Қайднома

Қидирув

Бобур Абдухолиқов: «Ўзимизга тегишли хулосани чиқариб олдик»

Бобур Абдухолиқов: «Ўзимизга тегишли хулосани чиқариб олдик»

  03.11.2018 01:55
  0
  921
Бобур Абдухолиқов: «Ўзимизга тегишли хулосани чиқариб олдик»

Pepsi Суперлига якунига яқинлашгани сари ўйинларнинг шиддати ортиб боряпти. Қуйи олтиликда ҳам ўйинлар анча жонланиб қолди. Элитада қолиш учун кураш «Қўқон-1912», «Сўғдиёна» ва «Нефтчи» жамоалари ўртасида кечмоқда. Қўқон клуби ҳисобида 17 очко бўлса, Жиззах ва Фарғона вилоятининг бош жамоалари 16тадан очко тўплашган. Дербида «Нефтчи»ни мағлуб этган Нўъмон Ҳасанов шогирдлари сўнгги ўринни тарк этиб, икки поғона кўтарилиб олишди. «Нефтчи» эса аксинча, аутсайдерга айланди. Ўзбекистон кубоги финалчиси АГМК фарғоналиклардан 6 очко кўп тўплаган бўлса-да, ҳали-ҳануз кучлилар сафида қолишни кафолатламаган. Мавсумнинг биринчи ярмини омадсиз ўтказган «Насаф» эса қуйи олтиликда етакчилик қиляпти. Рўзиқул Бердиев шогирдлари навбатдаги турда «Сўғдиёна»ни йирик (3:0) ҳисобда мағлуб этишди. Голларнинг иккитасига Бобур Абдухолиқов муаллифлик қилди. Ушбу ҳужумчи мазкур гуруҳда 6та гол билан якка пешқадам. Кейинги ўринларда бораётган Иван Нагаев, Артур Геворкян, Дарко Гожкович сингари футболчилар ҳисобида 2тадан гол бор. Биз айнан мана шу ўйиндан сўнг Бобурдан интервью олдик.

- Бобур, аввало, ғалаба билан табриклайман. Бир қарашда жуда осон ютуққа ўхшаяпти. Аслида ҳам шундайми?

- Табрик учун раҳмат. Агар ҳисобга қарасак, ғалаба осонликча келгандек кўринади. Аммо «Сўғдиёна» футболчилари бутун ўйин давомида бизга жиддий қаршилик кўрсатишди. Кучлилар сафидаги ўрнини сақлаб қолиш учун курашаётган жамоалар билан ўйинлар енгил ўтмайди. Ға-лабанинг муҳим омили сифатида мураббийнинг кўрсатмаларини тўғри бажарганимизни айтиб ўтиш ўринли бўлади. Қолаверса, ҳар бир ўйинга жиддий тарзда тайёргарлик кўряпмиз.

- «Насаф»нинг кучли олтиликда иштирок этмаётгани футболчилар кайфиятига таъсир ўтказмаяптими?

- Оз бўлса-да сезилади. Боиси, «Насаф» шу кунгача совринли ўринлар учун курашиб келган. Ҳозир эса биз Суперлиганинг қуйи олтилигида иштирок этяпмиз. Йўл қўйилган айрим хато ва камчиликлардан тегишли хулосаларни чиқариб олганмиз. Насиб қилса, келаси мавсум жамоамиз яна аввалгидек чемпионлик учун кураш олиб боради.

- Қуйи гуруҳ савияси ҳақида нима дея оласиз?

- Шахсий кузатувим асосида айтишим мумкинки, ҳар бир ўйин муросасиз курашлар остида ўтмоқда.

- Умуман, Суперлиганинг янги форматда ўтказилаётганига қандай муносабат билдирасиз?

- Менимча, ПФЛ томонидан амалга оширилган бу янгилик ўзини оқлаяпти. Мухлисларга маъқул келадиган ўйинлар сони кўпайган. Масалан, кучли олтиликда чемпионлик ва совринли ўринлар учун кураш анча кескин ўтяпти. Иккинчи босқич бошланиши арафасида деярли барча жамоаларда чемпионлик учун имконият бор эди.

- «Олтин очко» қоидаси сабаб очколарнинг ноль ҳолатига келтирилиши клубларга нисбатан бироз адолатсизлик бўлмадими?

- Бунинг яхши томонлари ҳам бор.

- Масалан?

- Жамоалар ҳар бир ўйинга икки баробар куч билан тайёргарлик кўришади. Футболимиздаги бу янгилик хотиржам бўлишга йўл қўймайди. Ўткинчи ўйинлар деярли кузатилмайди. Кучли олтиликка кириш учун кураш кескин кечади. Бунинг натижасида стадионга ташриф буюрадиган мухлислар сони ҳам ортади.

- «Насаф»даги муаммолар ортда қолди, дейиш мумкинми?

- Ҳа, менимча, қийин кунлардан ўтдик. Умуман, шу каби ҳолатлар ҳар бир жамоада бўлиб туради. Бундан ортиқча фожиа ясамадик. Жамоамиз билан биргаликда қийинчиликларни енгиб ўтдик.

- Ҳозир ҳаммаси жойидами? Маошлар ўз вақтида олиняптими?

- Ҳа, бу борада муаммо йўқ.

- Сизнингча, чемпионлик масаласи ойдинлашдими?

- Йўқ. Кураш ҳали давом этади. Олти очколик фарқ иккита ўйинда йўққа чиқиши ҳеч гап эмас. Бундай ҳолатлар футболимизда аввал ҳам кузатилган. Хотиржамликка берилган жамоаларга бу қимматга тушиши мумкин.

- «Локомотив»ни тўхтатадиган жамоа топилармикан?

- Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Тўғри, «темирйўлчилар» кўпчилик томонидан чемпионлик ўйини деб номланган дербида асосий рақиб ҳисобланган «Пахтакор»ни мағлуб этишди. Кейин эса «Навбаҳор»дан ҳам уч очко олишди. Бу билан «Локо» чемпионлик сари катта қадам ташлади. Лекин олдинда яна бешта ўйин бор. Мазкур учрашувларда кутилмаган натижалар қайд этилмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Агар «Пахтакор» ўша ўйинда «Локомо-тив»ни таслим этганида, ҳозир турнир жадвалида яхшигина интрига юзага келган бўларди. Ҳозир кумуш ва бронза медаллари учун кураш кескинроқ ўтадигандек туюляпти.

- Миллий термамиз бош мураббийи ва унинг тактикаси ҳақида кўп муҳокамалар бўляпти. Сиз бу ҳақда қандай фикрдасиз?

- Эктор Купер хусусида фикр билдиришдан ўзимни тияман. Аргентиналик мутахассис футболимизни ўрганяпти. Ҳаммаси яхши бўлишига ишонаман. Мухлислар ҳам терма жамоа ва унинг бош мураббийига охиригача ишонишларини хоҳлардим. Эктор Купер ўзи учун бегона жойда иш бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмади.

- Осиё кубогида натижамиз ижобий тус олиши мумкинми?

- Насиб қилса, ҳаммаси яхши бўлади. ЎФА термамизнинг қитъа чемпионатига муносиб тарзда тайёргарлик кўриши учун барча шароитларни яратиб беряпти. ФИФА кунлари доирасида Тошкентда тўртта ўртоқлик учрашуви ташкил этилди. Ноябрь ойида Австралияда йиғин ва иккита назорат ўйини ўтказиш режалаштирилган. Бунинг ҳаммаси миллий жамоамиз учун қилинаётган ишлар.

К.АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz