Қайднома

Қидирув

КЎТАРИНКИ «КЎК» КАЙФИЯТ ёки яна Эден Азар ҳақида билмаганларимиз...

КЎТАРИНКИ «КЎК» КАЙФИЯТ ёки яна Эден Азар ҳақида билмаганларимиз...

  27.10.2018 04:59
  0
  553
КЎТАРИНКИ «КЎК» КАЙФИЯТ ёки яна Эден Азар ҳақида билмаганларимиз...

- Бирор футболчи жамоадаги ўрни борасида ҳеч қачон хотиржам бўлолмайди. Фақат Эден Азар бундан мустасно - «Челси» уни ҳеч ким билан алмаштирмайди! - бельгиялик футболчининг Лондон клубида нечоғли муҳим ўрин тутишини «кўклар» ҳимоячиси Антонио Рюдигер шундай эътироф этганди. Ярим ҳимоячининг ўзи эса бунга оддий муносабат билдирди: «Биламан, агар кўнгилдагидек тўп сурсам, «Челси»нинг ўйини яхши чиқади». Лекин «Челси» олдидаги муаммо шуки, еврофутбол грандлари ўртасида Азарга талаб катта ва жамоа ўзининг энг порлоқ юлдузини сақлаб қолиш учун астойдил уриниши керак.

Жамоанинг қимматбаҳо вакили

Айни пайт Эден Азарнинг трансфери 120 млн. еврога баҳоланмоқда - бу футболчининг бутун фаолиятидаги энг юқори нуқта. Ҳа, Неймар ёки Килиан Мбаппе трансфери билан таққослаганда, сумма ўта баланд эмас. Мана, бельгияликнинг «Реал» сафига қўшилиш қиссаси бир неча йилдан буён тўхтаётгани йўқ. Лекин «Челси» ҳар сафар қандайдир йўллар билан уни сақлаб қоляпти. Европанинг 2000 йилги тенгсиз футболчиси, ҳозирда «Интер» элчиси сифатида ишлаётган Луиш Фигу бундан ҳайрон: «Агар «нерадзурралар»да шундай имкониятлар бўлганида, Азарни аллақачон Миланга олиб келишарди. «Реал»ни сира тушунолмаяпман. Ахир Эденгина Мессига муносиб рақобат тақдим эта олиши яққол кўриниб турибди-ку». Лондон клуби 6 йил муқаддам 21 ёшли Азар учун 40 млн. евро тўлаб, ярим ҳимоячига бефарқ қарамаган Алекс Фергюсонни доғда қолдирганди. «2012 йили 34 млн. фунт футболда катта сумма эди. Боз устига, агент учун яна 6 «лимон» тўлаш талаб этиларди. Бизда эса шунча маблағ топилмади. Энди Эден Азардек ўйинчи учун бу арзимас баҳо бўлиб қолди. Аммо ўша пайт шунча пулга икки нафар савияли футболчи харид қилиш мумкин эди», -деди сэр Алекс кейинчалик.

«Лилль» клуби собиқ мураббийи Руди Гарсиянинг айтишича, Роман Абрамович ҳужумчи - Жервиньо орқали Азар билан боғланиб, унга 3 баравар кўп маош ваъда қилган. Футболчининг ўзи Жервиньо ва Дрогба билан гаплашгани, айнан Дидье унга маслаҳат берганини тан олганди. Майли, эҳтимол шундайдир, асосийси, ташаббус кимдан чиққани маълум. Зеро, Азар тез орада ҳаммасига нуқта қўйганди: «Абрамович билан учрашиб, мақсадларимиз муштарак эканлигига амин бўлдим. У очиқ-ойдин гапирди. Шундан кейин қатъий қарорга келдим». Хуллас, «аристократлар»нинг россиялик соҳиби шу тариқа ўзининг энг қимматбаҳо жавоҳирига эга бўлди. Жамоа Азар ёрдамида 2 марта Англия чемпиони мақомига эришди, шунингдек, мамлакат ва Лига кубогида ғалаба қозониб, ЕЛда зафар қучди. «Челси» шу давр оралиғида 6 нафар мураббий қўлига ўтди, Фрэнк Лэмпард ва Жон Террини кузатиб қўйди, Моуриньо -Карнейро, Конте - Коста можароларини кўрди. Муҳими, бу алғов-далғовлар Азар - «Челси» ҳамкорлигига путур етказолмади. Аксинча, жамоа мураккаб вазиятдан ортиқча харажатларсиз чиқиб кетди. Яна бир факт: Эден 6 йил ичида атиги 1 марта - 2015|2016 йиллар мавсумида омадсизлик «кўчаси»га кирди, холос. Қизиқ, балки бу шунчаки, тасодифдир, лекин бельгиялик футболчи Моуриньонинг айнан 3-мавсумида суст ўйнади. Қолган барча мавсумларда барқарор тўп суриб, «Гол}пас» тизими бўйича ўртача ҳисобда 22 баллдан тўплади. Қисқаси, бельгиялик жавоҳир - «Челси» учун голлар булоғи!

«Олма»дан тўкилган «олма»

Эденнинг ноёб иқтидори болалигидаёқ яққол кўзга ташланганди. Чунончи, унинг ота-онаси, шунингдек, бобоси ҳам футбол билан профессионал даражада шуғулланишган. Карин Азар ўз жамоаси раҳбариятини ҳомиладорлиги ҳақида огоҳлантирганида, бош мураббий шундай деган экан: «Аввало, Яратгандан ўғил фарзанд сўра. У 3 ёшга тўлганида тўп совға қил, кейин футбол мактабига бер. Терма жамоадан ҳужумчи қарздорсан. Билиб қўй, ўғлинг маҳорат бобида Шифодан кам бўлмасин!» Қарангки, Эден 27 ёшга тўлгунича футбол бобидаги барча кўрсаткичлар бўйича машҳур ватандошидан ўзиб кетди. Оддий ифода этганда, олма дарахтидан албатта, олма тўкилиши ўз исботини топди. Чинакам ОЛМА! «Болалигимда футбол сирларини Роналдиньо роликларини томоша қилиш орқали ўрганардим», - дейди Эден. У укаларини жалб этиб, хона ичида шуғуллангани боис, синган идиш-товоқлар жаранги тез-тез эшитилиб турарди. Бундай моддий зарар тез орада ўз самарасини берди - дриблинг Азарнинг асосий қуролига айланди. Дейлик, Бельгия термаси етакчиси шу йил бошида бу масалада ҳаттоки, Лионель Месси ва Неймардек уста дриблингчилардан ҳам ўзиб кетди. У хусусан, ЖЧ-2018 доирасида бўлган Бразилия - Бельгия учрашувида 10 марта самарали алдамчи ҳаракатни амалга ошириб, рақиб сафидаги барча футболчиларнинг умумий натижаси билан тенг кўрсаткичга эришди! Асосийси, бельгиялик ярим ҳимоячи худбинлик иллатидан мутлақо йироқ. Унинг бу фазилатини Антонио Конте ҳам пайқаганди: «Баъзан Азар учун битта гол етарлидек туюлади. Чунки яна гол уриш имконияти юзага келганига қарамай, тўпни жамоадошларига узатишга интилади. Ваҳоланки, ўзи ўта қулай вазиятда турган бўлади. Дейлик, Роналду бундай эмас, битта гол урса, уни 2та қилишни истайди, 2та урса, янада кўпроғига интилади. Месси ҳам шундай...». Хуллас, аслида Азар бунданда сермаҳсулроқ ўйин кўрсатишга қодир. Фақат бу юксалиш қайси жамоада рўй бериши ҳозирча жумбоқ бўлиб қолмоқда.

Олийжаноб йигит

Умуман, Эден яна кўплаб фазилатлари билан айрим суперюлдузлардан яққол ажралиб туради. Азар жамоа учун таҳликали 2016 йили мутасаддилар Антонио Контедек жиловни тортишга уста номзодни топиб улгуришган пайт ҳам кетиш ҳақида ўйламади. Нега, биласизми? Марҳамат, матбуотдан олинган хабар билан танишинг: «Бельгиялик футболчи «кўклар»нинг бўлажак бош мураббийига яна бир мавсум қолишини маълум қилди. Тан олиб айтишича, у жорий мавсум ўз савияси даражасида ўйнолмаган ва бу айбини янги чемпионатда ювишга қарор қилган». Неймарнинг мураббийларга нисбатан инжиқ табиати ёки Мессининг бошланғич таркибни ўзи белгилаш одатидан келиб чиқсак, Азар  - олижаноб ва бебаҳо футболчи!  Аввалги йилнинг қиш кунлари, яъни Контенинг Лондондаги фаолияти якунланаётган паллада Эден бир оёғи билан «Реал» остонасида турганди. Бироқ бу сафар ҳам Абрамович енгилмас ғов бўлди. У Азар билан юзма-юз ўтириб, унга жамоанинг «белги»си эканлиги, кетиши «Челси» учун қақшатқич зарба бўлишини тушунтирди. Бундан ташқари, Эденнинг йиллик маошини 17 млн. еврога кўтаришга сўз берди. Футболчи аввалига ҳужжатга имзо чекмади, лекин якунда жамоада қолди. Бельгияликнинг амалдаги шартномаси 2020 йили ниҳоясига етади, клуб соҳиби эса уни имкон қадар кўпроқ муддатга олиб қолиш йўлларини қидириш билан банд. Мавсум-2017|2018 якунига кўра, «Челси» ЧЛдан четда қолгач, Роналду ўрнига муносиб ижрочи қидираётган «Реал» ниҳоят, мақсадига эришадигандек туюлди. Бироқ «Қироллик клуби» яна чапак чалиб қолаверди - «аристократлар» италиялик ижодкор мураббий Маурицио Саррини Лондонда ишлашга кўндиришди, Азар эса айнан у билан ҳамкорлик қилишни маъқул кўрди. Қолаверса, Эден ҳурмат қиладиган Зайниддин Зидан бу паллада мадридликлар билан хайрлашганди.

«Сарризм» истиқболи

Италиялик ижодкор мутахассис «Челси» тактикасини тубдан ўзгартирди. Бу айниқса, Эден учун ажойиб янгилик бўлди. Бинобарин, мураббий ва Азарнинг футболга оид тушунчалари деярли бир хил. Сарри услуб бўйича шафқатсиз режими билан машҳур Контега ҳам, дарвоза олдида «автобус» қўйишни хуш кўрувчи «Беназир»га ҳам ўхшамайди. Янги бош мураббий бельгиялик шогирдига шундай таъриф бермоқда: «Азарда ўйнашга иштиёқ уйғотиш жуда осон. Унга шунчаки, майдонда завқ олиш имкони берилса, бас. Эден мазмунли футбол шайдоси. Шу сабабли ўртамизда муаммо йўқ». Айни пайт «Челси»нинг асосий рақобатчиларида муаммолар етарли. Улар тутқич бермас бельгияликнинг АПЛдан кетишини интиқлик билан кутишмоқда. «Яширмайман, ЖЧдан кейин жамоани алмаштириш ҳақида ўйладим. Ҳарқалай, Испанияда тўп суриш орзусидан ҳали воз кечган эмасман. Лекин раҳбарият ва мураббий билан мулоқотдан сўнг қолишга аҳд қилдим», - дейди Азар. Унинг Лондондаги фаолияти чўзилган сайин «Балки энди ҳеч қаерга кетишига ҳожат йўқдир?» қабилида савол бот-бот кўндаланг бўлмоқда. Дарҳақиқат, Азардек маҳорат соҳиби атрофида буюк жамоа шакллантириш мумкин. Сарри табиатан изланувчан мутахассис ва бу вазифани бемалол уддаласа керак. Қолаверса, «Реал»га ўтиш бир қатор ноёб иқтидор соҳиблари фаолиятини издан чиқарганини унутмайлик. Азар эса Лондонда «кўклар»нинг энг яхши ўйинчиси сифатида тарихга кириш имконига эга. Кўплаб мутахассислар ҳозирнинг ўзида уни буюклар қаторида тилга олишади. Тўғри, Лэмпард ва Дрогбадек афсоналар статистика бобида анча олдинда. Боз устига, улар ЧЛда ҳам ғалаба нашидасини суришган. Азарни биринчи навбатда, шу жиҳат қизиқтириши лозим. Фрэнк «Челси» сафида 13 йил тўп сурган, Дидье эса 11 мавсум. Эден энди йўлнинг ярмини ортда қолдирди. Демак, турли рекордларни янгилаб, «аристократлар» тарихидаги энг ёрқин юлдузга айланиш учун ажойиб имконият ўзининг измида!

 

Эден Азарнинг барча турнирлардаги

Статистикаси

Мавсум           Мураббий                   Ўйин    Гол

 

2018|2019         Маурицио Сарри         10        8

2017|2018         Антонио Конте 51        17

2016|2017         Антонио Конте 43        17

2015|2016         Жозе Моуриньо,         43        6

                        Гус Хиддинк

2014|2015         Жозе Моуриньо          52        19

2013|2014         Жозе Моуриньо          49        17

2012|2013         Роберто ди Маттео,    62        13

                        Рафаэль Бенитес

Жами:                                     310       97

-------------------------------------------------

Изоҳ: 8 октябрь ҳолатигача.

 

«Челси» рекордчилари

Футболчи                   Ўйинлар

                                    сони

Рон Харрис                 795

Питер Бонетти 729

Жон Терри                  717

Фрэнк Лэмпард           648

Жон Холлинс  592

 

«Челси» рекордчилари

Футболчи                   Голлар

                                    сони

Фрэнк Лэмпард           211

Бобби Тэмблинг          202

Керри Диксон  193

Дидье Дрогба  164

Рой Бентли,                150

Питер Осгуд

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz