Қайднома

Қидирув

Хулен Лопетеги «Реал»нинг Перес давридаги энг ёмон мураббийи

Хулен Лопетеги «Реал»нинг Перес давридаги энг ёмон мураббийи

  08.11.2018 03:43
  0
  142
Хулен Лопетеги «Реал»нинг Перес давридаги энг ёмон мураббийи

Охирги ҳафталарда деярли ҳамма унинг истеъфога чиқарилишини кутаётганди. Айтиш мумкинки, сўнгги 4,5 ой Хулен Лопетеги ҳаётидаги энг ёмон давр бўлди. Уни Россия мундиали стартига атиги 1 кун қолганида, Испания термасидан ҳайдашди. Чунончи, маҳаллий федерация билан 2020 йилгача шартнома тузган мураббий «Реал»да ишлаш иштиёқи олдида ожиз қолди ва ўзича ЖЧдан кейин дарҳол «Қироллик клуби» базасига йўл олишни режалаштирди. Бироқ Испания футболи раҳбарлари Хуленнинг «Реал» билан хуфёна келишиб олганини ҳурматсизлик ва нопрофессионаллик сифатида баҳолаб, уни миллий жамоа жойлашган Краснодардаги базадан тўғри-драматик тарзда ҳайдашди. Бу Лопетегига роса алам қилгани аниқ, аммо мураббий Мадридда ташкиллаштирилган таништирув-тақдимот маросимида бошқача гапирди: «Ҳаётимдаги энг яхши кун - бу менинг «Реал» бошқарувига тайинлашган сана». Мана, орадан 137 кун ўтиб, Хулен бу ишдан ҳам айрилди. Қандай аччиқ қисмат-а... Ахир Лопетеги «Реал»ни бошқариш йўлида ҳаттоки, фаолиятидаги энг муҳим турнирдан маҳрум бўлганди-я...

 

Аслида ҳаммаси гўзал бошланди. Лопетеги қўл остидаги жамоа Криштиану Роналдусиз ҳам жуда яхши шаклланганини қайта-қайта таъкидлади, трансферлар чоғи фақат дарвозабон Тибо Куртуа ҳамда ўнг қанот ҳимоячиси Альваро Одриосола сотиб олинганига парво ҳам қилмади. Ишонч билан айтган сўзларига ҳамоҳанг тарзда жамоаси чемпионатда дадил старт ҳам олди: илк 5та ўйинда 4та ғалаба ва фақат «Атлетик» майдонида дуранг. «Биз тўғри йўлдамиз» - қувончини яширмади Лопетеги «Леганес» 4:1 ҳисобида доғда қолдирилгач. Лекин кутилмаганда, ҳаммаси бирдан остин-устун бўлиб кетди: Гарет Бэйл, Иско, Марсело ва Дани Карвахаль каби етакчилар нав-бати билан сафдан чиқишгач, Лопетеги жанобларининг жароҳатлар зарбасига мутлақо тайёр эмаслиги билиниб қолди. Қисқаси, 10-турга келиб, «Реал»нинг умумий аҳволига қараб бўлмасди: охирги 4та турда 3та мағлубият ва турнир жадвалида 7-ўрин. Камига мадридликлар ЧЛ доирасида ЦСКАга ҳам ютқазишди - 0:1. Энг ёмони, клуб футболчилари 6 соатдан кўп ўйин вақтида гол ура олишмади. Шунда ҳам ўйинчилар ҳаммаси жойида эканлигини айтишдан уялишмади. Хусусан, Серхио Рамос «Алавес»га қарши навбатдаги омадсизлик (0:1)дан кейин мураббийни истеъфога чиқаришдан маъно йўқлигини таъкидлади: «Ҳозирги ҳолатда истеъфо аҳмоқона юриш бўлади. Бунинг ўрнига йўлимизда дадил боришимиз керак, негаки, мавсум жуда узун ва бизда барчасини тўғрилаш имконияти бор. Ким «Реал»нинг «ўлган»ини айтаётган бўлса, қаттиқ янглишмоқда. Буни ҳали исботлаймиз ҳам». Лопетегининг ўзи эса аввалги гапларини такрорлашдан чарчамади: «Жамоа талаб даражасига чиқади ҳали. Умуман, ҳеч бир клуб бундай омадсиз даврга юз тутишдан ҳимояланмаган...».

Мураббийнинг тахминлари оқланмади. «Мадрид» асосий баҳс - «Эль-класико»га даҳшатли аҳволда етиб келди. Мисол учун, «Камп Ноу»даги ўйинга бир ҳафта қолганида, As газетасида янги хабар берилди: «Реал» раҳбарияти Каталонияда қандай натижа қайд этилишидан қатъий назар, Лопетегини истеъфога чиқаради - бу ҳақда якуний қарор қабул қилинган». Marca нашри эса зарбани бирозгина юмшатди: «Агар «Реал» мағлубиятга учрамаса, мураббий ўз лавозимини сақлаб қолади, барибир». Дурангдан яхшироқ натижа ҳақида эса оғиз очилмади. Каталониядаги 1:5 - бу чинакам хафагарчилик, қоронғулик. Шу тариқа Лопетеги қўлига кутилганидек, паттасини тутқазишди. Факт шуки, у статистика бўйича Флорентино Перес даврида «Реал»ни бошқарган энг ношуд мураббийга айланди. Лопетегининг истеъфоси кутилган ҳодиса эди, бироқ изоҳ бошқача янгради. «Бу қарор жамоа динамикасини ўзгартириш мақсадида қабул қилинди. Чунончи, ҳали барча мақсадларга етишганимиз йўқ. Директорлар кенгаши ҳозирги натижалар таркиб савиясига мувофиқ эмаслигини тушунади. Ахир ундаги 8 нафар футболчи «Олтин тўп»га даъвогарлар рўйхатига кирди - бунақаси тарихда бирор марта бўлмаганди», - дейилди «Реал» баёнотида.

 

«СЕҲРЛИ» РАҚАМ

Эҳтимол, Лопетегининг омадсизлигида қандайсир тилсим яширингандир... Мураббийнинг исм-фамилияси 14та ҳарфдан иборат - Julen Lopetegui. Қарангки, унинг 4та асосий кўрсаткичи шу рақам билан хотима топди:

1. «Реал»ни жами 14та расмий ўйинда майдонга бошлаб тушди.

2. «Реал» унинг қўл остида Ла-лигада 14 очко олди.

3. Бу даврда мадридликлар чемпионат баҳсларида 14та гол уришди.

4. Клуб унинг қўл остида чемпионат ўйинларида 14та гол қўйиб юборди.

Хулен Лопетеги ва «Реал» ҳамкорлиги

** «Реал» охирги ой мобайнида 7та ўйиндан 5тасини бой берди. Бу оралиқда тўплар нисбати 4:13 кўринишини ҳосил қилди.

** «Реал» Лопетеги бошқарувида Примеронинг охирги 5та турида атиги 1 очко олди. Жамоа бундай инқирозли омадсизликка 2009 йилдан буён юз тутган эмасди. Ўшанда «Реал» Хуанде Рамос раҳбарлигида мавсумнинг охирги 5та турини барбод қилганди («Барселона», «Валенсия», «Вильярреал», «Мальорка» ва «Осасуна»дан мағлубият). Шундан кейин ёзда таркибга Криштиану Роналду қўшилган ва ақлга сиғмас серияли муваффақиятсизлик бошқа учрамаганди.

** «Реал» 10-турдан кейин турнир жадвалида 9-ўринга тушди - бундай ачинарли ҳолат мавсум-2001|2002дан буён кузатилмаганди. Тўғри, ўшанда «Мадрид» 10-қаторга қулаганди.

** 8 соату 1 дақиқа - бу «Реал» тарихида энг узоқ давом этган голсиз серия. Яхшики, Марсело нохуш серияни бир амаллаб узиб қўйди.

** «Реал» фақат Антонио Камачони Лопетегига нисбатан тезроқ ҳайдаган. У 2004 йили жамоани атиги 6та ўйинда бошқарганди.

** Лопетеги клуб тарихида кетма-кет 4та ўйинда гол уришни таъминлай олмаган 3-мураббий бўлди.

**Лопетегининг умумий статистикаси ҳам жуда паст. Ўйинлар сонига нисбатан ғалабалар атиги 42,86 фоиз, холос (14та ўйин, 6та ғалаба, 4та дуранг, 6та мағлубият).


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz