Қайднома

Қидирув

Саробга айланган орзу ёки яна Уэйн Руни ҳақида...

Саробга айланган орзу ёки яна Уэйн Руни ҳақида...

  03.12.2018 01:18
  0
  566
Саробга айланган орзу ёки яна Уэйн Руни ҳақида...

«Ди Си Юнайтед» ҳужумчиси Уэйн Руни яқинда афсонавий «Уэмбли»да сўнгги марта Англия терма жамоаси либосида майдонга тушди. «Уч шерлар» сафидаги фаолиятини ҳужумчи ўтган йилнинг кузида, ЖЧ-2018 саралашининг якунига 4 тур қолганида тўхтатганди. Шу боис, жамоанинг узоқ танаффусдан сўнг эришган ижобий натижасига ҳисса қўшиш унга насиб этмади. «Эвертон», кейинчалик «МЮ»даги ёрқин ўйинлари эвазига буюк футболчилар қаторига қўшилган ёш Руни термада ҳам муваффақиятга эришди, миллий жамоанинг энг яхши тўпурарига айланди. Бироқ доимо фаворит ҳисобланган инглизлар барча йирик турнирларда омадсизликка учрашди. Эътиборингизга Рунининг «Уч шерлар» таркибидаги фаолиятини ҳавола этамиз.

Илк учрашув. Илк рекорд

Уэйн Руни 2003 йилнинг 12 февралида Англия терма жамоасидаги дебютини Австралияга қарши ўртоқлик учрашувида нишонлади. Ўшанда танаффусдан кейин майдонга тушган ҳужумчи 17 ёш-у 110 кунлик эди. Шу кунга қадар инглизлар шарафини бундай ёшдаги футболчи ҳимоя қилмаганди. Рунининг рекорди 3 йил «умр кўрди» - Тео Уолкотт Уэйндан 36 кун аввалроқ майдонга тушди. Лекин у каби ишончли ўйинни кўрсата олмади. Австралия билан кечган баҳсга қайтсак, «Шрек» жамоа 0:2 ҳисобида имкониятни бой бераётган паллада жангга киришиб, 69-дақиқада ҳисобнинг қисқаришига олиб келган комбинацияда иштирок этди - у тўпни қанотдаги Женасга узатганди, ярим ҳимоячининг узатмасини Френсис Жефферс голга айлантирди.

Дебют голи

Рунининг дебюти мағлубият билан якунланган бўлсада, кейин жамоа қаторасига 6 марта ғалабага эришди. 2003 йилнинг 6 сентябрида Анг­лия термаси Евро-2004 саралаши доирасида Македония майдонига ташриф буюрди. Бу Руни учун 6-беллашув бўлиб, унинг учинчи марта бошланғич таркибдан жой олиши эди. Майкл Оуэн «Шрек» билан ҳужумкор дуэт ташкил этганди.

Ўйиннинг 30-дақиқасида ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборган инглизлар танаффусга қадар мувозанатни тиклай олмадилар. 2-бўлимда мураббий Оуэн ва Рунига кўмаклашиш учун Эмиль Хескини майдонга туширди. 8 дақиқадан кейин эса ҳужумчи тўпни боши билан ёш ҳамкасбига оширди, Уэйн уни рақиб дарвозасига йўллади. Шу тариқа Руни терма жамоа тарихидаги энг ёш тўпурар мақомини олди. Қизиқ, ўшанда мазкур гол «Англия терма жамоасининг рекордчи тўпурари» номли қасрга қўйилган дастлабки ғишт эканлиги бирор-бир кишининг хаёлига келганмикан?!

Евро-2004

18 ёшли ҳужумчи қитъа биринчилигига асосий таркиб ўйинчиси сифатида йўл олди. У турнирдаги барча учрашувларни бошланғич таркибда бошлади. Старт беллашувида инглизлар Франциядан енгилишди, кейин Швейцарияни 3:0 ва Хорватияни 4:2 ҳисобларида маҳв этишди. Руни эса иккала учрашувда «дубл»га эришди, шунингдек, навбатдаги рекордини расмийлаштирди - Европа чемпионатлари тарихидаги энг ёш тўпурарга айланди. Тўғри, бу рекордни 4 кундан ке­йин швейцариялик Йохан Фонлантен янгилади.

Афсуски, Португалия билан бўлган чорак финал баҳсида ёш ҳужумчи жароҳат олиб, ўз ўрнини Эмиль Хескига бўшатиб берди. Оқибатда ҳисобда олдинда бораётган «Уч шерлар» пенальтилар сериясига кўра имкониятни бой беришди.

ЖЧ-2006

Фаолиятидаги дастлабки мундиални Руни томошабин сифатида кузатишга яқин турганди. Бироқ турнир арафасида жароҳат олган ҳужумчига Свен-Йоран Эриксен таркибдан жой берди. Старт учрашувида Уэйн майдонга тушмади, Тринидад ва Тобагога қарши ярим соат тўп сурди. Швеция билан кечган баҳсда 69-дақиқада захирага олинди. Эквадорга қарши учрашувда тўлиқ ўйнади, аммо у ҳам, жамоа ҳам самарали ўйин кўрсата олмади. Чорак финалда эса яна Португалия «Уч шерлар» учун ўтиб бўлмас «жунгли» бўлди.

Ўта омадсиз Евро-2008 ва ЖЧ-2010

Евро-2008 футбол кашфиётчиларининг иштирокисиз ўтганлигини чинакам фожиага қиёсласак, лоф бўлмайди. Кейинги йирик мусобақа - ЖАР мундиалига Фабио Капелло жамоани олиб чиқди, Уэйн саралаш босқичида 9та гол урди. Лекин турнир Руни ва унинг жамоаси учун ўта омадсиз ўтди.

Дастлабки икки учрашувда инглизлар АҚШ ва Жазоирни енга олмадилар, охирги турда Словенияни таслим этиб, гуруҳ босқичини 2-ўринда якунладилар. Натижада жамоа нимчорак финалдаёқ «Бундесмашина»га дуч келди ва иштирокни тўхтатишга мажбур бўлди. Уэйн бу мундиални ҳам голсиз тарк этди.

Евро-2012

Ўзининг терма жамоадаги 29-голини Руни «Донбасс Арена»да, мусобақа мезбонлари дарвозасига урди. Беллашув мухлислар хотирасидан «Виктор Кашшаи матчи» номи билан жой олди. Чунки ҳакам Марко Девичнинг голини инобатга олмаганди. Аммо ўйин тақдирини ҳал қилган Рунининг ягона голини маҳаллий ишқибозлар аллақачон унутиб улгуришган.

100-учрашув, 50-гол

Евро-2008дан четда қолганини ҳисобга олмасак, ЖЧ-2014 Англия учун энг омадсиз турнир бўлди. Унда Руни мундиаллардаги дастлабки ва сўнгги голини уришга эришди. Бироқ «Уч шерлар» бирорта ғалабага эриша олмасдан, гуруҳда охирги ўринда қолиб кетишди.

Мазкур шармандаликдан ҳамияти топталган жамоа Евро-2016 саралаши доирасидаги барча 10 учрашувни ғалаба билан якунлади. Зафарли юришнинг иккитаси Руни учун тарихий аҳамият касб этди. 2014 йилнинг 15 ноябрида «Шрек» 100-марта Анг­лия терма жамоаси либосида майдонга тушди ва Словения дарвозасига ўзининг 44-голини урди. Орадан 10 ой ўтгач, Сан-Марино дарвозасини ишғол этиб, голлар сони бў­йича афсонавий Бобби Чарльтонга (49) етиб олди. Яна 3 кундан кейин у Швейцария терма жамоаси дарвозасига белгиланган пенальтини голга айлантириб, «Уч шерлар» тарихида 50та гол урган дастлабки футболчига айланди.

Евро-2016

Англиянинг навбатдаги омадсиз иштироки. Жамоа гуруҳ босқичида фақат Уэльсни таслим эта олди, Россия ва Словакия билан битим имзолашга мажбур бўлди. Нимчорак финалда Руни жамоасини турнирга катта шов-шув билан келган, лекин айнан шу учрашувдан кейин уйга равона бўлиши тахмин қилинган Исландия кутиб турганди. Уэйн бу баҳсда тезкор гол муаллифига айланди - 4-дақиқада пенальти эвазига амалга оширилган аниқ зарба унинг 115-ўйинидаги охирги голи бўлиб қолди. Терма жамоадаги иштироки бўйича Руни афсонавий Дэвид Бекхэмга тенглашиб олди.

Кейинчалик ҳужумчи яна 5 марта «Уч шерлар» тасвирини кўксида кўтарган ҳолда майдонга тушди. Ҳозирда у терма жамоа шарафини энг кўп ҳимоя қилган футболчи мақомига эга.

Ҳа, буюк футболчилардан ташкил топган юлдузлар жамоасининг сўнгги вакили энди тарихга айланди. Афсуски, ана шу юлдузлик мақомини жамоага мерос қилиб қолдириш бу афсоналар, жумладан, Рунига ҳам насиб этмади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz