Қайднома

Қидирув

Ошпаз нобопми ёки масаллиқнинг мазаси йўқми?

Ошпаз нобопми ёки масаллиқнинг мазаси йўқми?

  23.11.2018 00:54
  0
  860
Ошпаз нобопми ёки масаллиқнинг мазаси йўқми?

Ўзбекистон миллий термаси Осиё кубогига тайёргарликни давом эттирмоқда. Мамлакатимиз бош жамоаси ўн кун давомида Австралияда ўқув-машғулот йиғини ҳамда иккита ўртоқлик учрашуви ўтказди. Биздаги маълумотларга кўра, «яшил қитъа»даги Ливан ҳамда Жанубий Корея термаларига қарши кечган ўйинлар Эктор Купернинг таклиф ва талаби билан ўтказилган. Аргентиналик мутахассис кетма-кет Тошкентда бўлиб ўтган тўртта учрашувдан сўнг терма жамоани сафардаги ўйинларда ҳам синаб кўришни лозим топди. Шу мақсадда ҳам ЎФА Австралиядаги учрашувларни ташкил этиб берди. Аслида, ноябрь ойидаги ФИФА кунларида ҳам худди сентябрь ва октябрдаги бўлгани каби Тошкентда миллий жамоамиз иштирокидаги ўйинлар ўтказилиши керак эди. Афсуски, иккала ўртоқлик баҳси ҳам биз учун омадли келмади. Айниқса, Жанубий Корея билан бўлган учрашувни ҳали узоқ вақт эслаб юрамиз.

Айнан кореяликларга қарши кечган ўйин Эктор Купер учун миллий жамоамиз бош мураббийлигидаги олтинчи учрашув бўлди. Бунгача Тошкентда Сурия (1:1), Эрон (0:1), КХДР (2:0) ва Қатар (2:0) терма жамоаларига қарши ўйинлар ўтказилганди. Бир пайтлари «Пахтакор» клуби бош мураббийи бўлган Миодраг Радулович бугунги кунда Ливан термасини бошқармоқда. Табиийки, эски ришталар, дўстона алоқалар сабаб Радулович жамоаси билан келишиб олиш қийин кечмаган. Бу ўйин ҳатто биздан кўра Ливан фойдасига ишлагани ҳам айни ҳақиқат. Учрашувда нурсиз дурангга рози бўлдик. Устига-устак, қўполлиги билан танилган Даврон Ҳошимов қизил карточка олиб майдонни тарк этди. Шундоқ ҳам бу четлатишга қадар тайинли ҳужум уюштирмаган футболчиларимиз майдонда бир киши кам бўлиб қолгач эҳтиёткорликни янада оширишди.

Бу ўйиндан беш кун ўтиб, Жанубий Корея билан тўқнаш келдик. Паулу Бенту шогирдлари бизга қадар Австралия термаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказиб, 1:1 ҳисобида дуранг ўйнашганди. Майдон эгалари қўшиб берилган дақиқаларда урилган гол эвазига мағлубиятдан қутулиб қолишганди. Бу Ўзбекистон ва Жанубий Корея жамоаларининг ўзаро ўтказган бешинчи ўртоқлик ўйини сифатида тарихга кирди. Аввалги учта учрашувда кореяликлар зафар қучишган бўлса, битта баҳсда дуранг қайд этилганди. Бешинчи ўйинда йирик ҳисобда мағлубиятга учрадик. Эътиборлиси, икки терма жамоа иккинчи марта Австралияда ўзаро ўйин ўтказишди. Биринчи учрашув 2015 йили ушбу мамлакатда ўтган Осиё кубоги чорак финали доирасига тўғри келганди. Ўшанда Мельбурн шаҳрида кечган учрашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмаганди. Қўшимча бўлимларда эса кореялик футболчилар дарвозамизни икки бор аниқ нишонга олиб, ярим финалга йўл олишганди.

Бу сафарги «кенгурулар юрти»даги беллашув шармандали ҳисоб билан якунланди. Ҳа, бу шунчаки ўртоқлик баҳси дейишимиз мумкин. Лекин бу даражада нурсиз, беўхшов ўйин бўлмайди-да, дўстлар. Тўқсон дақиқа давомида битта тайинли ҳужум кўрмадик. Ҳатто, аввалдан ўйланган ва тайёрлаб қўйилган уй вазифалари ҳам кўзга ташланмади. Бир томондан, бу мағлубият керак ҳам экан. Эктор Купернинг энди яхшигина бош қотиришига тўғри келади. Аргентиналик мутахассис 6 август куни миллий жамоамиз бош мураббийи сифатида эълон қилинганди. Таққослаш учун, Паулу Бенту шу йилнинг 17 август санасида Жанубий Корея термасини қабул қилиб олганди. Португалиялик мураббийнинг шартномаси ЖЧ-2022 якунига қадар амал қилади. Купернинг келишув ҳам худди шундай. Фақат асосий фарқи - Бентуга осонроқ бўлади. Унинг қўл остидаги футболчилар деярли тайёр. Мураббийни ошпазга қиёсласак, унинг масаллиғи «ёғли» ва табиийки, ош мазали чиқади. Бизда ҳам шундайми? Афсуски, Купернинг танлов доираси жуда тор. Лекин ЎФА аргентиналик мутахассис учун барча шароитларни яратиб беряпти. ФИФА кунларидан тўлиқ фойдаланиляпти.

Кўпчилик аргентиналик мутахассисга ҳимоявий тактикани хуш кўрадиган мураббий сифатида қараяпти. Купернинг ўзи ҳам матбуот анжуманларида Ўзбекистон термаси аввал ҳимоядаги ўйинни тартибга келтириб олишини айтганди. Миллий жамоамиз ўртоқлик ўйинларида 4-2-3-1 тактикасида ўйнаяпти. Жанубий Корея билан кечган учрашувни олсак, биз рақибни ўз жарима майдончамизда кутиб олдик. Кореяликлар майдоннинг учдан икки қисмини ҳеч қандай қаршиликсиз босиб ўтишди. Аслида, прессинг рақиб ҳимоя чизиғидаёқ қўлланилмайдими? «Барселона» тўпни олдириб қўйса, икки-уч футболчи билан прессинг қўллаб, дарҳол қайтариб олади. «Барселона»дек бўла олмаслигимиз аниқ, лекин жилла қурса, шундай тактика асосида ҳаракат қилиш мумкин-ку! Рақиб футболчилари жуда осонлик билан ҳужум ташкил этишди. Ҳисоб бундан ҳам йирик кўриниш олиши мумкин эди. Бенту жамоаси бизни аяди.

Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси охирги 3 йилда илк бор битта ўйинда 4та гол ўтказди. Сўнгги бор жамоамиз 2015 йилнинг 16 июнь куни КХДР меҳмони бўлиб, 2:4 ҳисобида мағлуб бўлганди. Купер бошчилигида 6та учрашув ўтказган жамоамиз ана шу ўйинларнинг иккитасида ютқазди. Иккита ўйинда дуранг қайд этилди. Купер жаноблари учрашувдан кейинги матбуот анжуманида терма жамоа ўйинида ўсиш кўзга ташланганини айтди. Очиғи, шу жумлани тушунмадик. Агар шу ўйинни кучайиш десак, Осиё кубогида вакилларимиздан натижа кутмасак ҳам бўлар экан. Австралия йиғинида жамоа сардори Одил Аҳмедов жароҳати сабаб иштирок этмади. Виталий Денисов ва Сардор Рашидов бизга маълум бўлмаган сабаблар билан термага чақирилмади. Жанубий Корея ҳам оптимал таркиби билан ўйнамади. Лекин юқорида айтганимиздек, кореяликларда иккала таркиб ҳам бирдек кучли. Захирадан майдонга тушириладиган футболчи ўйинни бемалол кучайтира олади. Бизда ҳам шундайми?

Шу ўринда эътиборингизга терма жамоамизнинг ўйинини бевосита стадиондан кузатган таниқли шарҳловчи Хайрулла Ҳамидовнинг учрашувдан кейинги фикрларини ҳавола қиламиз:

- Бугунги мағлубият кўпчиликка оғир ботгани турган гап. Биз стадиондан кузатдик ва бошқаларга қараганда кўпроқ сиқилдик. Ўйиндан кейин Купернинг ҳолатини кўрдик, матбуот анжуманида саволларга жавоб беришни истамаётганини кузатдик. Футболчиларнинг жим бўлиб қолишганини томоша қилиш, албатта, осон эмас. Лекин бу мағлубият барибир керак эдими, деб ҳам ўйлаб қолдим. Чунки бу натижа янги мутахассисга кўп фойдали жиҳатлар тақдим этди. У Осиё футболи билан ҳазиллашиб бўлмаслигини тушуниб етди, ўзбек футболчиларининг салоҳияти қай даражадалигини оз бўлса-да англади, ўзи қўлламоқчи бўлган тактик қарашлари бу терма жамоага қанчалик мос келади, анчайин билиб олди. Бугунги мағлубият сабаблари эса кўп деб ўйлайман. Энг асосийлари - Ўзбекистон термасининг оптимал таркибда эмаслиги, Жанубий Корея жамоасининг салоҳияти олдингисидан кўра ошганлиги ва матбуот анжуманида ўзи айтиб ўтганидек, жамоалар ўртасидаги жисмоний фарқ. Буларнинг сафига шунингдек, аргентиналик мутахассиснинг Жанубий Кореядек рақибга етарлича қаршилик кўрсатишга таркиб жиҳатидан ҳам, тактик жиҳатдан ҳам кучи етмаганини асосий омил сифатида келтирсак бўлади. Бу мағлубият матбуот анжуманида ўзи тан олганидек, Куперники!

 

ЖАНУБИЙ КОРЕЯ - ЎЗБЕКИСТОН - 4:0 (2:0)

20 ноябрь. Брисбен. Queensland Sport and Athletics Centre стадиони.

Ҳакамлар: Крис Бит, Эшли Бичем, Антон Шетинин, Питер Грин (Австралия).

VAR тизимидаги ҳакамлар: Жарред Гиллет, Ричард Наумовски.

Голлар: Нам Таэ Хи (9), Хванг Уи Жо (24), Мун Сон Мин (70), Сук Хюн Жин (81).

Жанубий Корея: Жо Хён Ву, Ким Йонг Вун (Квон Кюнг Вун, 63), Жунг Сонг Хюн (Парк Жи Су, 82), Ли Йонг, Парк Жу Хо (Хонг Чул, 75), Хванг Ин Бом, Жу Се Жонг, Нам Таэ Хи (Мун Сон Мин, 51), Ли Чунг Йонг (Ли Жин Хюн, 75), На Санг Хо, Хванг Уи Жо (Сук Хюн Жин, 69)

Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Акмал Шораҳмедов, Ислом Тўхтахўжаев, Анзур Исмоилов, Олег Зотеев, Одилжон Ҳамробеков, Отабек Шукуров, Достон Ҳамдамов (Ҳусниддин /офуров, 74), Жавоҳир Сиддиқов (Икром Алибоев, 64), Азиз Турғунбоев (Марат Бикмаев, 46), Элдор Шомуродов.

 

Ўйин статистикаси

Ўзбекистон      Статистика       Жанубий Корея

2          Бурчак зарбалари       4

34        Тўпни назорат  =илиш 66

4          Аниқ зарбалар 10

2          Ноаниқ зарбалар         5

 

Энди Жанубий Корея 31 декабрь куни БААда ўртоқлик учрашуви ўтказади. Осиё кубогига тайёргарлик доирасида Паулу Бенту бошчилигидаги жамоа пойтахт Абу-Даби шаҳрида Саудия Арабистони термасига қарши майдонга тушади. Ўзбекистон миллий жамоаси эса қитъа биринчилиги олдидан сўнгги йиғинни декабрь ойида Туркияда ўтказади. Икки ҳафталик бўлажак йиғин доирасида бир нечта ўртоқлик ўйинлари ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Камолиддин АЛИМОВ

 

Ўзбекистон термаси бош мураббийи Эктор Купер Жанубий Кореяга қарши баҳсдан сўнг қўл остидаги жамоанинг ўйинида ўсиш борлигини таъкидлади. Бу ҳақда tribuna.uz хабар берди.

- Ўйин натижасидан қониқмадим, аммо футболчиларимда тактика борасида ўсиш борлигини кўрдим. Мағлубиятга футболчиларнинг жисмоний ҳолати маромида эмаслиги сабаб бўлди. Учрашув охирида биз анча чарчаб қолдик. Аммо тактика борасида анча олдинга силжидик», - деди Купер.

 

Жанубий Корея - Ўзбекистон учрашуви якунланганидан сўнг ЎзПФЛ бош директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаев ҳам ўйин борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди:

- Жанубий Кореядан 4та гол ўтказдик. Бу даҳшат, ўртоқлар. Аммо масаланинг бошқа тарафи ҳам бор. Аввал ҳам айтганимдек, Купердан декабрга қадар ҳеч нарса кутмагандим, у сеҳргар эмас, ҳамма қатори оддий инсон, тажрибали мураббий. Масалан, ўзи ўйнаган 6та ўртоқлик ўйинини ютиб, Осиё кубогида шарманда бўлганидан кўра, ўртоқлик ўйинларининг ҳаммасида тарсаки еб, расмий турнирга чиқарган хулосаси билан тайёргарлик кўргани минг марта яхшироқ. Купер энди «Ўзбекистон футболи нима?» деган саволга жавоб бера олади. У энди футболчиларимизни танийди, имкониятларини чамалай олади. Ливан билан қандай дуранг ўйнашимизни, Қатарни нега доим ютганмиз-у, Жанубий Корея билан фарқимиз нега бу қадар катта эканини тушунади. Ўзбекистонга хуш келибсиз, мистер Купер! Мана энди, шу жамоа, шу имконият ва шу футболчилар билан, яъни бор масаллиқ билан мазали таом тайёрлаш керак бўлади. Унинг қандай ошпаз эканлигини Осиё кубоги кўрсатиб беради. Купер бунгача ўтган 3та йиғинга турли футболчиларни чақирди. Энди эса Осиё кубогига борадиганларни саралаб, декабрни уларга бағишлайди. Бир ой изланади, кечалари ухламайди, тушларига Жанубий Корея ва Япония кириб, уни қўрқитса ҳам ажаб эмас. Муҳими, ростакамига иш бошлайди. Бирламчи хулосани Осиё кубогидан кейин чиқариш мумкин бўлади. Ўтган 3 ойга эса ачинманг. Янги танишган инсонингиз аслида ким эканини билиш учун ҳам вақт керак. Купер ҳам биз билан, футболимиз билан танишди. Дардини билди, ташхис қўйди. Даволай оладими ёки йўқ, бошқа масала. Унинг қандай шифокор эканини Осиё кубоги аниқлаб беради.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz