Қайднома

Қидирув

Хайр, «Нефтчи», шундаймикан…?

Хайр, «Нефтчи», шундаймикан…?

  13.11.2018 06:53
  0
  587
Хайр, «Нефтчи», шундаймикан…?

Элит лигамиз финишига 2та тур қолганида, «Нефтчи»нинг кейинги мавсум кучлилар қаторида ўйнамаслиги ойдинлашди. Регламент бўйича айтсак, шундай. Ҳар ҳолда, Фарғона жамоаси аслида бу йил Суперлигага истисно ҳолатида қўшилганди.

Яъни  вилоятдоши «Цементчи» ўрнини эгаллаганди. Кейинги мавсум нима бўлиши хусусида эса, ҳозирча баралла гапириш ноўрин. Зеро, ЎФА раҳбарияти формат ўзгармаслигини таъкидлаганига қарамай, лига иштирокчилари сонига боғлиқ гап-сўзлар ҳали тугаганича йўқ.

30-тур шунингдек, асосий масалага ҳам анча аниқлик киритди - «Локомотив»да чемпион бўлиш фоизи сезиларли даражада ошди. «Темирйўлчилар» энди қолган 2та ўйинда 1 очко олишса, бас.

Яна «Навбаҳор» ўз майдонида «Бунёдкор»ни енгиб, чемпионатни соврин билан тугатиш имкониятини яхшилади.

1-КУН: УМИД (ЧОРА)СИЗ «НЕФТЧИ»...

Чемпионлик марраси томон дадил одимлаётган «Локомотив» ўз майдонида «Бухоро»ни осонгина таслим этди - 4:0. Умуман, «темирйўлчилар» бутун ўйин давомида яққол устунликка эришишди ва буни жавобсиз 4та гол асносида исботлашди ҳам. Ҳимоячи Анзур Исмоилов охирги 5та ўйин бадалига 3-голини нишонлаганини алоҳида таъкидлаш керак. «Локо»нинг иккинчи бўлимдаги голларига эса, навбати билан Темурхўжа Абдухолиқов, Санжар Шоаҳмедов ва Азиз Омонов муаллифлик қилишди. Шу билан Андрей Фёдоров жамоасининг мағлубиятсиз серияси 17та ўйинга етди. «Бухоро» эса қаторасига 3-учрашувни бой берди, хусусан, охирги 2тасида 4та тўп фарқи билан енгилди.      

АГМК - «Қўқон-1912» учрашувидан олдин Олмалиқда катта тадбир ўтказилиб, Ўзбекистон кубоги соҳиблари тақдирланишди. Яъни АГМК раҳбарияти ва ҳомийлари томонидан жамоа аъзолари - футболчиларга COBALT, мураббийлар - Бахтиёр Ашурматов ҳамда Мухтор Қурбоновга GENTRA ҳамда 11 нафар ходимга SPARK автомобиллари топширилди.

Бироқ олмалиқлик футболчилар бундай рағбатга муносиб жавоб беролмадилар. Ваҳоланки, ўйин улар учун жуда омадли бошланди: илк ҳужумдаёқ Музаффар Музаффаров ҳисобни очди. Иккинчи бўлим бошида эса қўқонликлар рақиб дарвозасини ишғол этишди: 50-дақиқада Мурод Холмуҳаммедов узатмасидан сўнг Ойбек Рустамов тўпга боши билан зарба бериб, мувозанатни тиклади.

Нўъмон Ҳасанов шогирдлари 64-дақиқада қанот ор­қали ташкил қилинган ҳужумни ҳам самарали якунлашди. Бу сафар Роман Абдуловни захирадан майдонга тушган Беҳруз Содиллаев ожиз қолдирди. Якунда Суҳроб Бердиев «Қўқон-1912»нинг 3-голини уриб, 3 очко масаласига узил-кесил нуқта қўйди. Дарвоқе, бу Қўқон жамоаси учун элит лигадаги 400-ўйин эди.

«Нефтчи» - «Сўғдиёна» баҳсига қайсидир маънода 6 очко тикилганди. Шу қимматли очколар якунда жиззахликларга насиб этди ва улар Про-лигага тўғридан-тўғри тушиб кетиш хавфидан қутулишди. Ягона гол 89-дақиқада Никола Милинкович томонидан урилди - пенальти самараси.

Фарғона клуби эса шу мағлубиятдан сўнг қуйи гуруҳда 6-ўринга «михланди». Бу «Нефтчи»нинг кейинги мавсум қуйи лигада ўйнашини англатади. Аттанг, ахир жорий чемпионат аввалида «Нефтчи» олдига чемпионлик учун курашиш вазифаси қўйилгани айтилганди.

Амалда барчаси тескари тус олди ва энди қандайдир истисно ҳолати юзага келмаса, кейинги йили элит лигамиз тарихда илк марта «Нефтчи» иштирокисиз ўтади...

2-КУН: ХИРАГИНА УМИД УЧҚУНИ

«Пахтакор» Суперлигада «қадрдон» рақибига айланган «Металлург»ни бу сафар камтарона тарзда енгди - 2:1. Учрашувдаги 3та гол ҳам иккинчи бўлимга тўғри келгани танаффусга қадар майдонда сокингина кураш борганидан далолат. Ҳисобни 70-дақиқа яқинлашган паллада Тиаго Безерра очди, кейин захирадан ўйинга қўшилган Баҳром Абдураҳимов устунликни мустаҳкамлади.

Дарвоқе, бразилиялик футболчи чемпионатдаги 13-голини нишонлаган бўлса, «Насаф»нинг собиқ вакили Суперлигада рақиб дарвозасини илк бора нишонга олди. «Металлург»нинг ягона жавоб голи эса, финал ҳуштаги янграшига оз вақт қолган паллада ҳимоячи Аброр Ҳусинов номига ёзилди.

Ғалаба туфайли «Пахтакор»да чемпион бўлиш умиди сақланиб қолганини ҳам айтиш керак. Лекин бу умид учқуни жуда-жуда хира. Оддий ифода этсак, «шерлар»нинг 1-ўринга кўтарилишлари учун «Локо» қолган 2та ўйинда очко олмаслиги керак. «Пахтакор»нинг ўзидан эса аввало, кейинги турда «темирйўлчилар» майдонида 3та тўп фарқи билан ғалаба қозониш, кейин охирги турда ҳам ютиш талаб этилади.

Шундай тақдирда очколар миқдори тенглашади ва «пахтакорчилар» ўзаро ўйинлардаги голлар фарқига кўра, 1-ўринга чиқишади. Хуллас, Шота Арвеладзе жамоаси имкониятини фоизда баҳолаш ҳам қийин...  

«Навбаҳор» ўз мухлислари қаршисида «Бунёдкор» дарвозасини бир бора ишғол қилди ва турнир жадвалида «қалдирғочлар»дан анча узоқлашди. Хуллас, 64-дақиқада «жанжалкаш» Рўзим Аҳмедовнинг пенальтидан урган голи натижасида Андрей Канчельскис жамоасида 3-ўрин соҳиби сифатида бронза медали ютиш имконияти кескин ошди. Ҳар ҳолда, энди «Навбаҳор» ва «Бунёдкор»ни 4 очко ажратиб турибди.

Тўғри, наманганликлар шунинг баробарида 2-ўринга чиқиш имкониятини йўқотишди. Агарда «Пахтакор» қолган 2та ўйинда мағлубиятга учраган ва «Навбаҳор» кейинги турларда «Бухоро» ва «Локомотив»дан 6 очко тортиб олган тақдирда ҳам, «шерлар» 2-ўринда қолишади.

Чунки очколар тенг бўлган ҳолатда аввало, ўзаро ўйин­лар натижасига қаралади ва «Пахтакор» меҳмонда кўпроқ гол ургани ҳисобига олдинга жойлашади.

«Қизилқум» ва «Насаф» ўртасидаги ўйинда ҳам мухлислар танаффусга қадар гол кўришмади. Иккинчи 45-дақиқаликка келиб, мезбонлар ҳужумлар шиддатини анча оширишди ва бунинг самарасини ҳам кўришди. Аввалига Эркин Бойдуллаев собиқ жамоасини ранжитди, кейин Артур Геворкян ҳам бу ишни такрорлади.

Қисқаси, «Қизилқум» айнан «Насаф»да ўйнаган икки футболчи урган голлар эвазига ғалаба қозониб, очколар бўйича ўз гуруҳи турнир жадвали пешқадамига тенглашиб олди. Эътиборли факт шуки, Рўзиқул Бердиев жамоасининг 5та ўйинга чўзилган мағлубиятсиз одими узилди, Ҳамиджон Актамов шогирдлари 2та учрашувдан кейин яна ғалаба кўчасига киришди.

ТУР ҚАҲРАМОНИ - «ЛОКОМОТИВ»

Ортиқча изоҳга ҳожат йўқ. Биринчидан, ҳеч бир футболчи алоҳида ажралиб турмади. Ҳаттоки, кимдир «дубл»га эришгани ҳам йўқ. Бундай ҳолатда кимни эътироф этиш керак? Фарғонада ғалаба қозонган «Сўғдиёна»ними ёки «Бунёдкор»дан устун келган «Навбаҳор»ни? Ҳа, бу жамоалар муҳим ғалабаларни расмийлаштирди.

Фақат пенальтидан урилган ягона гол эвазига. Чемпионлик маррасига далил одимлаётган «Локомотив» эса оғир кечиши кутилган «Бухоро»га қарши учрашувни жамоавий ҳаракатлар билан осонгина ўз фойдасига ҳал қилди...

«ЛОКОМОТИВ» - «БУХОРО» - 4:0 (1:0)

9 ноябрь. Тошкент. «Локомотив» стадиони. 951 томошабин.

Ҳакамлар: Ш.Қосимов, О.Жумаев, Р.Самандаров, Р.Каримов.

Голлар: А.Исмоилов (23), Т.Абдухолиқов (63), С.Шоаҳмедов (74), А.Омонов (90}3).

«Локомотив»: И.Нестеров, К.Махарадзе, И.Алибоев, М.Бикмаев (А.Шоғуломов, 75), Т.Абдухолиқов (А.Омонов, 83), С.Мирзаев, Ҳ.Ғофуров, С.Шоаҳмедов, А.Исмоилов, Д.Туропов (Ф.Иброҳимов, 59), И.Йелич.

«Бухоро»: Ш.Насимов, Б.Омонов, А.Аманов (А.Ибрагимов, 77), С.Қутибоев, С.Шихов, Б.Шодмонов, А.Филипосян, А.Тўраев, М.Жумаев, Қ.Баҳодиров (Э.Исмоилов, 42), М.Муҳиддинов (Ж.Қаҳрамонов, 54).

Огоҳлантиришлар: А.Исмоилов (56) - М.Муҳиддинов (32), Э.Исмоилов (55).

Назоратчи: Б.Тоғаев.

Комиссар: А.Давиденко.

Шуҳрат Файзиев («Бухоро» мураббийи): - Биз учун бироз қийин учрашув. Рақиб жуда фаол ҳаракатланди. Энди бор эътиборни қолган 2та ўйинга қаратамиз. Аста-секин бухоролик ёш футболчиларни тарбиялаб, таркибга жалб этяпмиз. Насиб этса, яқин йиллар ичида Бухородан умидли истеъдодлар етишиб чиқишади.

Ҳозирча имкониятдан келиб чиқиб, ўйин намойиш этяпмиз. Албатта, мавсум якунига қараб, жамоани кучайтиришга ҳаракат қиламиз. Ҳа, молиявий ҳолатимиз унча яхши эмас, муаммолар борлигини деярли ҳамма билади. Аммо ишонтириб айтаманки, жамоа йўқолмайди. «Бухоро» олдин ҳам бўлган, кейин ҳам бўлади...

Андрей Фёдоров («Локомотив» бош мураббийи): - Йўқ, ўйин енгил  ўтмади. Чунончи, кўплаб футболчиларни бошқа позицияларда ўйнатиб кўрдик. Ҳисобга қарасак, барчаси осон кечгандек. Умуман, рақиб таркибида қайси футболчилар ўйнашларидан қатъий назар, фақат ғалабани кўзлаймиз.

Бугун етарли ўйин амалиётига эга бўлмаётган футболчиларга бироз тажриба етишмади. Энг асосийси, ўйинни тўлиқ назорат қилдик. Мисол учун, рақибга бир вазиятда гол уриш имкониятини бермадик. Албатта, ўз ўйинимиздан мамнунман.

«Пахтакор» йигитларимизга қизиқиш билдирмоқдами? Ҳаммаси миш-миш, холос. Тўғри, бу савол раҳбариятга берилиши керак. Трансферлар вақтида қўлдан келганича ишлаяпмиз. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

АГМК - «ҚЎҚОН-1912» - 1:3 (1:0)

9 ноябрь. Олмалиқ. АГМК стадиони. 5115 томошабин.

Ҳакамлар: Р.Эрматов, А.Расулов, Ж.Саидов, Д.Акмалов.

Голлар: М.Музаффаров (2) - О.Рустамов (50), Б.Содиллаев (64), С.Бердиев (82).

АГМК: Р.Абдулов, А.Исроилов, М.Музаффаров, Жасур Ҳасанов, Л.Тўраев (З.Полвонов, 66), В.Бубанья, К.Мурзоев, В.Касминин, Й.Жокич, Жамшид Ҳасанов (З.Пиримов, 52), А.Саматов (Ш.Норбеков, 78).

«Қўқон-1912»: Ў.Юсупов, Ғ.Комилов, Ж.Сиддиқов (Д.Мелиқўзиев, 88), О.Рустамов, С.Бердиев (Н.Отақў­зиев, 90}3), М.Холмуҳаммедов, А.Мерзляков, Д.Гожкович, М.Милич, И.Маликжонов, М.Ҳасанов (Б.Содиллаев, 55).

Назоратчи: Ш.Жумаев.

Комиссар: Ж.Раҳматуллаев.

Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Аввало, олмалиқликларни Ўзбекистон кубогидаги ғалаба билан табриклайман. Бу жамоа учун улкан ютуқ.

Ўйинга тўхталсам, биринчи бўлимда ҳаракатларимиз бироз қовушмади. Боз устига, тезкор гол қўйиб юбордик. Шундай бўлса-да, якунда муҳим ғалабага эришдик. сабаби - иккинчи 45 дақиқаликни юқори савияда ўтказдик. Хусусан, захирадан майдонга тушган йигитлар ўйин­ни кучайтиришди.

Олдинда бизни яна 2та мураккаб баҳс кутиб турибди. Табиийки, уларда ҳам ижобий натижа қайд этиб. мавсумни яхши кайфиятда тугатишга ҳаракат қиламиз.

Бахтиёр Ашурматов (АГМК бош мураббийи): - Барча байрам кайфиятида эди. Лекин умуман кутилмаган даражада ўйнаб, мағлубиятга учрадик. Ҳозир мухлислар ва раҳбарият олдида хижолатдаман. Очиғи, майдонда жамоамни таниёлмадим.

Ҳа, кубокни қўлга киритдик, аммо чемпионатда элитада қолиш учун кураш олиб боришимизга тўғри келди. Ҳаёт кубок финалидаги ғалаба билан тўхтаб қолмайди. Чемпионатда ҳам ўйнаш, ғалаба қозониш зарур. Буни бафуржа муҳокама этамиз, албатта.

«НЕФТЧИ» - «СЎҒДИЁНА» - 0:1 (0:0)

9 ноябрь. Фарғона. «Истиқлол» стадиони. 3420 томошабин.

Ҳакамлар: В.Агишев, Р.Серазетдинов, А.Цапенко, Ғ.Жўраев.

Гол: Н.Милинкович (89-пен.).

«Нефтчи»: А.Абдужалилов, Ш.Пўлатов, А.Исмоилов, Д.Эрматов (А.Бердиев, 72), А.Сидоров, Ҳ.Ғофуров (М.Бобожонов, 83), Б.Йўлдошев, Д.Тошматов, Ш.Ҳожиматов, Ш.Ҳакимов (А.Абдулҳақов, 59), Д.Турсунов.

«Сўғдиёна»: М.Митрович, С.Қулматов, Э.Орипов, С.Азимов (С.Рашидов, 73), С.Мелиев, Ш.Жўрабеков, О.Нурматов (С.Дарвидас, 62), М.Симонович, Н.Милинкович, Н.Ҳасанов, Н.Тўхтасинов (Ш.Норхонов, 56).

Огоҳлантиришлар: А.Сидоров (13), Ш.Ҳакимов (33), Б.Йўлдошев (88) - Ш.Жўрабеков (50), Н.Ҳасанов (76), Н.Милинкович (89).

Назоратчи: О.Дачев.

Комиссар: М.Саидқосимов.

Сергей Лушан («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Бугун режаларимиз иш берди. Мураккаб ўйин бўлишини билардик. Шуни назарда тутиб, ҳимоядан ўйнаб, рақибни қарши ҳужумларда жазолашга уриндик. Мана, якунда муҳим 3 очко олиб, асосий вазифани уддаладик. Энди қолган 2та учрашувга ҳам бор куч-ғайрат билан астойдил тайёргарлик кўрамиз.

Баҳром Ҳайдаров («Нефтчи» бош мураббийи): - Ўйин бўйича йигитларга эътирозим йўқ. Ҳар ҳолда, ҳамма бор кучини сарфлади, роса тер тўкди. Афсус, жамоа­миз учун ўта муҳим баҳсда мағлубиятга учрадик. Очиғи, бугун омадимиз умуман чопмади...

«ПАХТАКОР» - «МЕТАЛЛУРГ» - 2:1 (0:0)

10 ноябрь. Тошкент. «Пахтакор» стадиони. 872 томошабин.

Ҳакамлар: Ш.Насибуллаев, Т.Гайнулин, А.Калинин, А.Худойберганов.

Голлар: Т.Безерра (69), Б.Абдураҳимов (81) - А.Ҳусинов (90}3).

«Пахтакор»: А.Лобанов, Ҳ.Алижонов, Ж.Аҳмадов (Ж.Искандеров, 39), Д.Раҳматуллаев, Ж.Машарипов (И.Гонсалвеш, 66), Е.Кримец, К.Тожиев, Ж.Яхшибоев (Б.Абдураҳимов, 79), Ф.Сайфиев, Ч.Драган, Т.Безерра.

«Металлург»: Ж.Илёсов, З.Жўрабоев, И.Йўлдошев (М.Исаев, 48), Ш.Шайманов (З.Тўраев, 60), М.Султонов (П.Смоляченко, 84), Д.Умиров, Д.Ҳошимов, Ш.Файзиев, Х.Сатторов, Б.Пардаев, А.Ҳусинов.

Огоҳлантиришлар: К.Тожиев (89) - И.Йўлдошев (31), М.Исаев (58), Х.Сатторов (72), М.Султонов (84).

Назоратчи: Р.Айтеков.

Комиссар: Л.Қўчқоров.

Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи): - Деярли ҳар 3-4 кунда майдонга тушяпмиз. Ўйинларнинг ҳар бири жуда муҳим. Зеро, ўртада қимматли очколар ва ЧЛ масаласи турибди. Ҳа, бироз қийин, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам, ғалаба қозониш керак.

Бугун биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйсак бўларди. Зеро, 3-4та жуда қулай имконият юзага келди. Футболда ҳаммаси бир зумда амалга ошиб қолмайди. Асосийси - ғалаба қозондик. Ваҳоланки, айрим ўйинчиларга дам олиш имкониятини бердик.

«НАВБАҲОР» - «БУНЁДКОР» - 1:0 (0:0)

10 ноябрь. Наманган. «Марказий» стадиони. 12050 томошабин.

Ҳакамлар: И.Танташев, Ҳ.Шодмонов, А.Буров, А.Эргашев.

Гол: Р.Аҳмедов (64-пен.).

«Навбаҳор»: А.Тўраев, И.Голбан, О.Ўрунов, А.Нўъмонов, Д.Жабборов, А.Турғунбоев, М.Ғофуров, А.Алиев, Р.Аҳмедов (С.Сулаймонов, 83), Д.Ҳошимов, Ж.Меҳмонов.

«Бунёдкор»: С.Султонов, Р.Ашурматов, А.Комилов, Д.Жўраев, Д.Аҳмадалиев, Ж.Иброҳимов, Ш.Нурматов (М.Мираҳмадов, 78), М.Тошматов, С.Собирхўжаев, М.Сулаймонов (Ф.Райевац, 82), А.Ҳайдаров (М.Қосимов, 62).

Огоҳлантиришлар: Р.Аҳмедов (8), Д.Ҳошимов (48) - А.Ҳайдаров (8), А.Комилов (63), Ж.Иброҳимов (76).

Четлатиш: Ж.Иброҳимов (90}3, Б.).

Назоратчи: М.Исмоилов.

Комиссар: Б.Маметов.

Андрей Канчельскис («Навбаҳор» бош мураббийи): - Ҳар икки жамоа ижросидаги футбол яхши таассурот қолдирди. «Бунёдкор» ўйин жиҳатидан энг кучли клублардан бири ва шундай рақибга қарши тўп суриш қизиқарли. Ҳа, «Бунёдкор»да қандай муаммолар борлигини биламан.

Шундай жамоа келаси мавсум чемпионатда ўйнамаса, афсусланарли ҳолат бўлади. Ўз шогирдларимга иштиёқ билан ҳаракатланишгани учун миннатдорчилик билдираман. Шунингдек, жамоамизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларга ҳам катта раҳмат.

Албатта, жамоа билан олиб бориладиган ишлар ҳали кўп. Лекин айни пайт ихтиёримизда атиги 12 нафар футболчи бор ва ўз имкониятимиздан келиб чиққан ҳолда, ўйнашга интиляпмиз. Шогирдларимнинг машғулотларга ёндашувлари ва иштиёқларидан хурсандман. Ўзимизни хотиржам ҳис қилиш учун энди кейинги ўйинларда  1 эмас, 2-3та гол уришга уринамиз.

Албатта, иқтидорли ёшларни ҳам кашф этиш масаласи бор. Айтганча, бугун 12 ёшли болалар ўртасидаги мусобақа финалига ташриф буюриб, унда ғолиб чиққан наманганлик футболчиларни алоҳида табрикладим. Шундай экан, бугун қўшалоқ ғалаба қайд этилди.

Собиқ футболчи сифатида 70 ва 3 минг мухлис қаршисида тўп суриш ҳиссиёти қандай бўлишини яхши биламан. Бошқа шаҳарларда ҳам стадионлар мухлислар билан тўлиши тарафдориман. Ахир ажойиб муҳит ичида ўйнашнинг гашти ўзгача. Жамоага яқинда келдим. Остон Ўрунов ёш ва иқтидорли йигит.

Мана, у Ўзбекистон олимпия термасига, Азизбек Турғунбоев ва Даврон Ҳошимов эса миллий жамоага жалб этилишди. Клубимиздан 3 нафар футболчининг терма жамоаларга чақирилиши ёқимли ҳолат. Остонга ўз устида янада кўпроқ ишлаши лозимлигини уқтиряпмиз. Йигитлар аста-секин талабимизни тушунишяпти ва ўйиндан-ўйинга «очилиш­япти».

Улар «Пахтакор», «Локомотив» ва мана, «Бунёдкор» жамоаларига қарши кечган ўйинларда муносиб кўринишди. Асосий мақсадимиз - совриндорлар сафидан жой олиш. Ҳа, 2-ўринни эгаллаш имконияти ҳам бор эди. Лекин айрим сабабларга кўра, буни уддасидан чиқолмадик. Тушунинг, футболчилар темир эмас, инсон.

Машҳур мураббий Валерий Лобановский таъбири билан айтсак, темир ҳам бир кун синади. Анчадан буён битта таркиб билан ўйнаяпмиз ва ихтиёримизда ўйинни кучайтирадиган футболчи йўқ. Кимдир чарчайди, бош­қаси жароҳатланади, айримлар босимга дош беролмайдилар. Буни тўғри тушуниш керак.

Ҳикмат Эргашев («Бунёдкор» мураббийи): -  Ажо­йиб ўйин гувоҳига айландик. Ўйлайманки, кўрсатилган футбол барчага манзур тушди. Бинобарин, икки жамоа ҳам пухта тайёргарлик кўрганди. «Навбаҳор» ўз мухлислари далдалари остида фаол ҳаракатланди. Айтишадику, Наманганда Бразилия термаси ҳам ютолмайди...

Очиғи, ҳакамликдан қониқмадик. Қарс икки қўлдан чиқади. Бизнинг дарвозамиз томон 11 метрли жарима зарбаси белгиланди. Лекин Дилшод ва Жавлонни қўлидан тортиб йиқитишганида, ҳакамлар эътибор қаратишмади. Шунингдек, Жавлон нега майдондан четлатилганини ҳам тушунмадим.

У жамоа сардори ва ҳакам қарорига эътироз билдиришга ҳақли. Ҳа, ҳакамлар ишини назорат қиладиган қўмита бор ва барчаси кўриб чиқилса керак. Ҳали ҳеч нарса йўқотилгани йўқ. Демоқчиманки, совриндорлар сафига кириш учун  охиригача курашамиз. 

«ҚИЗИЛҚУМ» - «НАСАФ» - 2:0 (0:0)

10 ноябрь. Навоий. «Ёшлар» СМ. 3445 томошабин.

Ҳакамлар: Ж.Мухторов, Р.Шояхметов, Б.Шавкатов, Ш.Ражабов.

Голлар: Э.Бойдуллаев (59), А.Геворкян (81).

«Қизилқум»: Е.Черемисин, Э.Бойдуллаев, А.Рустамов (С.Ярашев, 74), Ф.Қамбаров, А.Геворкян, М.Убайдуллаев, Ш.Жўраев (Ҳ.Абдуалимов, 85), Э.Григалашвили (Д.Усмонов, 34), Э.Бойматов, Н.Йованович, С.Мустафоев.

«Насаф»: С.Қувватов, М.Каримов (А.Мозговой, 86), Ғ.Ғайбуллаев, О.Ҳамробеков, А.Сафаров, Д.Нарзуллаев, И.Кенжабоев (Д.Саитов, 76), И.Рашидхонов, Х.Мухторов, О.Бозоров (Б.Давлатов, 68), У.Эшмуродов.

Огоҳлантириш: Х.Мухторов (58, Н.).

Назоратчи: С.Эрматов.

Комиссар: Э.Бахтиёров.

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - Аслида биринчи голга қадар «Қизилқум»нинг ўйини қовушмади. Ҳисобнинг очилиши рақибимизга руҳий устунлик берди. Ҳар ҳолда, мезбонлар шундан кейин фаолликни оширишди. Умуман, биз имкониятлардан фойдаланолмадик, мезбонлар аксинча, самара чиқара олишди.

Тан олиш керак, «Қизилқум» таркибида тажрибали футболчилар етарли ва улар қулай вазиятларни қўлдан чиқармайдилар. Қисқаси, рақибимиз ҳақли ғалабага эришди. Аслида ўйинга жиддий тайёргарлик кўргандик, аммо ижобий натижага тортадиган даражада тўп суролмадик. Қолаверса, бугун баъзи етакчи футболчиларимиз хизматига таянолмадик.

Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи): - Бугунги ғалабага ҳисса қўшган барча-барчага миннатдорчилик билдираман ва мухлисларимиз, футболчилар ва клуб ходимларини табриклайман.

«Насаф»га қарши жуда кўп ўйнаган бўлсак-да, бу рақибни ҳали бирор марта мағлубиятга учратмагандик. Бугун 3 очко жуда зарур эди ва йигитлар шуни теран ҳис этган ҳолда, майдонда бор кучларини ишга солишди.

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Ҳа, молиявий ҳолатимиз унча яхши эмас, муаммолар борлигини деярли ҳамма билади. Аммо ишонтириб айтаманки, жамоа йўқолмайди. «Бухоро» олдин ҳам бўлган, кейин ҳам бўлади... Шуҳрат Файзиев («Бухоро» мураббийи).

- «Пахтакор» йигитларимизга қизиқиш билдирмоқдами? Ҳаммаси миш-миш, холос. Тўғри, бу савол раҳбариятга берилиши керак. Андрей Фёдоров («Локомотив» бош мураббийи).

- Ҳозир мухлислар ва раҳбарият олдида хижолатдаман. Очиғи, майдонда жамоамни таниёлмадим. Бахтиёр Ашурматов (АГМК бош мураббийи).

- Ўйин бўйича йигитларга эътирозим йўқ. Ҳар ҳолда, ҳамма бор кучини сарфлади, роса тер тўкди. Баҳром Ҳайдаров («Нефтчи» бош мураббийи).

- Тушунинг, футболчилар темир эмас, инсон. Машҳур мураббий Валерий Лобановский таъбири билан айтсак, темир ҳам бир кун синади. Анчадан буён битта таркиб билан ўйнаяпмиз... Андрей Канчельскис («Навбаҳор» бош мураббийи)

- Очиғи, ҳакамликдан қониқмадик. Қарс икки қўлдан чиқади. Бизнинг дарвозамиз томон 11 метрли жарима зарбаси белгиланди. Лекин Дилшод ва Жавлонни қўлидан тортиб йиқитишганида, ҳакамлар эътибор қаратишмади. Ҳикмат Эргашев («Бунёдкор» мураббийи).

30-ТУР СТАТИСТИКАСИ

Ўйин: 6, Гол: 15 (ўртача: 2,5)

Томошабин: 25853 (ўртача: 4308...), Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Навбаҳор» - «Бунёдкор» (12050)

Мезбонлар ғалабаси: 4, Меҳмонлар ғалабаси: 2, Дуранг: -

Йирик ҳисобли ғалаба: 1 («Локомотив» - 4:0), Энг сермаҳсул ўйинлар: АГМК - «Қўқон-1912», «Локомотив» - «Бухоро» (4тадан гол)

Огоҳлантириш: 20 (ўртача: 3,33...), Четлатиш: 1 (ўртача: 0,16...)

Энг «қўпол» ўйин: «Навбаҳор» - «Бунёдкор» (5та «сариқ» } 1та «қизил»)

Пенальти: 2 (самарали), «Дубль»: - , «Хет-трик»: -, Автогол: -

ЮҚОРИ ОЛТИЛИК

1 ЛОКОМОТИВ   18            12            4              2              31-15      40

2 ПАХТАКОР      18            10            4              4              32-14      34

3 НАВБАҲОР      18            8              4              6              18-14      28

4 БУНЁДКОР      18            7              3              8              25-22      24

5 МЕТАЛЛУРГ    18            4              4              10            11-27      16

6 БУХОРО           18            3              1              14            13-38      10

ЛИГАДА ҚОЛИШ УЧУН

1 НАСАФ             18            8              6              4              21-14      30

2 ҚИЗИЛҚУМ      18            9              3              6              25-22      30

3 ҚЎҚОН-1912    18            6              6              6              19-14      24

4 АГМК                18            6              5              7              20-21      23

5 СЎҒДИЁНА       18            6              5              7              18-22      23

6 НЕФТЧИ           18            4              5              9              13-23      17

31-тур

24 ноябрь(шанба)

15:00       «ҚИЗИЛҚУМ» - «НЕФТЧИ»

15:00       «ҚЎҚОН-1912» - «СЎҒДИЁНА»

17:00       «БУНЁДКОР» - «МЕТАЛЛУРГ»

25 ноябрь(якшанба)

15:00       «БУХОРО» - «НАВБАҲОР»

15:00       «ЛОКОМОТИВ» - «ПАХТАКОР»

17:00       «НАСАФ» - АГМК

ТЎПУРАРЛАР

Исмоил Гонсалвеш («Пахтакор») - 14та (9та - пен.)

Тиаго Безерра («Пахтакор») - 13та

Бобур Абдухолиқов («Насаф») - 12та

Жавлон Иброҳимов («Бунёдкор») - 11та (2та - пен.)

Марат Бикмаев («Локомотив») - 11та (3та - пен.)

Артур Геворкян («Қизилқум») - 9та (1-та - пен.)

Йован Жокич (АГМК) - 9та (7та - пен.)...

Мурод Холмуҳаммедов («Қўқон-1912») - 9та (8та - пен.)

Элгужа Григалашвили («Қизилқум») - 8та...


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz