Қайднома

Қидирув

Отабек Зокиров: «Металлург» «Пахтакор»га ўйинни бермайди, бунинг бошқа сабаби бор»

Отабек Зокиров: «Металлург» «Пахтакор»га ўйинни бермайди, бунинг бошқа сабаби бор»

  26.10.2018 11:41
  0
  281
Отабек Зокиров: «Металлург» «Пахтакор»га ўйинни бермайди, бунинг бошқа сабаби бор»

Pepsi Суперлига якунланишига ҳам бешта тур қолди. Чемпионлик масаласи деярли ҳал бўлган кўринади. «Локомотив» ўзи учун кетма-кет иккита мураккаб ўйинда аввалига меҳмонда асосий рақиби «Пахтакор»ни 3:1, кейин эса ўз уйида 3-ўринда бораётган «Навбаҳор»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди.

Бу билан «темирйўлчилар» ўзларининг олий мақсадлари сари анча яқинлашишди. Турнир жадвалининг иккинчи ярмида ҳам кураш қизғин кечмоқда. Кеча 27-турнинг сўнгги учрашувида турнир жадвалида ёнма-ён бораётган «Бухоро» ва «Металлург» клублари ўзаро тўқнаш келишди.

Бундан аввалги турда бекободликлар ўз майдонларида «Бунёдкор»ни қабул қилиб, ўйиннинг асосий вақтига ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Шаҳзод Шайманов урган гол эвазига уч очкони қўлга киритишганди. Бухороликлар эса Наманганда «Навбаҳор»га имкониятни бой беришганди (0:1).

Биз кечаги ўйин олдидан «Металлург» клуби ҳужумчиси Отабек Зокировдан интервью олдик.

- Отабек, бундан аввалги турда «Бунёдкор»ни мағлуб этдинглар. Келинг, суҳбатимизни ана шу қийин ўйинда келган жуда ҳам керакли ғалаба ҳақидаги фикрларингиз билан бошласак.

- Баҳснинг қийин кечиши олдиндан маълум эди. «Бунёдкор» ҳар қандай вазиятда ҳам кучли ўйин намо-йиш этиб келган. Учрашувда уч очко олишни мақсад қилгандик. Охиригача ғалабага ишондик ва интилдик. Менимча, айнан шу ҳолат, яъни сўнгги сонияларгача курашганимиз муваффақиятимизга сабаб бўлди.

- «Металлург»нинг шу кунгача ўтказган иккинчи давра учрашувлари ҳақида умумий фикрингиз қандай?

- Мавсум аввалида клуб раҳбарияти биринчи даврани юқори кайфиятда ўтказиб, якунда кучли олтиликка кириш вазифасини қўйганди. Бу топшириқ уддаланди. Энди иккинчи даврада ҳам ана шу мазмунли ўйинни сақлаб қолишимиз керак эди. Аммо ҳамма учрашувларни ҳам бир текис ўтказа олмаяпмиз. Айниқса, иккинчи давранинг бошланиши қийин кечди.

- Шу нарсани сўрамоқчи бўлиб тургандим. Иккинчи даврадаги бироз ўхшамаётган, қовушмаётган ўйин нима билан боғлиқ?

- Бир нарсани унутмаслик керак, кучли олтилик ўз номига муносиб! Яъни, биз жойлашган гуруҳда оддий жамоалар қолмади. Олтита клубнинг ҳам ўз олдига қўйган улкан вазифалари бор. Шунга қарамай, бу кучли клубларга муносиб қаршилик кўрсатишга, тенгма-тенг ўйнашга ҳаракат қиляпмиз. Бироқ юзага келтирилаётган вазиятлардан фойдаланишда омадимиз келмаяпти.

Умуман, қолган жамоалар ҳам майдонга ютқазаман, очко йўқотаман, деб тушаётгани йўқ. Суперлиганинг қолган ўйинларида ижобий натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун ҳар бир футболчи мураббийнинг кўрсатмаларини тўлиқ бажариб, бехато ўйнашга интилади. Лекин бундай истак бошқаларда ҳам бор.

Чемпионлик ва совринли ўринлар тақдирини ҳал қиладиган учрашувлар энди бошланяпти. Биз ҳам мавсумни имкон қадар юқорироқ ўринда тугатишга уринамиз.

- «Металлург» иккинчи давра доирасидаги ўйинларнинг бирида «Пахтакор»га ўз майдонида йирик ҳисобда ютқазди. Мағлубиятни кутмаганмидинглар?

- «Пахтакор»га қарши кечган ўйинда асосий таркибимизнинг кўплаб футболчилари майдонга тушолмадилар, чунки улар рақиб жамоадан ижарага олинган ўйинчилар эди. Шунинг учун ҳам «Пахтакор» билан баҳсда жамоамизнинг асосан ёш футболчилари майдонга тушади. Мураббийлар мажбурликдан ёшларга ёки ўйин амалиёти кам бўлганларга имконият берадилар.

- «Металлург» «Пахтакор»га қаршилик кўрсатмайди, ўйинни «бериб» юборади, деган гап-сўзларга қандай муносабат билдирасиз?

- Ўйин ҳеч қачон берилмайди. Бу ерда бошқа сабаби бор ва мен буни юқорида айтдим. Ёш таркиб «Пахтакор»дек кучли жамоага етарлича қаршилик кўрсата олмайди. Таркиб оптимал бўлмаганидан кейин қандай қилиб ижобий натижа кутиш мумкин?

- «Металлург»нинг ўйини чиқса, кучли клубларни ҳам мағлуб этишга қодир. Фикримни «Бунёдкор»га қарши ўйин ҳам тасдиқлайди. Лекин оддий жамоалар билан учрашувларда кўпинча ютқазиб қўяди ёки дуранг ўйнайди. Бунинг сабаби нимада?

- Биз учун оддий жамоанинг ўзи йўқ. Ҳар бир рақибга қарши бир хил тайёргарлик кўрамиз. Рақиб танламаймиз, ажратмаймиз, аксинча, ҳурмат қиламиз. Лекин фақат ғалаба қозониш ҳам имконсиз.

- «Металлург»га кўп йиллар давомида Рустам Мирсодиқов устозлик қилди. Жамоанинг ҳозирги бош мурраббийи Андрей Шипиловнинг футбол фалсафаси нимадан иборат экан?

- Биринчи галда тартиб-интизомга эътибор қаратади. Бекободда жуда аҳил ва иноқ жамоа шакллантира олди.

- Отабек, «Металлург»да етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаяпсиз. Бу нима билан боғлиқ?

- Тўғрисини айтсам, ўтган ўйинлар мен учун синов бўлди. Бу билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Ҳа, сиз айтгандек, ўйин амалиёти камроқ. Икки ҳисса куч билан меҳнат қилишда давом этаман. Майдонга кимни туширишни бош мураббий ҳал қилади. У футболчиларнинг қандай ҳолатда эканлигини билади ва табиийки, натижага ҳам жавобгар бўлади.

- «Металлург»га ўтишингиз қай тарзда амалга ошганди?

- Ўша пайт бир нечта жамоалардан таклиф тушганди. Улар орасида «Металлург» ҳам бор эди. Уч-тўрт кун синов бўлди. Шундан сўнг менга шартнома таклиф қилишди.

- Келишув йил охиригача имзоланганми?

- Худди шундай.

- «Локомотив» деярли чемпионликни нақд қилдими?

- Ҳали олдинда ўйинлар бор. Лекин вазиятга реал кўз билан қарасак, «Локомотив» бундай қулай имкониятни қўлдан чиқармаса керак. Боз устига, «темирйўлчилар» асосий рақиблари - «Пахтакор» ва «Навбаҳор»ни мағлуб этишди. Менимча, «чемпионлик ўйини» номини олган учрашув кўп саволларга жавоб берди.

- «Металлург» совринли ўринлардан умидини уздими ёки ҳали курашиб кўрадими?

- Йўқ, кураш охиригача давом этади. Мақсадимиз - чемпионатни ҳозир эгаллаб турган ўрнимиздан юқорироқда тугатиш. Назарий жиҳатдан ҳали имкониятларимиз етарли.

- Вазиятга реал қарасак, имконият «Навбаҳор» ва «Бунёдкор»да кўпроқдек кўриняпти. Сизга ҳам шундай туюлмаяптими?

- Агар клубларнинг турнир жадвалида эгаллаб турган ўринлари ҳамда салоҳиятларига қараб баҳо берадиган бўлсак, сиз айтгандек, рақибларимизда имконият кўпроқдек кўриняпти. Аммо иложсиз нарсанинг ўзи йўқ. Биз ҳам осонликча таслим бўлмаймиз. Охиригача курашамиз.

- Отабек, ўзингиз учун энг яхши ўтган мавсум сифатида қайси йилларни айтган бўлардингиз?

- (бироз ўйланиб) Менимча, 2015-2017 йиллар ёмон ўтмаган. Ўша мавсумларда футболчи сифатида ўсишга эришдим. Афсуски, жорий мавсум мен учун омадсиз келди. Очиғи, ўзим ҳам бунга ҳайронман. Жуда кам ўйин амалиётига эга бўляпман. Лекин бу билан тўхтаб қолганим йўқ, тушкунликка тушмаяпман. Меҳнат қилишда давом этмоқдаман.

- Келаси мавсум учун ҳали режалар тузмадингизми?

- Олдиндан бир нарса дея олмайман. Ҳозир бор эътиборимиз чемпионатнинг сўнгги тур ўйинларига қаратилган. Насиб қилса, ҳаммаси яхши бўлади, деган умиддаман.

- «Металлург»нинг ҳужум чизиғида рақобат шунчалик кучлими?

- Рақобат ўзига яраша бор. Лекин жамоамизда тенгма-тенг рақобатлашса бўладиган футболчилар, хусусан, ҳужумчилар жам бўлган.

- Футболчиларнинг қисқа муддатли шартномалар имзолаётганига нима сабаб бўлиши мумкин?

- Ҳозир Суперлигада деярли 90 фоиз футболчи сиз айтгандек, бир йиллик шартнома имзолаяпти. Келаси йили жамоаларнинг аҳволи қандай бўлади? Бу саволга айни пайт ҳеч ким жавоб бера олмайди. Энг асосий сабаби ҳам шу!

- Клубларга нисбатан ишончсизлик борми ёки аксинча, жамоалар футболчиларга ишонмай қўйганми?

- Ҳар икки вариант ҳам тўғри.

- Шахсан ўзингиз энг кўп муддатга имзолаган шартномангизни айта оласизми? Ўшанда келишув қанча муддатга тузилганди?

- «Нефтчи»да ўйнаб юрган кезларим 3 йиллик битим тузгандик. Ҳозирча фаолиятимда энг узоқ муддатга имзолаган шартномам шу бўлиб турибди.

- «Нефтчи»га қайтган бўлармидингиз?

- Насиб қилса, бир кун албатта, Фарғонага қайтаман. «Нефтчи» футболчилик фаолиятимда алоҳида аҳамиятга эга клуб ҳисобланади.

- «Металлург»да маошларни ўз вақтида оляпсизларми?

- Ҳа, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Кўз тегмасин, ҳаммаси жойида.

- Суперлиганинг янгича формати сизга маъқул келяптими?

- Шахсий фикрим, Ўзбекистон ПФЛ тўғри йўлдан бормоқда. Суперлига чемпионатимизни анча жонлантирди. Айниқса, биринчи босқичда жамоалар кучли олтиликка кириш учун астойдил кураш олиб боришди.

- Лекин ҳозир иккинчи олтиликда деярли «интрига» йўқ. Бунга қандай фикр билдирасиз?

- Қуйи олтиликдаги жамоалар Суперлигада «жон» сақлаб қолиш учун курашишяпти. Улар орасида «Насаф»нинг борлиги ўйинларнинг қизиқарли ўтишини таъминлаяпти.

- Ўзбек футболидаги энг катта муаммолар қаторига шахсан сиз қандай камчиликларни киритган бўлардингиз?

- Менимча, катта камчиликлар йўқ. Келаси мавсум ҳам чемпионатимиз бу йилги тизимда ўтказилса, қизиқарли ўйинлар сони янада кўпаярди. Майдонларнинг ҳолати анча яхшиланди. Ўйинлар кечки пайтларда ўтказиляпти.

- Про-лиганинг савияси ҳақида нима дея оласиз? Бору йўқлиги билинмаётгандек таассурот қолдиряпти. Сизга бу билинмаяптими?

- Суперлигага бериладиган йўлланмалар учун кураш анча муросасиз кечмоқда. Про-лигада «Машъал», «Динамо», «Андижон», «Сурхон» каби жамоаларнинг иштирок этаётгани қуйи дивизиондаги учрашувларнинг ҳам қизиқарли ўтишига замин яратмоқда.

- Суперлигага қайси жамоа йўл олади, деб ўйлайсиз?

- Ҳозир учта жамоада бир хил очко бор. Фикримча, бу масала охирги турларгача очиқлигича қолса керак. Ҳаммаси сўнгги турда ҳал бўлиши мумкин.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz