Қайднома

Қидирув

2011 йилдаги термамизнинг «Тозалаш» операцияси ҳақида...

2011 йилдаги термамизнинг «Тозалаш» операцияси ҳақида...

  22.11.2018 02:19
  0
  1173
2011 йилдаги термамизнинг «Тозалаш» операцияси ҳақида...

2011 йилнинг 15 ноябрь куни Ўзбекистон футболида шармандали воқеалардан бири содир бўлди. Ўшанда миллий жамоамиз Тожикистон термасига қарши баҳсда йирик ҳисобда ғалаба қозонаётган, ЖЧ саралашининг кейинги босқичига йўлланмани муддатидан аввал қўлга киритиши аниқ бўлаётганди. Хўш, шундай чиройли манзарани нима бузиши мумкин? Барчасига футбол атрофидаги бир омил сабаб бўлди.

Саралашнинг ўша раундида аввалги тўртта ўйинида 10 очко тўплаган Ўзбекистон термаси кейинги учрашувда ҳам ғалаба қозонса, навбатдаги босқичига муддатидан аввал йўл оларди. Шу тариқа 2012 йилнинг 29 февралида Японияда ўтиши кўзда тутилган гуруҳнинг сўнгги баҳсида қайд этиладиган натижа аҳамиятини йўқотарди. Тожикистон билан ўйинга Ўзбекистон термасининг бир йўла 6 футболчиси биттадан сариқ карточка билан етиб келишганди. Яъни, улар кейинги огоҳлантириш туфайли битта ўйинни ўтказиб юборишлари мумкин эди. Ўшанда ушбу футболчиларнинг барчаси айнан Тожикистонга қарши баҳсда яна биттадан сариқ карточка олиши кераклиги жамоа ичидаги қайсидир «ақлли»нинг миясига келиб қолади. Шундагина ушбу ўйинчилар Япониядаги учрашувни ўтказиб юбориб, ҳал қилувчи босқичга «тозаланган» ҳолда етиб боришлари кўзда тутилганди.

Тажрибадан маълумки, айнан шундай шов-шувли воқеадан кейин ҳам ўзбек футболида бундай қилиқни уятли ҳисобламайдиган мутахассислар етарлича топиляпти. Хусусан, орадан тўрт йил ўтиб, ўша жамоа мураббийи телеканалларнинг бирига интервью бериш чоғида «ФИФАнинг Ўзбекистон иштирокидаги ўйинлар билан иши йўқ»лигини таъкидлаганди.

Ушбу мураббийнинг интеллектуал салоҳияти ФИФА ҳар бир учрашувнинг қандай ўтаётганини назорат қилиш учун ҳакамлар, инспекторлар, комиссарлар тайинлашини идрок этишга имкон бермаган кўринади. Айнан ҳакамлар, назоратчилар ва комиссарлар ўз рапортларида ўша учрашувда рўй берган абсурд ҳолат ҳақида қайд қолдиришган.

Тожикистонга қарши кечган баҳсда рўй берган воқеалар ёдидан кўтарилганлар учун учрашувнинг асосий ҳолатларини эслатиб ўтсам:

- Ўзбекистон термаси 35, 60 ва 70-дақиқаларда биттадан гол урганди;

- учинчи тўп киритилган пайтда Ўзбекистон термасининг икки футболчиси биттадан сариқ карточка олишган, улардан бири «тозаланиш»га даъвогар Александр Гейнрихга кўрсатилганди;

- сўнгги 20 дақиқа ичида Ўзбекистон миллий жамоасининг бирданига 5 футболчиси «сариқ»қа лойиқ кўрилдилар, бу эса уларнинг кейинги учрашувни ўтказиб юборишларини англатарди.

Ўша бешовлон орасида асосий таркиб ўйинчилари ҳам бўлган. Жумладан, Сервер Жепаров 72-дақиқада захирадан майдонга тушиб, 84-дақиқада ҳакам томонидан огоҳлантирилган.

Демак, ўйиндан кейиноқ ФИФА аномал миқдордаги сариқ карточкалар қайд этилган рапортни қабул қилиб олди - йирик ҳисобда ғалаба қозонаётган жамоа аъзоларининг беш нафари сўнгги 20 дақиқада огоҳлантириш олганди. ФИФАдагилар ўша заҳоти сариқ карточка олган футболчиларнинг вазият тақозоси билан кейинги ўйинни ўтказиб юборишларини аниқлашди ва мазкур ҳолат ташкилот вакилларига ғалати туюлди. Ўйиннинг видеоёзуви қайта кўриб чиқилгач, шубҳалар ўрнини қатъий ишонч эгаллади. Аммо шундан кейин ҳам ФИФА тегишли қарор чиқаришга шошилмай, ЎФФ (ҳозирги ЎФА)га мурожаат этди ва ўша беш футболчидан хатти-ҳаракати бўйича тушунтириш олиб беришни сўради.

ЎФФдагилар нима қилишди? Улар барча ўйинчилар номидан битта хат ёзиб, сариқ карточкаларни «жамоани кейинги босқичга олиб чиқадиган ғалабали натижани сақлаб қолиш хоҳиши ва минглаб мухлислар қаршисидаги ҳаяжон ва масъулият» билан изоҳлашди.

Агар ЎФФ ҳақиқатан ҳам ўшанда ФИФАга футболчиларнинг шахсий ва ноёб тушунтиришларини тақдим этганида, мавжуд вазиятдан муносиб тарзда чиқиб кетиши мумкин эди. Бироқ умумий «оқланиш хати» барчани «ФИФАни алдаш» номидаги акциянинг уюштирилганига ишонтирди.

Натижада беш футболчи иккита учрашувга дисквалификация қилинди, федерацияга эса 35 000 доллардан кўпроқ суммада жарима солинди.

Бу қарор Ўзбекистон миллий жамоаси учун оғир оқибатларни олиб келди, зеро термамиз 5 нафар асосий таркиб футболчиларисиз тўп суриб, навбатдаги раунднинг илк учрашувида ўз майдонида Эрон термасига ютқазиб қўйди. Айнан шу мағлубият жамоа бош мураббийи Вадим Абрамовнинг истеъфосига сабаб бўлганди.

ЎФФ рўй берган воқеага оммавий баҳо бермаган. Етказилган зарар (ҳам маънавий, ҳам моддий) учун кимнингдир жазолангани номаълум, ваҳоланки бу шармандали ҳодиса ЎФФ обрўсига путур етказганди.

Шу ўринда, футбол федерацияси бўлиб ўтган воқеалардан тегишли хулоса чиқариб, ҳеч бўлмаганда мазкур ҳолатларнинг ички мусобақаларда такрорланишига қарши курашни бошлаши мақсадга мувофиқ эди. Буларнинг ҳеч бири амалга ошмади, мураббий ФИФАни нохолисликда айблади, терма жамоалар директори лавозимида қолди, айрим клублар эса «тозаланиш» тажрибасини қўллашда давом этишди.

Фақатгина жорий йилга келиб, ЎФА «фейр-плей» қоидаларига зид иш юритаётган фирибгарларга қарши кураша бошлади. Бу эса футболимиздаги менталитетнинг бироз бўлсада ўзгаришига замин яратса, ажабмас.

Алишер НИКИМБАЕВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz