Қайднома

Қидирув

Рафаэль ван дер варт: «Златан оёғимни синдиришини айтганди»

Рафаэль ван дер варт: «Златан оёғимни синдиришини айтганди»

  24.11.2018 01:25
  0
  785
Рафаэль ван дер варт: «Златан оёғимни синдиришини айтганди»

МАВСУМ ЎРТАСИДАГИ НОХУШЛИК. Голландиялик таниқли ярим ҳимоячи Рафаэль ван дер Варт 5-ноябрь куни футболчилик фаолиятига нуқта қўйганини эълон қилди. Уни янада кўпроқ ўйнашига навбатдаги жароҳати йўл қўймади. «Афсуски, мен учун тўхташдан ўзга йўл қолмади. Ахир футболни жароҳатлар билан курашиш эмас, ўйнаш учун танлаганман...», - деди голланд ярим ҳимоячиси афсусланиб. У footballhd.ru сайти журналистларининг турли саволларига жавоб бериш асносида фаолияти давомида кузатилган айрим қизиқарли воқеаларни ҳам эсга олди.

 - Айтишларича, болалигинг трейлерлар паркида ўтган экан - бу қандай?

- Шахсан мен учун рисоладагидек. Ҳар гал янги жамоа сафига қўшилганимда, негадир айнан шу ҳақда сўрашади. Кўпчилик учун қизиқ туюлса керак-да. Балки фургонда қашшоқлар яшашади, деб ўйлашар? Аслида ундай эмас. Ҳар ҳолда, бизда аҳиллик биринчи ўринда турарди. Қариндошларимиз ҳам яқин атрофда истиқомат қилишарди. Ота-онам ҳозиргача оддий уйда яшашади. Уни «Аякс» билан илк марта шартнома тузганимдан кейин совға қилгандим. Айрим яқинларим эса ҳозир ҳам паркда яшайдилар. Улардан хабар олиб тураман, албатта.

- Вақтида сени «Янги Йохан Кройфф» сифатида мақташганди. Бундай қиёсий таърифлар ҳақида нима дейсан?

- Бу кимгадир ёқар балки, лекин менга эмас. Чунки футболда қайсидир юлдуз вориси бўлишни эмас, ўз йўлимни яратишни хоҳлаганман. Иқтидорим чакки эмасди, лекин нималарга эришишим номаълум эди. Майдондаги вазиятни баҳолаш ва чап оёқ ҳаракатлари бобида муаммо сезмаганман, бироқ ўнг оёқ билан ишлашда оқсардим. Шунингдек, тезлик бобида ҳам мақтанолмасдим. Эҳ, агар тезликни ошира олганимдами, бемалол «Олтин тўп» ютардим.

- «Аякс»даги даврга боғлиқ ёрқин хотираларинг...

- Унутилмас лаҳзалар жуда кўп кузатилди. Дейлик, 10 ёшли пайтим мени академияга қабул қилишди. У ердаги шарт-шароитларни кўриб, «Аякс»да муносиб ўйнашни дилимга тугдим. 17 ёшда буни уддаладим ҳам. Ўшанда отам билан боғланиб, асосий таркибдан жой олганимни зўрға айтгандим - мислсиз ҳаяжон... Кейинчалик товоним ёрдамида «Фейеноорд» дарвозасига гол урганим хотирамга муҳрланди. Бундай голлар футболчи ҳаётида такрорланавермайди.

- Ибрагимович билан можарога борганинг ростми? У чиндан ҳам, оёғингни синдириши ҳақида дағдаға қилганмиди?

- Ҳа, шунақа бўлганди. Лекин Златан бу каби гапларни ҳаммага айтарди. Ҳа, Ибра билан сира тил топишолмаганман, лекин шундай ҳалол ва мағрур йигит билан битта жамоада ўйнаш яхши, барибир. Ҳаттоки, у тез-тез жанжаллашиб турса ҳам. Муносабатларимиз нега ёмон эди? Бунинг бирор жиддий сабабини эслолмайман. Шунчаки, бир-биримизга тўғри келмаган бўлсак керак...

- ЧЛ доирасидаги баҳсда қанотда ўйнашдан бош тортганинг учун сени сардорлик боғичидан маҳрум этишган экан. Умуман, Куманга муносабатинг қандай?

- Буни ҳам ҳақиқат. Куман «Бавария»га қарши учрашув арафасида марказда талаб даражасида ўйнолмаётганимни айтиб, сўл қанотга қўймоқчи бўлди. Лекин рози бўлмадим. Чунки севимли позициямда яхши тўп суролмаётган пайт қанотда ишончли ҳаракатланишга кўзим етмаганди. Хуллас, якунда захирада қолдим ва сардорлик боғичидан айримдим. Кейинчалик хато ўйлаганимни, мураббийга нисбатан ҳурматсизлик қилганимни тушундим.

- «Гамбург»га ўтганинг Кройффга сира ёқмаганди. Унинг танқиди нечоғли таъсир этди?

- Тўғриси, мутахассислар фикрлари мени сира қизиқтирмасди. Аслида «Гамбург»да ўйнаш ишқида ёнмаган бўлсамда, клуб сафига қўшилгач, ҳаммаси ўзгарди. Бош мураббий ва мутасаддилар ғоялари маъқул тушди, стадион ҳам жуда ажойиб эди.

- «Реал»-чи, «Реал»? Айтишларича, Мадридда сенга Хуанде Рамос билан чиқишолмаганинг халақит берган...

- Йўқ, йўқ, ўртамизда жанжал юзага келмаган, шунчаки, самарали ҳамкорликка эришолмадик. Оддий айтганда, унинг «Реал»да йўлга қўйган услуби менга мос келмади.

- «Арсенал»га ўтишинг хусусидаги миш-мишлар асослимиди?

- Бу борада Голландия термасидаги сафдошим Робин ван Перси гапирганди. Аммо жамоанинг ўзидан ҳеч ким расман мурожаат қилмади. Очиғи, бу мен учун яхши ҳам бўлди - «Тоттенхэм» сафига қўшилиб, фаолиятимдаги энг ёрқин дамларни бошдан кечирдим. АПЛга анча аввалроқ йўл олишим ҳам мумкин эди - 19 ёшга тўлганимда, Жерар Улье мени «Ливерпул»га чорлаганди. Агентимнинг айтишича, мураббий Майкл Оуэн истаги билан иккимизни дуэт сифатида майдонга туширишни режалаштирган. Бироқ ўшанда «Аякс»дан кетишни истамагандим.

- Голландия термаси либосида 109 марта майдонга тушдинг. Уларда юз берган энг ёрқин воқеа қайси?

- Евро-2008, Италия ва Франция термаларига қарши кечган учрашувларни сира унутмайман. Чунончи, ўша пайт майдонга тушишнинг ўзи бетакрор ҳузур бахш этганди. Бундай вазиятда 6 соат тўп сурсам ҳам, асло чарчамасдим. Умуман, Евро-2008 ва ЖЧ-2010да муносиб иштирок этганимдан бахтиёрман.

- Голландия термаси Евро-2008 гуруҳ босқичини 1-ўринда якунлаган, лекин чорак финалда Россия жамоасига бас келолмаганди.

- Ҳа, аслида худди Испания термаси каби яққол фаворит эдик. Бироқ русларга қарши ўйинда ишимиз умуман юришмади. Хусусан, жарима нуқтасидан йўллаган зарбаларим ўхшамади, бошқа имкониятлардан ҳам фойдаланолмадик. Асосий вақтда ҳисобни тенглаштирдик, аммо кейинчалик русларни тўхтатолмадик.

- Ховард Уэббнинг ЖЧ-2010 финалидаги ҳакамлик ишини қандай баҳолайсан?

- Ўйин барча иштирокчилар, жумладан, ҳакам учун ҳам ўта қийин бўлди. Уэсли Снейдер ижросидаги жарима зарбасидан сўнг тўп рақиб ўйинчисига тегиб, майдонни тарк этди. Лекин ҳакам бу вазиятда испанлар фойдасига қарор чиқарди ва улар тезкор ҳужум уюштирдилар. Натижада Иньестанинг зарба йўллашига тўсқинлик қилишга улгурмадик.

- «Тоттенхэм»га ўтиш ҳаттоки, ўзинг учун ҳам «сюрприз» бўлган экан.

- Гап шундаки, ҳаммаси сўнгги дақиқада ҳал этилганди. Мен билан самимий гаплашган Моуриньо жамоага Месут Озил келгани ва мунтазам майдонга тушишимга кафолат йўқлигини айтди. Шу тариқа терма жамоа йиғинига аралаш ўй-хаёллар оғушида йўл олдим. Соат 16:00да агентим қўнғироқ қилиб, хизматимга «Тоттенхэм» қизиқаётганини билдирди. Ўйлаб кўришим учун атиги 2 соат вақт бор эди. Ўйлаб-ўйлаб, бир қарорга келолмадим, шу орада кўзим илинибди. Телефон овози уйғотиб юборди, қарасам, соат - 17:40. Шунда таваккалига жавоб қайтардим: «Розиман». Лондон клуби базага боргач эса, ўз уйимга киргандек ҳиссиёт уйғонди.

- Гарри Реднапп нечоғли таассурот уйғотди?

- Гарри ажойиб инсон, шахсан мен учун чинакам ота мақомида. Аммо ўта қаттиққўл. У «эски мактаб» вакили, ахир.

- «Шпорлар» сафидаги қисқа давр ичида «Арсенал» дарвозасига бир нечта гол урдинг. Нима учун «канонирлар»га нафрат билан қарагансан?

- «Арсенал»дан ҳеч қандай ёмонлик кўрганим йўқ. Шунчаки, Англия пойтахтида «Шимолий Лондон дербиси» ҳавосидан баҳра олдим. Менимча, мухлислардаги эҳтирос менга ҳам ўтгандир. Ахир дербининг аҳамияти жуда катта.

- «Тоттенхэм»дан кетганингни афсусланиб эслайсан. Бунга дарҳақиқат, Андре Виллаш-Боаш сабабчими?

- У мураббий сифатида менга умуман тўғри келмади. Дейлик, клуб Гильфи Сигурдссонни харид қилгач, ўрнимни унга берди-қўйди. Захирада қолган пайтим «Гамбург»га чақиришди. Аслида кетмаслигим керак эди, лекин буни кейинроқ тушундим.

- «Гамбург» ўшанда ЧЛда ўйнарди. Энди эса элитада қолиш учун курашмоқда.

- Билмадим, мен борган вақт ҳам таркиб сифатсиз эди. Шунга қарамай, қўйидан 7-ўринга кўтарилгандик.

- «Бетис» сафига қўшилганинг ҳамоно бувинг билан суратга тушганинг ёдингдами?

- Онамнинг яқинлари Севилья яқинида яшайдилар. Улар мени қўллаб-қувватлаш учун ёнимга келишганди.

- Айнан «Мидтьюлланд» клубига ўтишинг боиси нима? Маъшуқанг «Эсбьерг» гандбол жамоасида ўйнаши учун шундай йўл тутганмидинг?

- Бунинг бир неча сабаблари бор эди. Маҳбубам - Эставана Полман «Эсбьерг»да узоқ вақт ўйнаш ниятида. Унга яқинроқ бўлишни истаганим рост. Бундан ташқари, «Бетис»да етарли ўйин амалиётига эга бўлмадим, қолаверса, «Мидтьюлланд» таклифи маъқул тушди. Шаҳар Гамбургга жуда яқин. Аввалги турмушим ҳосиласи - 11 ёшли ўғлим Гамбургда яшамоқда ва у билан кўришиб турибман.

- Очиғини айт, қадри баланд саналган плеймейкерларнинг олдинги даврини соғинасанми?

- Яхши дамлар ортда қолди. Ҳозир юксак техника иккинчи ўринда, асосийси - тезлик ва жисмоний қувват. Қизиқ, тўпга дурустроқ зарба беролмайдиган, лекин қўполлик эвазига ҳужумни барбод қиладиганлар ҳурмати баланд. Бу тоифадан эмасман асло. Умид қиламанки, плеймейкерлар даври яна қайтади. Ахир Андрес Иньеста, Давид Сильва, Иско каби ижрочилар маҳорати изсиз йўқолиб кетмайди-ку...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz