Қайднома

Қидирув

Арриго Сакки: «Гаттузо - Феномен»

Арриго Сакки: «Гаттузо - Феномен»

  21.11.2018 04:10
  0
  601
Арриго Сакки: «Гаттузо - Феномен»

La Gazzetta dello Sport нашри мухбирлари «Милан»нинг «А» сериясида «қирол»га айланган «Ювентус»га қарши ўйини арафасида «россонерлар» билан Чемпионлар кубоги турнирида 2 марта зафар қучган афсонавий мураббий Арриго Саккини суҳбатга чорлашди. Журналистлар табиийки, аввало, фахрий мутахассиснинг Женнаро Гаттузо - Массимилиано Аллегри жанги мавзусига доир фикрлари билан қизиқишди.

- Арриго, бир тасаввур қилинг, ҳозир яна «Милан» мураббийлар штабидасиз. Айни ҳолатда «Ювентус»га қай йўсинда муносиб қаршилик кўрсатиш мумкин?

- Эҳ, зиммамга мушкул иш юкладингиз-ку. Ахир ҳозир «Милан»да жароҳатланганлар жуда кўп. Клуб мавсум доирасидаги энг муҳим ўйинлардан бирини шундай мураккаб ҳолатда қарши олмоқда. Буни асло унутмаслик керак.

- Ҳа, шундай, аммо ҳар қандай вазиятда майдонга тушиб, курашиш талаб этилади, ортга йўл йўқ.

- Биласизми, қўрқув - бу рақиб учун энг яхши совға. Майдонга рақибидан чўчиб тушадиган жамоани енгишдан осони йўқ. Шундай экан, «россонерлар» нима бўлишидан қатъий назар, «Юве» футболчилари кўзига тик боқишлари, ҳеч нарсадан қўрқмай, дадил ҳаракатланишлари шарт.

- Гарибальдия партизанлари каби ҳамма олға интилиши керак, шундайми?

- Йўқ-йўқ, шошилманг... Шахсан мен «Милан»дан бор кучи билан ҳужумга ўтишни талаб қилмасдим асло, шунинг баробарида жамоанинг ўз жарима майдони ичида қамалиб олишини кўришни ҳам истамайман. Миланликлар бу борада балансни ушлашлари керак. Демоқчиманки, тўпсиз ҳаракатланиш баланси ўйинда ўта муҳим аҳамият касб этиши мумкин.

- «Милан» бунга қадар ЕЛ доирасида «Бетис»га қарши кечган баҳсда роса қийналди. Бу жамоа руҳиятига нечоғли таъсир қилади?

- Таъсир кўлами жуда катта. Ҳафта ўртасида сафарда ўйнаб, ортга қайтиш ҳамоно яна майдонга тушиш - бу оғир. Бир ўйланг, Севильядаги ўйин-дан кейин йигитлар тўғри Миланеллога келишди ва эрталаб соат 4да ётишди. Бундай шароитда сарфланган қувватни қандай тиклаш мумкин? Оддий айтганда, муҳим ўйинга тайёргарлик кўриш учун 48 соат вақт оз, жуда оз.

- Лекин «Ювентус» ҳам ЧЛ ўйинида иштирок этди.

- Ҳа, фақат ўз майдонида, қолаверса, бир кун олдин. Тушунарлики, уйда ўйнаш ва сафарга чиқиш ўртасида катта фарқ бор. Яна шуниси борки, «Ювентус» таркиби бошқа, ихтиёрида муносиб футболчилар кўп.

- Мухлислар Женнаро Гаттузо жамоасига ёрдам бера олишадими?

- Мотивация нуқтаи назаридан ҳеч қандай муаммо йўқ. Бундай ўйинлар футболчилар учун алоҳида аҳамиятга эга. Мухлислар билан тўлган стадион - ҳар бир ўйинчи учун сифатли ёқилғи. Мени бошқа масала кўпроқ қизиқтирмоқда: «Милан» рақиб хуружига жисмоний тарафлама дош бера олармикан? Тан олиш керак, Гаттузо жамоада катта ҳажмда иш бажарди, айниқса, руҳий тайёргарлик устида. Кўряпмизки, «Милан» энди яна аввало, ўз қадри ва ғурури учун кураша бошлади, футболчилар ҳам жамоанинг бир бўлаги бўлиш нималигини тушунишди. Бироқ...

- ...Сизни айнан қайси жиҳат хавотирга солмоқда?

- «Юве» улкан салоҳиятга эга. Таркибида мустақил равишда натижани таъминлайдиган ижрочилар етарли. Бунда фақат Роналду эмас, балки Дибала, Куадрадо, Манжукич каби йигитларни назарда тутяпман. Агар кимнидир эсдан чиқарган бўлсам, кечиринглар. Хуллас, «кекса синьора» фантастик чемпионларга тўла.

- Нима, «Ювентус»ни тўхтатиш имконсизми?

- Туринликларга жиддий муаммолар туғдириш учун ўйинни мукаммал тарзда йўлга қўйиш керак. Оддий айтганда, ажойиб жисмоний тайёргарлик, тўп билан тез ишлаш салоҳияти ва озгина тажовузкорлик талаб этилади. Табиийки, прессинг ҳам сув ва ҳаводек зарур, бироқ «Милан» афсуски, шу масалада оқсамоқда. Яна туринлик футболчиларни имкон қадар жарима майдонидан узоқроқда тўхтатиш муҳим. Айтишадику, душманни уйингга олиб киришинг яхшилик билан тугамайди. Аслида «Юве» рақиб дарвозасидан 70 метр узоқликда ҳам хавфли, лекин бу ҳолатда унинг ҳамлаларини тўсиш мумкин. Бордию, «Юве» вакиллари Доннарумма дарвозасига яқинлашишса, хавфни бартараф этиш жуда-жуда қийин.

- Прессинг, прессинг ва яна прессинг...

- Худди шундай, агарда имкони топилса, албатта. «Милан» кенг қамровли прессинг қўллашга қодирми ёки йўқ - буни билмайман. Менга айни пайт жамоанинг иштиёқи, охиригача курашаётгани ёқмоқда. Лекин тўп рақибда бўлган вақтда «Милан»нинг роса қийналаётгани ҳам айни ҳақиқат. Демакки, ҳужумчилар ҳам прессинг ҳаракатига қўшилишлари лозим. Агар улар «Юве» ҳимоячиларини майдон марказига қадар кучли таъқиб остига олишса, туринликлар нисбатан танг аҳволга тушишади.

- Яна бир масала - Роналдуни зарарсизлантириш.

- Бунинг учун бутун жамоа курашиши лозим. Вақтида мен бошқарган «Милан» Диего Марадона етакчилигидаги «Наполи» билан ўйнаганида, йигитларга аргентиналик томон узатмалар йўлини кесиш жуда муҳимлигини қайта-қайта уқтиргандим. Қандай қилиб? Фақат ўта жиддий ва қатъий прессинг ҳисобига! Қисқаси, агар Роналду тўпсиз қолса, шунчаки. ўйиндан чиқиб қолади. Бошқа иложи йўқ.

- «Милан»нинг ҳужумга қўшилиши ҳам муҳим...

- Албатта. Лекин келинг, реал манзарадан кўз юммайлик - «Ювентус» футболчилари яққол кучли. Шунинг учун «Милан» аввало, жамоавий ўйин кўрсатиши, ёрқин ғояларни амалда намойиш қилиши керак. Тушунарлики, ҳужумда ранг-баранг ҳаракатланиш мақсадга мувофиқ - қанотлар ва марказ бўйлаб галма-гал олдинга ўтиш натижа бериши мумкин. Агар Игуаин тўлиқ тикланса, катта роль бажаради, менимча.

- Қизиқ, ундан қайси позицияда фойдаланиш мақсадга мувофиқроқ?

- Гонсалога тўпни юқоридан узатиш унча самара бермайди - «Милан» вакиллари тез-тез шундай йўл тутишмоқда. Ваҳоланки, аргентиналик ҳужумчи тўпни пастда қабул қилишга одатланган, у кўпинча шундай узатмаларга тайёр туради.

- Гаттузодан нималар кутяпсиз?

- Рино - феномен, менга ишонаверинглар. Мана, у «Милан» қалбини тиклади, жамоа қадриятлари ва ғурурини қайтарди. Муҳими, Гаттузо яхшигина ҳужумкор футболга таянмоқда. Тўғри, «Милан»га озгина тезкорлик ва прессинг қўллаш салоҳияти етишмаяпти. Қувонтирадиган томони, Рино йигитлар миясига олдиндан таслим бўлмаслик хислатини сингдирдики, жамоа ҳаттоки, охирги сонияларда ҳам ғалабани ўз томонига оғдирмоқда. Мураббий футбол ва шогирдлари учун ҳаётини қалқон қилишга ҳам тайёр - асосийси шу.

- Тахмин?

- «Ювентус» - фаворит, негаки, «Милан» мураккаб ҳолатда. Лекин футболда нима бўлишини худди ҳаётдаги каби ҳеч қачон олдиндан билолмайсан...

----------------------------------------

P.S.: Италия футболи ихлосмандлари яхши билишади, «Милан» - «Ювентус» ўйинида кутилганидек, туринликлар ғалаба қозонишди (2:0). Хуллас, Саккининг ўйин олдидан билдирган фикрлари асоссиз эмаслиги амалда тасдиқланди. Шуларни ҳисобга олиб, қолаверса, донгдор мураббийнинг мулоҳазалари диққат-эътиборга моликлиги туфайли интервьюни тўлиқ ҳолда бердик.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz