Қайднома

Қидирув

Нодир ЭЛИБОЕВ: «Мендез бошлаган йўлдан оғишмаслигимиз керак»

Нодир ЭЛИБОЕВ: «Мендез бошлаган йўлдан оғишмаслигимиз керак»

  02.11.2018 03:30
  0
  523
Нодир ЭЛИБОЕВ: «Мендез бошлаган йўлдан оғишмаслигимиз керак»

Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Таиландда ўтказилган халқаро турнирда иштирок этиб қайтди. «Thailand Five» деб номланган мусобақада биз ва мезбонлардан ташқари Англия ҳамда Малайзия термалари ҳам иштирок этди. Таққослаш учун, инглизлар жамоаси ҳар қанча жарангли эшитилганига қарамай, жаҳон футзал рейтингида 49-ўринни эгаллаб турибди. Ўзбекистон 28, Малайзия 58, Таиланд эса 18-поғонадан жой олган. Баҳодир Аҳмедов шогирдлари биттадан ғалаба, дуранг ва мағлубият билан 4 очко жамғарган ҳолда «Thailand Five» турнирида иккинчи ўринни эгаллашди. Малайзия мағлуб (5:0) этилди. Англия билан дуранг (1:1) ўйнадик. Таиландга йирик 3:6 ҳисобида ютқазиб қўйдик. Биз мусобақа якунида футзал жамоамиз катта мураббийи Нодир Элибоевдан интервью олдик.

- Нодир, ушбу мусобақа ва унинг савияси ҳақида нима дея оласиз? Таассуротлар қандай бўлди?

- Таиландда футзалга берилаётган эътиборнинг амалий ифодасини айнан мана шу турнирда кўриш мумкин. Мусобақа жуда юқори савияда ўтказилди. Ташкилотчилик аъло даражада бўлди.

- Ҳозирда Таиланд термасига устозлик қилаётган Хосе Мария Мендезга раҳмат айтиш керак. Испаниялик мутахассиснинг тавсияси билан бизни турнирга таклиф этишган. Пулпис (футзалчиларимиз Мендезни шу ном билан чақиришарди) билан гаплашдингизми?

- Албатта. Биз футзалимизнинг бугунги куни ҳақида суҳбатлашдик. Деярли ҳар куни кўришиб, гаплашдик. Рақиб жамоа мураббийи сифатида ишлаётган бўлса-да, маслаҳатларини аямади. Кейин ўзининг Таиланддаги фаолияти ҳақида гапириб берди. У ўта тажрибали, ўзи ишининг ҳақиқий устаси.

- Европа жамоалари билан камдан-кам ўйнаймиз. Шу маънода, Англия термаси қандай таассурот қолдирди?

- Аслида, ўртоқлик ва расмий ўйинларда Европа жамоалари билан куч синашиб турамиз. Тўғри, сўнгги пайтларда термамиз иштирокидаги учрашувлар бироз камайгандек кўриняпти. Англия рейтингда биздан пастроқда жойлашган бўлсада, бу жамоага кучсиз рақиб сифатида қараш керак эмас. Шахсан менда инглизлар илиқ таассурот қолдиришди. Жисмоний тайёргарлиги яхши, футзалчилари индивидуал жиҳатдан кучли экан.

- Ўйин услуби Осиё жамоалариникидан фарқ қиладими?

- Албатта. Асосан жисмоний томондан тафовут бор. Катта футболда ҳам худди шундай-ку! Малайзия термаси футзалчиларининг жисмоний ҳолати яхши бўлмагани учун ҳам йирик ҳисобларда ютқазишди.

- Англия билан дуранг адолатли ҳисоб бўлдими?

- Йўқ. Биз улардан устунроқ эдик. Афсуски, ўйин давомида юзага келтирилган хавфли вазиятларни голга айлантира олмадик. Акс ҳолда, йирик ҳисобда ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди.

- Таиландга йирик ҳисобда ютқаздик. Олтита гол ўтказиб юбордик. Бу ўйин ҳақида нима дея оласиз?

- Мезбонлар бизнинг хатолардан максимал даражада фойдаланишди. Биз эса худди Англия билан ўйинда бўлгани каби, вазиятларни кўкка совурдик. Баҳснинг бошидаги хатоларимиз панд берди. Қолган дақиқаларда ҳисобни тенглаштиришга уриндик, лекин уддасидан чиқолмадик.

- Таиланд термаси Мендез мураббийлигида аввалгидан кучайганми? Жамоанинг ўйинида ўзгариш борми?

- Албатта, ўсган. Аслида, бу мусобақада Таиланд термасининг 4-5 нафар етакчи футзалчилари иштирок этишмади. Пульпис асосий эътиборни ёшларга қаратибди.

- Авваллари Эрон асосий рақибимиз бўларди. Ҳозир Таиланд, Япония, Вьетнам каби термалар ҳам биздан устунликка эришяпти. Бу нима билан боғлиқ? Ўсишдан тўхтаб қолдикми? Футзалимизга эътибор камайганми?

- Ҳозир ҳамма термалар яхши савияда. Кучли мутахассисларни таклиф этиб, шу орқали ўсишга эришяпти. Менимча, бошқа жамоаларнинг бизга етиб олиши ва айримларининг ўзиб кетишига асосий сабаб шу бўлса керак. Ўз ўрнида, биз ҳам ривожланишдан тўхтаганимиз йўқ. Агар Хосе Мария Мендез бошлаб берган йўлдан оғишмасдан ишласак, қитъа футзалидаги ўрнимизни сақлаб қоламиз.

- Испаниялик мутахассиснинг Ўзбекистонга қайтиш истаги йўқмикан?

- Бу мавзуда гаплашмадик. Қолаверса, ҳозир унинг Таиланд футбол федерацияси билан амалдаги шартномаси бор.

- Ўзбекистон термасидаги авлодлар алмашинуви даври қандай кетяпти? Ёшлар жамоа ўйинига мослашишяптими?

- Бу жараён жуда яхши кетяпти, десам ҳам бўлади. Негаки, бу ишни анча олдин бошлагандик.

- Миллий чемпионатимиз савияси бироз пасайгандек...

- Дарҳақиқат, ички чемпионатимиздаги пасайиш термамизга ҳам салбий таъсир ўтказади. Рақобат бор жойда ўсиш бўлади. Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз.

- Чемпионатимизнинг «уй-сафар» тизимида ўтказилаётгани яхши бўлдими? Ёки аввалгидек - ҳамма жамоалар бир жойда ўйнаса маъқулми?

- Ҳозиргиси яхши. Аввалги формат терма мураббийлари учун яхши эди. Чунки ҳамма клублар иштирокидаги ўйинларни томоша қилиш имкониятига эга бўлардилар.

- Клубларнинг уй учрашувларини ўтказувчи заллар талабга жавоб берадими?

- Афсуски, йўқ!

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz