Қайднома

Қидирув

Томас Тухел: «Услубим оддий – вазиятга қараб иш тутамиз»

Томас Тухел: «Услубим оддий – вазиятга қараб иш тутамиз»

  09.11.2018 06:17
  0
  567
Томас Тухел: «Услубим оддий – вазиятга қараб иш тутамиз»

У матбуотда айтилганидек, Юрген Клоппнинг «эгизаги» эмас, диктаторликдан йироқ, лекин демократ ҳам деб бўлмайди. Унинг қўл остидаги жамоа турли услубларда ўйнаб, ҳар доим «ғалабали» футбол кўрсатиши лозим.

Ҳозирча Чемпионлар Лигасидаги муваффақият ҳақида гапиришга эрта... «ПСЖ»нинг янги бош мураббийи Томас Тухель Франциянинг L’Equipe нашрига берган интервьюсида шу ва бошқа мавзулар юзасидан фикр билдирди.

«ПАРИЖ - БУ ТАҚДИР ТУҲФАСИ»

- 2018 йилнинг бошида «ПСЖ» таклиф билан чиққанда, ҳайрон бўлдингизми?

- Ҳа. Бунинг қанчалик жиддийлигини билишга интилдим, зеро улар катта эҳтимол билан мен ҳақимда етарлича маълумотга эга эмасдилар.

- Сизни «Бавария» ҳам ўзига чорлаганди-ку?

- Шундай, лекин мюнхенликлар билан фақат суҳбатлашгандик, холос. Конкрет вазифаларга ўтганда эса кеч бўлганди, мен «ПСЖ» таклифига кўнгандим.

Нега? Ҳаммаси оддий: «Боруссия Д»дан кейин ишлайдиган клубим мутлақо янгича кўринишда бўлиши лозим деб ҳисобладим, аввал хорижда фаолият юритмагандим - бундай имкониятдан фойдаланиб қолишим шарт эди. Париж мен учун ҳақиқий тақдир туҳфаси бўлди.

- «ПСЖ» таклифини қабул қилишдан аввал ким биландир маслаҳатлашдингизми?

- Албатта. Жамоа ичида нималар бўлаётгани билан қизиқдим, чунки клуб раҳбариятининг менга қизиқиш билдиргани бироз ғалати туюлди. У ердагилар барча талабларга жавоб беришимни айтишганида, хурсанд бўлдим.

- Лига 1 савияси ҳақида нима дейсиз?

- Бу ерда барча жамоалар жисмонан кучли. Ҳар бир клубда тўхтатиш қийин бўлган футболчилар бор. Аммо Францияда кўпчилик чемпионлик чўнтагимизда эканини айтмоқда. Германияда ҳам шунга ўхшаш ҳолатни кўриш мумкин. «Бавария»нинг асосий мақсади Чемпионлар Лигаси бўлсада, ички чемпионатни муҳимроқ ҳисоблашади.

«ИККИ ФРОНТДА ИШЛАДИМ»

- «ПСЖ» билан шартнома имзолаётганда, клуб ҳақида қандай тасаввурга эга эдингиз?

- Ҳаммаси ёзда (2017 йил) ўзгарди: «Буни қаранг! Ҳужумда - Неймар, Кавани ва Мбаппе! Улар Европада тўп сураётган энг кучли ҳужумчиларни тўплашибди! Ажойиб жамоа!»

- Трансфер ойнаси очиқлигида кимни таклиф этишни клуб спорт директори Антеро Энрике билан ҳал этдингларми ёки бундай бошқа ишларингиз ҳам бормиди?

- «Икки фронтда» меҳнат қилдим. Аммо «ПСЖ»дек жамоадаги селекция осон иш эмас, нафақат иқтидорли, балки кучли характерга эга футболчиларни топиш керак. Шундагина жамоа уни қабул қилади. Селекциядан ташқари, ёзда юмушларим кўпайиб кетди: янги шароитга мослашиш, тил ўрганиш, футболчилар билан танишиш...

«БОР ЭЪТИБОРНИ ЕЧЛГА ҚАРАТИШ ШАРТМАС»

- Парижда ҳамма Чемпионлар Лигасидаги ғалаба ҳақида гапир-япти. Жамоа шунга қодирми?

- Шу мавсумнинг ўзидами?

- Ҳа.

- Нима бўлишини ҳеч ким билмайди... Агар жамоадаги ички муҳит яхши бўлса, ҳар куни астойдил ишласак, муҳим ўйинларда ғалаба қозонамиз. Ҳозир эса бор эътиборни Чемпионлар Лигасига қаратиш шарт эмас.

- Ўтган йили «ПСЖ»га ЕЧЛда нима етмади, деб ўйлайсиз?

- Умуман, ҳамма нарса етарли эди. Бу менинг шахсий фикрим, ахир жамоа ичида қандай ҳолат ҳукм сурганини билмайман-ку. Айниқса, «Реал» билан ўйинда футболчилар ўзларига ишонмагандек тасаввур уйғотишди.

«ЎЙИНЧИЛАР БИЛАН ФРАНЦУЗ ТИЛИДА ГАПЛАШАМАН»

- Неймар, Буффон, Кавани ва Мбаппеларга катта умид боғлагансиз. Умуман, юлдузлар жамоада алоҳида ўрин тутишлари мумкинми?

- Муҳими - жамоа. Шубҳасиз.

- Демак, «ПСЖ» аҳил жамоа сифатида шаклланса, Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониш мумкин?

- (Кулади) Яна ЕЧЛ ҳақида гапир-япсиз. Ҳа, албатта, Чемпионлар Лигаси ғолиблигини қўлга киритиш учун футболчилар муайян даража, менталитетга эга бўлишлари лозим. Ўйлашимча, жамоамизда «Олтин тўп»га муносиблар бор. Бошқа томондан, футболчи клубдан устун турмайди. Айнан клуб кимнинг ўзини қандай тутиши кераклигини белгилайди.

- Кийиниш хонасида ҳам французча гаплашасизми?

- Имкон қадар шунга интиламан. Баъзан инглизча қўшаман, тушунишади деган умиддаман. Бу ерда ҳар бир мураббий французча гапириши керак - ҳам шахсий обрўси, ҳам клубга бўлган ҳурмати учун. Йигитлар ўзаро португал, инглиз, немис тилларида гаплашишлари мумкин, аммо мен уларга ҳамиша французчада мурожаат этаман.

- Жорий мавсум ЕЧЛда ким фаворит? «Ливерпул»ми?

- Бошқа жамоалар ҳам бор. Имконият жуда яқин турган бўлиши мумкин, уни ўз вақтида кўриб, бой бермаслик керак. Қолаверса, етарли тажрибага эга бўлиш ҳам лозим. «ПСЖ»га айнан шу тажриба етишмаяпти.

Жамоадаги менталитетни ўзгартириш даркор. Албатта, бу ерда ажойиб футболчилар тўпланишган, уларнинг савияси «Боруссия»дагиларникидан юқорироқ. Аммо ЕЧЛда аввалроқ ушбу турнирда ғолиб чиққан клубларга қарши ўйнашга тўғри келади. Биз эса ғалаба сари босқичма-босқич интиляпмиз.

«БИРГИНА СХЕМАГА БОҒЛАНИБ ҚОЛМАСЛИК КЕРАК»

- Қандай футболни маъқул кўрасиз?

- Муҳими, футбол ғалабали бўлсин. Менга ҳамиша Луи Ван Галнинг «Аякс»и, Карло Анчелоттининг «Милан»и, Арсен Венгернинг «Арсенал»и жуда ёққан. Ўйинчилик давримда ТВ орқали учрашувларни кўрардим, бу жамоалар тўп билан кўп муомала қилишдан ташқари, жуда кўплаб голга тортадиган вазиятларни яратишарди.

Шунингдек, улар оддийгина ҳимояланмай, буни ҳужумкор услубда амалга оширишарди. Бу борада Гвардиоланинг «Барселона»си деярли идеал ҳолатда эди.

- Дортмундда жамоангиз прессингни олдинроқдан бошларди. «ПСЖ» ҳам худди шундай ўйнайдими?

- Ҳа, агар уддасидан чиқсак... Ҳаммаси футболчилар, уларнинг имкониятига боғлиқ. Майдондаги ҳар бир ўйинчи футболни чин дилдан ўйнаши лозим, акс ҳолда уринишларимиз фойда бермайди. Шу боис, менимча, мураббийнинг биринчи қиладиган иши - футболчиларга тўғри баҳо бериб, уларни тушуниш керак. Шунга монанд ўйин схемасини тузиш мумкин.

- Сизнингча, «ПСЖ»нинг ҳозирги футболчиларига сиз таклиф қилаётган услуб маъқулми? Ахир бунга қадар улар бошқачароқ тарзда тўп суришган.

- Асосий вақтимиз рақиб томонда ўтаётган экан, демак ҳимояланишни ҳам олдинроқдан бошлаш керак. Ғояга кўра, тўп йўқотилгач, жамоа 3-4-7 сония прессинг ишлатиб, тўпни қайтариб олиши лозим.

Рақиб қарши ҳужум уюштириш, бўш ҳудудларни очишга улгурмаслиги даркор. «ПСЖ» футболчилари тўпга эгалик қилишни ёқтиришади, бироқ замонавий футболда ҳар бир жиҳатни инобатга олиш муҳим. Биргина схемага боғланиб қолиш ярамайди. Вазият ва рақибга қараб ўйнаш керак.

«ЖАМОА - МИСОЛИ ОРКЕСТР»

- Франция термасини Россияда ўтган ЖЧда ўта ёпиқ футбол намойиш этганликда айблашди. Сизнинг бу борадаги фикрингиз...

- Бу қисқа муддат давом этадиган муҳим турнир. Менимча, ҳар бир рақиб финалга чиқиш имкониятига эга бўлган мусобақада бундай услуб қўллаш мантиқан тўғри. Дидье Дешамни жуда ҳурмат қиламан. У жамоаси қандай вазиятда ғалаба қозониши мумкинлигини яхши билади.

- Футболчилар билан тактика хусусида кўп гаплашасизми?

- Бошқачасига мумкинмас, ахир футбол тўлалигича тактикадан ташкил топган. Узатмани амалга оширгандан сўнг бир неча метр олдинга силжиш - бу энди тактика ҳисобланади... Рақиб ўйинлари ёзилган видеоёзувларни кўриб, ҳимоявий ёки ҳужумкор тактика танлаш бўйича бир тўхтамга келамиз.

Уч-тўрт кун оралиғида ўйин ўтказадиган бўлсак, футболчиларга маш-ғулотларда катта юклама бермаймиз, улар экран қаршисида ўтиришади. Кўп эмас, 10-15 дақиқа. Ўйин пайтида эса жамоа худди оркестрдек бўлиши лозим. Уларнинг «таронаси» бир маромда эшитилиши, ҳеч ким хатога йўл қўймаслиги мақсадга мувофиқ.

«ФУТБОЛЧИЛАР БИЛАН ДЎСТОНА АЛОҚА ЎРНАТИШ ТАРАФДОРИМАН»

- Карло Анчелотти L~Equipe наш-рига берган интервьюсида футболчилар тактика масаласида у сўраётган нарсаларнинг 30 фоизини эслаб қолишса, бундан хурсанд бўлишини айтганди.

- 30 бироз кам... Татикани оз-оздан, босқичма-босқич тушунтириш, имкон қадар конкретликка урғуш бериш керак. Ўз навбатида, футболчилар фикри билан қизиқиш муҳим. Йўқ, бизнинг ўйинчилар тушунтираётган нарсаларимизнинг 30 фоиздан кўпроғини эслаб қолишади.

- Парижга келишдан аввал диктатор-мураббийдек кўринардингиз. Бу ерда эса очиқкўнгил, кўп куладиган, оғир-босиқ бўлиб қолдингиз. Аслида қандайсиз?

- Шу иккисининг ўртасидаман. Футболчилар билан алоқа ўрнатмасдан туриб натижа кутиш бефойда. «Майнц» ва «Боруссия»да ажойиб муҳит ҳукм сурарди, аммо баъзан жиддий чоралар кўришга тўғри келарди. Умуман, мен ўйинчилар билан дўстона алоқа ўрнатиш тарафдориман. Машғулот жараёнида эса муайян қаттиққўллик зиён қилмайди.

«КЛУБНИ АЛМАШТИРИШГА ШОШИЛМАНГ!»

- «Боруссия»да Юрген Клопп-нинг ўрнини эгаллаганингизда, сизларни «эгизак» деб аташганди. Ҳақиқатан ҳам ўхшашликлар борми?

- Бундай деб ўйламайман. Биз кўришиб турамиз, дўстона алоқаларимиз бор. Юрген ажойиб шахс, табиатан етакчи. Аммо футболдаги қарашларимиз мутлақо ўзгача. «Майнц» ёшлар жамоасига келганимда, у айнан ўша ердан «Боруссия»га ўтганди. Шундай экан, унинг қандай ишлаганини кўрмаганман.

Бироқ одамлар бизни кўп солиштиришади. Қандайдир ўхшашликни топишса, бизнинг бир хил эканлигимизни янада кўпроқ таъкидлашади. Аслида бундай эмас.

- Лекин худди Клопп сингари сиз ҳам асосий эътиборни ёшларга қаратасиз.

- Навқирон футболчиларга имкон бераётган бўлсам, бунга алоҳида муносабатнинг алоқаси йўқ. Ўша ўйинчига: «Мана сенинг вазифанг, шу ҳудудни ёпишинг керак, мана бу жойдан ҳужум уюштирасан. Ҳаммасини бажарасан. Қандай ёшда эканлигинг менга қизиқ эмас», дейман. У 17 ёшдами ёки 35ми, аҳамиятсиз.

Ҳа, биз ёшларга ишонишимиз лозим. Акс ҳолда, улар қандай қилиб тажриба тўплашади? Аммо ўз навбатида, уларнинг ёнида тажрибали футболчилар бўлмаса, жамоа вазифани уддалай олмайди. Савияси юқори жамоалар, шу жумладан «ПСЖ»да ҳам ёшларни кашф этиш осонмас.

Қўйиладиган талаблар катта, чунки шериклари - юлдузлар. Қолаверса, мотивация ҳам юқори. Уларга маслаҳатим шундай: «Агар «ПСЖ»да ўйинингиз қовушса, ҳар қандай жамоада шу йўсин давом эттира оласиз. Демак, бошқа клуб қидиришни ўйламай, бизнинг сафимизда ўйнашга интилинг».


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz