Қайднома

Қидирув

Антуан Гризманн: «Биз «Олтин тўп»га лойиқмиз»

Антуан Гризманн: «Биз «Олтин тўп»га лойиқмиз»

  13.11.2018 07:24
  0
  1021
Антуан Гризманн: «Биз «Олтин тўп»га лойиқмиз»

Антуан Гризманн - «Олтин тўп»-2018 учун реал даъвогар. Франциялик ҳужумчи ЖЧ-2018 финалидан олдин нега жаҳон кубогига қарамади ва душ қабул қилмади? «Атлетико» юлдузи нега Н`голо Кантени фирибгар ўрнида кўради?

Бу саволлар жавобига қизиқсангиз, марҳамат, Гризманн ва France Football мухбири ўртасидаги суҳбат мазмуни билан танишиб чиқинг...

- Кўзларингизни бир лаҳзага юмиб, ўзингизни ЖЧ-2018да тасаввур қилсангиз, биринчи навбатда, нимани эсга оласиз?

- Финалдан кейин қизим Миа билан жаҳон кубоги ёнида суратга тушганимизни. Аввалига қизимнинг трибунадан пастга тушишини истамагандим. Чунки жала қуйиб турганди. Аммо рафиқам Эрика далда берди: «Қўйсангчи, ёмғир тош эмас-ку! Ёнингга бора қолсин, бирга суратга тушасизлар».

- Жаҳон кубогини бош узра баланд кўтариш қандай ҳиссиётлар бағишлайди?

- Киши ўзини бошқа оламга тушиб қолгандек сезади. Ўта ҳайратланарли! Таърифлашга тил ожиз. Ҳаттоки, қаерга қарашни ҳам, кимнинг ёнига боришни ҳам билмай қоласан. Бир ёқда мухлислар, бошқа тарафда оила аъзоларинг, яна жамоадошларинг... Кийиниш хонасидаги манзара эса телбалар тўдаси кенгашини эслатади.

- Меҳмонхонада ҳам ўзгача хурсандчилик қилгандирсизлар, ўзи бунга куч қолганмиди?

- Ҳа, у ерда ҳам роса яйрадик. Ўша оқшом атиги 1 соатча ухладим, холос, чамамда. Лукас (Эрнандес) ва «Том-Том» Лемар билан энг охирида ётдик. Хуллас, туни билан ўйнаб-кулдик, мусиқа тинмади. Ҳаттоки, яқинларимиз ҳам ухлаганлари йўқ.

- Оламшумул ғалабадан кейин илк СМС-хабарни кимга йўлладингиз?

- «Эль Шоло» («Атлетико» бош мураббийи Диего Симеоне)га. Унга кубок суратини жўнатиб, остига шундай ёздим: «Қаранг, қандай чиройли! Сиз туфайли жаҳон чемпиони бўлдим. Демак, соврин сизга ҳам тегишли».

- ЖЧ пайти сизга юборилган энг қадрли СМС қайси?

- Аргентиналикларни енгганимиздан кейин Симеонедан ажойиб хабар олдим: «Бу фақат бошланиши. Сизлар финалга лойиқсиз. Сизларга ишонаман. Жамоангиз ажойиб!» Нуфузи баланд мутахассисдан бундай мақтов эшитиш жуда ёқимли.

Финалнинг эртасига унга қўнғироқ қилдим: «Европа суперкубоги учун баҳсда ўйнашни истайман» (15 август куни «Атлетико» ҳамшаҳри - «Реал»ни 4:2 ҳисобида енгди).

- Бу борада рафиқангиз билан маслаҳатлашдингизми? Ахир мундиалдан кейин дам олишга эҳтиёж бор эди.

- Албатта, оилам даврасида ҳордиқ чиқаришни хоҳладим. Лекин якунда суперкубок баҳсида қатнашиш иштиёқи устун келди. Талаб даражасида тўп суриш учун ҳаттоки, алоҳида массажчи хизматидан фойдаландим.

- Финал учрашувидан сўнг Франция президенти Макрон қулоғингизга нималарнидир шивирлади...

- Ҳеч гап йўқ. Шунчаки, Францияни шарафлаганимиз учун биздан миннатдор эканлигини билдирди.

- Финалда гол уриш завқи қандай?

- Бу такрорланмас ҳиссиёт. Голдан кейин 5 дақиқача осмонда учиб юргандек бўлдим.

- Миллионлаб мухлислар кўз ўнгида пенальти тепиш осон эмас, албатта.

- Барчасини унутиб, бор эътиборни зарбага қаратишим талаб этиларди ва худди шундай қилдим. Тўпни нуқтага қўя туриб, ўзимни тинчлантирдим: «Ҳаммасини одатдагидек бажар, худди одатий ўйиндаги каби...».

- Финал арафасида миянгизда қандай хаёллар чарх урганди?

- Ҳамма ҳаяжонда, оёқлар тезроқ майдонга тушиш ва тўхтовсиз югуришга шай. Фақат кубок турган томонга қарагим келмади. Евро-2016 финалидан олдин совринга чуқур разм солгандим ва якунда мағлубиятга учрагандик, ЧЛнинг ҳал қилувчи баҳсида шу омадсизлик такрорланди.

ЕЛ финалидан олдин эса кубокка қиё боқмадим ва ғолиб чиқдик. Шуларни назарда тутиб, Москвада ўзимга ўзим буйруқ бердим: «Кубокка қарама, асло қарама». Ҳа, айтганча, мамлакат мадҳияси янграган пайт йиғламасликка ҳам аҳд қилдим.

- Буниси нима учун?

- Ўйинлар арафасида мадҳия ижро этилса, ҳамиша негадир кўзимга ёш келади, айниқса, Францияда. Россияда йиғлашдан тийилдим. Эҳтимол, кўпчиликка қайсидир томондан ожиз эканлигимни кўрсатишдан уялгандирман... Зафардан кейинги кўз ёшлар йўриғи бошқа.

- Одил Рами - Франция термаси қалби. Айтингчи, унинг мўйловига нега тегажоғлик қилаверасиз?

- Қайсидир учрашув олдидан мўйловидан тортиб, ҳазиллашгандим, ўшанда жамоамиз ғалаба қозонган. Шу-шу бундай «ҳунар» мен учун таомилга айланди.

- Ёнғин сигнали пайти (Аргентина термаси маҳв этилгач, Одил айрим жамоадошларини ўт ўчириш мосламаси ёрдамида кўпикда «чўмилтирган» ва хавфсизлик тизими ишлаб кетганди) қаерда эдингиз?

- Хонамда дам олаётгандим. Сигнализация овозини эшитиб, ҳеч нимани тушунмадим. Шу пайт кимдир эшикни очиб қичқирди: «Эвакуация». Ташқарига чиқсам, ҳамма ёқ тутун. Кейин меҳмонхона ёнида жамоадошларимга дуч келдим.

- Миттигина Н~Голе Канте ўйинда Лео Мессини бутунлай «еб қўйди». Айтишларича, у табиатан ўта қув ва муғомбир экан...

- Тўппа-тўғри! Айниқса, қарта ўйинида. Автобусда ким у билан ўйнаса, якунда албатта, «шулер» иборасини ишлатади.

- Килиан Мбаппе ҳақида нима дейсиз? У чин вундеркиндми?

- «Куку»ми? Унга шундай мурожаат қиламан, гарчи бу ўзига ёқмаса ҳам. Қандай куч! Ҳозирги ўйини билан Роналдунинг «МЮ»даги ҳолатини эслатмоқда. Килиан энди Роналдунинг «Реал»даги даражасига чиқиши керак. Шунда ҳар мавсум 50тадан кам гол урмайди.

- Самуэль Юмтити танаффус пайти парфюмерия воситаларидан фойдаланар экан. Нима, бу ўзига хос иримми?

- Очиғи, бу одатини илк марта Россияда кўрдим. Агар омад келтираётган бўлса, қаршилик йўқ. Мана, ўзим нимчорак финал ўйинидан эътиборан душ қабул қилишдан воз кечдим. Чунки ўйиним яхши томонга ўзгарди. Энди Испания чемпионатида ҳам шундай йўл тутяпман.

- ЖЧдаги муваффақият учун терма жамоага МВА ғолибига бериладиган халқага ўхшаш махсус сов-рин топширилиши ростми?

- Ҳа, бундай таклифни ўзимиз илгари сурдик. Франция футбол федерацияси президенти Погба билан учрашувда барчасига рози эканлигини айтди. Демак, футбол оламининг янги соврини бизга насиб этади.

- Энди фақат «Олтин тўп»ни қўлга киритиш қолди...

- Муҳим масалани ўртага ташладингизми, ўйлаб кўришга мажбурман. Жавобим оддий: «Олтин тўп» - мен учун орзулар чўққиси.

- Агар соврин Франция термаси вакилларини четлаб ўтса, жуда ачинарли ҳолат юзага келади, тўғрими?

- Фикрингизга қўшиламан. Ахир биз жаҳон чемпионларимиз-ку. Лекин баҳо бериш ва муносиб номзодни танлаш - мутахассислар ҳукмидаги иш. Нима бўлишидан қатъий назар, хулосам битта - соврин франциялик футболчига насиб этиши шарт. Чунки бунга ҳақлимиз!

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz