Қайднома

Қидирув

Миллий лигаларда гол урган энг ёши катта футболчилар ҳақида...

Миллий лигаларда гол урган энг ёши катта футболчилар ҳақида...

  08.11.2018 09:05
  0
  210
Миллий лигаларда гол урган энг ёши катта футболчилар ҳақида...

Клаудио Писарро Бундеслига тарихида 40 ёшидан ўтиб, гол муаллифига айланган атиги иккинчи футболчи бўлди. Қисқаси, «Вердер» фахрийси «Байер»га қарши кечган аламли баҳс (2:6)да жамоасининг биринчи голини ўз номига ёзиб қўйди, аммо рекорд ҳамон бошқа кишига тегишли. Кимга? Соккер.ру сайти (!!!!!!!!!) шу саволга жавоб бериш баробарида Европанинг етакчи миллий чемпионатлари рекордчилари - энг «қари» тўпурарларига зимдан нигоҳ ташлади.

Бундеслига: Мирко ВОТАВА

1996 йили «Вердер» учун 40 ёш 3 ой 30 кунлигида гол урган. Перулик тиним-тинчимас Клаудио Писарро Бундеслигада гол муаллифига айланганлар орасида энг «қари» мақомини олиш учун яна озгина сабр қилиши керак. У «Байер» дарвозасини 40 ёшу 25 кунлигида нишонга олди, бироқ «Вердер» теннисча ҳисоб (2:6)да енгилди. Эътиборлиси, рекорд айнан «Вердер» вакилига тегишли: Мирко Вотава 1996 йили «Штутгарт» дарвозабонини ранжитган вақт 40 ёшдан деярди 4 ой ўтганди. Яна бир қизиқ томони, асли чех саналган германиялик ярим ҳимоячи худди Клаудио каби илк голини ҳам «Вердер» сафида нишонлаганди. Бундеслигада гол муаллифига айланган «қари»лар рейтингида учинчи бўлиб турган Манфред Бургсмюллер (у 7 йил рекордчи мақомида юрди) ҳам айнан «мусиқачилар» таркибида ўзини икўрсатганига нима дейсиз? Тушунарлики, Клаудиода Вотавани 1-ўриндан маҳрум этиш учун реал имконият бор. Перулик футболчи бунинг учун 2019 йилнинг 2 февралидан кейин Бундеслига ўйинларида лоақал 1та гол урса, бас. 

АПЛ: Тедди ШЕРИНГЕМ

2006 йили «Вест Хэм» учун 40 ёш 8 ой 24 кунлигида гол урган. Англиялик афсонавий ҳужумчи - маҳаллий Премьер-лигада 40 йиллик юбилейидан кейин гол қувончини туйган ягона футболчи. «Айиқ» лақабли Шерингем 1999 йилнинг май ойида ўз фаолиятидаги энг муҳим голлардан бирини нишонлаганди: «Бавария»га қарши кечган ЧЛ финали охирги дақиқаларини эсланг. Умуман, Тедди 35 ёшига қадар «Олд Траффорд»да ўйнади, шундан кейин «Тоттенхэм», «Портсмут» ва «Вест Хэм» клублари сафида ҳам ўзини кўрсатди. Хусусан, «болғачилар» учун урган охирги голи унга АПЛнинг энг «қари» тўпурари мақомини тақдим этди. Шери ўшанда собиқ жамоаси - «Портсмут» дарвозабонини ранжитганди. Тўғри, «ВХ» якунда 1:2 ҳисобида мағлубиятга учраган, аммо Тедди Шерингем энг «қари гол» белгиси билан АПЛ тарихидан жой олди. Орадан 13 йил ўтдики, рекордни янгилашга қодир фахрий кўринмаяпти.

Примеро: ДОНАТО

2002 йили «Депортиво» учун 40 ёш 4 ой 17 кунлигида гол урган. Ўхшашликни қаранг, Германия, Испания ва Англия чемпионатларида рекорд қайд этилган ўйинларда уларнинг муаллифлари ўз жамоалари билан мағлубиятни тан олган. Ҳаттоки, ҳисоб ҳам бир хил - 1:2. Хуллас, Вотава ва Шерингем каби Донато ҳам омадсиз ўйинда рекорд ўрнатганди. Таянч ярим ҳимоячиси «Депортиво» сафида «Валенсия» дарвозасини ишғол этганида, 40 ёш 4 ой 17 кунлик эди. Эътиборлиси, Испания Примеросида ҳам бошқа ҳеч қайси футболчи 40 ёш чегарасидан кейин гол урган эмас. Айтиш ўринли, Донато Гама да Сильва - Ла-лига афсонаси. Бразилиялик ҳужумчи 5 мавсум «Атлетико» шарафини ҳимоя қилган, бу вақтда «Қирол кубоги»нинг 2 карра соҳиби бўлган. Кейин нақ 10 йил давомида «Депортиво» равнақи йўлида тер тўкиб, клуб билан чемпионликни тантана қилган. Доната фаолиятини 2003 йили тугатган: ўша вақт Испания ташқарисида туғилган футболчилар орасида ўйинлар сони бўйича Примеро рекорди айнан унга тегишли эди. Шу жойда аниқлик киритувчи битта маълумотни келтириш жоиз: Донато бразилиялик бўлсада, Испания паспортини олган ва ўтган асрнинг 90-йиллари «Қизил фурия» сафида 12 марта майдонга тушиб, 3та гол урган.

«А» серияси: Свенд ХАНСЕН

1951 йили «Аталанта» учун 44 ёш 9 ой 24 кунлигида гол урган. Испания ва Англия рекордлари XXI асрда қайд этилган. Агар Клаудио Писарро бўшашмаса, Германия рекорди ҳам яқин орада янгиланади. Италия «А» сериясининг энг юксак натижаси эса, XX аср ўрталарида кузатилган. Эҳтимолки, рекорд кўрсаткич ҳали-вери ўз аҳамиятини йўқотмаса керак. Гап шундаки, унинг муаллифи қайсидир хизмат кўрсатган «амаки» ҳам, итальян футболи ёки муайян битта клуб афсонаси ҳам эмас. Оддий айтганда, даниялик ярим ҳимоячи «А» сериясига фахрий ёшда қадам босганди. Умумий айтганда, Хансен «Аталанта» учун 13та гол урган. Қаранг, унинг охирги аниқ зарбаси ҳам мағлубиятли ўйинга тўғри келган. Яъни Свенд «Интер»га 1:3 ҳисобида бой берилган баҳсда тарихга кирганди. Шундан буён деярли 70 йил давомида Хансен рекордига энг яқин келган футболчи - бу Алессандро Костакурта. У «Милан» таркибида 41 ёшу 25 кунлигида ўз номига гол ёзиб қўйди.

Лига 1: Роже КУРТУА

1956 йили «АС Труа Сан-Савен» учун 44 ёшу 4 кунлигида гол урган. Яна бир қадимий ва «ўзгармас» рекодр. Франция чемпионатининг энг ёши улуғ голеадори ёшлик чоғи Швейцарияда тўпурарлик маҳоратини намойиш этган ва охирига қадар маҳсулдорлик меъёрини пасайтирган эмас. Умуман олганда, «Реал» клуби ва Бельгия терма жамоаси дарвозабони фамилиядошининг фаолияти нақ 25 йилга чўзилган ва ҳужумчи бу вақт оралиғида 300тадан кўп гол урган. Роже шулардан бири туфайли Лига 1 тарихига кирган. Дарвоқе, шу йил апрель ойида чемпионатдаги «умрбоқий» ўйинчимлардан бири Бенжамен Ниве «Труа» учун 41 ёш 3 ой 26 кунлигида гол урди - рекордга йўл бўлсин...

РПЛ: Сергей НАТАЛУШКО

2000 йили «Сатурн» учун 39 ёш 8 ой 4 кунлигида гол урган. Россия чемпионати шу масалада ҳам етакчи лигалар олдига тушолмайди. Ахир «кўҳна қитъа»даги илғор чемпионатларнинг ҳар бирида рекодчилари 40 ёшдан катта, рус диёрида эса... Хуллас, Наталушко муҳим голни 2000 йилнинг 17 май куни нишонлаган. Диққатга сазовор томони, у ўшада битр ўқ билан икки қуённи нишонга олганди: шахсан ўзи рекордчи бўлиш баробарида дарвозабон Руслан Нигматуллинга тегишли рекорд қуруқ серияни узиб қўйган. Айтганча, Наталушко шундан роппа-роса 1 ой олдин - 17 апрель куни Россия чемпионати тарихида «хет-трик»ка эришган энг ёши катта футболчи бўлганди. Бу натижаси ҳам ҳали янгилангани йўқ, албатта.

Европанинг кучли 5та миллий лигасида гол урган энг «қари» футболчилар (тартиб бўйича)

ТҒр.     Футболчи        Лига                Клуби  Ёши

1. Свенд ХАНСЕН «А» серияси «Аталанта» 44 ёш 9 ой 24 кун

2. Роже КУРТУА Лига 1 «АС Труа Сан-Савен» 44 ёшу 4 кун

3. Тедди ШЕРИНГЕМ АПЛ «Вест Хэм» 40 ёш 8 ой 24 кун

4. ДОНАТО Примеро «Депортиво» учун 40 ёш 4 ой 17 кун

5. Мирко ВОТАВА Бундеслига «Вердер» 40 ёш 3 ой 30 кун


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz