Қайднома

Қидирув

Франк Риберининг дардли ўтмиши ҳақида сўзлайди...

Франк Риберининг дардли ўтмиши ҳақида сўзлайди...

  29.10.2018 04:37
  0
  993
Франк Риберининг дардли ўтмиши ҳақида сўзлайди...

«Бавария» ёки Франция термаси мавзусида гап кетганида, бу футболчи ҳам албатта тилга олинади. Унинг яшил майдондаги ютуқ ва камчиликларини озми-кўпми биламиз. У билан шахсан таниш эмаслигим боис, ташқи кўринишига қараб ўта жанжалкаш, безори йигит деб ўйлардим. Аслида, юзидаги чандиғи ярим ҳимоячининг болалигида рўй берган жиддий, лекин хайр­ли автоҳалокат асорати экан. Ҳикоямиз Франк Риберига бағишланганини фаҳмлаб улгурдингиз, деб ўйлайман. Келинг, тиришқоқ ярим ҳимоячи босиб ўтган йўл билан унинг ҳикояси орқали танишамиз.

«Олтин тўп-2013»

- Уни том маънода ўмаришди. Бунга ақл бовар қилмайди. Ўша йили барча совринларни ўзимники қилгандим. Бундан ортиғи имконсиз эди. Менга нисбатан адолатсизлик қилишди. Ўз юртим мени қўллаб-қувватламади. Французлар танловда Роналду ғолиб чиқиши керак, дейишганига ўзим гувоҳ бўлганман. Айтинг-чи, португалияликлар Рибери ёки Месси учун овоз беришармиди? Албатта, йўқ! Менимча, бу сиёсатдан ўзга нарса эмас. Бу - нотўғри. Ҳар бир футболчи қулоғига қуйиб олсин - Месси ва Роналду бор жойда учинчи номзод ортиқча.

Собиқ ихтисоси

- Ҳаётда мураккаб даврларни бошдан кечирдим. Лекин бебаҳо сабоқлар учун тақдиримдан миннатдорман. Нима истаётганимни доимо яхши билардим ва унга эришишга интилардим. Бир куни қарзларим кўпа­йиб кетгач, банк менга пул бермай қўйди. Оқибатда бошқа иш топишга мажбур бўлдим. Кўп ўйлаб ўтирмай, отам каби йўл қурилишида ишлай бошладим. Вазифам асфальт пишириш ва кўчанинг таъмирталаб қисмини созлаш эди. Анчагина тер тўкишга тўғри келганди. Қарздан бўлак ҳеч вақом қолмаган пайтда бўлажак турмуш ўртоғим билан танишдим. Тўйга пулим бўлмаган мураккаб вазиятда Воҳиба катта ёрдам берди.

Хайнкес

- У жамоага соф ҳаво бахш этди. Ҳаммамизни бирлаштириб, ўз кучимизга бўлган ишончни қайтарди. Ушбу мутахассис нимани уддалай олишимни яхши билади. Илк бора учрашганимизда қучоқлашиб кўришдик. Шундан бери самимий муносабатдамиз: ўзаро ҳурмат, ишонч ҳеч қачон йўқолган эмас.

Автоҳалокат

- Мен жуда кичкина, тахминан 2 ёшда эдим. Ҳаммаси бир зумда юз берди. Ёдимда қолгани - автомобилнинг олд ойнасидан учиб кетганим. Кейин шифохонада ҳушимга келдим. Отамнинг серташвиш юзи ҳанузгача ёдимда. Лекин энг муҳими, соға­йдим! Шу асоратлар билан ўсиб-улғайдим. Ҳалокатдан кейинги воқеалар кучимга куч қўшарди. Юзимдаги чандиқлар туфайли жуда кўп жиғимга тегишарди. Болаларнинг мазах қилишлари ўз йўлига, энг даҳшатлиси, катталар ҳам доимо ола қарашарди. Оила аъзоларимга ҳам осон бўлмади. Кимдир менга узоқроқ тикилиб қолса, отам ёхуд онам безовталаниб, норозилик билдиришарди. Ўша мушкул паллада руҳан кучли ва ақлли бўлмаган киши ўлиб қолиши мумкинлигини тушуниб етдим. Ўзимни фақат ўзим қутқара олардим. Ана шу зарурат сабаб янада кучлироқ бўлдим. Синфдошларимнинг ота-оналари устимдан кулишларини ҳам яхши билардим. Бу ўта шафқатсизлик эди. Айниқса, ёшлик чоғимда. Бироқ ҳеч қачон йиғламаганман.

Маблағ

- Пулга қизиқмаганман. Фаровон ҳаёт кечиришда у муҳим аҳамиятга эга, албатта. Лекин шахсан мен учун маблағ ҳеч қачон биринчи ўринда бўлмаган. Мўмай даромад илинжида бошқа клубга ўтишни хаёлимга ҳам келтирмайман.

Ўзгаларга кўмаклашиш

- Ўзимни очиқкўнгил йигит, деб ҳисоблайман. Доимо атрофдагиларга нимадир бергим келади. Муваффақиятимни омади юришмаганлар билан баҳам кўришни истайман. Оила аъзоларим ва дўстларимни бахтиёр кўриш менга завқ беради.

«Бавария»

- Бу гапни кўп такрорлаганман: «Бавария» - Европадаги сўнгги жамоам. Имкони борича унинг шарафини узоқроқ ҳимоя қилиш ниятидаман. Бу ерда оилам ўзини бахтиёр ҳис этмоқда. Фаолиятимни якунлагач, «Бавария»да мураббийлик қилмоқчиман. Лекин фақат ёшлар билан ишлайман.

Месси

- Уни бутун дунё кузатмоқда. Лео - сайёрамиздаги энг яхши ўйинчилардан бири. Аммо мен ҳеч қачон унга ўхшашга интилмаганман. Орзу қилишга фақат «Олтин тўп» мажбур эта олади. Агар сиз чинакам профессионаллар тоифасидан бўлсангиз, совринлар ҳақида ўйлашингизга шубҳа қилмайман.

Ота

- Менга отамнинг жуда кўп ёрдами теккан. У доимо қўллаб-қувватларди. Тўғри, характеримни ўзим тобладим. Отам мени ҳаётдаги энг буюк неъмат - болалар эканига ўргатди. Мана шу сабоғи жуда кўп асқотди. Бунинг учун ундан миннатдорман.

Овқатланиш

- Алкоголь ва гўштни умуман истеъмол қилмайман. Ҳаётда ҳам, футболда ҳам.

Мотоциклга муҳаббат

- 2-3 соат мириқиб газни боссанг, миянг барча ножўя фикрлардан фориғ бўлади.

Болаликдаги кроссовкалар

- Иттифоқо, мактаб мавсуми арафасида онам менга янги кроссовка олиб берди ва унинг ўта қиммат эканлиги, авайлаб кийишим кераклигини айтди. Бу пойабзални фақат мактабга борганимда кияр ва қайтиб келгач, дарров ечиб қўярдим. Тўп тепишда эса эскиларидан фойдаланардим.

Луи ван Гал

- Бу мутахассисни футболчиларнинг номлари мутлақо қизиқтирмасди. Унга юлдузлардан кўра натижа муҳимроқ эди. Шу сабабли ҳар бир шогирди ўз устунлигини қайтадан исботлашини хоҳларди. У билан дастлабки учрашувим кўнгилдагидек ўтмади. Бундай кезларда футболчининг ўзига бўлган ишончи сусаяди. Ҳа, яшил майдондаги ван Гал хусусида гап бўлиши мумкин эмас. Аммо мураббий сифатида яхши инсон эмасди.

Гвардиола

- Хосеп - ажойиб мутахассис! Айнан арзимас икир-чикирлар жамоани янада кучлироқ қилишини у жуда яхши билади. Ўйинни ўша лаҳзанинг ўзида мукаммал таҳлил қилади. Бу - Пепнинг асосий устунлиги. Унинг тўпни назорат қилиш ва юқори прессинг услуби ҳужумкор футболчиларга мос келади. Шу тариқа уларда рақиб дарвозасига яқинроқ ҳудудда кўпроқ тўп суриш имконияти туғилади. Лекин рақибнинг тезкор қарши ҳужумларидан эҳтиёт бўлиш керак. Шу талабни уддалай олган жамоа албатта мақсадига етади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz