Қайднома

Қидирув

Тим Кэйхилл: «Тарсаки ҳам қароримдан қайтаролмаганди»

Тим Кэйхилл: «Тарсаки ҳам қароримдан қайтаролмаганди»

  27.11.2018 05:03
  0
  816
Тим Кэйхилл: «Тарсаки ҳам қароримдан қайтаролмаганди»

Австралия футболининг донгдор вакили Тим Кэйхилл мамлакат миллий жамоаси либосида охирги марта майдонга тушди - ажойиб хайрлашув учрашуви. Гап 2004 йилдан буён «соккерузлар» сафида нақ 107та ўйин ўтказиб, рақиблар дарвозасини роппа-роса 50 марта ишғол қилган ҳужумчи ҳақида кетмоқда. Кэйхилл айниқса, севимли услуби - бош билан аниқ зарба йўллаш билан ном қозонган. Ваҳоланки, у новча футболчилар сирасига кирмайди (бўйи - 178 см.). Хуллас, Тим билан хайрлашиш чоғи бутун стадион йиғлади, жумладан, трибуналардан бирида ўтирган онаси ҳам. Чунончи, унинг ўғли «яшил қитъа» футболи афсонаси даражасига кўтарилди. Умуман, Кэйхилл Англияда ҳам ёрқин из қолдирди - «Миллуолл» ва «Эвертон» фанатлари ёқимтойига айланди. Австралияликнинг голни ўзига хос услубда нишонлаши (бурчак байроқчасини мушти билан силкитишини эсланг) ҳам кўпчиликка манзур тушгани аниқ. Буни эътиборга олган FourFourTwo журналистлари Кэйхиллдан интервью олишга отланишганида, бир жуфт боксчилар қўлқопи олишни ҳам унутмадилар. «И-е, ранги нега қизил? Бу «Ливерпуль» рамзи-ку!» - Тим журналистларни хитоб билан қарши олган бўлсада, қўлқопни кийди ва ўша машҳур гол нишонлаш усулини кўрсата бошлади. Айтиш жоиз, Кэйхилл бурчак байроқчаси билан «олишиш» саҳнасини кетма-кет 3та ЖЧда намойиш этган, Россия мундиалида ҳам шу мақсадда ўйнагани тайин. Бироқ 38 ёшли ҳужумчига бу сафар гол уриш насиб қилгани йўқ. Оқибатда у қаторасига 4та ЖЧда гол қувончини туйган Пеле, Уве Зеелер ва Мирослав Клозе ёнидан жой ололмади...

РЕГБИ ЎРНИГА ФУТБОЛ

- Тим, регби ишқибозлари оиласида туғилиб-улғайгансиз. Демак, бу спорт туридан воз кечиб, футболни танлашингиз осон бўлмаган.

- Очиғи, бу масала мен учун ҳеч қандай муаммо туғдирмаган. Чунки жуссам регби талабларига жавоб бермасди - жуда кичик эдим. Дейлик, акаларим билан боғда регби ўйнасак, кўпинча ҳаммаси менинг йиғлашим билан якунланарди. Негаки, миттигина гавдам сабабли, яккакурашларда сира устун келолмасдим.

- Айтингчи, сизни Англияда ўйнашга жўнатиш учун ота-онангиз 10000 фунт кредит олишгани ростми?

- Аниқ 10 минг олишганини тасдиқлолмайман, лекин «Миллуолл» базасига етиб олишим ва фаолият бошлашим учун каттагина қарз кўтаришгани айни ҳақиқат. Умуман, ота-онам йўлимни топиб олишимгача ҳеч нарсани аяшмаган. Буни ҳеч қачон унутмайман, албатта. Муҳими, «Миллуолл» ҳам менга имконият берди ва бундан фойдаландим.

- ЖЧ-2002 арафасида Мик МакКарти сизни Ирландия терма жамоасига таклиф этган экан...

- Шундай гап-сўзлар бўлгани рост. Бироқ факт шуки, австралияликман. Ҳа, бундай таклиф ва эътибор ёқимли, албатта. Қисқаси, ҳар қандай ҳолатда ўз мамлакатим терма жамоасида қолардим. Тўғри, Англия паспортини ҳам олганман. Айтганча, 24 ёшга тўлгунимга қадар Австралия термаси таркибида майдонга тушолмадим. Боиси, ўсмирлар миқёсидаги турнирда Самоа жамоаси сафида ўйнагандим. Ўша вақт келажакни белгилашда айрим муаммоларга дуч келганим рост, лекин якунда ўз жамоамни топдим - асосийси шу.

- «Эвертон»га ўтишингиз қандай рўй берди, бунга нима сабаб бўлди?

- Менимча, ливерпулликлар аввалига ўйинимни диққат билан кузатишган. Дэвид Мойес ва Билл Кенрайт билан илк учрашувимиз эсимда. Улар мужмал гапиришганди: «Жамоамиз асосий таркибида ўйнашингга кафолат беролмаймиз. Лекин гол ура олишинг ва хавфли ўйинчи эканлигингни яхши биламиз».  Бунга оддийгина жавоб бердим: «Шунчаки, менга имконият бериш-бермаслигингларни айтсанглар, бас. Агар имконият тақдим этсанглар, ундан албатта, фойдаланаман. Бошқа гап ортиқча». Умуман, «Эвертон»дан беҳад миннатдорман. Мисол учун, Мойес ва Кенрайт билан ўзаро алоқаларимиз ҳанузгача узилган эмас.

ФЕРГЮСОНГА МАҚТОВ

- Дэвид Мойесни ким сифатида қабул қиласиз? Унинг бошқарувида ўйнаган «Вест Хэм»га мағлубият тилаганингиз ростми?

- Келинг, фақат шу «Вест Хэм» хусусида оғиз очмайлик... Дэвидга доимо яхшиликни раво кўраман. У мен учун ота ўрнида, истаган пайт қўнғироқ қилиб, маслаҳат сўрашим мумкин. Зеро, Дэвид ҳамиша менга катта ишонч билдирган, ғамхўрлик қилган.

- Данкан Фергюсон маҳоратлироқми ёки Кевин Мускат?

- Икковига ҳам ҳурматим баланд. Бироқ Ферги - ўзга олам вакили. Данканга қараб туриб, ўзимни у билан жангга ҳам ёнма-ён боришга тайёрдек ҳис қиламан. Етарлича гол уришимга кўмаклашганини ҳеч қачон унутмайман. Унинг асосий қурбони ким? Албатта, Сами Хююпя. Аслида Данканнинг қурбонига айланмаган футболчининг ўзи йўқ. Тўғри, ўзи ҳеч қачон можаро бошламасди, фақат жанжални тугатиш бобида унга етадигани йўқ.

- «Мерсисайд дербиси»га боғлиқ энг ёрқин хотираларингиз...

- 3:0 ҳисобидаги ғалабамиз ва Ли Карлси урган гол. Дерби ўйинларини ўзгача иштиёқ билан кутардим - тенгсиз қарама-қаршилик. Мухлисларни айтмайсизми?! Бу борада омадим ҳам келган - «Ливерпуль» дарвозасига 5та гол урдим.

- Голни нишонлашда бурчак байроқчаси билан бокс тушиш саҳнаси - бунинг маъноси нима?

- Ушбу хатти-ҳаракатни кунг-фудан олганман. Австралия термасидаги шеригим Арчи Томпсон билан компьютерда турли муштлашув ўйинлари воситасида баҳслашардик. Ҳаммаси шундан бошланган. Тўғри, ўғилчали бўлганимдан кейин голни илк марта шундай нишонладим. Менимча, бу ҳаракатим болакайларга ёқади.

ЖАГЕЛКА ТАРСАКИСИ

- 2006 йили «Олтин тўп» ютишга даъвогарлар рўйхатидан жой олгандингиз. Сўровда ғолиб чиқишингизга умид бормиди?

- Заррача! Ҳеч қандай имконият йўқ эди. Лекин австралиялик футболчи учун номзодлар сафига киришнинг ўзиёқ юксак натижа ҳисобланарди. Ўшанда кўплаб клублар таъқиби остида қолганман. Мавсум давомида 10та гол уришдан ташқари, ЖЧда ҳам ўзимни кўрсатгандим. Бироқ асосий эътиборим «Эвертон»да эди. Футболчи аввало, фаолиятида нимага интилишини аниқлаштириб олиши лозим - битта жамоада рисоладагидек тўп суриш маъқулми ёки грандлардан бири сафига ўтиб, захирада дам олиш?

- Бўйингиз 178 сантиметр бўлишига қарамай, аксарият голларни бош билан ургансиз. Бунинг сири нимада?

- Асосий сабаби - машғулотлар. Залда ким қандай баландликка сакраётганини кузатиб туришади. Лекин машғулот ва ўйин пайти сакраш ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Майдонда рақибдан устун келиш учун иштиёқ, ўта кучли иштиёқ талаб этилади.

- «Эвертон»дан кетиш - бу фаолиятингиздаги энг мураккаб қарорми?

- Бир томондан, ҳа. Иккинчи томондан эса, йўқ. 32 ёшга тўлгач, Тьерри Анри ва Рафаэль Маркес каби MLSда тўп суришга қатъий аҳд қилдим. Бу мен учун ягона тўғри йўл эди. Шу аснода терма жамоадаги фаолиятимни давом эттириш имкониятига эга бўлдим. «Эвертон» эса мени АПЛнинг бошқа клубига сотишни мўлжаллаганди. Хайриятки, бундай бўлмади. Клуб президенти ҳузурига кириб, мақсадимни дангал айтдим: «Йўқ, АПЛнинг бирор иштирокчиси сафига қўшилишни истамайман». Хонада ўтирган Жулиан Лескотт, Леон Осман ва Тони Хибберт қароримдан ҳайрон бўлишди. Фил Жагелка эса ҳаттоки, тарсаки тортиб юборди. Лекин охир-оқибат талабимни қондиришди.

- Австралиянинг энг яхши футболчиси мақоми ўзгача завқ улашса керак...

- Ўзим учун асосийси - ватан учун қилган ишларим. Доимо унинг шарафи йўлида курашганман. Ҳар ҳолда, клуб футболига ҳамиша иккинчи даражали масала сифатида қараганман. Хусусан, 4та ЖЧда иштирок этганим ва 5та гол урганимдан беҳад бахтиёрман!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz