Қайднома

Қидирув

6 кун 6 асрга чўзилганди, гўё… ёхуд «Пахтакор-79»нинг қалбига айланган инсон ҳақида

6 кун 6 асрга чўзилганди, гўё… ёхуд «Пахтакор-79»нинг қалбига айланган инсон ҳақида

  14.11.2018 08:33
  0
  618
6 кун 6 асрга чўзилганди, гўё… ёхуд «Пахтакор-79»нинг қалбига айланган инсон ҳақида

1944 йилнинг 4 апрель куни туғилган Мансур Иномжонович Толибжонов «Пахтакор»да атиги 2 мавсум ишлаган бўлсада, жамоа тарихида ёрқин из қолдирган. Зеро, у клуб маъмури лавозимида самарали иш юритиб, тараққиётга сезиларли улуш қўшган.

Мансур Иномжонович машъум авиаҳалокат оқибатида шонли «пахтакорчилар» билан ҳаётдан кўз юмишига қадар айнан 1979 йили Ўзбекистон терма жамоаси раҳбарияти таркибида собиқ иттифоқ халқлари Спартакиадасида ҳам қатнашганди.

«Яхши маъмур - бу ярим жамоа, футболчилар кайфияти ва ўйинга қандай шайланиши айнан унга боғлиқ», - деганди Тўлаган Исоқов ўз интервьюларидан бирида.

Поезд, автобус ёки самолётга чипта топиш, меҳмонхонада жой банд қилиб қўйиш, тушлик ёки транспортга буюртма бериш, тоза формалар билан таъминлаш - булар тиним билмас футбол маъмури зиммасидаги ҳар кунлик ишнинг бир қисми, холос.

Умуман, жамоа маъмурининг кенг кўламли меҳнатини ҳамма ҳам тўлиқ тасаввур қилолмайди.

У ЖАМОА ҚАЛБИ ЭДИ...

Мансур Толибжонов мактаб ёшидан футболга жиддий қизиққан. Бу қизиқиш уни «Пахтакор» (Тошкент) жамоаси қошидаги футбол мактабига етаклайди ва 1962 йили ушбу даргоҳдаги таҳсилни тугатиб, 20 ёшидан профессионал клубларда ўйнай бошлайди.

Аниқроқ айтсак, Мансур бир неча йил Андижон вилояти Москва туманининг шу номдаги колхозида тузилган «Оқ олтин» жамоасида ҳимоячи сифатида тўп суради. Кейинчалик сардор даражасига кўтарилган Толибжонов 1968 йилги мавсумда «Оқ олтин»нинг Марказий Осиё ҳудуди «В» тоифасидаги лигада 2-ўринни эгаллашига катта ҳисса қўшади.

Дейлик, ўша мавсум якунида уни зонанинг 33 нафар энг яхши футболчиси қаторида эътироф этишганди. Мансур ўтган асрнинг 70-йиллари бошида «Пахтачи» (Гулистон) жамоаси сафига қўшилади, шундан кейин эса, мураббийлик фаолиятини бошлайди. 1978 йилга келиб, машҳур Ҳамид Раҳматуллаев тавсиясига кўра, Мансур Толибжоновни ўзининг севимли клуби - «Пахтакор»га таклиф қилишади ҳамда маъмур лавозимига тайинлашади.

У маъмур иши катта масъулият талаб этишини, лавозим эгаси барча нозик масалаларни жойида ҳал қилиши кераклигини  жуда яхши тушунарди. Умуман, Толибжонов аниқ иш юритишни хуш кўрар, ташкилотчилик ва тадбиркорлик қобилияти, энг майда жиҳатларга ҳам масъулият билан ёндашиши билан ажралиб турарди.

Ҳар ҳолда, унинг фаолияти давомида жамоанинг маъмурлик хизмати ишида бирор муаммо ёки ишкал чиққан эмас. Асосийси, «Пахтакор»га садоқат билан ишлаш анъанасини кейинчалик Мансурнинг укаси Асқар Толибжонов давом эттирди. Кўпчилик билади, Асқар Иномжонович кўп йиллар мобайнида Тошкент клуби вице-президенти лавозимида ишлади.

Мансур Иномжонович Толибжонов пойтахтимиздаги Яккасарой қабристонига дафн қилинган. Тошкентдаги 1-рақамли қабристонда эса, ёдгорлик мажмуаси бор.

ҒОЯЛАР ГЕНЕРАТОРИ

Мансурнинг укаси Асқар Толибжонов (Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий) хотиралари: «Биз катта ва аҳил оилада улғайганмиз: 7 нафар ака-ука ва бир сингил. Барчамиз спорт билан фаол шуғулланганмиз. Дейлик, Мансур акам болалигидан футболга кучли меҳр берган экан.

У  оилада тўнғич фарзанд эди ва барчамизга том маънода ибрат кўрсатарди, ҳар биримизга мақсад сари интилишда ёрдам берарди. Асосийси, Мансур акамни ўта сабрли ва кўнгли очиқ инсон сифатида эслаб қолганман. Мисол учун, ўз оиласини жуда яхши кўрарди ва доимо маҳалладош дўстлари, синфдошлари, ҳамкурслари билан учрашишга алоҳида вақт ажратарди.

Ёшлигимда акамга эргашиб, тез-тез футбол жамоалари, шарҳловчилар, журналистлар ва меҳмонларни кутиб олишга чиқардим. Унинг барча масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиши, футбол муҳитига киришиб кетганини кўриб ҳайратланардим.

Маъмурлик иши нақадар оғир ҳамда масъулиятли эканлигини ҳам айни ўша вақтлар тушунгандим. Айтишим мумкинки, мени бўлажак футбол ҳаётига айнан акам тайёрлаган.

Мансур акам мен учун илҳом уйғотувчи манба мисоли эди. Болалигимдан Мансурнинг машғулотларига борардим, ўйинларини томоша қилардим. Эҳтимол, айни ўша вақтда менда футболга нисбатан кучли меҳр уйғонгандир. Мансур акам яна юқори интеллект эгаси бўлиб, ҳамиша ўқиш-ўрганишга интиларди.

Дейлик, у Мелиорация муҳандислик институтида таҳсил олган. Кейинроқ Тошкент политехника институтида ҳам ўқиган. Айтишим жоиз, айнан Мансур ўзининг ҳаётий тажрибасига таяниб, менга спорт фани билан шуғулланиш ва соҳа тиббиёти йўналишида изланишни тавсия этганди. Яна бир томони, у ўқиш даврида ҳам футболни ташлаб қўймаган.

Яъни собиқ иттифоқ чемпионати иккинчи лигаси вакиллари - «Янгиер», «Шаҳрихончи», «Гулистон» жамоалари сафида ўйнашда давом этган, қолаверса, ўша даврнинг энг яхши қанот ҳимоячиларидан бири сифатида эътироф этилган. Мисол учун, акамни бир неча марта иккинчи лигада ўйновчи футболчилардан тузиладиган Ўзбекистон терма жамоасининг рамзий таркибига киритишган.

Эсимда, жамоаси Тошкентда ўйнаса, барча қариндошларимиз, оиламиз дўстлари, қўшнилар, маҳалладошлар стадионга боришарди. Табиийки, акам атрофидаги ҳолат барчамизга ижобий таъсир ўтказиб, ҳаёт йўлимизни топиб олишимизга ёрдамлашган, турли спорт секциялари ва мактабларига боришимизга туртки берган.

Айнан Мансур акамнинг ижобий маънодаги таъсирида шахсан менда болаликдаёқ футболга жиддий ёндашув туйғуси шаклланган эди.

Ўша машъум ҳалокат юз берган кун Москвада эдим. Аспирантурада ўқирдим ва кутубхонада илмий тадқиқот олиб бораётгандим. Москва - пойтахт, шундай экан, хабарлар тез тарқалади, айниқса, шунга ўхшашлари. Қисқаси, кечқурун москвалик ҳамкасбларим ҳали расман тасдиқланмаган фожиа ҳақида айтишди.

Бунга ишонмай, дарҳол Тошкентга қўнғироқ қилдим, афсуски, шумхабар рост бўлиб чиқди... Турмуш ўртоғим билан тезда уйга қайтдик. Днепропетровскдан темир тобутни гўёки, бир умр кутгандек бўлганмиз... Ўша 6 кун 6 асрга чўзилганди... Ота-онамиз кўз ўнгимизда қаришди... Тошкентдан учган самолётга аслида нима бўлганини ҳеч ким тушунтириб беролмасди.

Ҳар куни хонадонимизга юзлаб киши келиб, оиламизни қўллаб-қувватлаш, юпатишга уринарди. 17 август куни тобутларни олиб келишгач, бутун шаҳар «пахтакорчилар» билан хайрлашгани тўплангандек туюлди... Ўшанда оиламизни олдинда янада аламли ва мураккаб синовлар кутаётганини ҳали билмасдик...»

АЧЧИҚ ҚИСМАТ...

Асқар Иномжонович давом этади: «Ўша йиллар оиламиз йўқотишдек аччиқ аламни тўла-тўкис ҳис қилди. 1978 йили катта акамиз Қобулжоннинг ҳаётдан кўз юмиши билан бошланган қайғу Мансурнинг фожиали ўлимига уланди. Орадан яна бир йил ўтгач, Мансурнинг ягона ўғли - 7 ёшли Алишердан ҳам айрилиб қолдик.

1981 йили эса Ўзбекистон ИИВда хизмат қилаётган акамиз Ёқубжон фалокатга учради, яна ярим йилдан кейин ягона синглимиз Шарифахон ҳам ҳаётдан кўз юмди. Бирин-кетин фарзандлари ва суюкли набирасидан ажраб қолган отам бу йўқотишлар дардини кўтаролмади ва 1982 йили уни ҳам ерга қўйдик. Қисқаси, қандайдир 4 йил ичида оиламизнинг 6 нафар аъзосини дафн этдик...».

АКА ИШИНИНГ ДАВОМЧИСИ

- Марҳум акамнинг маслаҳат-кўрсатмаларини ёдда тутиб, Москвага қайтим ва яна илмий изланишларга шўнғидим. Ҳаракатларим самараси ўлароқ, қатор мақолалар ёздим, бир неча тажрибалар ўтказдим. 1986 йилга келиб, номзодлик диссертациясини ёқладим. Яширмайман, ўша вақт жуда қийналганман, зеро, жуда кўплаб масалаларни ҳал этишим керак эди.

Айни ўша мураккаб оралиқда Мансурнинг дўстлари катта ёрдам кўрсатишганди. Айниқса, Зокир Қурбонов. Айнан у 1989 йили мени ёш илмий ходим сифатида «Пахтакор» жамоасига таклиф қилиб, маслаҳатчи-мураббий лавозимига тайинлади. Мансур бошлаган анъанани давом эттириш мен учун нақадар улкан шараф бўлганини сўз билан ифодалаб беролмайман.

Мана, жамоада турли раҳбарлик лавозимларида ишладим. Яъни илмий маслаҳатчи, мураббий, жамоа бошлиғи, клуб раисининг биринчи ўринбосари, вице-президент сифатида нақ 22 йил фаолият юритибман! Ўзбекистонда битта жамоада шунчалик узоқ муддат ишлаган яна бирор мутахассис борми-йўқ - билмадим.

Мендан кейин оиламиз анъанасини ўғлим Рустам давом эттирди. У «Пахтакор» футбол мактабида таҳсил олгач, маълум муддат ҳам ўринбосарлар таркиби, ҳам асосий жамоада ўйнади.

Кенжа ўғлим Достон Олимпия захиралари мактабида ўқиди, ҳозир Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институти талабаси, яна «Локомотив» клуби ўринбосарлар жамоасига жалб этилмоқда. Мени қувонтирадиган томони шуки, ўғилларимда илмий ишга қизиқиш катта, уларда оиламизнинг футбол анъаналарини давом эттиришга иштиёқ ҳам кучли.

КУРИЛОВКА ҚИШЛОҒИ...

ХАЙРЛИ КИШИЛАРГА РАҲМАТ

- 2009 йили икки авиалайнер тўқнаш келган Днепропетровск области Куриловка қишлоғида бўлдим. У ерда футболдаги биродарлик ва ҳамдўстлик ёрдамида марҳум «пахтакорчилар» шарафига ажойиб ёдгорлик мажмуаси ўрнатилди. Ёдгорлик асосини тайёрлаш жараёнида бир неча марта ўша фожиали воқеа излари устидан чиқдик... 

Металл парчалар, ўз кўринишини деярли йўқотган самолёт қолдиқлари, иллюминаторлар, ўриндиқлар... Маҳаллий аҳоли орадан шунча йил ўтган бўлсада, гоҳ у ер, гоҳ бу ердан фалокатдан қолган турли буюмлар топилаётганини сўзлаб берди... Шу ўринда маҳаллий одамларнинг инсоний фазилатларини алоҳида эътироф этишим керак.

Шунингдек, Куриловка қишлоғи маъмуриятига ҳам қойил. Чунончи, 35 йилдирки, у ерда бизнинг «пахтакорчилар» хотирасини ёд олишади. Дейлик, қишлоқда ҳар йили махсус турнирлар ўтказилади, фалокат жойи алоҳида назорат остига олинган. Куриловкаликлар ҳаттоки, «Пахтакор»-79 жамоасига асос солишган.

Умуман, Куриловкада ёдгорлик ўрнатишда Идгай Тазетдиновнинг беваси - Алла Сергеевна Тазетдинова-Шулепинанинг алоҳида хизмати бор. Айнан у барча ташкилотчилик ишларини ўз зиммасига олди. Ёдгорлик ўрнатишга «Пахтакор» (Тошкент), «Динамо» (Минск), «Динамо» (Киев), «Қайрат» (Олма-Ота), «Шахтёр» (Донецк) каби клублар ҳам ҳисса қўшди.

Шунингдек, ўша йиллар тошкентликлар билан жиддий рақобатлашган «Қайрат» клуби вакиллари - Темур Сегизбаев, собиқ «пахтакорчи», кейинчалик Қозоғистоннинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилган Дмитрий Огай, «Про Спорт» газетаси бош муҳаррири Гений Тулегенов бу борада жонбозлик кўрсатишди.

Айтиш жоиз, айнан Тулегеновнинг фаоллиги билан марҳум «пахтакорчилар» шарафига ёдгорлик ўрнатиш масаласи ижобий ҳал қилинди.

МАСЪУЛИЯТНИ ДОИМО ҲИС ҚИЛИБ ТУРАРДИ

Мансур Толибжоновнинг беваси Юлдуз Толибжонова хотилари: «Мансур ака бир сафар футбол мактаби билан навбатдаги ўйин учун Қўқонга келди. Биз ўшанда танишгандик... Мен кейинроқ институтга ҳужжат топширдим ва ўқишга кирдим. Шу тариқа пойтахтда тез-тез учраша бошладик.

5 йиллик учрашувларимиз катта муҳаббатга айланиб, 1968 йили турмуш қурдик. Кейинги йили бахтиёр оиламизда қиз фарзанд дунёга келди. 1973 йили эса ўғлимиз Алишер туғилди. Ўшанда Мансур акадан бахтлироқ киши йўқ эди. У ўринбосари борлигидан роса қувонарди, келажакка катта режалар тузарди. Бироқ... Ҳаётнинг қора чизиқлари ҳам бор...

Тақдир экан, бахтиёрлик узоққа чўзилмади. Тез орада оиламиз оғир мусибатларга йўлиқди. Гўёки, қора чизиқнинг якуни йўқдек туюлди, деярли ҳар 6-10 ойда қадрдонларимиздан бири бизни тарк этаверди... Даҳшатнинг ўзгинаси, ҳаттоки, ақлдан оза бошладим...

Қизимиз ягона юпанчим бўлиб қолди. Лекин Мансур ака хотираси олдида масъулиятни ҳис қилган ҳолда, ўзимни қўлга олишим ва бахтимиз учун курашишим шартлигини теран тушунардим.

Мансур ака машҳур футболчи Ҳамид Раҳматуллаев билан қалин дўст эди. Айнан у 1978 йилнинг бошида турмуш ўртоғимни «Пахтакор» маъмури сифатида иш бошлашга кўндирганди.

Ўша йилнинг 14 апрель куни фалокат юз берди... Москвалик ҳакамлар ва меҳмонларни кузатишдан кейин Тошкент маркази - Хадра туманида Раҳматуллаев ва Мансур ака ўрин олган автомобиль фалокатга учради. Оқибатда Ҳамид ака ҳаётдан кўз юмди, эрим эса оғир жароҳатланган бўлсада, бахтли тасодиф туфайлигина тирик қолди.

Мансур ака тузалиб оёққа тургач, онам ундан футболни ташлашни сўради, бунга кўндиришга роса уринди. Лекин турмуш ўртоғим ўзининг севимли ишисиз яшолмасди. Эсимда, онамни тинчлантиришга уриниб, шундай деганди: «Хавотир олманг, мавсумни якунига етказиб қўяйлик, бу ишдан кетаман...». Эҳтимол, онамиз ўшандаёқ яна бир мудҳиш фалокат борлигини ҳис қилгандир...

Ўша фожиали кун... 1979 йил 10 август. Мансур ака уйда эди, тушликдан кейин қўққисдан қариндошлар ва ота-онамиз билан кўришиб келишга қарор қилди. Мендан эса кечки тамаддига севимли таоми - чучвара тайёрлаб туришимни сўради. Ўша оқшом уни анча кутдим. Маълум бўлишича, Мансур ака яқинлари олдида ушланиб қолган экан.

Хуллас, уйга келгач, қорни тўқлигини айтиб, узр сўради. Кечаси эса хотиралари жўш урди, чоғи, ўз болалиги, ота-онаси ҳақида кўп гапириб берди ва уларга етарли даражада яхшилик қилолмаганидан афсусланди. Эрим шу қадар берилиб ҳикоя қилдики, унинг ҳаётидан олинган фильмни кўргандек бўлдим...

Ҳеч хаёлимдан кетмайди, Мансур ака ўшанда нимадандир безовта эди, уни бирор марта бундай ҳолатда кўрмагандим. Зеро, қаергадир шошаётган ва ҳеч нарсани унутмасликка уринаётгандек таассурот уйғотганди... Қолаверса, ўзини бироз бошқача тутганди: аввалига тарвуз сўйиб келишимни сўради, кейин қовун хоҳлади, чой дамлашимни буюрди...

Яна негадир яқиндагина учиш пайти ҳалокатга учраган учувчи қўшнимизни эслади. Якунда иш билан шу қадар бандлиги туфайли бўш вақти йўқлиги, ҳаттоки, бу кетишда хотиржам ўлишга ҳам имкон тополмаслигини айтди: «Ўлсам ҳам, жоним осмонда узилса керак...».

Табиийки, бу гапларидан ўзимни тутиб туролмадим ва йиғлаб юбордим, кейин ёмон нарсалар ҳақида гапирмаслигини айтиб, урушиб бердим. Мансур ака эрта азонда хайрлаша туриб, эшик олдида тўхтади ва менга қараб сўз қотди: «Ҳечқиси йўқ, 3 кун ва қайтаман...».

Сўзини тугатгач, нарсаларини шундоқ полга қўйиб, ортига қайтди ва болалар хонасига кириб, ухлаб ётган фарзандларимизни меҳр билан ўпди. Кетаётганида эса менга алоҳида тайинлади: «Илтимос, болаларни «Чайка» кинотеатрига, динозаврлар ҳақидаги янги фильм томошасига олиб бор...».

12 август куни кинотеатрдан уйга қайтишда дўконга кирдик ва у ерда фожиа ҳақида эшитдим. Уйга қандай алпозда югуриб келганимнию, қайнонамга телефон қилиб, нима деганимни эслолмайман... Кейин 6 кун давомида барчамиз Украинадан тобут келишини кутдик. Ўғлимиз Алишер гарчи 6 ёшда бўлсада, барчасини тушуниб, тинмай йиғларди. Ёш мурғакнинг шу қадар қайғуга ботганини кўриш жуда-жуда оғир эди...

Қайғу қўшалоқ келар экан... Турмуш ўртоғимнинг вафотидан атиги 10 ой ўтиб, тақдир мени яна бир кучли зарба билан синади - ягона ўғлимиз Алишер ҳаётдан кўз юмди... Бундан узоқ вақт ўзимга келолмай юрдим... Онам, яқинларимиз, ва дўстларимизга раҳмат, улар ўша кунлари мени ёлғизлатиб қўйишмади, таскин бериб туришди.

Ўғлимнинг ўлимидан олдин туш кўргандим - уйимизга Мансур ака келди ва барча хоналарни бир айланиб, индамай ортига қайтди. Эҳтимол, у мени огоҳлантиришга урингандир...».

Муаллифдан. Маълумки, футбол учрашуви натижасини жамоа ўйинчилари ва мураббийлари таъминлашади. Ҳар ҳолда, шундай тушунча бор. Ахир улар асосий ижрочилар ва доимо диққат марказида бўлишади. Бироқ яна шундай кишилар ҳам борки, уларнинг фамилияларини газетада бериладиган ўйин қайдномаларида учратмаймиз.

Умуман, уларнинг ишлари ҳеч қачон телекамералар нигоҳига ҳам тушмайди, мухлисларга ҳам билинмайди. Мансур Иномжонович Толибжонов ҳамиша камтарлиги билан ажралиб турган, лекин «Пахтакор» жамоаси маъмури ва инсон сифатида ўзидан яхши ва ёрқин хотиралар қолдиргани аниқ...


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz