Қайднома

Қидирув

«А» сериясида янги «А» ёхуд Кьезалар Италияни маҳв этмоқда

«А» сериясида янги «А» ёхуд Кьезалар Италияни маҳв этмоқда

  26.10.2018 06:39
  0
  575
«А» сериясида янги «А» ёхуд Кьезалар Италияни маҳв этмоқда

Бу йигит ўйинини кўрсангиз, уни алоҳида ёқтириб қолишингиз аниқ. Гап «Фиорентина»нинг янги етакчиларидан бири Федерико Кьеза ҳақида кетмоқда.

Диққатга сазовор лавҳа: СПАЛ- (3:0)га қарши ўйинда Альфред Гомис дарвозасини нишонга олган кичик Кьеза голни «Фио» мухлислари эмас, балки шу куни майдон четига чиққан тўпни қайтариб турган укаси билан бирга нишонлади. Жуда таъсирчан ҳолат...

Кьезалар оиласи Италияни маҳв этмоқда. Ҳа, шундай. Федериконинг отаси Энрико Кьеза ўтган асрнинг охирги йилларида Италия чемпионатида бинойидек тўп сурган ва «Парма», «Фиорентина» ҳамда «Лацио» клублари сафидаги ажойиб мавсумлари билан эсда қолган.

У шунингдек, янги асрнинг бошида Италия қуйи дивизионлари («Сиена» ва  «Фильине» жамоалари)да ҳам чакки таассурот қолдирмаганди. Федерико эса болалигидан худди отасига ўхшаган ҳужумчи бўлишга интилганини бот-бот тилга олади.

Мана, Италия ОАВда ҳозирдан якдил хулоса чиқарилди:  Федерико тараққиёт ва истеъдод бобида аллақачон Энрикодан ўзиб кетди. Чунончи, катта Кьеза 20 ёшли пайти ижара шартномалари асосида клублар аро сарсон юрганди. Федерико эса айни пайт «Фиорентина»нинг асосий ўйинчилари қаторида, у шунингдек, Италия миллий жамоаси аъзоси.

Қолаверса, кичик Кьеза «Манчестер Сити», «Интер», «Ювентус» ва «Севилья» каби топ-клублар эътиборида турибди. Муҳими, йигитча фаолият зинапоялари бўйича юқорилашга унча шошилаётгани йўқ. Ёш иқтидорнинг бундай ёндашувини фақат олқишлаш мумкин.

Ахир эрта чақнаган юлдузнинг кутилмаганда, тезда сўниши футбол оламида кўп кузатилган. «Биринчидан, Флоренцияни яхши кўраман, ҳозирги жамоамни ҳам. Хоҳлаган вақтда кучлироқ клубга йўл олиш мумкин. Бу борада аниқ таклифлар ҳам олдим. Аммо ўйнаш муҳимлигини унутмаслик керак.

«Фиорентина»да етарли амалиётга эга бўлишим ва ўзим хоҳлагандек ўйнашим мумкинлигини яхши биламан. Иккинчидан, ҳозир бошқа жамоага ўтсам, ишим юришиб кетишига кафолат йўқ. Шунинг учун қарор чиқаришда шошилмаслигим керак» - Федериконинг грандлардан бири сафига қўшилиш масаласига ёндашуви шундай.

Бу нега муҳим? Стефано Пиолини «Интер»дан нега истеъфога чиқаришганини биласизми? Агар бу борада маълумотга эга бўлмасангиз, унда «нерадзурралар» раҳбариятига хос консерваторликдан бироз ҳайратланишингиз муқаррар. Пиоли ўзи бош-қарган ҳар бир клубда ўйинни футболчиларнинг оилавий ришталари ва бир-бирларини енгил тушунишлари ҳисобига тузишга урингани билан танилган.

Бироқ бу фалсафа «Интер»­нинг хитойлик соҳибларига сира ёқлади. Улар жамоа бир неча ўйинлик мағлубиятлар сериясига йўлиқишини кутишди ва мавсум-2016|2017 якунида Пиолини дам олишга жўнатишди. Бунда ўз қарорларини қисқа ва лўнда изоҳлашди: «Ўта мулойим ва кўнгилчан мутахассис».

Қарангки, бундай мураббий «Фиорентина» раҳбариятига маъқул тушди. Ўзи Пауло Соуза кетгач, жамоа ўйинчиларни ягона оила қаноти остида бирлаштирадиган шундай хушфеъл мутахассисга эҳтиёж сезаётганди. Тўғри, Пиолининг дебют мавсуми яхши чиқмади: «Фио» зўрға 8-ўринга илинди.

Лекин мураббий янги мавсум олдидан таркибни иқтидорли ёшлар билан тўлдирди ва жамоа энди «А» сериясининг бош кашфиёти мақомига даъвогарлик қилмоқда. Ҳар ҳолда, айни ҳолатда ўйини ҳам, натижаси ҳам чакки эмас. Тўғри, Пиолининг ўзи «Фиорентина»га баҳо беришга ҳали эрта эканлигини таъкидламоқда: «Йўқ, ҳозир турнир жадвалига қараш маъносиз.

Жамоа иштирокига баҳо бериш учун чемпионат якунини кутиш керак. Ҳа, айни пайт бир маромда одимлаяпмиз, лекин ҳали кўп жиҳатлар бўйича ўйин сифатини яхшилашимиз талаб этилади». Жованни Симеоне, Марко Пьяца, Альбан Лафон, Марко Бенасси - аҳил жамоанинг бош юлдузлари. Федерико Кьеза эса, унинг янги етакчиси.

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz