Қайднома

Қидирув

Депайнинг «қайта туғилиши»

Депайнинг «қайта туғилиши»

  10.11.2018 04:19
  0
  590
Депайнинг «қайта туғилиши»

«Лион» бош мураббийи «тўққизлик»даги ёқимтойи Мариано Диас «Реал»га ўтиб кетганидан сўнг кутилмаган қарорга келиб, ушбу позицияда Голландия термаси аъзоси Мемфис Депайни ўйната бошлади.

ПСВдаги ўйинлари орқали мухлислар олқишига сазовор бўлган, «Манчестер Юнайтед»да эса ишончни оқлаёлмай, омадсизликка учраган вингер «Лион»да яна аввалги савиясига қайтмоқда. У айни пайт техник салоҳиятнинг юқорилиги ҳамда стандарт вазиятлар ижроси бўйича лионликларнинг бошқа бир етакчиси Набиль Фақир билан беллашмоқда. Голландия футболи тарбияланувчиси ҳимоявий ишларни ёқтирмайди, олдинги чизиқдаги ҳаракатлари бў-йича эса унга гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Бугунги кунда кўрсатаётган ўйини бу фикрни исботлайди.

Депайнинг француз клуби учун нечоғли муҳим эканини яқинда ўтказилган Чемпионлар Лигаси доирасидаги Украинанинг «Шахтёр» клубига қарши баҳс ҳам кўрсатди. Ҳисоб донецкликлар фойдасига 0:2 бўлиб турганда, иккинчи бўлим ярмида ўйинга қўшилган Мемфис «Лион» жонига оро кирди. Умуман, мазкур баҳс учун таркиблар эълон қилинганда, Женезио кўпчиликни ҳайрон қолдирган қарорга келгани ойдинлашганди. Жамоанинг асосий юлдузларидан бири Депай захирада қолганди. «Бу тактик қўлланма эмас, шунчаки, асосий таркибдагиларни аниқлаш, холос», - дея ишонч билан таъкидлаганди мураббий ўйиндан сўнг. Эҳтимол, жаноб Брунонинг ўзи ҳам голландиялик шогирдини илк дақиқалардан майдонга туширмаганидан афсусланган бўлса керак...

Депай айнан ўша - «Лион» механизмида етишмаётган деталь экан, чунки у ўйинга қўшилганидан сўнг «Шахтёр» дарвозаси олдида бирин-кетин хавфли вазиятлар яратилди, комбинациялар ўхшади, майдонда борлиги сезилмаётган Фақир ҳам «уйғонди». Донецкликлар мудофааси мустаҳкамлик бўйича синовдан ўтказилди, якунда эса дош беролмади. Бир нечта вазиятда омад украиналиклар томонида бўлди (Дембеленинг дарвозабонга тўпни «совға» қилганини эслаш кифоя), бироқ ке-йинги уч дақиқа меҳмонлар учун даҳшатли ўтди. Фақирнинг жарима майдончаси бурчагидан йўллаган енгил узатмасидан сўнг Дембеле Ракицкийдан юқорироқ сакраб, тўпни боши ёрдамида тўрга йўллади - 1:2. «Лион»нинг Депай иштирокида узоқ давом этган ҳужуми, ҳимоячиларнинг ҳадиксирашлари ва ниҳоят, Оарнинг олдинга интилган Дюбуага берган пасидан сўнг мувозанат тикланди - 2:2.

Ҳа, «Лион» бундай темпни сақлаб қололмади, ҳисоб тенглашганидан сўнг қарама-қарши ҳужумлар кузатилди. Мезбонлар муваффақиятдан руҳланиб, ғалаба илинжида олдинга интилишди, вазиятнинг бундай тус олишини кутмаган меҳмонлар ҳам устунликни яна ўз томонларига оғдириш пайида бўлишди. Тўп майдон марказида деярли ушланиб қолмади, ҳужум ортидан ҳужум уюштирилди. Ҳар икки жамоада суперимкониятлар юзага келди. «Лион»нинг ҳамлаларида асосий ролни айнан Мемфис бажарди. Ҳар ерда ҳозиру нозир Депай дастлаб Дембелени рақиб дарвозабони билан бирга-бир вазиятга чиқарди, аммо йўлланган зарбадан сўнг кипер «сейв» ижро этди. Бошқа бир вазиятда эса голланд шериги томон нозик пас узатди, аммо «Шахтёр» ҳимоячилари сўнгги паллада эпчиллик қилишди. Ўша онда гўёки биргина Депай «Лион»нинг бутун таркибидан устундек таассурот уйғонди. Ваҳоланки, Набиль Фақир ҳам майдонда эди... Донецкликлар дарвозаси бошқа ишғол қилинмади, лекин Депай бўлмаганида, мезбонлар шу куни умуман очкосиз қолишлари ҳеч гап эмасди.

Афтидан, «Лион» таркибидаги футболчиларнинг жисмоний кўрсаткичлари Депайнинг ушбу жамоадаги муваффақиятини белгилаб бераётгандек. Чунки «тўқувчилар» жисмонан бақувватлилик бобида ажралиб туришмади. Бу тезкор жамоа очиқ ҳудудлар борлигида ажойиб ўйин кўрсатади, кўпинча биринчи рақам остида тўп суришни ёқтиради. Албатта, бу гап Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг биринчи даврасида ўтказилган «Манчес-тер Сити»га қарши баҳсга тааллуқли эмас. Аммо «Этихад»да ҳам гарчи «Лион» 37 фоиз ҳолатда тўпга эгалик қилган бўлсада, рақиб дарвозаси томон 11 марта зарба йўллади.

Ҳам тўп назорати, ҳам узатмалар аниқлиги бўйича «тўқувчилар» етакчилар сафида. Жорий мавсум улар Франция чемпионатида бундай кўрсаткич борасида фақат «ПСЖ»дан ортда қолишмоқда. Шунингдек, «Лион» дарвоза томон берилган зарбалар бўйича ҳам Лига 1да пешқадам. Бу клуб футболчилари кўплаб хавфли вазиятларни яратишади, стандартлардан унумли фойдаланишади, асосий ҳужумларни марказдан уюштиришади, кўпинча қисқа пасларни ишга солишади.

Кўпроқ вақтни ҳужумда ўтказадиган бундай жамоада Депайнинг иқтидори яққол намоён бўлди. Муҳими, унинг ўзи ҳам янада кучайиши кераклигини англаб, бунинг учун бор кучини ишга солмоқда.

Агар Мемфиснинг «Лион» либосида қайд этган кўрсаткичларига назар солсак, ўсиш шундоққина кўзга ташланади. АПЛда 33та ўйинда майдонга тушган Депай иккита гол ва битта самарали узатма билан кифоя-ланганди. Францияга кўчиб ўтганидан кейин эса 63та учрашувда рақиблар дарвозасини 26 марта ишғол қилиб, қўшимчасига 23та ассистни расмийлаштирди. Юқорида Мемфиснинг одатда қанот ҳужумида ўйнашини эслатгандик. Демак, «Лион»да ўтказган даври мобайнида голландиялик вингер ўртача 2,42та ўйинда битта гол урган. Ёмон эмас.

Аксарият ОАВда Депайнинг АПЛга қайтиши ёки Испания клубларидан бирининг таркибига қўшилиши ҳақида хабарлар чиқаётгани бежиз эмас. Бироқ Мемфиснинг ўзи бундай янгиликларга парво қилмаяпти - айни пайт у футболдан завқ олмоқда.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz