Қайднома

Қидирув

Хитойдан Янги президент ёхуд «Интер»нинг 26 ёшли хўжайини ҳақида нималарни билиш керак?

Хитойдан Янги президент ёхуд «Интер»нинг 26 ёшли хўжайини ҳақида нималарни билиш керак?

  09.11.2018 06:41
  0
  407
Хитойдан Янги президент ёхуд «Интер»нинг 26 ёшли хўжайини ҳақида нималарни билиш керак?

«Интер» (Италия)нинг янги президенти атиги 26 ёшда ва у клуб тарихидаги энг ёш раҳбардир. Хўш, гап ким ҳақида кетяпти? Стивен Чжан - Suning Holdings Group президентининг ўғли.

Хитой корпорацияси соҳиби клубнинг собиқ хўжайини Эрик Тоҳирда қолган акцияларни сотиб олганди. Стивен бадавлат ва иши сероб отасидан фарқли равишда, айнан Миланда яшаб, клуб тараққиётига тўлиқ жавоб беради. «У доимо шу ерда, жамоа ёнида.

Дейлик, «Рома» президенти бутун йил давомида Италияга кўпи билан бир бора келарди, холос», - дея «Интер»нинг ёш президентини мақтаганди Ража Наингголан.

Ҳа, Стивен Чжан тез-тез клуб базасига ташриф буюриб, футболчилар ҳамда мухлислар билан суҳбатлашади, шунингдек, Милан бўйлаб саёҳатлари чоғи маҳаллий журналистларга кўп интервью беради. Асосийси, у ҳам уй, ҳам сафар ўйинларини сира қолдирмайди.

Мисол учун, «нерадзурралар» ўтган мавсумнинг охирги турида «Лацио»ни 3:2 ҳисобида мағлуб этиш асносида ЧЛга йўл очишганида, Чжан «Стадио Олимпико» стадиони майдонида кўз ёшларини тийиб туролмаганди.

Suning корпорацияси таъсирига келсак, «Интер»нинг молиявий кўрсаткичлари кескин яхшиланди. Клуб Suning Group ихтиёрига ўтгач, 3 мавсум давомида даромад бобида анча юксалди. Хусусан, аввалгисида рекорд ўрнатилди: 

Мавсум-2015|2016 — 318,2 млн. евро

Мавсум-2016|2017 — 241,4 млн. евро

Мавсум-2017|2018 — 347 млн. евро

Мана, «Интер» бу йил ЧЛга қайтди. Агар клуб «плей-офф» босқичига чиқса, раҳбарият келаси кузда даромад бўйича янги рекорд расмийлаштирилганини эълон қилади. Алоҳида айтиш керак, «нерадзурралар» ЧЛга чиқишгани учун Pirelli компаниясидан яхшигина мукофот олиб бўлишди.

Тўғри, «Интер» молиявий ҳисоботни минус 17,7 млн. евро билан ёпди, аммо бу охирги 15 йилда қайд этилган энг яхши кўрсаткичдир. Таққослаш учун айтсак, энг ёмон кўрсаткич минус 140,5 млн. еврога тенг (мавсум-2014|2015).

Биргина Match day (ўйин куни тушуми) йўналишида даромад нақ 21 фоиз ошди. Жорий мавсумни олсак, «Интер» абонементлар квотасидан тўлиқ фойдаланди. 37 минг донадан кўп йиллик абонемент сотилдики, бу аввалги мавсум натижаси 20 фоиз ўсганини англатади.

«Милан»га қарши дерби ўйини (1:0)да эса чипталар сотуви тушуми рекорд даражага етди. Рақамларда айтсак, «Интер» жами 78725 тикет сотиб, 5 млн. евро топди. Умуман, жамоа  мухлис тўплаш бобида Италия мезони бўйича шунчаки, космосда:

«Кальяри» билан ўйинда — 55486

«Парма» билан ўйинда — 59648

«Торино» билан ўйинда — 59135

«Фиорентина» билан ўйинда — 55840

Дарвоқе, Италия медиаси маълумотларига кўра, «Интер» раҳбарияти «Ювентус»нинг собиқ бош директори Беппе Маротта билан келишиб қўйибди. Айтиш керак, машҳур функционер «кекса синьора»нинг қаторасига 7та скудетто ютишига катта ҳисса қўшганди.

Демак, «Интер»нинг навбатдаги қадами - топ-трансферлар. Ёзги савдолар чоғиёқ шундай харидлардан бири кузатилиши ҳеч гап эмасди. Ҳар ҳолда, Suning вакиллари август ойида Лука Модрич учун алоҳида таклиф тайёрлашди: «Интер» билан 4 йиллик шартнома, кейин автоматик тарзда Хитойнинг «Жиангсу Сунин» клубига ўтиш, қолаверса, йирик корпорация «юз»и бўлиш.

Ҳозир Луканинг ўзи ҳам бу трансфер амалга ошмаганидан хафадир, ахир шу даражадаги манфаатли таклиф иккинчи марта юзага келмаса керак...

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz