Қайднома

Қидирув

Осиё кубоги-2019даги уч рақибга назар

Осиё кубоги-2019даги уч рақибга назар

  29.11.2018 03:30
  0
  713
Осиё кубоги-2019даги уч рақибга назар

Бугунги куннинг энг актуал мавзуларидан бири - бу миллий жамоа. Барчанинг эътиборида Эктор Купер ва унинг шогирдлари туришибди. Футбол жамоатчилигини ўйлантираётган савол: вакилларимиз Осиё кубоги-2019да қандай натижа қайд этишади? Қитъа биринчилиги арафасида мана шу жиҳатлар диққат марказида бўлади. Айнан шу мусобақадан сўнг мураббийнинг ишига бироз баҳо бериш мумкин. Унгача эса биздан фақат кутиш талаб этилади. Олдинги йилларда ҳам термамизга устозлик қилган мутахассислар босим остида фаолият олиб боришган, якунда бу ҳолат ўз таъсирини кўрсатмай қолмаган. Шундай экан, энди барчасини мураббий ихтиёрига қўйиб берайлик-да, яхшиси, ОК-2019да бизга рақиблик қиладиган жамоаларга қарши аввал ўтказган ўйинларимизга эътибор қаратамиз.

 

Илк рақибимиз Уммон жамоаси гарчи савия ва маҳорат бобида биздан ортда бўлсада, ЖЧ-2002 саралашининг финал босқичида термамизга бир қатор қийинчиликлар туғдирган. Дастлаб Тошкентда бўлиб ўтган баҳсда Жаъфар Ирисметов ва Миржалол Қосимовнинг «дубл»и Максим Шацкихнинг пенальтидан урган голи эвазига йирик (5:0) ҳисобда зафар қучган қозонган термамиз сафар беллашувда ўта тушунарсиз ўйин ва натижа қайд этган. Ўшанда биринчи бўлимда 2:0 (Февзи Давлетов, Набил Ашур - автогол) кўринишида олдинда бораётган вакилларимиз 15 дақиқалик танаффусдан сўнг хотиржамликка берилишади ва якунда мезбонлар 4:2 ҳисобида ғалабани «илиб кетишади». Ўша учрашувга Миржалол Қосимов қуйидагича изоҳ берганди: «Биринчи бўлимда иккита гол урганимиз зараримизга ишлади. Биз хаёлан Хитой билан ўйинга тайёрлана бошладик. Рақиб эса ўйин 90 дақиқа давом этишини исботлади». Мана шундай тарихий ўйинлар ҳар қандай рақибни ҳурмат қилиш кераклигини англатади.

Туркманистон билан дастлабки расмий тўқнашув Хиросимадаги Осиё ўйинларида бўлган. 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган ўйинимизда Шуҳрат Мақсудов «дубль» қайд этган бўлса, яна бир тўп Миржалол Қосимов ҳисобига ёзилган. Ундан олдин хам қўшниларимиз билан ўйнаганмиз, фақат ўртоқлик учрашувида. Аниқроғи, ўша йилнинг баҳор ойида бўлиб ўтган «Тошкент-94» халқаро турнирида 4:0 ҳисобидаги ғалабамиз қайд этилган. Кейинги учрашув ЖЧ-2002 дастлабки саралаш босқичига тўғри келиб, Тошкентда ўтказилган биринчи давра баҳсида Миржалол Қосимовнинг ягона голи миллий жамоамизга муваффақият келтирганди. Айнан шу саралашнинг Иорданияда ўтказилган иккинчи давра ўйинларида эса вакилларимиз 5:2 (Миржалол Қосимов, Жаъфар Ирисметов, Улуғбек Бақоев, Андрей Акопянц, Георги Георгиев) ҳисобида йирик ғалабага эришгандилар. Таъкидлаш жоизки, мана шу учрашувларда Туркманистон термасини бизга бегона бўлмаган Тачмурод Агамуродов бошқарган. Туркманистонга қарши навбатдаги ўйин 2004 йили Хитойда бўлиб ўтган Осиё кубогига тўғри келган, унда ҳам Миржалол Қосимов ажойиб голи билан термамизга ғалаба келтирганди. Ўшанда футболимиз афсонаси жарима тўпини шундай мукаммал тарзда амалга оширгандики, рақиб дарвозабони Павел Харчик ҳарчанд уринмасин, тўпни қайтара олмаганди.

Гуруҳдаги сўнги рақиб - Япония. Кўпчиликнинг фикрича, дастлабки икки ўйинда ютуққа эришсак, японларга қарши баҳс аҳамиятини йўқотиши мумкин. Лекин миллий жамоамизнинг сўнгги пайтларда кўрсатаётган нурсиз ўйини хотиржамликка берилишга йўл қўймайди. «Самурайлар» бизга рақиб бўлишини билганимиз ҳамоно, катта ёшли мухлислар кўз олдига 1996 ва 2000 йилги Осиё кубоги келган бўлса, ажабмас. Айнан мана шу турнирларда «кунчиқар юрт» вакиллари бизга сабоқ беришганди.

Чунончи, 2000 йилги Осиё кубоги ҳақида сўз юритар эканмиз, бу мусобақада бир қатор муаммоли вазиятлар вужудга келганини таъкидлаш жоиз. Ўша турнир саралашини Маҳмуд Раҳимов бошчилигида ўтказган термамиз қитъа биринчилигига Юрий Саркисян бош мураббийлигида ташриф буюрганди. Осиё кубоги-2000 ноябрь ойига тўғри келгани қатор муаммоларни вужудга келтиргани айни ҳақиқат. Чунки бу пайтда хориж жамоаларида тўп сурувчи легионерларимиз ўз клублари таркибида халқаро майдонда иштирок этишаётгани сабабли, уларни термага жалб этиш бироз мураккаб кечган. Хуллас, мазкур қитъа мусобақасида миллий жамоамиз гуруҳ босқичида Саудия Арабистони (0:5) ва Японияга (1:8) йирик ҳисобда ютқазиб, Қатар билан дурангга (1:1) имзо чеккан. Айниқса, японларга қарши баҳсда футболчиларимиз худди биринчи маротаба майдонга тушгандек тасаввур уйғотишганди. Таркибида Миржалол Қосимов, Андрей Фёдоров, Бахтиёр Ашурматов, Максим Шацких каби ажойиб йигитлар бўлган жамоанинг бу тарзда мағлуб бўлиши даҳшатли эди.

Ҳа, Япония футболи бугунга келиб янада ўсишга эришди. 2011 йили бу терма Осиёда тенгсиз бўлди, мунтазам равишда мундиалларда иштирок этмоқда. Японлар билан ўшандан кейин ЖЧ-2010, ЖЧ-2014 саралашларида рўбарў келдик. Энг эсда қоларли баҳс 2012 йилга тўғри келиб, ўшанда Вадим Абрамов бошчилигида деярли иккинчи таркиб билан майдонга тушган Ўзбекистон термаси Япония сафаридан ажойиб ғалаба (1:0) билан қайтганди. Ўйиндаги ягона голга марҳум Александр Шадрин муаллифлик қилганди.

Юқорида эслаганларимизнинг бари тарихда қолди. Эктор Купер ва унинг шогирдлари энди янги тарих яратишлари, бу тарихни мухлислар фақат ижобий хотиралар билан эслашларидан умидвормиз. Тўғри, ҳозирги ҳолатда миллий жамоамиздан натижа талаб қилиш ноўрин. Лекин яратиб берилаётган шарт-шароитлардан келиб чиқиб, Осиё кубоги-2019да вакилларимиз ишончли тўп суриб, ижобий кўрсаткичларга эришсалар, бу ютуқлар ЖЧ-2022 саралашидан олдин ўзига хос руҳий қувват бериши шубҳасиз.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ, Тошкент шаҳри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz