Қайднома

Қидирув

Марат БИКМАЕВ: «КРАСНИЦКИЙ КЛУБИ АЪЗОСИ БЎЛГАНИМДАН ХУРСАНДМАН»

Марат БИКМАЕВ: «КРАСНИЦКИЙ КЛУБИ АЪЗОСИ БЎЛГАНИМДАН ХУРСАНДМАН»

  27.10.2018 02:04
  0
  288
Марат БИКМАЕВ: «КРАСНИЦКИЙ КЛУБИ АЪЗОСИ БЎЛГАНИМДАН ХУРСАНДМАН»

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Марат Бикмаев КХДР ҳамда Қатар термаларига қарши кечган ўртоқлик учрашувларида жами 3та гол уришга муваффақ бўлганди. «Локомотив» етакчиси кореяликлар билан баҳсда «дубл»га эришди. Кейинги назорат ўйинида эса жамоамиз ғалабасини мустаҳкамлади. Эътиборлиси, бу Бикмаевнинг фаолиятидаги 100, 101 ва 102-голлари сифатида тарихга кирди. Шу тариқа, 32 ёшли футболчи 100 ва ундан ортиқ гол урган футболчилардан ташкил топган Геннадий Красницкий клуби рўйхатидан жой олди. Маълумот учун, тўпурарларни ўзида мужассам этган Красницкий клубига 2010 йилнинг август ойида Ўзбекистон футбол федерацияси (ҳозирги ЎФА) томонидан асос солинган. Ўтган давр мобайнида ушбу клубга ўзбек футболининг машҳур вакиллари аъзо бўлишган. Бикмаевни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, клуб аъзолари сони 37 нафарга етди. Қизиқ томони шундаки, Марат ўзининг 100-голини айнан 37-дақиқада урди. Биз галдаги юбиляр билан учрашиб, ундан интервью олдик.

- Марат, аввало, Геннадий Красницкий клубига аъзо бўлганингиз билан табриклаймиз. Бу соврин сиз учун қанчалик муҳим?

- Жуда ҳам аҳамиятли. Биринчи галда, Геннадий Красницкий афсонавий футболчи бўлган. У ҳақда турли афсоналар ҳам юради. Лекин бу, менимча, айни ҳақиқат. Яъни, Красницкийнинг кучли зарбаларини назарда тутяпман. Америка қитъасида ўтказилган ўйинларнинг бирида у тепган тўп ҳатто дарвоза тўрини тешиб ўтган экан. Матбуотда бу ҳужумчимизга Москванинг гранд жамоалари оғиз солгани, лекин у садоқат билан «Пахтакор»ни тарк этмагани ҳақида кўп ўқиганман. Бир неча йил давомида собиқ иттифоқ термаси таркибида тўп сурган. Мана шундай афсонавий футболчи номига таъсис этилган совринга эга чиққанимдан ўзимда йўқ хурсанд бўлдим. Биласизми, голларим сони 90тага етган пайтда танишларимдан бири шу маълумотни менга айтиб, «Марат, озгина ҳаракат қилсанг, 100лик довонни забт этасан», деганди. Ана ўша кичик суҳбатдан сўнг Геннадий Красницкий клуби ҳақида маълумотга эга бўлганман ва табиийки, унга киришга астойдил ҳаракатни бошлаганман. Шахсий фикрим, бу клуб аъзосига айланиш учун 100та гол уриш бўйича қўйилган талабни ошириш керак. Ҳеч бўлмаса, 150та тўп киритган футболчи мазкур клубга қабул қилиниши лозим. Шундагина футболчиларда, айниқса, ҳужумчиларда интилиш янада юқорироқ бўлади.

- КХДРга қарши ўйин олдидан сизни бу клуб аъзолигидан бор-йўғи битта гол ажратиб турганини билганмидингиз?

- Ҳа, хабарим бор эди. «Бухоро» билан ўйин арафасида кимдир мени бу борада огоҳлантирганди. Ўшанда голларим сони бир кам юзтага етганди. Лекин 99-голни Сурияга қарши кечган ўртоқлик учрашувида пенальтидан урдим. Ундан аввалги голларимдан бехабар эдим. Чунки бор эътиборим чемпионат ва кубок баҳсларига қаратилганди. Бу ҳақда ўйлашга фурсат ҳам йўқ эди.

- Сиздан аввал ушбу клуб аъзоси кимлар бўлгани билан қизиқдингизми?

- Адашмасам, Фарҳод Тожиев, Улуғбек Бақоев киритилганди. Балки адашаётгандирман. Лекин бу футболчилар Геннадий Красницкий клубига қабул қилинганидан хабардорман. Ундан аввал Игорь Таран ҳам 100та гол урганди.

- Умуман олганда, ўз статистикангиз билан қизиқасизми? Масалан, олий лигадаги 50-ўйин ёки голингиз...

- Йўқ. Афсуски, бу статистика билан қизиқмаган эканман. Футболчининг вазифаси майдонда борини бериб, жамоаси муваффақиятига ҳисса қўшишдан иборат. Шундан бўлса керак, шахсий кўрсаткичлар иккинчи даражага тушиб қолгандир. Матбуотда эълон қилинган пайтда бу ҳақда эшитиб қолардим. Ёки танишларим маълумот беришарди. Билишимча, «Локомотив» таркибида ўтказган ўйинларим сони 100тадан ошди. Голларим эса 70тага яқинлашиб қолди. Кучим бор экан, жисмоний ҳолатим имкон бераркан, ўйинларим ва голларим сонини ошириб боришга астойдил ҳаракат қиламан. Ҳали фаолиятимни якунлаш ҳақида ўйлаётганим йўқ.

- Миллий жамоадаги биринчи ўйинингиз эсингиздами?

- Дебютим Фаластин термасига қарши учрашувда рўй берган. Аниқ санасини эслай олмаяпман, аммо ўша ўзим учун тарихий бўлган ўйинда рақиб дарвозасини ишғол қилгандим. Владимир Шишелов ассистент вазифасини бажарганди. Мазкур баҳснинг қандай кечгани кечагидек ёдимда.

- Бош жамоамиздаги ўйинларингизда сиз учун энг яхши шерик қайси футболчи бўлган?

- Фаолиятимнинг катта қисмини ўнг қанот вингери сифатида ўтказганман. Шу боис ҳам ҳужумларни кўпроқ ўзим бошлардим. Ўша пайтларда асосан ўзим шерикларимнинг голларига ассистент вазифасини бажарардим. Соф ҳужумчи ролида ўйнаган пайтларимда эса кўпинча Максим Шацких, Александр Гейнрих ва Улуғбек Бақоев мен учун майдонда, яна ҳам аниқроғи, ҳужум чизиғида жуда яхши шерик бўлишган.

- Қатар ва КХДР билан ўйинларда ишончли тарзда ғалабага эришдик. Лекин бу муваффақиятни бир ярим йилга яқин вақт кутишимизга тўғри келди. Шундай нохуш серия давом этаётганидан хабардормидинглар?

- Ҳақиқатан ҳам, «қора анъана» анчадан бери давом этаётганди. Ўнта учрашувдан бери ғалаба нималигини билмаётгандик. Тўғри, қачондир нохуш серияга барҳам берилиши керак эди. Лекин жуда чўзилиб кетганди. Ҳамма футболчилар буни билиб туришганди. Боз устига, Эктор Купер миллий жамоага яқиндагина бош мураббий этиб тайинлангани сабабли ҳам ундан натижа талаб қилиб бўлмасди. Аргентиналик мутахассис ўзбек футболини аста-секин ўрганмоқда. Термага номзод футболчиларни ҳали яқиндан билмайди. Танишиши, кимнинг имконияти қандай эканлигини билиб олиши учун эса вақт керак бўлади. Кўпчилик Купернинг тактикасини тан-қид қилмоқда. «У ҳимоявий ўйинни яхши кўрар экан, шу услубидан воз кечмаяпти» каби гап-сўзлар қулоққа чалиняпти. Лекин ўйлашимча, бу нотўғри фикр. Чунки ҳар қайси мураббийга ҳам вақт керак бўлади. Шунинг учун, шахсан мен Купер бошчилигидаги биринчи йиғинимизни танишув деб атаган бўлардим. Мураббий миллий жамоа аъзолари, футболчилар билан яқиндан танишиб чиқди. Шундан бўлса керак, Эрон ва Сурияга қарши кечган ўйинларда натижа биринчи ўринга қўйилмади. Дуранг ва мағлубиятни жиддий қабул қилмаслик керак. КХДР ва Қатар билан учрашувларга келибгина ўйин-да ҳам ўзгариш кузатилди, табиийки, натижа ҳам шунга монанд бўлди. Айниқса, Қатарга қарши баҳсда ноқулай об-ҳаво шароити ҳукм сурганига қарамай, ғалаба қозондик. Фикримча, стадионга келган мухлислар совуқни ҳам унутиб, якунда уйга аъло кайфиятда қайтишди. Ўз навбатида, биз - футболчилар аста-секин мураббийнинг нима талаб қилаётганини тушуна бошладик.

- Айнан шу нарсани сўрамоқчи бўлиб тургандим. Тўртинчи ўйинга келиб Эктор Купернинг тактикасини тушуниб олдингларми?

- Мураббий биринчи галда жамоамизнинг мудофаа чизиғини мустаҳкамлашга эътибор қаратди. Бу қарорни қўллаб-қувватлайман. Чунки ҳимояда муаммолар бўла туриб, ҳужумга ўтиб кетиш қандай оқибатларга олиб келишини бундан аввалги ўйинлар исботлаганди. Тўғриси, бошида Куперни тушунмадик, нима талаб қилаётганини англаб етмадик. Қаёққа югуришни билмадик. Ўтказилган тўртта ўйиндан сўнг мураббийнинг тактикасини тушуниб олдик. Ҳозир бор эътиборимиз Осиё кубогига қаратилган. Келгуси йил бошида ўтадиган турнирда ҳеч кимга осон бўлмайди. Қитъа мусобақаси арафасида ташкил этиладиган ўртоқлик учрашувлари орқали жамоавий ўйинни янада яхшилаб боришга интиламиз. Ноябрь ойида Австралияда ўқув-машғулот йиғинимиз бор. Унинг доирасида бир нечта назорат баҳслари ҳам ўтказилади. Учрашувлар сони қанчалик кўп бўлса, мураббийнинг кўрсатмаларини яхшироқ англаш, бир-биримизни тушуниб ҳаракат қилиш шунчалик осонлашади.

- Купер қаттиққўл мураббий эканми?

- Ўта талабчан. Футбол мавзусида жуда қаттиққўл. Машғулот ва ўйинларда ҳеч ким билан муросага келмайди. Яъни, ўзининг қарашларини сингдиришга уринади. Тартиб-интизомни биринчи ўринга қўяди. Ҳеч ким машғулотга кеч қолмаслиги керак. Интизом жорий қилинган жойда натижа ҳам бўлади. Майдон ташқарисида эса хушмуомала. Ҳазиллашишни хуш кўради.

- Купернинг ёрдамчилари ҳам ўз ишининг профессионаллари эканми? Машғулотларда кучли мутахассис эканлиги билиняптими?

- Ҳа, назаримда, Купер ёрдамчиларни танлашда адашмаган. Айниқса, жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий жуда кучли экан. Қолган мутахассислар ҳақида ҳам шундай фикрдаман. Шу уч нафар ассистенти машғулот жараёнига масъул бўлишяпти. Кунлик машқлар режасини Купер билан маслаҳатлашган ҳолда тузиб чиқишяпти ва ўтказишяпти. Назарий машғулотни эса Экторнинг ўзи олиб боради. Бош мураббий бу ёрдамчилари билан, неча йилдирки, ҳамкорликда ишлаяпти. Табиийки, улар бир-бирларини анча яхши тушунишади.

- Яна юқоридаги мавзуга қайтамиз. Кўпчилик ҳимоявий тактикани танқид қилди. Лекин ҳозир шу нарса аён бўлдики, КХДР ва Қатар билан ўйинларда биз ҳужумкор футбол томоша қилдик. Тўғрими?

- Худди шундай. Кўпчилик КХДРни кучли рақиб сифатида кўрмади. Қатар ҳам 2-3 нафар етакчи футболчиларини олиб келмади, дейишди. Яъни, айрим мухлислар рақибларга паст назар билан қарашди. Менимча, бу фикрлар нотўғри ва бир томонлама янграган. Ҳозир қитъамизда футбол жуда кучайди. Бир пайтлари Осиё чемпионати финал босқичига чиқолмаган жамоалар бугунги кунда мундиал йўлланмалари учун курашишяпти. Ҳали кўрасиз, январь ойида ўтказиладиган Осиё кубогида рақобат жиддий кўриниш олади. Биласизми, Купер КХДР билан ўйиндан кейингина олдинги чизиқ вакиллари билан алоҳида дастур асосида ишлади, ҳужумчилар учун шахсан ўзи машғулот ўтказди. Унгача бўлган машқларда асосий эътибор ҳимояга қаратилганди. Қатар билан ўйин олдидан ҳужумчилар қайси вазиятда қандай ҳаракат қилишигача кўрсатиб берди.

- «Миллий» стадиони майдонининг сифатини деярли барча футболчилар танқид остига олишди. Сиз ҳам шу фикрдамисиз?

- Қисман қўшиламан. Бундай де-йишимга сабаб, иккала жамоа ҳам бир хил шароитда ўйнади. Шу жиҳатдан фикрим бироз ўзгача. Лекин бугунги тезкор футбол яхши майдонларни талаб қилади. Сифатсиз чим устида мазмунли ўйин кўрсатиш мумкинми? Мамлакатнинг марказий стадионидаги майдон ҳолати бундай бўлмаслиги керак. Шундай маҳобатли, кўркам аренага сифатсиз чим ярашмайди. Чунки футболчининг жароҳат олиш эҳтимоли ошади, тўпни назорат қилиш қийинлашади. Ўйлайманки, кейинги ўйинларда ЎФА бу масалани кўриб чиқади.

- Осиё кубогидаги рақибларимиз ҳақида нима дея оласиз?

- Юқорида айтганимдек, қитъа чемпионати барча иштирокчи жамоалар учун осон кечмайди. Гуруҳимизда асосий рақиб Япония термаси бўлиб кўриниши мумкин. Лекин Туркманистон ва Уммон ҳам қараб турмайди. Биздан очко тортиб олишга ҳаракат қилади.

- Марат, ўз вақтида Россиянинг «Крилья Советов» клубида ўйнагансиз. Айтинг-чи, Самарага боришингиз қандай амалга ошганди?

- Агентим Марк Трабукке таклифи ва тавсияси билан у ерга йўл олганман. Бир ой давомида «Крилья Советов» йиғинида иштирок этдим. Ўша пайт жамоа бош мураббийи Гаджи Гаджиев бўлган. Назорат учрашувларида гол урганимдан кейин Гаджи Муслимовичнинг ўзи қолишимни айтган. Миржалол Қосимов ҳам ушбу клубда тўп сурган. Шундай жамоада ўйнаганимдан хурсандман.

- Ўша таркибдан ҳозир ким ҳамон ўйнаяпти?

- Менимча, ҳеч ким. Футболчилик фаолиятини якунламаганлардан фақат мен қолган бўлсам керак (кулади).

- Эски жамоадошлар билан қўнғироқлашасизми? Гаджи Муслимович билан-чи?

- Икки-уч нафар дўстларим бор. Улар билан телефон орқали гаплашиб турамиз. Гаджиевни эса анчадан бери кўрмадим.

 

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди, InterFUTBOL газетаси

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz