Қайднома

Қидирув

Яширин қобилят кашфиётчиси ёки энг яхши ёшлар мураббийи ҳақида...

Яширин қобилят кашфиётчиси ёки энг яхши ёшлар мураббийи ҳақида...

  06.11.2018 02:55
  0
  651
Яширин қобилят кашфиётчиси ёки энг яхши ёшлар мураббийи ҳақида...

Ўтган асрнинг 70-йилларида «Шальке» шарафини ҳимоя қилган Норберт Эльгерт узоқ йиллардан бери ёш футболчиларга устозлик қилиб келмоқда. Афсуски, футболнинг чинакам шайдоси ўзи истагандек тўп сура олмади - буйрагидаги муаммолар туфайли шифокорлар профессионал даражада тўп суришни ман этишди. Бироқ Норберт яна 15 йил қуйи дивизион жамоаларида севимли машғулотини давом эттирди. 1996 йилда у «Шальке»га қайтиб, 19 ёшли ўйинчиларга устозлик қила бошлади. Шу тариқа Хеведес, Нойер, Матип, Колашинац, Дракслер, Сане каби маҳорат соҳибларини етказиб берди. 2017 йилда унинг шогирди Тило Керер 37 млн. евро эвазига «ПСЖ»га йўл олди. Лекин Эльгерт Месут Озил туфайли кўпроқ танилди.

Айнан Норбертнинг саъй-ҳаракати эвазига Озил «Шальке» академия­сидан жой олганди. Аввалига у тўрт марта кўрикдан ўтишга таклиф этилган, ҳар гал яхши натижаларни қайд этган, аммо талабаликка бошқа болаларни қабул қилишганди. Ўша даврдаёқ Месутнинг ота-онаси авлодлари турклар бўлишгани учун шундай тўсиққа дуч келишганига шубҳа қилишмаганди: «Улар Месутни эмас, қандайдир Маттиас, Маркус ёки Михаэлни олишди». Бундай адолатсизликдан кейин Озилнинг «Шальке»дан кўнгли қолди. Бироқ Эльгерт уни фикридан қайтара олди - Месут ва отаси билан бир неча марта учрашиб, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлишига ишонтирди. Муҳими, мураббий унинг жамоасида ҳеч ким Озилнинг насл-насабига дахл қилмаслигига ваъда берди.

Шундан кейин ёш иқтидор соҳиби «Рот-Вайсс Эссен»нинг манфаатли (ойига 4000 евро маош) таклифи ўрнига «Шальке»ни танлади. Бу қароридан ярим ҳимоячи ҳозир ҳам мамнун эканига шубҳа йўқ - 17 ёшида Эльгерт билан ҳамкорликни бошлаган бўлса, ҳанузгача ўсишдан тўхтагани йўқ. Тактика ва ҳимояга самарали кўмаклашиш илмларини Месут айнан Норбертдан мерос қилиб олди. «Ундан сабоқ олгунгача майдонда бошсиз жўжадек тентираб юрардим», - дея эслайди ярим ҳимоячи.

Аммо мураббийнинг энг муҳим ўгитлари майдон ташқарисида бўларди. «Мураббий фақат техника ва тактика билан чегараланиб қолмаслиги лозим. Унинг асосий вазифаси - шогирдларини ҳалоллик, ўзаро ҳурмат ва сабр-қаноатга ўргатиш!» - Норбертнинг бош фалсафаси шундай.

Бир пайтлари 19 ёшлилар жамоаси Биллербек йиғинида ҳашаматли отелга жойлашиб, роса хурсандчилик қилганди. Чунки шоҳона шароит футболчилар учун янгилик эди. Кун бўйи шогирдларини кузатган мураббий кеч­қурун мажлис ўтказди: «Очиғи, сизларга камтарин меҳмонхона кўпроқ мос келарди, бундай дабдабанинг мутлақо кераги йўқ эди. Биз фаолиятингиз давомида эришишингиз мумкин бўлган олий мартабани кўрсатиб қў­йишни лозим топдик. Бор куч-қувватингиз, эътиборингизни жалб этсангиз, шундай шароитга эга бўласиз. Ҳаракатларимизни тўғри тушунишингизни истаймиз. Отель хизматчиларини ҳурмат қилинг, фаррошлар меҳнатини қадрланг, камтар ва самимий бўлинг. Футболчининг натижалари шифокор, журналист ёки фаррошникидан муҳимроқ эмас».

Ҳар бир тарбияланувчининг асл мақсадини билиш учун яккама-якка суҳбатлашиш - Эльбертга хос услуб. Озилнинг «Реал» ёки «Барса»да тўп суриш орзусидан хабардор бўлгач, унинг моҳиятини мураббий немис телешоуси мисолида тушунтириб берганди: «Месут, сен «Германия Суперюлдуз изламоқда» шоусини кўрдингми? Ягона ёрқин чиқиш эвазига кишилар бутун дунёни кезиб юришибди. Улар ўзларини энг сара, деб ҳисоблайдилар. Лекин уларнинг муваффақиятида узоқ вақт самара берадиган пойдевор, мантиқий асос йўқ. Шунинг учун ҳар бир футболчига, жумладан, сенга ҳам маҳорат пиллапояларидан секин-аста кўтарилишни маслаҳат бераман. Парвоз қанчалик шиддатли бўлса, шўнғиш ҳам шундай бўлади».

Озилнинг фикрича, Эльгерт мураббийлик соҳасига энди кириб келган Моуриньони эслатади. Уларнинг иккиси ҳам шогирдлари билан самимий муносабатда бўлишни хуш кўришади, ғалабаларга руҳлантириш усуллари ҳам бир хил. 2006 йилда Норберт етакчилигидаги «Шальке» ёшлар ўртасидаги мусобақада ярим финалга чиққан ва «Герта» ёшлари билан куч синашганди. Таркиб анча кучли (Озил, Хеведес ва Ральф Ферманн) бўлишига қарамасдан, дастлабки баҳс «Герта» фойдасига (2:0) ҳал бўлди. Жавоб учрашуви олдидан мураббий ечиниш хонасига кирди ва қўлидаги гантелни хонанинг ўртасига қўйган ҳолда таъсирчан нутқ сўзлади: «Сизларга бир воқеани айтиб бераман. Фитнес йўриқчиси бўлиб ишлаган пайтимда Германиянинг норасмий чемпионатида қатнашганман. Касбдошларим билан бешкураш бўйича баҳслашганман. Машқлар орасида турникда тортилиш ҳам бор эди. Уни бажарар эканман, қўлларим узилиб кетадигандек туюлди, хаёлимдан «энди тортила олмайман», деган ўй ўтди. Шунда мен ички душман билан олиша бошладим: «Таслим бўлмайман. Ҳеч қачон!» Сўнгра бир марта тортилдим, кейин яна, яна...» Эльгерт эҳтирос билан сўзлар, футболчилар астойдил тинглашарди. Гўё бутун вужуд қулоққа айлангандек.

- Топинг-чи, нечанчи ўринни эгалладим?

- 2-ними?

- Йўқ, албатта. Мен ғолиб чиқдим!

Мураббий маърузаси футболчилар руҳиятини ўзгартириб юборди. «Бундай кайфият билан ғалаба қозонмасликнинг иложи йўқдек эди. Ўзимни буқадек кучли, гепарддек чаққон, Зидандек моҳир сеза бошладим», - дейди Месут. Хуллас, «Шальке» «Герта»ни 3:0 ҳисобида енгиб, финалга чиққан, энди Матс Хуммельс ҳамда Сандро Вагнернинг «Бавария»сини тор-мор этиш талаб этиларди.

Ҳал қилувчи баҳс арафасида шогирдлари ҳаяжонини бартараф этиш учун Эльгерт навбатдаги антиқа машқни ўйлаб топди - чигалёзди машғулоти пайтида футболчилар диаметри 15 метрли доира ташкил этишди, улардан бири марказда қолиб, истаган жамоадоши томон югурар ва «подкат» усулини қўлларди. Жараёнга ёввойи бақир-чақирлар жўр бўлиб турди.

Табиийки, рақиб жамоанинг шов­қин-сурони «Бавария» аъзоларига ҳам етиб борди. Оқибатда «Шальке» ўйинчиларининг кайфиятлари кўтарилиб, мюнхенлик ўйинчиларники тушиб кетди. Хуллас, Озил жамоаси 2:1 ҳисобида зафар қучиб, чемпион бўлди.

«Эльгертни фаолиятимдаги энг муҳим шахс, деб биламан. У менинг бошқа мураббийлар илғамаган жиҳатларимни кашф этди», - дейди Месут. Гельзенкирхенга йўли тушганда у, албатта, устозини зиёрат қилади.

Эльгерт ўз тасарруфидаги барча футболчилар маҳоратини сезиларли даражада ошира олган мураббий. Жумладан, Лерой Санени ҳам. 2014|2015 йиллар мавсумидаги ЕЧЛнинг ўсмирлар мусобақасида «Шальке» 1-бўлимдан кейин 0:2 ҳисобида «Спортинг»­дан енгилаётганди. Танаффусда мураббий шогирдларини, айниқса, Леройни қаттиқ койиди: «Ўйиндан кейин кўзимга кўринма, сенга жамоада ўрин йўқ». Буни қарангки, дағдаға Санени «уйқудан уйғотиб», битта гол уриши ва бир голга ассистентлик қилишига сабаб бўлди. Якунда «Шальке» иродали (3:2) ғалабага эришди.

Мануэль Нойер эса ўта хотиржамлиги оқибатида дакки эшитган: «Сенга нима бўлган, ўзи? Ҳамма куйиб-ёняпти, сен эса пинагингни бузмайсан. Нима бало, диазепам ичиб олганмисан?» Тўғри, кейинчалик Эльгерт шогирдининг бу фазилатига кўникиб, ижобий баҳо берганди: «Ҳозирда биз бу воқеани кулги билан эслаймиз. Чунки хотиржамлик Нойернинг асосий устунлиги экани энди ҳеч кимга сир эмас».

Макс Майер ҳам Норбертдан беҳад миннатдор. Бу футболчи 14 ёшгача футболни мини-футбол билан биргаликда олиб борган, «Дуйсбург»­да дриблингдан кўп фойдаланарди. Шу боис, захирада қолиб кетарди. «Шальке»га ўтгач, мини-футбол финт­ларидан истаганча фойдаланадиган, бунинг учун танбеҳ эмас, мақтов эшитадиган бўлди. Ҳозир Майер АПЛ ўйинчиси, Бундестим номзодларидан бири. Жоэль Матип ҳар йили Эльгертга «Ливерпуль» либосларини юборади, Колашинац эса «Арсенал» чипталарини.

Табиийки, мураббийнинг муваффақияти бошқа жамоалар эътиборидан четда эмас. Бироқ у ҳар қандай таклифни рад этади. Масалан, 2010 йилда «Бавария» уни ўзига чорлаб, ўз академиясидаги инқирозни бартараф этмоқчи бўлганди. Аммо Норберт ўзига хос тарзда жавоб қайтарди: «Мени Гельзенкирхеннинг домна печида пиширишган. Яъни, кўмир шахталарининг тубида. Мен шу жойларни севаман ва ҳеч қаёққа кетмайман!».

Ж.Бобохонов тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz