Қайднома

Қидирув

Тарихий «қоқилиш» ёки яна "Барса"нинг мағлубияти ҳақида

Тарихий «қоқилиш» ёки яна "Барса"нинг мағлубияти ҳақида

  23.11.2018 05:13
  0
  641
Тарихий «қоқилиш» ёки яна

«Барселона»нинг ўз майдонида «Бетис»га ютқазишини ким ўйлаганди? Яна 3:4 ҳисобида-я... Ҳа, 3та гол уриш Каталония клуби учун оддий ҳолат, бироқ «Камп Ноу»да ўз дарвозасидан нақ 4 марта тўп олиб чиқиш... Шу нуқтаи назардан қараб, «Реал» ва бошқа клублар фанатларини беҳад қувонтирган ўйинни драматик томошага қиёсласак бўлади. Қўлидаги жароҳат туфайли маълум муддат даволаниб, дам олган Лионель Мессининг «Барса» бошланғич таркибига қайтишини «дубль» билан нишонлагани ҳам бу омадсизликка «тарихий» ёрлиғини ёпиштиришга асосдир. Чунончи, аргентиналикнинг 2та голи «Барса»га ҳаттоки, дуранг тақдим этмади. Хуллас, bombardir.ru сайти ўйинда каталонияликлар учун 2та тарихий омадсизлик қайд этилганига алоҳида эътибор қаратди. Биринчиси - «кўк-анорранглилар» охирги 15 йилда ўз мухлислари қаршисида бу қадар кўп гол қўйиб юборишмаганди. Иккинчиси -  клуб Лео Месси «дубл»га эришган баҳсда илк бора мағлубиятга учради.

Яна бир диққатга сазовор жиҳати, шу куни камтарин рақиб - «Бетис» таркибида ҳам аргентиналик қаҳрамон топилди. Ҳар ҳолда, клуб ўйинолди «твит»ларнинг бирида Жовани Ло Чельсони алоҳида ажратиб кўрсатганди. Мана, Леонинг ҳамюрти Ло «Бетис» голларидан бирини ўз номига ёзиб қўйиш баробарида майдон марказида жуда фаол тўп сурди. Transfermarkt.de сайти ўтган мавсум «ПСЖ» асосий таркибида ўйнаган бу йигит трансферини 30 миллион еврога баҳоламоқда. Бироқ парижликлар ёзда Ло Чельсони негадир атиги 2 миллион евро эвазига ижара шарти асосида Испанияга юборишди. Қарангки, аргентиналик ярим ҳимоячи айнан «Барселона»га қарши баҳсдаги ҳаракатлари билан нафақат «Бетис», балки бутун Примеро учун ҳақиқий топилма эканлигини исботлади. Ҳа, у ўйиндаги статистик кўрсаткичлар бўйича машҳур ватандошига ютқазди, аммо жамоаси «Барса»дан устун келди - асосийси шу.

Такрор бўлсада, айтиш жоиз, «Бетис»дан учралган мағлубият «Барселона» учун тарихий бўлиб чиқди. Эътибор беринг, Каталония гранди «Камп Ноу»да Ла-лига доирасидаги ўйинларда 2016 йилнинг сентябридан буён ютқазмаётганди. «Барса» ўшанда «Алавес»га имкониятни бой берган. Бошқача айтганда, Месси етакчилигидаги жамоа ўз майдонида Примеронинг қаторасига 43та учрашувида лоақал 1 очко олганди. Леонинг 2та голи илк марта мағлубият билан қоришиб кетгани эса яна бир тарих. Жамоанинг 4та гол қабул қилганига келсак, бундай кўнгилсизлик охирги марта узоқ 2003 йилнинг апрелида «Депортиво»га қарши кечган учрашувда юз берганди - 2:4.

Тўғри, «Барселона» аслида қандайдир даҳшатли ҳолатга тушгани йўқ. Ахир Эрнесто Вальверде жамоаси ҳамон турнир жадвали пешқадами бўлиб турибди. Қолаверса, 12та турдан кейин каталонияликларда голлар нисбати шунчаки, фантастика - 34:18 (+16). «Бетис»нинг эса умумий аҳволи анча ёмон: 12та турда 4тадан ғалаба, дуранг ва мағлубият қайд этган Андалусия жамоаси турнир жадвалининг иккинчи бўғинида бормоқда (12-ўрин). Лекин бу нарса «Бетис» футболчилари томонидан кўрсатилган алоҳида жасорат қийматини асло туширмайди - гўзал қаҳрамонлик!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz