Қайднома

Қидирув

Меъморга муҳтож «машина» ёки яна Германия термаси ҳақида...

Меъморга муҳтож «машина» ёки яна Германия термаси ҳақида...

  18.11.2018 01:30
  0
  678
Меъморга муҳтож «машина» ёки яна Германия термаси ҳақида...

Яқин ўтмишда ёрқин ва сермаҳсул ўйинлари билан барчани ўзига ром этган Йоахим Лёв раҳбарлигидаги Германия терма жамоаси ЖЧ-2014даги зафарли юришдан сўнг ўзига сира ўхшамай қолди. Бошқача айтганда, бундестимда қандайдир инқироз даври кузатилмоқда. Айниқса, жорий йилги омадсизликлар немис футболи мутасаддилари қатори ҳаттоки, бетараф мухлисларни ҳам ўйлантириб қўйди. «Йогги» ҳозир охирги 4 йил оралиғида қайд этилган шармандаликдан қутулиш учун энг баланд қоядан сакрашга ҳам тайёр турган бўлса, ажабмас. Ахир унинг тождор жамоаси шу йил «бундесмашина» тарихида илк марта 6та учрашувда мағлубиятга учради, янги асрда биринчи бора қаторасига 2та ўйинни бой берди. Табиийки, изланувчан мураббий вазиятни тубдан ўзгартириш, жамоани яна тараққиёт йўлига буриш мақсадида қайта қуриш жараёнини бошлаб юборди. Лекин ижобий силжишдан ҳозирча дарак йўқ. Хўш, қудратли «немис машинаси» айнан қайси омиллар туфайли таназзул кўчасига кириб қолди?

 

1. Схематик ўзгаришлар. Футболчиларнинг сафдан чиқишлари туфайли юзага келадиган тактик ўзгаришларни инобатга олмасак, бундестим ҳамиша анъанавий 4-2-3-1 тактик чизмаси асосида тўп сурган. ЖЧ-2018дан кейин эса немислар 3 марта услубни ўзгартирдилар: Франция термасига қарши кечган баҳсларда 4-1-4-1 ва 3-4-3, Перу ва Голландия жамоалари билан бўлган учрашувларда 4-3-3 схемалари қўлланилди. 4-3-3 вариантида майдон марказини босиб ўтиш «машина»га катта қийинчилик туғдиришини голландлар билан бўлган ўйин яққол кўрсатиб берди. Зеро, ҳозирги таркибда Мирослав Клозе тоифасидаги марказий ҳужумчи йўқ. Ҳар ҳолда, вазиятлардан фойдаланиш кўрсаткичи жуда пасайиб кетди. Оқибатда Лёв услубни яна ўзгартиришдан ўзга чора тополмади. Бир тасаввур қилинг-а, дарвоза томон нақ 25та зарба йўллансаю, улардан биттаси голга айланса... Бу «бундесмашина» учун муваффақиятми? Мана, 2014 йилги тождор жамоанинг айни ҳолати. Шундай шароитда ўта ноёб иқтидор соҳиби ҳам ўзини йўқотиб қўймайдими?

2. Ажабтовур ҳимоя чизиғи. Жером Боатенг - Матс Хуммельс жуфтлигини чиқитга чиқарадиган вақт келди, шекилли. Терма жамоа бахтига ёки аксинча, бахтга қарши голландлар билан ўйинда Жером жароҳатланиб, «Бавария» ихтиёрига қайтди. Айнан шу зарурат ортидан Мюнхен клубидаги амплуадошидан сира қолишмайдиган Никлас Зюле майдонга тушиш имкониятига эга бўлди. Лёв французларга қарши кечган такрорий баҳсда 3 нафар марказий ҳимоячи - Матс Хуммельс, Никлас Зюле ва Маттиас Гинтерга ишонч билдирди. Тан олиш керак, «Боруссия» М. вакили шерикларидан ишончлироқ ҳаракатланди. Қанотлар хусусида тўхталсак, мураббий Жошуа Киммихни марказга олгач, ўнг тарафда муаммо вужудга келди. Аввалига унинг ўрнини Гинтер тўлдирди. Аммо охирги учрашувда Лёв «ПСЖ»нинг ёш ҳимоячиси Тило Керерни туширди. Хуллас, мураббий бу масалада бир тўхтамга келишда қийналмоқда.

3. Узоқ куттирган тезлик. Сусткашлик - Россия мундиали ва ундан кейинги ўйинларда Германия термасини ортга тортаётган асосий иллат. Йоахим Лёв дейлик, Амстердамдаги шармандали мағлубиятдан кейин бошланғич таркибга 5та ўзгариш киритди ва ўйин суръатини сезиларли даражада оширди. Хусусан, қанот ҳимоясида Гинтер|Киммих дуэти ҳаракатланди, шунингдек, Йонас Хектор ўрнига Керер ва Мартин Шульц майдонга тушишди. Ҳужум чизиғида Лерой Сане ҳамда Серж Гнабри ёш Тимо Вернерга ёрдам бериш вазифасини ўз зиммаларига олишди. Шу ўринда Лёв малакаси алоҳида эътирофга лойиқ: немислар аслида биринчи ўйинда ўта тезкор французларга қарши муносиб тўп суришди. Мисол учун, мунтазам қарши ҳамла уюштириб, хавфли вазиятлар яратишди. Тўғри, улар хавфли ҳужумлардан самара чиқаришда оқсашди. Шунинг баробарида чемпион жамоага ҳам гол уриш имкониятини беришмади. Учрашувнинг яна бир эътиборли жиҳати шуки, мураббий ҳужумкор ярим ҳимоячиларга тўлиқ эркинлик берди: Вернер, Гнабри ва Саненинг доимий равишда жой алмашиб тўп суришлари франциялик ҳимоячиларни анча шошириб қўйди. Хуллас, «Йогги» ҳимоя чизиғини Боатенг ва Хуммельссиз шакллантирса, битта асосий муаммодан қутулади, шекилли. Чунончи, бу ҳимоячиларнинг Килиан Мбаппе савиясидаги ҳужумчиларга бас келишлари жуда душвор.

4. Етакчининг йўқлиги. Бугунги бундестимда яққол етакчи кўринмаяпти. Олдинроқ бу миссияни Томас Мюллер, ундан аввалроқ Бастиан Швайнштайгер талаб даражасида уддалашганди. Энди юксак масъулиятли вазифани бажаришга муносиб йигит топилмаяпти. Жамоада бош етакчи сифатида гавдаланиши кутилган дарвозабон Мануэль Нойер узлуксиз жароҳатлар оқибатида мавқеини анча йўқотди. Унинг вақтида сардорлик боғичи остида майдонга тушганини айримлар ҳаттоки, унутишга улгуришди. Орада Конфедерациялар кубоги-2017нинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган Юлиан Дракслер сардорликни қўлга олди. Ваҳоланки, Юлиан ҳужумкор ярим ҳимоячилар орасида энг кам самара келтирадиган футболчидир. Яқин келажакда Киммих ёки Леон Горецка етакчи мақомига лойиқ савияга чиқишлари мумкиндир. Лекин ҳозир эмас...

5. Яна бир тахмин. Манчестерда хотиржам ишлаётган Хосеп Гвардиолага алангали салом! Ҳа, Германия терма жамоаси инқирозида каталониялик мутахасисни айблаётганлар ҳам бор. Нега, нима учун? «Гвардиола «Бавария»ни дабдала қилди» - футболда кенг тарқалган нуқтаи-назар шундай янграмоқда. Кўпчиликнинг фикрига кўра, каталониялик мураббий Мюнхен грандига мутлақо мос келмаган. Унинг яккаю-ягона кашфиёти - бу Филипп Ламни таянч ярим ҳимоячиси ролига мослаштиргани. Хуллас, немис футболи «гегемони» ҳанузгача Гвардиола таъсиридан қутулолмаяпти. Бундестим - энг асосий жабрланувчи. Чунки унинг ўзагини айнан «Бавария» вакиллари ташкил этишади. «Мен ва Гвардиолага хос ғояларда муштарак жиҳатлар жуда кўп», - деганди Лёв ўз интервьюларидан бирида. Дарҳақиқат, икки ҳамкасб 2013 йилнинг охирида бундестим машғулотлар базасида 2 соатдан кўпроқ вақт давомида қандайдир «махфий» масалалар хусусида бош қотирганди. Пепнинг терма жамоага таъсири Бразилия мундиалидаёқ яққол кўзга ташланди: Лам бир неча ўйинни таянч ярим ҳимоячиси сифатида ўтказди, жамоа эса асосий эътиборни тўп назоратига қаратди. Бундан ташқари, бош мураббий анъанавий соф ҳужумчи ғоясидан воз кечиб, Вернерни сохта «9-рақам» ролида ўйнатди. Асосий муаммо битта: Лёв ҳамон Гвардиола фалсафасига алоҳида ёндашмоқда. Мисол учун, охирги учрашувларда Жошуа Киммих марказда Лам эффектини беришга уринди. Тўғри, Киммихнинг савияси шубҳадан холи. Бироқ таянч ярим ҳимояси унинг позицияси эмас. Қисқаси, Жошуанинг қанотдаги ўйинига гап йўқ, марказни назорат қилишга эса, шунчаки, уқуви етмаяпти. Боз устига, мураббий ҳамон каталон тилини ўрганиш ва футбол менежери ролини бажариш билан банд...

 

Германия терма жамоаси:

2018 йилги натижалар

 

Ўртоқлик учрашувлари

Германия - Испания - 1:1

Гол: Мюллер (35).

Германия - Бразилия - 0:1

Австрия - Германия - 2:1

Гол: Озил (11).

Германия - Саудия Арабистони - 2:1

Голлар: Вернер (8), Ҳавсавий (43-авт.).

Германия - Перу - 2:1

Голлар: Брандт (25), Шульц (85).

 

ЖЧ-2018

Германия - Мексика - 0:1

Германия - Швеция - 2:1

Голлар: Ройс (48), Кроос (90).

Жанубий Корея - Германия - 2:0

 

Европа Миллатлар лигаси

Германия - Франция - 0:0

Голландия - Германия - 3:0

Франция - Германия - 2:1

Гол: Кроос (14-пен.).

 

 

Йоахим Лёв ўрнини ким эгаллайди? Германия матбуоти бир қатор мухахассислар номзодини илгари сурмоқда. Улар орасида терма жамоанинг собиқ устози Юрген Клинсманн ҳам, собиқ голеадори Мирослав Клозе ҳам бор.

1. Юрген Клинсманн (54 ёш)

Германиялик мутахассис 2004-2006 йилларда терма жамоани бошқариб, бир қатор янгиликлар жорий этган ва якунда бошқарувни ўз ёрдамчиси - Йоахим Лёвга топширганди.

2. Хорст Хрубеш (67 ёш)

Бу мураббий - ёш футболчилар ҳукмдори. Хрубеш хусусан, 2008 йили 19 ёшли йигитлар термаси билан Европа чемпионатида зафар қучди, кейинги мавсум U-21 тоифасидаги турнирда муваффақиятни такрорлади. 2016 йилга келиб, Германия олимпия термаси Хрубеш қўл остида Олимпиада кумуш медалини қўлга киритди. Мураббий айни пайт аёллар терма жамоасини бошқармоқда.

3. Маркус Зорг (52 ёш)

Зорг 19 ёш тоифасидаги термани Евро-2014да шоҳсупага олиб чиқди, яна 2 йилдан кейин бош жамоа мураббийлар штабидан ўрин олди. Ҳозир Лёвнинг асосий ассистентларидан бири ролини бажармоқда.      

4. Штефан Кунц (55 ёш)

Кунц ўтган йили U-21 термаси билан таркибига Марко Асенсио, Фернандо Льоренте ва Эктор Бельериндек ноёб иқтидор соҳибларини жамлаган Испания жамоасини тор-мор этган ҳолда, қитъа чемпиони бўлди. Умуман, у Германия футболидаги келажаги порлоқ мураббийлар сафида.

5. Мирослав Клозе (40 ёш)

Собиқ ҳужумчи ЖЧ-2018 якунига қадар Йоахим Лёв штабида фаолият олиб борди. Ҳозир эса «Бавария»нинг 17 ёш тоифасидаги жамоасига устозлик қилмоқда. Эътиборлиси, айни пайт «Бавария» ёшлари натижаси асосий жамоаникига нисбатан анча яхши. Асосий жиҳат - Мирослав муваффақият қадри нечоғли баланд эканлигини теран англайди.

P.S. УЕФА Миллатлар лигаси гуруҳ босқичида Голландия термаси Франция устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу эса Германия миллий жамоасининг 1-гуруҳда сўнгги ўринни эгаллашини англатади. Энди немислар ушбу мусобақанинг “В” дивизионида қатнашадиган бўлишди. Учта учрашувда атиги 1 очко тўплаган Германия термаси энди Голландия (6) ва Франция (7) жамоаларини қувиб етолмайди.

Сўнгги турда Германия ўз майдонида биринчи ўринни эгаллаш учун яхшигина имкониятга эга бўлиб турган Голландия термасини қабул қилади. Мазкур учрашув 19 ноябрь куни Гельзенкирхендаги «Фельтинс-Арена» стадионида бўлиб ўтади.

Таъкидлаш жоизки, бу “бундестим”нинг 2018 йилдаги дастлабки муваффақиятсизлиги эмас. Аввалроқ Германия термаси ЖЧ-2018да ўз гуруҳида сўнгги ўринни олиб, турнирнинг “плей-офф” босқичига чиқолмаганди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz