Қайднома

Қидирув

Баҳодир Ҳасанов: Эктор Купер жамоаси мен кўрган энг ожиз терма

Баҳодир Ҳасанов: Эктор Купер жамоаси мен кўрган энг ожиз терма

  22.11.2018 10:18
  0
  371
Баҳодир Ҳасанов: Эктор Купер жамоаси мен кўрган энг ожиз терма

Мақолада журналист Баҳодир Ҳасанов Ўзбекистон терма жамоасининг Жанубий Кореяга қарши ўтказган ўртоқлик учрашувидаги ҳаракатларини таҳлил қилади. Шунингдек, муаллиф терма жамоанинг ҳар бир чизиғидаги камчиликлар ва хатоликлар хусусида ҳам тўхталиб ўтади.

Эктор Купер бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси Австралиянинг Брисбен шаҳрида ўтказилган иккинчи ўртоқлик ўйинида йирик 4-0 ҳисобида мағлуб бўлди.

Аслида ўзбек футболида энг машҳур мураббий сифатида эътироф этилаётган Эктор Купер бошчилигидаги жамоа ўтган олтита ўйиндан иккитасида мағлубият, шунчасида дуранг ва ғалаба қайд этган. Кореяликларга қарши ўтказилган баҳс эса Купернинг Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувидаги энг йирик мағлубияти бўлди. Умуман олганда, кореяликлар Ўзбекистон дарвозасига охирги марта 2012 йилда 4 та гол уришга муваффақ бўлишган ва учрашув 4-2 ҳисобида якунланганди. Орадан 6 йил ўтиб, Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Кореядан яна 4 та гол ўтказиб юборди. Фақат бу сафар ушбу голларга жавоб берилмади. Ўзбекистон терма жамоаси 2011 йилда Жанубий Кореяга 4 та тўп фарқи билан мағлуб бўлган. Ўшанда кореяликлар томонидан урилган 5 та голга Ўзбекистонликлар 1 та аниқ зарба билан жавоб беришганди. Энди бевосита ўйин таҳлилига ўтсак.

Голлар

Брисбендаги "Queensland Sport and Athletics Centre" стадионида ўтган ўйин дастлабки дақиқалардан корейсларнинг фаоллиги билан бошланди. 9 дақиқага келибоқ ҳисоб очилди. Хусусан, майдон марказида тўпни эгаллаб олган Хван Ин Беом чап қанотда очилаётган Ли Ёнгни олдинга бошлади. Уни қўриқлаши лозим бўлган Олег Зотеев эса Анзур Исмоилов билан марказни ёпиш билан овора эди. Жонбук Моторс ҳимоячиси эса ҳужумни Нам Тэ Хи орқали ривожлантирди. Акмал Шораҳмедов қўриқлаши лозим бўлган ярим ҳимоячи эса осонлик билан Нестеров дарвозасини ишғол қилди.

24-дақиқага келиб амалга оширилган бурчак зарбасидан сўнг Ўзбекистоннинг учта ҳимоячиси қуршовидаги Ли Ёнг Нестеров дарвозасига кучли зарба йўллади. Локомотив дарвозабони ушбу зарбани қайтарди-ю, иккинчи зарбада ожизлик қилди. Гамба Осака ҳужумчиси Хванг Уи Жо ҳисобни яна биттага оширди. Бу ўринда ҳимоячилар на Ли Ёнгни ва на Уи Жони қўриқлашнинг уддасидан чиқишди. Бошқа томондан Нестеровнинг иккинчи зарба вақтида мувозанатни йўқотгани ҳам ҳисобнинг йириклашишига сабаб бўлди.

70-дақиқага келиб корейслар томонидан жарима майдони ичига оширилган бурчак зарбасидан сўнг Акмал Шораҳмедов боши билан 52-дақиқада Нам Тэ Хи ўрнига майдонга туширилган Мун Сэн Минга ажойиб пас узатди. Сэн Мин томонидан зарба берилган пайтда эса ҳамма томошабинга айланди ва ҳисоб 3-0 бўлди.

82-дақиқага келиб эса Икром Алибоев майдон марказига яқин ҳудудда На Санг Хога тўпни олдириб қўйди. Корея 2-лигасининг Гвангжу жамоаси вакили шу заҳоти чап қанотда 70-дақиқада Хван Уи Жо ўрнига майдонга туширилган Сук Хюн Жунни олдинга бошлади. Жарима майдони ичидаги Уи Жо – Хюн Жун – Хюн Ли – Хюн Жун комбинацияси эса яна гол билан якунланди.

Шундай қилиб айтишим мумкинки, Купер термаси – мен кўрган энг ожиз жамоа. 

Нега?

Сабаб №1 – Ҳимоявий тотал иложсизлик

Корейслар томонидан урилган барча голларда ҳимоячилар рақибнинг зарба позициясига чиқиб боришидан тортиб, гол урилишига қадар ҳужумчиларга тўла имконият яратиб беришди. Мисол учун биринчи гол урилган вазиятда Олег Зотеев чап қанотни ёпиш ўрнига негадир марказга жойлашиб олганди. Ваҳоланки, бу позиция учун Анзур Исмоилов жавобгар эди ва у ўз ўрнида эди.  Корея терма жамоаси қанот ҳимоячиси тўпни жарима майдони ичига узатган вазиятда эса на Ислом Тўхтахўжаев ва на Акмал Шораҳмедов Нам Тэ Хини қўриқлашнинг уддасидан чиқа олишди. Хусусан, Шораҳмедов тўп йўлига ўзини ташлагандан кўра, қанотда Нам Тэ Хининг зарба позициясига чиқишининг олдини олиши тўғрироқ бўларди. Бундан ташқари, ушбу чизиқдаги пала-партишлик рақибнинг зарба позициясига чиқиб боришидан тортиб, тўртталаб гол уриши учун замин яратиб берди.

24-дақиқада урилган голда ҳам марказий ҳимоячилар ва қисман Нестеровнинг хатосини айтиб ўтиш лозим. Дарвозадан 6 (!) метр узоқликда, жарима майдони марказида учта футболчи қуршовида яна аниқ, хавфли зарба йўллаш учун ҳужумчи ё супер даражадаги маҳоратга эга бўлиши ёки ҳимоячилар шу қадар бўш ўйин кўрсатишлари лозим бўлади. Ушбу вазиятда, биринчидан, Жу Се Жонг томонидан тўп ўйинга киритилган вақтда Акмал Шораҳмедов Жун Сэн Хюнни ёпиш ўрнига марказни ёпиш билан овора бўлди. Унинг ўрнини билинтирмасликка интилган Элдор Шомуродов ҳам, Отабек Шукуров ҳам амалда ҳеч нарса қила олишмади. Бундан ташқари, дарвозабон қаршисида Шораҳмедов тўпни яна рақибдан олиб қўёлмади. Уч футболчи қуршовида бўлишига қарамасдан, Хван Уи Жо Нестеров қўриқлаётган дарвоза томон аниқ зарба йўллади. Локомотив дарвозабони биринчи зарбани қийинчилик билан қайтарган бўлса-да, Олег Зотеев қўриқлаши лозим бўлган зонадан кетма-кет иккинчи зарба йўлланди ва ҳисоб яна биттага ошди. 

Учрашувдаги 3-гол ҳам айнан бурчак зарбасидан сўнг киритилди. Яна ҳимоя марказида Шораҳмедов томонидан йўл қўйилган хато ҳисобнинг йириклашишига сабаб бўлди. Айнан унинг бошига тегиб қайтган тўп Мун Сэн Минни ажойиб зарба позициясига олиб чиқди.

Умуман, чизиқлар орасидаги ўзаро боғлиқликнинг йўқлиги ва футболчиларнинг бир-бирини тушунмай ҳаракат қилиши учрашувнинг бутунлай барбод бўлишига сабаб бўлди.

Ўйиннинг 82-дақиқасида киритилган голда ҳам Акмал Шораҳмедов ўз қанотини очиқ қолдирди. Бундан эса На Санг Ходан тўпни қабул қилиб олган Сук Хюн Жун унумли фойдаланиб, олдинга ташланди. Бу вазиятда эса Ислом Тўхтахўжаев қўриқлаши лозим бўлган ҳимоя марказида пала-партишлик юзага келди ва бундан фойдаланган кореяликлар ҳисобни якуний кўринишга олиб келишди.

Энди юқорида киритилган барча голларни таҳлил қиладиган бўлсак, деярли бир хил умумий манзарага гувоҳ бўламиз. Яъни, қанот ҳимоячиси ўз позициясини тарк этиши рақибга ҳужумни ривожлантириш имкониятини яратиб беради. Оқибатда марказий ҳимоячилар қанотларни ёпишга мажбур бўлишади. Айни шу вазият эса рақибнинг бўш позицияни эгаллаб олиши ва сўнгги чизиқда пала-партишликларнинг юзага келишига сабаб бўлади.

Купернинг ўйин фалсафасига кўра, жамоа аввал чуқур ҳимояланган ҳолда рақибни қарши ҳужумларда жазолашга интилади. Бунда қанот ҳимоячиларининг юқори тезликка эга бўлишлари ва юқори техника соҳиби эканликлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Аммо Шораҳмедов ва Зотеев мисолида кўрдикки, ўзбекистонлик ҳимоячиларда на униси, ва на буниси талаб даражасида.

Сабаб № 2 – Ярим ҳимоя. Хокисорлик ва кўримсизлик

Терма жамоанинг мағлубиятида биргина ҳимоячиларни айблаш нотўғри бўлади, албатта. Чунки жамоанинг самарали ҳимояланишида ва тўпни назорат қилишида ярим ҳимоячиларнинг ҳиссаси юқори бўлади. Аммо Жанубий Кореяга қарши баҳсда тўп назорати тўлалигича рақибга топшириб қўйилди. 33 фоиз – 67  фоиз. Яъни, кореяликлар кетма-кет ҳужумлар уюштирган вақтда ўзбекистонликлар тўпсиз ҳаракатланиш билан овора бўлишди. Ўйиннинг илк дақиқаларида урилган гол ҳам айнан майдон марказидан бошланганди. Хван Ин Беом тўпни эгаллаб олдинга ташланган пайтда, аввал Одилжон Ҳамробеков, кейин чап қанотга пас узатилганда Отабек Шукуров шунчаки томошабин вазифасини бажариб берди, холос. Ваҳоланки, уларнинг ҳар иккаласида рақибга қаршилик кўрсатиш имкони мавжуд эди. Бундан ташқари, айнан ярим ҳимоя вакиллари ҳужум ва ҳимоя ўртасидаги боғламни юзага келтиришлари лозим эди. Аммо 90 дақиқа ичида Ўзбекистон терма жамоаси томонидан рақиб дарвозаси томон йўлланган тўртта аниқ зарбани ҳисобга олмаганда бирор вазиятни мисол келтириш қийин. Айтайлик, аввалига Азиз Турғунбоев ва Достон Ҳамдамовлар қанотлар орқали бир неча марта олдинга ташланишди. Бироқ ҳар сафар якунловчи зарба учун йўлланган паслар ўз эгасига етиб бормади.

Ўйиннинг 37-дақиқасида Отабек Шукуров томонидан чап қанотга бош билан узатилган пасдан сўнг Жавоҳир Сиддиқов Чо Хюн Ву қўриқлаётган дарвозага биринчи зарбани йўллади. Уни қайтариш Дэгу клуби вакили учун ортиқча қийинчилик туғдирмади. Сабаби, биринчидан зарба дарвозабоннинг ўзига йўлланган бўлса, иккинчидан у қадар кучли эмасди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Азиз Турғунбоев ҳам айни қанотдан деярли худди шундай усулда зарба йўллади. Табиийки, бу уринишни ҳам кореялик дарвозабон қийинчиликсиз бартараф этди. Навбаҳор вакилининг 43-дақиқада Достон Ҳамдамовнинг пасидан сўнг жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси ҳам дарвозабоннинг қўлига бориб тушди. Фақат 90-дақиқага келиб Марат Бикмаевгина рақиб дарвозасига зарба бера олди. Аммо бу вазиятда ҳам кореяликлар посбони ҳушёрлигини намойиш этди. Қолган вазиятларда жамоа фақат ҳимояланиш билан овора бўлди. Ўйин бошидан охирига қадар ярим ҳимоячилар на техник, на тактик ва на жисмоний жиҳатдан рақибга муносиб қаршилик кўрсата олишди.

Хусусан, кореялик футболчилар тўпга эгалик қилишдан ташқари, Ўзбекистон вакилларига нисбатан деярли 2 баробар кўп ўзаро пас алмашишди: 309 – 615. Дарвоза томон берилган зарбалар кўрсаткичи бўйича ҳам устунлик Жанубий Корея тарафида: 4 – 12. Аниқ зарбалар статистикаси эса 4 – 9 кўринишини олди.

Бундан ташқари, 24-дақиқада амалга оширилган бурчак зарбаси пайтида таянч ярим ҳимоячиси Одилжон Ҳамробеков жарима майдони марказида рақиб ҳимоячиси Ким Ёнг Гвонга позицион курашни бой берди. Айнан кореяликлар сардорининг саъй-ҳаракатлари оқибатида Ли Ёнг зарба позициясига чиқиб борди. Шунингдек, учинчи голда ҳам жарима майдони ташқарисида турган Мун Сэн Минни қўриқлаш айнан таянч чизиғи вакиллари зиммасига юкланганди. Бироқ Одилжон Ҳамробековнинг позицион жиҳатдан Акмал Шораҳмедовга халал бериши Пахтакор ҳимоячисининг қўпол хатосига сабаб бўлди. Насаф вакили қўриқлаши керак бўлган зонада эса Инчеон ярим ҳимоячиси бўш қолдирилди. Айнан мана шу хатолик якунда терма жамоа учун анча қимматга тушди. Тўртинчи гол ҳам 64-дақиқада Жавоҳир Сиддиқов ўрнига майдонга туширилган Икром Алибоевнинг муваффақиятсиз финтидан кейин бошланган қарши ҳужум оқибатида киритилди. Ваҳоланки, ўша вазиятда Локомотив вакилида тўпни ортга узатиш ёки ўзида сақлаб туриш каби вариантлар ҳам мавжуд эди. Алибоевга эса рақибни чиройли усулда алдаб ўтишда техника панд берди.

Умуман олганда, ҳимоя ва ҳужум оралиғидаги боғламни юзага келтиришдаги хатоликлар, турли вазиятлардаги тушунарсиз, ноаниқ паслар ва ўйин давомида айни чизиқда амалга оширилган ўйинчи алмаштиришларни ҳисобга олмаганда, Ўзбекистон терма жамоасининг ярим ҳимоя чизиғи мухлисларда ортиқча таассурот қолдирмади.

Сабаб №3 – Ҳужум. Найзасиз камон

Юқорида Ўзбекистон терма жамоаси томонидан рақиб дарвозасига берилган аниқ зарбаларнинг барчаси ярим ҳимоялар томонидан берилгани айтиб ўтилди. Марат Бикмаевни "ҳужум чизиғи вакили" дегувчилар учун айтиш лозимки, у Жанубий Кореяга қарши ўйинда асосан ўнг қанот вингери вазифасини ўтади. Эктор Купернинг ушбу ўйиндаги номинал ҳужумчиси эса Ростов вакили Элдор Шомуродов бўлиши лозим эди. Аммо 23 ёшли футболчининг орқа чизиқдаги омадлими, омадсизми, баъзи жонкуярликларини ҳисобга олмаганда, олдинги чизиқда у деярли кўзга ташланмади. Шунингдек, қанот ярим ҳимоячилари томонидан рақиб жарима майдони ичига узатилган пасларда ҳам Шомуродов ҳар жиҳатдан рақибга имкониятни бой бериб қўйди. Бундан ташқари Шомуродов Купер бошқарувидаги терма жамоа сафида ҳали бирор маротаба рақиб дарвозасига гол ура олгани йўқ. Шунингдек, Жанубий Кореяга қарши баҳсда унинг техник ва жисмоний томонлама камчиликлари ҳам яққол кўзга ташланди. Умуман олганда, Элдор Шомуродов ўйини марказий ҳужум чизиғидан кўра қанот ҳужумчиси ёки қанот ярим ҳимоячиси сифатида ўзини яхшироқ ҳис этади.

Аммо бошқа томондан олиб қаралганда, Ўзбекистон терма жамоасида вазиятга нуқта қўйган ҳужумчи йўқлиги билан боғлиқ муаммо ҳеч ким учун янгилик ҳам эмас.

Сабаб №4 – Эктор Купер: баҳор қайтмайди

Купернинг ярқираган, порлаган баҳори қайтиб келмаслигига тобора иложсиз ишоняпмиз. Уни ҳам тушуниш мумкин. Бундай ёшда киши баҳорни қўятуринг, қишнинг ҳар кунига рози.

Эктор Купер терма жамоани қабул қилиб олганда, терма жамоани ўрганиши лозимлиги ва дастлабки ўйинларданоқ ундан натижа кутиш у қадар тўғри эмаслигини уқтирди. Сентябрь ойида Сурия терма жамоасига қарши ўтказилган учрашув олдидан ташкиллаштирилган матбуот анжуманида эса ҳақиқий Ўзбекистон терма жамоасини бир ойдан сўнг кўриш мумкинлигини айтди. Аммо орадан икки ой ўтса ҳамки, терма жамоа ўйини бир жойда депсиниб турибди. Сўнгги олти ўйинда Купер бошқарувидаги жамоа рақиблар дарвозасига 5 та гол киритган бўлса, шунча гол ўтказиб юборди. Бошқача айтганда, ўтказилган 6 та баҳсдан сўнг жамоанинг тўплар нисбати “0” га тенг. 

Энди бевосита аргентиналик мутахассисга қадар сўнгги йилларда терма жамоани бошқарган мураббийларнинг дастлабки олтита учрашувдаги натижалари статистикасига эътибор қаратамиз. Куперга қадар 2015 йилда терма жамоа бошқарувини қабул қилиб олган Самвел Бабаян терма жамоа бошқарувидаги дастлабки еттита ўйинда кетма-кет ғалаба қозонган. (Унинг терма жамоа бошқарувидаги шов-шувлар билан боғлиқ масала – алоҳида мавзу.) Терма жамоа унинг бошқарувидаги олтита ўйинда 17 та гол уриб, 3 та гол ўтказиб юборган. Шунингдек, Бабаян бошқаруви пайтида Ўзбекистон терма жамоаси ҳеч бир рақибга қарши баҳсда 2 тадан ортиқ гол ўтказиб юбормаган. Шунингдек, Бабаянга қадар терма жамоани бошқарган Миржалол Қосимов даврида ҳам терма жамоа дастлабки олтита ўйинда 2 та ғалаба 3 та дуранг ва 1 та мағлубият қайд этган. Тўплар нисбати: 9 – 7.

Аммо бир жиҳат: 2010 йилда Вадим Абрамов терма жамоани қабул қилиб олган вақтда ҳам Ўзбекистон терма жамоаси 3 та мағлубият, 2 та дуранг ва 1 та ғалаба қайд этганди. Ўшанда ҳам футбол мухлислари Абрамов бошчилигидаги жамоанинг Осиё кубогида қандайдир натижа қайд эта олишига ишонишмаганди. Аммо якунда Ўзбекистон терма жамоаси Қатарда ўтган мусобақанинг ярим финалига қадар етиб борганди. Бундан ташқари, ўша учта мағлубиятли ўйинларнинг биронтасида терма жамоа яққол аутсайдер сифатида майдонда таассурот уйғотмаган. Купернинг жамоаси эса мағлуб бўлган ўйинларида яққол тарзда мағлуб бўлмоқда. Ўйин пайтида вазиятнинг ўзгариши ҳақидаги умидлар ҳатто энг оптимист мухлисда ҳам уйғонмаяпти. Купер "Бир ойдан кейин ҳақиқий Ўзбекистон термасини кўрамиз", деган эди. Умид қиламанки, у айнан кечаги термани ҳақиқий Ўзбекистон терма жамоаси деб билмайди.

Баҳодир Ҳасанов


Манба: turon24.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz