Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон ОТЖ январда Озарбайжон ва Словакияга қарши майдонга тушади

Ўзбекистон ОТЖ январда Озарбайжон ва Словакияга қарши майдонга тушади

  24.11.2018 17:00
  0
  169
Ўзбекистон ОТЖ январда Озарбайжон ва Словакияга қарши майдонга тушади

Хабарингиз бор, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган “Dubai Cup” мусобақасида муваффақиятли иштирок этиб, турнир ғолибига айланди. 

Бугун Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мураббийи Равшан Ҳайдаров билан матбуот анжумани ташкил этилди. Матбуот анжуманида Равшан Ҳайдаровдан ташқари Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матчонов, Олимпия терма жамоаси мураббийи Шуҳрат Асадов ҳамда футболчилар – Азизбек Омонов ва Ҳусниддин Ғофуровлар қатнашишди. 


Қуйида бош мураббийнинг матбуот анжуманида билдирган фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз:

“Авваламбор,  Ўзбекистон олимпия терма жамоаси учун йиғинлар, ўртоқлик ўйинлари ташкил этиб, “Dubai Cup” каби мусобақаларда иштирок этишни таъминлаётган, бўлажак Осиё чемпионати саралашига муносиб тайёргарлик кўриш учун барча шарт-шароитларни яратиб бераётган Ўзбекистон футбол ассоциациясига миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. 

Биз Олимпия терма жамоаси учун 2020 йилгача катта стратегик режа ишлаб чиққанмиз. Ана шу режа асосида босқичма-босқич иш олиб боряпмиз. Олимпия терма жамоаси аста секин шаклланиб бормоқда. Йиғинлар давомида саралаб олинган иқтидорли футболчиларни халқаро мусобақаларга олиб борилиб, уларга тажриба тўплаш имкони берилмоқда.

Бундан ташқари ЎФАдаги Илмий методик гуруҳ мутахассислари билан биргаликда Олимпия терма жамоасига номзод футболчилардан мунтазам равишда жисмоний синовлар олиняпти. Уларнинг жисмоний ҳолати текширилиб, камчиликлари аниқланиб, жисмоний ҳолатни яхшилаш учун барча чора-тадбирлар олиб борилмоқда. 

“Dubai Cup”мусобақасига тўхталадиган бўлсак, ушбу халқаро мусобақа биз учун жуда фойдали бўлди. Япония, БАА, Кувайт каби терма жамоаларга қарши ўйинларда ўз тактик услубларимизни синовдан ўтказиб олдик. Қувонарлиси, ушбу мусобақада ғалаба қозониб, навбатдаги тайёргарлик босқичини юқори кайфиятда якунладик. Ғалабалар доим ёқимли, бу жараён футболчиларда ғолиблик руҳини пайдо қилади. 

Юқорида стратегик режа ҳақида айтиб ўтдим. Стратегик режамизнинг 1-босқичи 2019 йилнинг март ойига қадар мўлжалланган. Хабарингиз бор, келаси йилнинг март ойида Тошкентда Осиё чемпионати U-23 мусобақаси саралаши бўлиб ўтади. Дастлабки режамиз, ана шу саралашга муносиб тайёргарлик кўриш ва Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш. 1 декабрь куни Суперлига ниҳоясига етади. Футболчилар 10 декабрга қадар дам олишади. 10 декабрдан Тошкентда навбатдаги йиғинни бошлаймиз.  Тошкентда ўтказишимизнинг асосий сабаби ўша пайтда юртимизда совуқ ҳаво ҳукмронлик қилаётган бўлади. Биз мана шундай об-ҳаво шароитида ҳам футболчиларни синаб, уларни чиниқтирмоқчимиз. Кейин январь ойида Туркияда йиғин ўтказамиз. Туркиядаги йиғин давомида Словакия ва Озарбайжон терма жамоалари билан ўртоқлик ўйинларида майдонга тушамиз. Бундан ташқари, февраль ойида Испанияда турнир ташкил этилмоқда. Мазкур турнирда ҳам қатнашиш режамиз бор. Шу тариқа март ойидаги Осиё чемпионати саралашига тайёргарлик кўрамиз. 

Селекция ишлари ҳақида. Биз олимпия терма жамоасига футболчи танлаб олишда кенг қамровли ишларни олиб бордик. 160 нафардан ортиқ футболчиларни кўрикдан ўтказдик. Ушбу футболчилар турли гуруҳларга бўлиниб, маълум кунлар давомида машғулотларда қатнашишди. Ўзини ижобий томондан кўрсатган футболчиларни келгуси йиғинларга таклиф этдик. Бу футболчилар психологик ва жисмоний тестлардан ўтказилди. Синовдан ўтганлар кейинги босқич машғулотларига олиб қолинди. Уларнинг тажрибаси йиғинлар ва ўртоқлик ўйинлари давомида ошириб борилмоқда. Олимпия терма жамоаси эшиклари барча учун очиқ. Терма жамоада фақат энг муносиблар жой олишини таъкидлаб ўтмоқчиман.  Бунинг учун футболчиларнинг ўзлари ҳам доимо ўз устиларида ишлаб боришлари керак. 

Яна бир нарсани айтиб ўтиш керак. Биз футболчиларнинг нафақат жисмоний ҳолати, балки руҳий ҳолати борасида ҳам иш олиб боряпмиз. Чунки катта мусобақаларда футболчининг руҳий босимларга чидамли бўлиши, рақибнинг провакацион хатти-ҳаракатларига учмаслиги муҳим. Йиғинлар, ўртоқлик ўйинлари давомида футболчиларнинг руҳий барқарорлигини синовдан ўтказяпмиз. Масалан, “Dubai Cup” мусобақасидан ўрин олган охирги ўйин Кувайтга қарши учрашувда ҳакам кўп вазиятларда рақибга ён босаверди. Бизнинг футболчилар йиқитилган вазиятларда ҳуштак чалмай, рақибнинг футболчиларига нисбатан ўйин қоидаси бузилмаса ҳам учрашувни тўхтатиб қўяверди. Мен футболчиларга бу каби ҳолатга аҳамият бермай, тишни-тишга қўйиб олдинга интилишда давом этиш кераклигини таъкидладим. Натижада, биз ғалаба қозондик. Фақат учрашувда эмас, халқаро мусобақада ҳам.

Олдинда бизни катта мусобақалар кутиб турибди. Ана шу мусобақаларда муносиб иштирок этиб, халқимизни, мухлисларимизни хурсанд қилиш бош мақсадимиз!”

Шундан сўнг, Азизбек Омонов ва Ҳусниддин Ғофуровлар ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашишди. 

Азизбек Омонов: “Биз Бирлашган Араб Амирликларидаги мусобақада чиройли ўйин билан биргаликда ғалаба қозонишни режалаштиргандик. Ниятимизга етдик, бундан жуда хурсандман. Турнир юқори даражада ташкил этилганини ҳам таъкидлаб ўтмоқчиман. Бу мусобақа орқали катта халқаро тажрибага эга бўлдик. Мазкур тажрибани расмий ўйинларда ишга солиб, жамоамиз ғалабасига ҳисса қўшишга уринамиз”.

Ҳусниддин Ғофуров: “Олимпия терма жамоасининг асосий таркибига кириш учун рақобат жуда катта. Ана шу рақобатга дош бериш учун ҳам футболчилар мунтазам ўз устиларида ишлаб боришлари керак. Биз ўз олдимизга катта мақсад қўйганмиз. Ана шу мақсад йўлида биргаликда ҳаракат қиляпмиз. Умид қиламанки, ўз мақсадимизга етиб, Олимпиада йўлланмасини қўлга киритамиз”.

 


Манба: ufa.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz