойиб старт АПЛда янги топ-форвард пайдо бўлганига ишорадек, гўё. Умуман, Митровичнинг фаолиятида ёрқин дамлар аввал ҳам кузатилган, голсиз ўйинлар ва четлатишлар кейинроқ келганди. Агар Алекс ўз муаммоларини интизомга амал қилиш орқали енгса, лондонликларнинг мавсум бошидаги муваффақиятсизликлари сабаб Йоканович истеъфога чиқарилмаса, мавсум охирида Европанинг топ-клублари яна сербиялик ҳужумчига харидор бўлишларига шубҳа йўқ.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz