Қайднома

Қидирув

Купер фалсафасини англаш

Купер фалсафасини англаш

  24.10.2018 06:01
  0
  219
Купер фалсафасини англаш

Эктор Купернинг Ўзбекистон термаси бош мураббийи сифатидаги фаолиятига ҳам аста-секин кўникиб боряпмиз. Миллий жамоамиз аргентиналик мутахассис қўл остида тўртта ўйин ўтказишга улгурди. Мазкур учрашувларда қайд этилган натижа, танланган таркиб, футболчилар томонидан кўрсатилган ўйин барчада турлича фикр уйғотди. Кимгадир ёқди, кимгадир эса йўқ. Ҳаттоки, мухлису мутахассислар орасида «Россия термаси сингари таркибни тўлалигича ўзгартириш даркор, шундагина хорижлик мураббий қўл остида ижобий натижага эришишимиз мумкин», деган фикрни илгари сурганлар ҳам топилди. Аммо ўтган вақт давомида кўрдикки, Купернинг бу борада ўз қарашлари ва режалари бор.

Сентябрда ўтказилган дастлабки йиғин доирасидаги Сурия ва Эрон термаларига қарши баҳсда майдонга тушган таркиб ёрқин ўйин намо-йиш этолмагач, бесабр мухлисларнинг ҳафсаласи пир бўлгани айни ҳақиқат. Айримлар эса аргентиналик мутахассисга бироз вақт кераклигини таъкидлаб, сабр қилишга чорлашди. Мана, октябрь ойидаги йиғин доирасида ўзгаришлар аста-секин кўзга ташланди. Демак, футболчилар хорижлик мураббийнинг талабларини тушуниб, унинг услубига мослашиб боришмоқда.

Хўш, ўтган қисқа давр мобйнида жаноб Купер ўзбек футболи ҳақида қандай тасаввурга эга бўлди-ю, келажакка қандай режалар тузмоқда? Ҳар ҳолда, БААда ўтадиган қитъа биринчилиги бошланишига ҳам тобора оз фурсат қолмоқда.

- Осиё кубогида асосий мақсад - албатта, чемпионлик, - деди Купер ҳамкасбларимиз билан суҳбатда. - Биз мусобақага оптимистик руҳда ёндашамиз. Аввалдан бирор натижага эришиш ҳақида гапириш нотўғри. Асосийси, қитъа чемпионатида имкон қадар яхши иштирок этмоқчимиз. Жамоамизда, аввало, тартиб ўрнатамиз. Шундагина олдимизга қўйилган вазифаларни бажаришга киришсак бўлади.

Кўриниб турибдики, аргентиналик мутахассис учун Осиё кубогида қайд этиладиган натижадан кўра, биринчи навбатда, жамоада тартиб ўрнатиш муҳимроқ. Албатта, тартиб ўрнатилган жойга ғалабалар ҳам аста-секин келаверади. Буни биз Эрон термаси мисолида кўрдик.

Купер миллий жамоамиз таркибини шакллантиришда ҳам ўзига хос йўлдан бормоқда. Яъни термамизда авваллари эътибордан четда қолиб кетган футболчиларни кўряпмиз. Шунингдек, «қария»ларга ҳам ишонч билдирмоқда. Ваҳоланки, уларнинг айримлари ёшлари ўтиб қолиши сабабли ЖЧ-2022да қатнашмасликлари деярли аниқ.

- Авлодлар алмашинуви ҳеч қачон бирданига амалга ошмайди. Тўғри, таркибимиздаги футболчиларнинг аксарияти кейинги мундиалда қатнашмасликлари мумкин, аммо қитъа мусобақалари ва ЖЧ саралашида уларнинг ёрдамлари тегишига ишонаман. Ёшлар сафида яхши ўйин кўрсатганларнинг эса миллий термага қанчалик киришиб кетишларини вақт кўрсатади. Яъни, бошқа жамоада барқарорликка эришиш асосий термада ҳам кўнгилдагидек тўп суриш мумкинлигини англатмайди. Ёки аксинча, ўз клубида ўйини қовушмаган футболчи бош жамоада очилиб кетиши мумкин.

Бундан кўриниб турибдики, Эктор Купер қўл остидаги футболчилар орасида яққол етакчи йўқ. Аргентиналик мураббий ишончини оқламаган шогирдини исталган пайтда рўйхатдан ўчириши ёки ҳеч ким тахмин қилмаган футболчини термага таклиф қилиши мумкин. Демак, воқеаларнинг шундай ривож олишига тайёр туришимиз лозим.

Эктор Купер маҳаллий мураббийлар томонидан кўрсатилаётган ёрдамдан миннатдор. Аммо ҳозирча футболимизнинг етук мутахассисларини ўз штабига қўшиш бўйича бир тўхтамга келмаганини таъкидлади: «Ўзбекистондаги барча мураббийларнинг фикрларини эшитишга тайёрман. Улар мендан кўра футболчиларни яхшироқ билишади. Лекин ҳозирча мураббийлар штабига маҳаллий мутахассисни қўшиш ҳақида аниқ фикр билдиролмайман».

Дарҳақиқат, Куперга ўзбекистонлик мураббийларнинг ёрдамлари асқотиши табиий, зеро улар маҳаллий футболчиларни нисбатан яхшироқ билишади, қандай салоҳиятга эга эканликларидан хабардорлар.

Миллий жамоамизнинг кейинги йиғини хорижда, аниқроғи, Австралияда ташкил этилади. Купер «яшил қитъа»да ўтказиладиган машғулотлар ва Жанубий Корея термасига қарши кечадиган назорат-синов учрашуви футболчиларнинг янги иқлимга мослашишида муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Қолаверса, кучли рақибга қарши ўйинда шогирдларининг жисмоний ҳолатларини яна бир бор синовдан ўтказиш имконияти туғилади.

Сир эмаски, аввалги жаҳон чемпионатлари саралашларида қатнашган термамизда кўпчилик қайд этган камчилик кузатиларди - ҳал қилувчи паллада футболчиларга иштиёқ етишмай, ўйинни бўшаштириб юборишади. Ваҳоланки, миллий жамоа шарафини ҳимоя қилаётган ҳар бир шахс ватан туйғусини ҳис қилиб, борини яшил майдонда ташлаб кетишга шай туриши лозим. Аввалги ишлаган жамоаларида сезиларли ютуқларга эришиб, катта тажриба тўплаган Эктор Купернинг ушбу масалада ҳам ўз қарашлари мавжуд: «Миллий жамоа барча нарсадан устун. Ҳар бир ўйинчи терма учун борини бериши шарт. Футболчилар ҳеч қачон ўз манфаатини бош жамоадан устун қўймаслиги лозим».

Ҳимоявий тактикани хуш кўришда айбланган Эктор Купернинг ҳужумкорликни ҳам унутмаётганини биз КХДР ва Қатар термаларига қарши кечган учрашувлардаги ғалабалар замирида кўриб олдик. Вақт ўтгани сари, миллий жамоамиздаги ҳолат ижобий кўриниш олмоқда, футболчилар аргентиналик мутахассиснинг нима хоҳлаётганини аста-секин тушунишмоқда.

Шуниси аниқки, сўнгги учрашувларда қайд этилган натижалар мураббий ва футболчиларни танқид қилиш ёки кўкларга кўтариб мақташ учун етарли эмас. Шундай экан, хулоса чиқаришга шошилмаймиз-да, Купернинг фаолиятини кузатишда давом этамиз.

Давоми бор. Мазкур мулоҳазали мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ"нинг 23 октябрдаги сешанба сонида ўқийсиз...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz