Қайднома

Қидирув

Эдгарас Янкаускас: «Мен учун энг яхшиси - Модрич»

Эдгарас Янкаускас: «Мен учун энг яхшиси - Модрич»

  24.10.2018 07:56
  0
  233
Эдгарас Янкаускас: «Мен учун энг яхшиси - Модрич»

ФИФАнинг энг яхши футболчини аниқлаш сўровида Москванинг ЦСКА ва «Торпедо» клублари собиқ футболчиси Эдгарас Янкаускас ҳам иштирок этди. Айни пайт у Литва терма жамоаси бош мураббийи лавозимида ишламоқда.

Унинг учлиги қуйидагича кўриниш олди: Лука Модрич, Эден Азар, Килиан Мбаппе. Россиялик журналистлар бунинг сабабини сўрашди.

- Модричга нега овоз берганимни тушунтиришимга ҳожат бўлмаса керак, - дея гап бошлади 43 ёшли мутахассис. - У клубда фантастик мавсумни ўтказди. Хорватия терма жамоаси билан жаҳон чемпионати финалига қадар етиб борди. Бу жамоа учун ажойиб натижа Унинг индивидуал ҳаракатлари ва жамоаларининг натижалари йилнинг энг яхши футболчиси бўлиши учун замин яратди.

Албатта, кучли учликка Роналду ва Гризманнни қўшишим мумкин эди. Бироқ энг ёрқин бўлмаган футболчиларни танладим. Азар - Бельгия терма жамоасининг ҳақиқий етакчиси.

Бельгияликлар ҳам хорватлар сингари мундиал кашфиётларидан бири бўлишди. «Челси» ярим ҳимоячиси жамоанинг ишлари юришмай турган пайтда «мотор»ини қўшади. Мбаппе эса - феномен. Шу ёшда бажараётган ишини кўриб ишонмай кетади одам.

- Жаҳон чемпионлиги клублар натижаларидан юқори турадими?

- Бир-бирига халақит бермайди. Роналду ва Лионель Месси жаҳон чемпиони бўлмай энг яхши мақомини қўлга киритишган. Чемпионлар Лигаси ҳам осон турнир эмас.

- Шунга қарамай, ФИФА талқинига кўра, Дидье Дешам жаҳоннинг энг яхши мураббийи бўлди. Зидан эса...

- Уларнинг натижалари юқори. Зидан «Реал» билан қаторасига уч марта Чемпионлар Лигасини ютиб, мутлақ рекорд ўрнатди, чоғи. Лекин Дешамнинг натижасини юқори ҳисоблаган бўлардим.

Ҳар ҳолда, Франция ЖЧ-2018нинг биринчи рақамли фаворит жамоаси эмасди. Дешам терма жамоага футболчи танлашда қийинчиликка дуч келди. Чунки Францияда бир хил даражадаги футболчилар кўпчиликни ташкил қиларди. Якунда у таркиб танлашда адашмади.

Шунингдек, Бенжамен Павар сингари янги номларни кашф қилди. Франция терма жамоаси ҳақиқий мушт, аҳил оила эканлигини исботлади. Зиданга келсак...

Тўғрисини айтсам, уни ҳамон мураббий сифатида қабул қила олмайман. Худди ҳамон майдонда мўъжиза кўрсатаётган футболчидек туюлаверади. Зиданнинг «Реал»дан кейин қандай ишлаши қизиқроқ.

- Тибо Куртуанинг энг яхши дарвозабон бўлганига қандай муносабат билдирасиз?

- Бир нима дейиш қийин. Нима учун Уго Льорисни танлашмади, тушунмадим. Финалдаги хатосини инобатга олмаса, чемпионатни феноменал тарзда ўтказди.

Менга имкон беришганида, франциялик дарвозабонни танлардим. Бу «Ницца»да бирга ўйнаганимиз учун эмас. Ҳақиқатдан ҳам Льорис энг яхши бўлишга лойиқ.

- Олдинда «Олтин тўп» соврини турибди. Бу мукофотни ҳам Модрич қўлга киритадими ёки бошқа номзодлар ютиб кетадими?

- Умуман олганда, бу йил даъвогарлар кўп. Менимча, «Олтин тўп»ни Гризманн қўлга киритса керак. Биринчидан, у француз. «Олтин тўп» соҳиби France Football сўровига кўра аниқланади.

Иккинчидан, у жаҳон чемпиони бўлди ва Европа Лигасида зафар қучди. Лекин мен учун бу йил биринчи рақамли футболчи барибир Модрич бўлиб қолаверади.

- Ҳозир Литва терма жамоасини бошқаряпсиз. Россия Премьер-лигасини кузатиб боряпсизми?

- Албатта. ЦСКАдаги авлодлар алмашуви даврини кузатиш қизиқ бўляпти. Шунингдек, ёш бўлган Сергей Семак «Зенит»да ёки Дима Хохлов «Динамо»да иш олиб боришмоқда.

- «Динамо» сафида Литва термаси сардори Фёдор Черних тўп суряпти...

- Федя - жамоамиздаги муҳим фигура. Биз ҳамиша алоқадамиз. У майдонга тушган барча ўйинларни томоша қиляпман.

- Хохлов билан унинг ўйинини муҳокама қилдингизми?

- Ҳозирча йўқ. «Динамо»нинг «Рубин»га қарши ўйинига бордим. Лекин Дима билан гаплаша олмадим. Имкон туғилганда, унга салом йўллайман. У билан бир-биримизни яхши таниймиз. «Торпедо» ва «Реал Сосьедад»да бирга ўйнаганмиз.

ЖАЪФАРАЛИ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz