Қайднома

Қидирув

Хунук ҳаракат ва...

Хунук ҳаракат ва...

  30.11.2018 00:31
  0
  662
Хунук ҳаракат ва...

Италия терма жамоасига чақирилган бразилиялик футболчи бутсасидан ўз мамлакати байроғи-ни йиртиб ташлади. Жуда хунук ҳолат. Боз устига, Италия миллий жамоаси кийиниш хонасида кузатилган бу бемаънилик видеоёзуви ижтимоий тармоқларга ҳам чиқиб кетди. Унда ҳимоячи Эмерсон Палмиерининг бутсасидан Бразилия байроғини қандай узиб олгани яққол кўринган... Қуйидаги мақола шу ҳақда...

Эмерсон - бразилиялик йигит. У Жанубий Америка мамлакатида туғилган, 21 ёшига қадар шу юртда яшаган, футболчилик фаолиятини маҳаллий «Сантос» клубида бошлаган. 2017 йилга келиб, Эмерсон ижара келишуви асосида Италиянинг «Палермо» клуби сафига қўшилди. Эътиборлиси, бразилиялик йигит Апеннин ярим оролидаги илк интервьюларидан биридаёқ фуқаролигини алмаштириб, қачондир итальянлар миллий жамоаси либосини кийишга қарши эмаслигини билдирди. Айтиш жоиз, Палмиери вақтида Бразилия ўсмирлар термаси (U-17) сафида ўйнаган, аммо уни катталар жамоасига бирор марта чақиришмаган. Яна бир жиҳати, ФИФА Эмерсоннинг она томондан қариндошлари итальян эканликларини инобатга олган. Хуллас, футболчи ўтган йили Италия фуқаролигини қабул қилгач, халқаро уюшма унинг «Мовий гвардия» учун ўйнашига рухсат берди. Ўз навбатида, янги бош мураббий - Роберто Манчини ҳимоячини йиғинларга жалб эта бошлади.

Эмерсон айни пайт «Челси» сафида - бу футболчи ҳаётидаги яна бир аҳмоқона қарор. Гап шундаки, Палмиери «Рома»да етакчилардан бири эди, аммо январь ойи бошида негадир «бўрилар» билан хайрлашиб, Антонио Конте ёнига ошиқди. «Челси»нинг собиқ устози Эмерсонни Лондонга кўчиб ўтишга кўндирган бўлсада, унинг хизматларига эҳтиёж сезмади. Палмиерининг жонажон позицияси - ҳимоянинг чап қаноти. Бироқ «Челси»да ушбу жой барқарор тўп сураётган Маркос Алонсога тегишли. Қисқаси, Эмерсоннинг испаниялик амплуадоши билан рақобатда устун келолмаслиги олдиндан тайин эди. Мана, янги мураббий - Маурицио Сарри ҳам АПЛ баҳсларида ҳимоянинг чап томонида айнан Алонсога ишонч билдирмоқда. Эмерсон эса кубок ўйинларида майдонга тушиш билан чекланмоқда. Ҳар ҳолда, маҳаллийлаштирилган «италиялик» жорий мавсум «аристократлар» таркибида атиги 5та ўйинни тўлиқ ўтказди (Европа Лигасида 3 ва Лига кубогида 2 марта майдонга тушди). Шунга қарамай, Роберто Манчини уни яна терма жамоага чақирди. Тўғри, Палмиери Португалия термасига қарши кечган расмий ўйин (0:0)да майдонга тушгани йўқ. Лекин «Челси» захирасида қолаётган футболчининг йиғинга жалб этилгани ғалати, барибир. Ваҳоланки, бошқа муносиброқ номзодлар ҳам бор. Дейлик, «Женоа» вакили Доменико Кришито жорий мавсум «А» сериясидаги барча ўйинларда фаол тўп сурмоқда.

 

Дарвоқе...

Энг қизиғи, роликни Италия миллий жамоасида ўйнаётган яна бир бразилиялик - Жоржиньо суратга олгани маълум бўлди. Тўғри, унинг тарихи анча содда: «Челси» вакили Бразилияда фақат болалар миқёсида тўп сурган. 2007 йили Жоржиньолар оиласи пул жамғариб, Италияга кўчиб ўтган. Отасининг қариндошлари даврасида яшаган Жоржиньо аввалига «Верона» тизимида шуғулланиб, тажриба оширди, кейин «Наполи» сафига қўшилди. Умуман, унинг Италия паспортини олишида ҳеч қандай муаммо туғилган эмасди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz