Қайднома

Қидирув

Энг қизиқарли чемпионат-Англия чемпионати иккинчи лигаси?!

Энг қизиқарли чемпионат-Англия чемпионати иккинчи лигаси?!

  30.11.2018 06:37
  0
  263
Энг қизиқарли чемпионат-Англия чемпионати иккинчи лигаси?!

Англияликлар яна ва яна ҳаммани ажаблантиришмоқда. Матбуотда АПЛ ортида турувчи қуйи дивизионларда кузатиладиган ғалати воқеликлар ҳақида тез-тез маълумот берилади. Чунончи, туманли ўлкада баъзан Европа Чемпионлар Лигаси финал ўйинларининг равиши такрорланади, майдон ўйинчилари эса бемалол дарвозабон ролини ўз зиммаларига олишади. Мана, Англия чемпионати иккинчи лигасини олайлик. Турнирнинг 18-туридан кейин юзага келган турнир жадвалига боқиб, ёқа ушлашингиз ҳеч гап эмас - бутун инглиз футболидаги энг қизиқарли манзара. Ўзингиз қаранг ва бир неча фактларга эътибор қаратинг.

t 3-ўринни эгаллаб турган «Ньюпорт Каунти» клубига қаранг. Яхшироқ қаранг, кучлилар қаторида бораётган иштирокчида тўплар нисбати -2ни ташкил қилмоқда. Хуллас, лиганинг учинчи жамоаси 18та турда урганига нисбатан 2та кўп гол қўйиб юборди. Ҳаммасига асосан 15 сентябрь кунги ўйин «айбдор». Ўшанда «Йовил»ни қабул қилган «Ньюпорт» ўз мухлислари кўз ўнгида жавобсиз 6та гол билан жазоланган эди. Умуман, «Ньюпорт» атиги 4та ўйинда мағлубиятга учраган, жамоа минус белгисидаги жами 29та голдан 16тасини шу учрашувларда қабул қилган.

t «Йовил Таун» - яна бир қизиқарли иштирокчи. Биринчидан, бу жамоа 18та тур доирасида 16 марта майдонга тушди. Иккинчидан, тўплар нисбати }5га тенг бўлсада, турнир жадвалининг 17-ўрнида турибди. «Йовил»да голлар баланси яхшилигида айнан «Ньюпорт»га қарши кечган ўйин алоҳида ўрин тутади. Бироқ клуб 6:0 ҳисобидаги ғалабадан кейин даҳшатли омадсиз серияга юз тутди. Ҳар ҳолда, «Йовил» навбатдаги 3 очкони деярли 1,5 ойдан кейин қўлга киритди.

t Чемпионатда яқин-яқингача Чемпионшипда ўйнаган нисбатан таниқли клуб - «Милтон Кинс Донс» пешқадамлик қилмоқда. Жамоанинг асосий футболчиси - 29 ёшли ҳужумчи Киран Агард. У вақтида «Арсенал» ва «Эвертон» клублари ёшлар тизимида таҳсил олган, бироқ фақат қуйи лигаларда ризқ теряпти. Мисол учун, Киран 2016 йилдан буён «Милтон Кинс Донс» сафида дивизионлар аро «сайр» қилмоқда.

t Лиганинг энг яхши тўпурари - ярим ҳимоячи Жеймс Норвуд («Транмер Роверс») ҳисобида 13та гол бор. 28 ёшли футболчи қаторасига 7 мавсумдан бери 10тадан кам гол ураётгани йўқ. Умуман, шундай барқарор ва савияли ижрочининг паст табақада нега узоқ вақт ушланиб қолгани тушунарсиз ҳолат. Норвуд фаолиятининг катта қисмини «Форест Грин» сафида ўтгазган, «Транмер» либосини кийганига эса 4 йил бўлди.

t «Форест Грин Роверс» - биринчиликнинг яна бир «сенсация»чиси. Бу клуб айни пайт 10-поғонани эгаллаб турибди. Лекин «Форест Грин» чемпионатнинг дастлабки 12та турида мағлубият нималигини билмаганди. Испаниялик 21 ёшли Роберт Санчес жамоанинг нақ 16та ўйинида тўлиқ иштирок этди. Жорий мавсум 3 марта сариқ карточка олишга улгурган бу дарвозабон «Форест Грин» сафига қўшилишига қадар узоқ вақт «Брайтон» ёшлар жамоаси захирасида ўтирганди.

 

Лига доирасидаги ўйинларда тез-тез турли акциялар ҳам ўтказилади. Мисол учун, «Ноттс Каунти»нинг 94 ёшли мухлиси «Крю Александра»га қарши кечган учрашув танаффусида пенальтидан гол урди. Бу ҳаракат омад келтирдими, ҳар ҳолда, мезбонлар якунда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Дарвоқе, «Ноттс Каунти» дунё футболидаги энг қадимий клубдир. Жамоага узоқ 1862 йили (!) асос солинган. Ўз ўрнида айтиш керак, «Ноттс Каунти»ни «Ливерпуль» сафида порлаган австралиялик 40 ёшли Гарри Кьюэлл бошқараётганди. Уни 13 ноябрь куни салбий натижалар туфайли истеъфога чиқаришди.

«Моркамб» клубининг 39 ёшли чап қанот ярим ҳимоячиси Кевин Эллисон ҳам эътиборга тушди. FIFA ўйин симуляторининг янги вариантида бу футболчининг тезлиги - 35 километр|соат. Кевиннинг ўзи қанот футболчиси учун анча паст ҳисобланган кўрсаткични ўзига хос тарзда изоҳлади: «Менимча, ўйин ижодкорлари 24 соат ичидаги ўртача тезлигимни олишган. Шахсий адвокатимнинг айтишича, бу футболчиларни ёшига қараб ажратиш... Тезлик - 35. Жин урсин! Ҳали кўрсатиб қўяман!» «Моркамб»га боғлиқ яна бир хабар шуки, жамоа октябрь ойи охирида бельгиялик Флоран Кювелье билан шартнома тузди. Гап ёзда «Уоллсол» билан келишуви тугагач, маълум муддат буюртмачиларга пицца етказиб бериш билан шуғулланган футболчи ҳақида кетмоқда. Флораннинг айтишича, у ипотека воситасида уй харид қилган ва қарзни тўлаш учун елиб-югурган. Кювалье ҳозир 26 ёшда, демак, ҳали футболчилик фаолиятини қутқариш учун имконияти бор.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz