Қайднома

Қидирув

Мақсадимиз - ҳимоя қилиш ёхуд «Бавария» ўз футболчилар, мураббийини хафа қилдириб қўймайди...

Мақсадимиз - ҳимоя қилиш ёхуд «Бавария» ўз футболчилар, мураббийини хафа қилдириб қўймайди...

  30.10.2018 04:42
  0
  520
Мақсадимиз - ҳимоя қилиш ёхуд «Бавария» ўз футболчилар, мураббийини хафа қилдириб қўймайди...

Мюнхен клуби раҳбарлари бир-икки ҳафта олдин махсус матбуот анжумани ташкил этиб, журналистларга айблов қўйишди: «Сизлар футболчиларни танқид қилишда меъёрни унутиб қўймоқдасиз...».

Гап шундаки, «Бавария» Бундеслигада кетма-кет 2 марта мағлубиятга учраб, турнир жадвали 6-қаторига сурилганидан кейин Германияда бош мураббий Нико Ковач истеъфога чиқарилиши ҳақида баралла гапира бошлашди. ОАВ вакиллари хорват мутахассиси ўрнига муносиб номзод қидиришни ҳам пайсалга солишмади.

Дейлик, «Бавария» раҳбарияти Юпп Хайнкесни ортга қайтариш вариантини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзилди, Арсен Венгерга мурожаат қилингани ҳам баён этилди. Натижада мюнхенликлар ўтган жума куни махсус матбуот анжумани уюштириб, вазиятга ойдинлик киритишни лозим топишди.

Тадбирда «Бавария»нинг барча раҳбарлари - Ули Хёнесс (клуб президенти), Карл-Хайнц Румменигге (бошқарув кенгаши раиси), Ҳасан Салихамижич (спорт директори) иштирок этишди. Лекин улар мураббийни алмаштириш хусусида гапиришгани йўқ, аксинча, Ковач ва футболчиларни қўллаб-қувватлаб, матбуотдаги танқидларга мутлақо қарши эканликларини билдиришди.

Карл-Хайнц Румменигге («Бавария» бошқарув кенгаши раиси): - Бу «Бавария» учун муҳим кун, зеро, ноўрин муносабатларга охиригача сабр қилмаслигимизни билдирмоқчимиз. Ҳар ҳолда, матбуотнинг бўҳтон тарқатишига жим қараб турмаймиз. Мақсадимиз - футболчилар, мураббийлар ва клубимизни ҳимоя қилиш.

Йўқ, барча айбни ОАВга тўнкаш ниятидан йироқмиз. Агар жамоа суст ўйнаса, мақтов ортиқча. Демоқчиманки, адолатли репортажлар кўришни хоҳлаймиз. Хуллас, агар жамоамиз ёки футболчиларимизга нисбатан ноўрин танқидлар янграса, бунга қарши чора қўллаймиз.

Мисол учун, Мануэль Нойер ҳақида ўқиганларимни изоҳлаб беришга ожизман. Ахир у 4 марта жаҳоннинг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этилган. Унутманг, Мануэль жароҳат туфайли деярли бир йил майдонга тушолмади.

Айтингчи, энди битта хато учун унинг устидан мағзава тўкиш инсофданми? Нима, сизларда Нойернинг юқори савиясига шубҳа борми? Хуммельс ва Боатенг ҳақида ҳам кўп номақбул гаплар эшитяпмиз. Уларга нисбатан бўлаётган танқидлар ҳаддан зиёд ошиб кетди. Бу гапларим ОАВ вакилларига ҳам, футбол экспертларига ҳам бирдек тааллуқли.

Ҳасан Салихамижич («Бавария» спорт директори): - Мени бош мураббийни ошкора қўллаб-қувватламасликда айблашмоқда. Бир нарсани аниқлаштириб олайлик, нега бундай қилишим керак? Биз Ковач ишини қадрлаймиз, тамом. Ҳар бир ўйиндан кейин уни дейлик, матбуотда мақташимиз шарт эмас.

Умуман, ҳозирги ҳолат жуда ғалати. Сизлар - матбуотчилар клубга ҳурмат билан ёндашмаяпсизлар. Жамоа томон йўналтирилган танқинлар бўронидан шунчаки, даҳшатга тушяпман. Бундай вақтда табийки, футболчиларни ҳимоя қиламиз.

Ули Хёнесс («Бавария» президенти): - Клубнинг трансфер сиёсатини танқид остига олаётганларга жавобим шуки, биринчидан, янги футболчиларга катта маблағ сарфлаганимиз йўқ. Мисол учун, Горецка учун «Шальке»га бир чақа ҳам тўламадик, Гнабрини эса «Хоффенхайм»дан ортга қайтардик.

Иккинчидан, Роббен, Рибери ва Рафинья каби футболчилар билан шартнома муддатини узайтирдик. Бернатни «ПСЖ»га сотганимизга келсак, ўтган йили Севильяда ўйнаганимизда, унинг жамоамизни ЧЛ кейинги раундига чиқишдан мусово этишига сал қолганди.

«Бавария» қадрияти шуки, муаммолар ҳам, ютуқлар ҳам муайян бир футболчига боғлиқ эмас. Ихтиёримизда 16-17 нафар жаҳон савиясидаги футболчи бор!

Нико Ковач («Бавария» бош мураббийи): - Факт шуки, натижалар - адолатсиз. Дейлик, охирги 4та учрашувда дастлабки ўйинлардагидан кам вазият яратмадик. Муаммо - ҳужумларга якуний нуқтани қўя олмаётганимиз. Ҳар ҳолда, бирор ўйинда суст кўринмадик, фақат тўп дарвозага кирмади.

Ҳаммасини бирданига ўзгартирмоқчи эмасмиз, шубҳага ўрин йўқ. Жамоамизга фақат озгина омад керак. Аслида кайфият аъло, ўз ишимизга позитив руҳда ёндашяпмиз. Ичимизда футболга нисбатан эҳтирос олови бор.

Ҳаёт омадсизлик ва муваффақиятлардан иборат. Ишонтириб айтаманки, «Бавария» ўйинларга муносиб тайёргарлик кўряпти ва ижобий натижаларга муносиб.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz